Бир клуб тарихи: “Канонирлар”
13 дек 2019 15:48
Янгиликлар
Франциянинг буюк рассомларидан бири Монэ Лондон ҳақида чизган этюдида шаҳардаги туманни қизғиш рангда ифодалайди. Танқидчилар Монэдек рассом нега бундай нўноқликка йўл қўйди деб бошлари қотиб турганда, Монэ бир оғиз сўз билан масалага ойдинлик киритади ва ”Мен туманни эмас, тутунни чизганман”, - дея жавоб берган экан. Европа шаҳарсозлик анъаналарини ўзида акс эттирган Лондонда асосан қизғиш рангдаги бинолар бўлиб, об-ҳавоси туманли бўлган ҳудуддаги иншоотлар янаям аниқ кўриниши учун шу тусга келтирилар экан. Монэ эса шаҳар рамзи бўлган қизил рангни ҳатто тутунга ҳам қўшиб тасвирлагани, унинг бетакрор истеъдод соҳиби эканлигидан далолатдир. Дарҳақиқат, алвон ранг Лондоннинг инъикоси ва ўзига ҳос рамзи ҳисобланиб, шаҳар шарафини ҳимоя қилувчи “Арсенал” футбол клуби либосида ҳам ўз аксини топган.
Монэ назнида Лондон акси
Лондон “дарғаси”
Лондон инглизлар учун 33 та ҳудудий бирликдан иборат мамлакатнинг пойтахти бўлибгина қолмай, йирик савдо марказлари, тарихий обидалари, муҳташам кўприклари, мўжаз қадимий кўчалари ва осмонўпар бинолари билан машҳур бўлган маскан ҳисобланади. Шаҳардан кесиб ўтувчи жилвакор Темза дарёси бўйлаб сайр қилар экансиз ўзгача позитив туйғуларни ҳис қилишингиз мумкин. Агарда Лондон манзараларини даблдекерда кузатиш бахтига муяссар бўлсангиз, машҳур Биг-Бен соатидан тортиб, Букмингем саройи маҳобати ва кўркам Кенотаф бир муддат сизнинг диққатингизни ўғирлайди ҳамда тарихий гўзалликни ином этади.
Шаҳар аҳолиси эса уик-эндни орзиқиб кутишади ва меҳнат ҳафтаси сўнггида ўз суюклиларини қўллаш учун стадионга ошиқишади. Лондон шарафини ҳимоя қилувчи энг кекса жамоалардан бири “Арсенал” ўз фанатларининг меҳрини ортиғи билан қозона олган клублардан биридир. “Канонирлар”лар уй учрашувларини қабул қилувчи “Эмирейтс” ўйингоҳи эса “тўпчилар” ва жамоа фанатларининг орзулари тўқнашган муҳаббат манзили ҳисобланади.
Замонавий Лондоннинг ранги инъикоси
“Арсенал”нинг 113 йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, жамоа
13 марта мамлакат чемпионлиги ва кубоги соҳиби, 15 бора суперкубок совриндори, 2 марта Лига кубогида ғалабага эришганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шунингдек, халқаро майдонлардаги мусобақаларда эса Кубок эгалар кубоги ва Ярмаркалар кубогида зафар қучишган. 2018 йил “Forbes” рўзномаси тақдим қилган маълумотга кўра, “тўпчилар” 2,238 млрд. доллар бюджетга эга бўлган дунёнинг олтинчи жамоаси сифатида кўрсатилган. Қолаверса, Deloitte аудиторлик компаниясига кўра “Арсенал” 2016/17 йилги мавсумда 487,6 млн. евро маблағ билан жаҳоннинг энг бой клублари ўнталигига киришга эришган. Бугунги рукнимиз орқали “канонирлар”нинг тарихига саёҳат қиламиз.
“Канонирлар”
Клубнинг эришган натижалари:
Англия биринчи дивизиони чемпиони: (10 марта)
1931,1933,1934,1935,1938,1948,1953,1971,1989,1991 йиллардаги мавсумларда.
Примьер лига чемпиони: (3 марта)
1998, 2002, 2004 йиллардаги мавсумларда.
Англия кубоги соҳиби: (13 марта)
1930, 1936, 1950, 1971, 1979, 1993, 1998, 2002, 2003, 2005, 2014, 2015, 2017 йиллардаги мавсумларда.
