Антони Марсьяль: «Ўзга сайёраликлар» бор экан, бизга «нон» йўқ»
23 авг 2016 10:05
Янгиликлар
Антони Марсьяль: «Ўзга сайёраликлар» бор экан, бизга «нон» йўқ»
Дейлик, майдондаги ҳар қандай муаммони самимий кулги, ҳазил-мутойиба билан ҳал қилади. У Лез-Юлисдаги илк қадамларидан шунга одатланган. Ҳатто 50 млн. евро эвазига «МЮ»га ўтиб, бир мавсум тўп сургани ва Франция терма жамоаси сафида 12 марта майдонга тушганидан кейин ҳам ҳужумчининг табиати ўзгаргани йўқ. 20 ёшли Марсьяль Манчестердаги муваффақиятли дебютидан сўнг ўз олдига янги мақсад қўйган: у «қизил иблислар»нинг шоҳсупага кўтарилишлари йўлида янада самарали тўп сурмоқчи.
- Антони, «МЮ»даги дебют мавсум қандай ўтди?
- Ғоят бахтиёрман. Дастлабки мавсум учун ёмон ўйнамадим, натижалар ҳам кўнгилдагидек. Қолаверса, Франция терма жамоасида дебютимни нишонладим. Бундан ортиқ яна нимани орзу қилиш мумкин? Буёғига янада юқори савияда тўп суриб, янги чўққиларни забт этмоқчиман.
- Айнан қайси жабҳаларда ўсишга эришдинг?
- «Монако»да доимо 70 дақиқадан ўйнардим. «МЮ»да эса деярли барча ўйинларда тўлиқ вақт давомида ҳаракатландим. Айнан шу нарса ўзимга нисбатан ишонч ҳиссини оширди.
- АПЛга осонгина мослашганинг ўзингни ажаблантирмадими?
- Йўқ, чунки бундай ўзгаришга руҳан тайёр эдим. Клуб ходимлари ва жамоадошларим яқиндан ёрдам беришди. Биз биргаликда жуда кўп видеоёзувларни томоша қилдик. Буларнинг барчаси манфаатим учун ишлади. Уринишлар зое кетмади.
- Англияда футболга муносабат чиндан ҳам, ўзгачами?
- Буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Бу ерда ҳамма фақат ғалаба илинжида майдонга тушади. Бошқача мақсадга ўрин йўқ. Айтайлик, «Бу сафар дуранг ҳам қониқтиради» қабилидаги тушунча умуман ёт. Хусусан, «МЮ» доимо зафарга интилади. «Монако»да баъзан ўзимизга эрк беришимиз мумкин эди. Инглиз футболида эса бундай қилиш асло мумкин эмас. Ўйинлар шиддати мисли кўрилмаган даражада баланд, буюк футболчилар кўп. Хуллас, мухлислар учун ажойиб шоу!
- Асосан чап қанотда ўйнаяпсан. Қанот ҳужумчисига айланиб қолиш сени хавотирга солмаяптими?
- Бу масала заррача ташвишга солмайди. Нимани беришса, шуни оламан (кулади). Қолаверса, Лез-Юлисда доимо айнан қанотда тўп сурганман. Мураббий «Марсьяль қанотда кўпроқ манфаат келтиради», деб ҳисоблаяптими, шу позицияда ўйнайвераман.
- Шу нуқтани ўзингники қилиб олиш ниятинг бор, шекилли.
- Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган экан, бошқа позицияга ўтишимдан нима маъно бор? Марказда тўп сурганимда, тўп билан камроқ муомалада бўлардим. Чунки ҳимоячилар бу ҳудудга катта эътибор қаратишади. Қанотда эса бўшлиқ кўпроқ. Бу мен учун айни муддао.
- Ван Гал билан муносабатинг қандай эди?
- Аъло. У доимо мукаммалликка эришишим тарафдори бўлиб, бу ҳақда ўзимга кўп гапирарди. Мисол учун, турли видеоёзувларни бериб, хатолар устида жиддий ишлашимни таъкидларди. Ҳаттоки, голларим сони 10тадан ошиб кетганида ҳам, хатоларимни кўрсатиб, танбеҳ беришдан чарчамасди. Тўғри, бу ишлар баъзида жонимга тегиб кетарди, мақтов эшитишни истардим. Лекин мураббийнинг мен учун жон куйдираётганини сезиб турардим.
- Хўш, бош мураббий лавозимига Жозе Моуриньо тайинланганини қандай қабул қилдинг?
- Мамнуният билан. Моу кўплаб совринларни қўлга киритган буюк мураббий. У билан шахсан таниш эмасдим. Лекин фаолиятидан яхши хабардорман.