Англия лига кубоги ғолиби: (2 марта)
1987, 1993 йиллардаги мавсумлар.
Англия суперкубоги ғолиби: (15 марта)
1930,1931,1933,1934,1938, 1948,1953,1991, 1998, 1999, 2002, 2004, 2014,
2015, 2017 йиллардаги мавсумлар.
Кубок эгалари кубоги ғолиби: (1 марта)
1994 йилги мавсумда.
Ярмаркалар кубоги соҳиби: (1 марта)
1970 йилги мавсумда.
“Жангчи” Месут
Клубнинг шонли тарихи
“Канонирлар” 19 асрнинг 80 йилларида ҳаваскор жамоа сифатида ташкил этилган. Клубга 1886 йил Лондон шаҳрининг жанубий-шарқий қисмида бир гуруҳ артилерия фабрикаси ишчилари томонидан “Дайал Скуер” номи остида асос солинган ва жамоа ўзининг илк баҳсини “Истерн Уондерс” жамоасига қарши ўтказган. Шундан сўнг, клуб номи “Ройал Арсенал”га ўзгартирилган ва клуб тимсоллари, либос ранглари танланган. “Тўпчилар” 1891 йилда профессионал мақомда иштирок этишни бошлагандан сўнг, клуб номи “Вулиж Арсенал”га алмаштирилди. 1893 йилда эса жамоа илк марта қуйи футбол лигасида қатнашишга муваффақ бўлди. 20 асрнинг дастлабки йилларида “канонирлар” иккинчи дивизионда дебют қилди ва кучлилар қаторига киришга эришди. Ўша даврларда жамоада иқтисодий муаммолар бўлиб, бу мухлисларнинг стадионга келиши билан боғлиқ эди. Жамоа стадиони шаҳар марказидан олис ҳудудда жойлашганлиги сабабли ишқибозлар ташрифи бироз камроқ эди. 1913 йилда жамоа янги “уй”га кўчиб ўтди. Темза дарёси бўйидан янги “Хайбери” ўйингоҳи қад ростлади ва клуб мезбонлигида ўтадиган ўйинларни қабул қила бошлади. Мазкур ўйингоҳ “кононирлар” учун 93 йил ҳизмат қилди. 1914 йилда жамоа номидан “Вулиж” сўзи олиб ташланади ва “Арсенал” дея атала бошлайди. 1925 йилда Герберт Чемпенинг клубга бош мураббий этиб тайниланиши билан жамоада ижобий ўзгаришлар юз бера бошлади ва таркибга ўз даврининг машҳур футболчилари Бюкен, Алекс Жеймс ва Клифф Бастин сингари ижрочилар таклиф этилди. Жамоа ўзининг мамлакатдаги биринчи соврининии қўлга киритишни роппа-роса 44 йил кутишларига тўғри келди. 1930 йилги мавсумга келиб, жамоа Англия кубогини қўлга киритди. Финал баҳсида “Хаддерсфилд” клубини иккита тўп фарқи билан мағлубиятга учратишди. Қолаверса, ўша мавсумда мамлакат суперлигаси баҳсларида ҳам еткачиликни ҳеч кимга беришмади ва ҳал қилувчи беллашувда “Шеффилд” тиз чўктирилди. Орадан бир йил ўтиб “канонирлар” мамлакат чемпиони бўлишга эришдилар ва бу унвонни қаторасига уч мавсумда муносиб ҳимоя қила олишди. 1936 йилги мавсумда бош мураббий Жорж Эллисон етакчилигида иккинчи марта кубок финалига муваффақият қозонишди ва асосий учрашувда “Шеффилд” клуби таслим этилди. 1938 йилги мавсумда “тўпчилар” бешинчи бор чемпионлик масаласини ижобий ҳал қилишди. Шундан сўнг, жамоа ўйинларида бироз муддат пасайиш кузатилди. Жамоа ўйинчиларининг бошқа жамоаларга ўтиб кетиши ва иккинчи жаҳон уруши таъсирида, “канонирлар” бир-неча ўн йил мобайнида совриндорлар қаторига қўшила олишмади. 1948 йилга келиб клубга кучли футболчилар таклиф этилди, жамоавий ўйин шакллантирилди ва молиявий масалалар ижобий ҳал қилинди. Бунинг оқибатида ўша мавсумда лондонликлар турнир жадвали якунида асосий рақиби “Манчестер Юнайтед”ни етти очко фарқи билан ортда қолдириб, ўзларининг олтинчи чемпионлигини нишонлашди. Жамоа ҳужумчиси Ронни Рук 33 та гол билан мусобақа тўпурари бўлишга эришди. Шунингдек, ўша йили суперкубок баҳсларида “қизил иблислар” устидан ғалаба қозонишди. 1950 йилда эса жамоа Англия кубогида зафар қучишди. “Канонирлар” 1953 йилги мавсумдаги еттинчи чемпионлиги ва суперкубокдаги ғалабасидан сўнг, бироз муддат “танаффус”га чиқишди.
Ретро сурат
Лондонча Натюрморт ёҳуд Халқаро майдондаги илк ғалаба
1970 йилга келиб “тўпчилар” қайта уйғонишди. Ўша масумда жамоа ўзларининг халқаро майдондаги дастлабки ғалабасига эришди. Ярмаларкалар кубоги баҳсида Бельгиянинг “Андерлехт” клуби устидан икки ўйин натижасига кўра устун келишди. Орадан бир йил ўтгандан сўнг, мамлакат чемпионлиги нишонланди. Турнир жадвали сўнггида “Лидс” жамоасини атиги бир очко фарқи билан орта қолдиришиди ва ўзларининг саккизинчи чемпионлик унвонига эга чиқишди. Кубок баҳси финалида эса “Ливерпуль” клуби қўшимча таймлардаги урилган голлар эвазига тор-мор келтирилди. Ўша даврларда мамлакат биринчи дивизионида рақобат кескин кучли бўлганлиги учун, лондонликлар чемпионатнинг ўртамиёна клублари сафида бўлишга мажбур бўлишди. 1979 йилги кубок баҳсларидаги ғалабасини ҳисобга олмаса “Арсенал” айтарли ютуқни қўлга кирита олишмади. 1987 йилда биринчи марта Англия Лига кубогини қўлга киритишди. 1989 йилги мавсумга келиб эса навбатдаги чемпионлик нишонланди. Турнир жадвалида бутун мавсум давомида таъқиб қилиб келган “Ливерпуль” жамоасини ортда қолдириб, мамлакатда етакчи бўлишга эришишди. 1991 йилги мавсум ҳам “тўпчилар” учун анча омадли келди гарчи, кубок баҳслари ва халқаро майдонларда ўзларини кўрсата билишмаган бўлсалар ҳам, ички биринчиликда ўнинчи чемпионлик тантана қилинди. 1993 йилдаги кубок баҳслари финалида “Шеффилд” устидан ишончли ғалаба қўлга киритилди. Кейинги мавсумда “канонирлар” бош мураббий Жорж Грем бошчилигида УЕФА кубок эгалари кубоги финалига қадар етиб келишди. Чемпионлик масаласини ҳал қилувчи ўйиндаги рақиблари Италиянинг “Парма” жамоаси эди. Финал баҳсида Алан Смит томонидан урилган гол эвазига ғалаба қозонилди ва халқаро майдонлардаги навбатдаги ютуқни расмийлаштиришди. Ўша даврдаги клуб шарафини ҳимоя қилган ўйинчилар том маънода “тўпчилар”нинг ажратиб бўлмас ўйинчилари бўлишган. Жумладан, Девид Симен, Ли Диксон, Найджел Уинтерберн, Пол Девис, Тони Адамс, Кевин Кэмпбелл, Стивен Морроу, Алан Смит, Пол Мерсон, Йан Сили, Алан Миллер, Энди Линиган, Эдди Макголдрик, Рей Парлор ва Пол Диков каби ижрочилар жамоанинг ютуқларига муносиб ҳиссаларни қўша олишган. 1994 УЕФА супкеркубоги учрашувида эса “Милан” клуби қаршилигини синдира олишмади.