- «МЮ» аввалги мавсумни 5-ўринда якунлади. ЕЧЛдан четда қолиш аламлидир...
- Эҳ, нимасини айтасиз? Айниқса, нақд йўлланма бой берилганида... Ахир бизда ЕЧЛга чиқиш имконияти йўқ эмасди. Табиийки, янги мавсумда нуфузли турнирга қайтишимиз шарт. Яшириб нима қилдим, ҳозир ЕЧЛ ўйинларини ТВ орқали томоша қилиш азобдан бошқа нарса эмас. Аминманки, тез орада омадсизлик даври ортда қолади. Манчестерга 2 ёки 3 йил тўп суриш учун келган эмасман. Бундай буюк жамоада муносиб из қолдиришни истайман.
- Британияликлар наздида анчайин камсуқум йигитсан...
- Буни биламан. Нечоғли бахтиёр ёки ҳайратда эканлигимни мухлислар сезишмайди. Бу нарса фақат кийиниш хонасидаги жамоадошларимга маълум. Ўйлайманки, ўз эҳтиросларимни ҳаммага ошкор этишим шарт эмас. Аслида табиатан хотиржам ва совуққон йигитман. Шунинг баробарида ҳазил-мутойибани, чақчақлашишни хуш кўраман.
- Пол Скоулз ўтган йили шундай деганди: «Марсьяль қулай вазиятдан фойдаланолмаган пайт сира аччиқланмайди».
- Ҳа, буни ўқигандим. Аммо ички кечинмаларим Полга аён эмас. Ҳавога учган қулай вазият учун нақадар ачинишим ўзимга маълум. Лекин изтиробимни сездирмасликка уринаман. Дейлик, битта ўйинда 2та гол уриб, яна 2та вазиятни йўққа чиқарсам, бундан асло қаноатланмайман. Хуллас, ўзимга нисбатан талабчанликни ҳеч қачон бўшаштирмайман, мудом камолот сари интиламан.
- Энди ўз сўзингдан иқтибос келтирамиз: «Одатда ортиқча нарсаларни ўйлаб, бошимни қотирмайман, футбол - шунчаки, оддий ўйин».
- Майдонга тушганимдан сўнг мен учун энг муҳими - лаззатланиш, қониқиш ҳосил қилиш. Айрим касбдошларим кучли босим остида тўп суришади. Мен эса худди дўстларим билан баҳслашаётгандек ўйнайман. Назаримда, устун жиҳатларимдан бири шу - ортиқча бош қотирмаслик. Шунчаки, футбол шайдосиман. Ишонмасангиз, ота-онамдан сўранг. Болаликда кўча чангитиб ўйнаб юрган кезларим «Антони, кеч бўлди. Уйга кириб, дарсларингни тайёрла», деб чақиришарди. Мен эса дарсларни аллақачон тайёрлаб қўйганимни айтардим. Лекин кўпинча бу жавобим ёлғон бўларди (кулади).
- Лез Юлисдаги дамларни эслаб турасанми?
- Эҳ, ҳаётимнинг энг бахтли онлари... Айнан ўша ерда ҳозиргача борди-келдини канда қилмаган дўстларим билан танишганман. Бу шаҳар қалбимдан чуқур жой олган. Ҳаммасини унинг бағрида ўргандим.
- Яна 5-10 йилдан кейинги Антонини қандай тасаввур қиласан?
- Кўплаб совринларга эга чиқишдан умидворман. «Олтин тўп»ми? О-о, у ҳозирча мендан жуда олисда. Токи, анави «ўзга сайёраликлар» бор экан, бизга ўхшаганларга «нон» йўқ! Эҳтимол, қачондир мен ҳам нуфузли совринга муносиб даражага чиқарман, аммо ҳали кўп тер тўкишим, меҳнат қилишим керак.
- Ўзлигингни сақлаб қолишинг қийин эмасми?
- Йўқ. Боиси, акаларим бор. Сал бошқача қадам ташлагудек бўлсам, улар дарров эсимни киритиб қўйишади (кулади). Хайриятки, шу пайтгача юлдузлик хасталиги мени йўлдан уролмади. Уролмаса ҳам керак.
- Умумий олганда, ўзингдан мамнунмисан?
- Оилам ва футбол бор, ўзим соғ-саломатман. Бахт учун яна нима керак? Лекин ҳали узоқ йўлни босиб ўтишим, кўп нарсаларга эришишим лозим. Фақатгина фаолиятим тугаганидан кейингина ўзимдан нечоғли фахрланишимни аниқ айта оламан...
Содиқ СОБИР тайёрлади
Фикрлар