1979 йилги таркиб
Старсбурглик мсьенинг ташрифи ва янги яратилган тарих
1996 йилда клуб бош мураббийлига ўша вақтларда футбол оламида у қадар машҳур бўлмаган француз Арсен Венгер тайинланади. Мураббийлик фаолияти давомида асосан Франциянинг ўртамиёна жамоаларида ишлаган ва охирги йилини “Кунчиқар юрт”да ўтказган ўтказган мутахассисни жамоага келишини “тўпчилар” мухлислари унчалик ҳам оқлашмади. Аммо, Венгер кейинчалик клубда ўз “имзо”сини қолдириб билди ва францияликнинг жамоада қилган биринчи иши голландиялик Денис Беркампни трансфер қилиш бўлди. “Учмас голланд”нинг келиши жамоадаги ҳужумкорликни оширди. Умуман олганда, Венгерни жамоа бош мураббийлик курсисига ўтириши ортидан клубга бир нечта машҳур франциялик футболчилар келиб қўшилган. Николя Анелька, Тьерри Анри, Эммануель Пети, Патрик Виейра, Сильвен Вильтор ва Робер Пирес шулар жумласидан. 1998 йилги мавсумда “канонирлар” Арсен Венгер бошчилигида ажойиб тарих саҳифасини яратишди ва Премьер-Лигада биринчи чемпионлик нишонланди. Венгер эса клубда чемпион бўлган дастлабки хорижий мураббий бўлиб, жамоа тарихига муҳрланди. Ундан ташқари, “Канонирлар” ўша мавсумда мамлакат кубогида ҳам зафар қучиб “олтин дубль” қайд қилишди.
Мсье Арсен
2000 йилги мавсумда Венгер бошчилигида “канонирлар” УЕФА кубоги финалига қадар етиб боришди. Финал баҳсида Истамбулнинг “Галатасарой” клубига пеналтилар сериясида имкониятни бой бериб қўйишди. Аламли мағлубият лондонликлар учун икки ҳисса оғир ботди. Чунки, Копенгаген финали арафасида икки клуб мухлислари ўртасида оммавий муштлашув кузатилди. Лондондан ташриф буюрган фанатлар мазкур тартибсизликларда кўпроқ жабр кўришди. 2002 йилги мавсумда “тўпчилар” яна “олтин дубль”ни қайд этишди. Жамоа тарихидаги энг юқори чўққи эса 2004 йилги мавсумга тўғри келади. Ўша йилги мавсумда Премь ер-лига баҳсларида жамоа бирор маротаба мағлубиятга учрамади ва чемпионлик масаласини ижобий ҳал этишган ҳолда мағлубиятсиз ўйинлари сонини кетма-кет 49 ўйинга етказишди. Мазкур натижа ҳозирча мамлакат рекорди бўлиб турибди. 2005 йилда эса “канонирлар” Англия кубогида зафар қучишди. Шундан сўнг, клуб бир неча мавсумлар давомида совриндорлар қаторига кира олишмади. 2006 йилги мавсумда эса УЕФА чемпионлар лигасида финалга қадар етиб келишди. Бироқ, Сеск Фабрегас, Фредрик Юнберг, Эшли Коул, Тьери Анри, Александр Глеб, Коло Туре, Эммануель Эбуе ва Гаель Клиши сингари футболчилар билан ҳам, Роналдиньо ва Это`о каби ижрочиларига эга “Барселона” қаршилигини енгга олишмади ҳамда ўзларининг биринчи, шу билан бир қаторда, ҳозирги вақтга қадар ягона бўлиб қолаётган - ЕЧЛ финалини бой беришди. Шунингдек, ўша йили “тўпчилар” ўзлари учун қадрдон бўлган ва клубга қарийб бир асрга яқин ҳизмат қилган “Хайбери” ўйингоҳини, янги қурилган замонавий “Эмирейтс”га алмаштиришди.
Ўртамиёналик даври...
“Арсенал” гарчи, яқин орада Премьер-лигада чемпионликни қўлга кирита олмаган бўлса ҳам, кубок баҳсларида бош совринга эга чиқиш билан биргаликда, Англия суперкубогини ҳам қўлга киритишди (2014, 2015, 2017 йилларда). Яқин ўн йиллик давомида клубда ажойиб трансферлар амалга оширилди. Йирик миқдордаги шартномаларга эвазига клубга топ даражадаги ижрочилар таклиф этилди. Жумладан, Месут Ўзил, Гранит Жака, Генрих Мхитарян, Сократис Папастатопулос, Пьер- Эмерик Обамеянг ва яна бошқа бир қатор юлдуз футболчилар ҳам “канонирлар”ни шоҳсупага олиб чиқа олмади. Лондонликлар фанатлари ғалабаларни соғиниб қолишган ва бунинг устига жамоанинг доимий равишда ўртамиёналар сафида юриши уларни ранжитарди. Бунинг оқибатида Венгернинг курсиси “қимирлаб” қолди. Жамоа фанатлари фикрича: клубга янги қон керак эди. Ҳаттоки, фанатлар бир-неча марта бош мураббийга қарши “Wenger out” акцияларини ўтказишди. Премьер-лигадаги салбий натижалар, жамоанинг бўш ўйин кўрсатиши ва мухлислар эътирози ортидан, “тўпчилар”ни 22 йил бошқарган ва жамоани 1236 та учрашувга бошлаб чиққан франциялик мутахассисга 2018 йил 30 июнь санасида клуб раҳбарияти томонидан чиқиш эшиклари кўрсатилди. “Канонирлар” жамоа бош мураббий танлашда бир нечта номзодлар устида бош қотиришди ва якунда “ПСЖ”да ишлаб қайтган испаниялик Унаи Эмерини танлашди. Эмерининг клубда олиб борган фаолияти давомида у қадар катта ютуқлар кўзга ташланмади. Премьер-лигада нурсиз ўйинлар ва кубок баҳсларидаги муваффақиятсизликлар мутахассиснинг жамоа билан узоққа бора олмаслигини англатар эди. Қолаверса, клубда ички муҳитни ҳам аъло даражада деб айтиш қийин бўлди. 2019 йилги мавсумда Испаниялик мураббий бошчилигида “тўпчилар” УЕФА кубоги финалига қадар етиб боришди. Аммо, ҳал қилувчи беллашувда азалий рақиблари ва ҳамшаҳарлари “Челси” клубига имкониятни бой бериб қўйишди. Боку мезбонлигида ўтган финалда “аристократлар” Эмери шогирдларига футбол “дарси” ўтиб беришди. Жорий мавсумдаги салбий натижалар туфайли, Унаи Эмери истефога чиқарилди. Клуб ҳозирда 16 та ўйинда, 22 очко жамғарган ҳолда, турнир жадвалининг, тўққизинчи поғонасидан жой олган. “Канонирлар”ни ҳозирда клубнинг ўтмишдаги собиқ юлдузи Фредрик Юнберг вақтинча бошқармоқда.
Клуб афсоналари
Барчаси “Арсенал” ҳақида:
Клуб тарихидаги энг кўп тўп киритган футболчи:
Тьери Анри. 228 та гол.
Клуб тарихидаги энг кўп ўйин ўтказган футболчи:
Девид О`лири. 722 та ўйин. (1975-1993 йиллардаги мавсумда).
Клуб тарихидаги бир мавсумда энг кўп тўп киритган футболчи:
Тед Дрейк. 42 та гол. (1935 йилдаги мавсумда).
Клубнинг энг йирик ғалабаси:
12:0. 1893 йил “Ашфорд Юнайтед” клуби устидан.
Клубнинг расмий ҳомийси:
Fly Emirates. 2006 йилдан.
Клуб ўйингоҳи:
“Эмирейтс” 60 704 минг сиғимга эга (2006 йилдан).
Собиқ “тўпчи”- Михи
Агарда “Арсенал” жамоасининг ўтмиши ҳақидаги хотираларингизни ёд олсангиз, тарихдаги энг эсда қолар ютуқлар, қийинчилик билан эришилган муваффақиятлар ва унутилмас воқеликлар кўз олдингизга келади. Мўжазгина “Хайбери” ўйингоҳида бўлиб ўтадиган баҳслар ва ғалабалар бизни болалик даврларимизга қайтаради. Тьери Анрининг ҳужумдаги ўйинлари, Бергкампнинг паслари, Пиреснинг дриблинглари, Юнбергнинг узоқдан йўллаган зарбалари, Анелканинг боши билан урган голлари, Девид Сименнинг “сейв”лари ва Тони Адамснинг ижролари мухлислар юрагидан жой олган ва ўзгача ҳис туйғулар билан эсланади. Туманли Альбионда ўз ўйинлари билан суюклиларини мафтун этган ”Канонирлар”нинг тарихига қилган кичик саёҳатимиз ўз ниҳоясига етди.
Сиз азиз мухлислар ўз хотираларингиз билан ўртоқлашган ҳолда, “Арсенал”га қандай тариф берган бўлардингиз?
P.S: Мақоладаги статистик маълумотлар ҳорижий сайтлардан олинган фактлар асосида тайёрланган. Саҳифадаги матнлар эса муаллифнинг шаҳсий имҳоси.
Фаррух Дониёров
Фикрлар