Бахтиёр Ашурматов: "Юқори ўринларни кўзласак, бундай баҳсларда ғалаба қозонишимиз лозим"
02 окт 2020 22:54
Янгиликлар
Бахтиёр Ашурматов: "Юқори ўринларни кўзласак, бундай баҳсларда ғалаба қозонишимиз лозим"
"Гапни очиғи, бугунги ўйиндан кейин бирор фикр билдириш қийин. Чунки, йигитлар ўзларини ўйинга бағишлашди, яккакурашларда ёмон ўйнашмади. Ҳаракат қилишди. Лекин, афсуски футбол бешавқат. Беш дақиқа ичида иккита гол қўйиб юбордик. Бугун "Қизилқум" жамоаси омадли бўлди ва ғалабага эришди. Уларни ғалаба билан табриклайман. Мағлубиятга учраган бўлсак-да, бирорта футболчимга эътироз билдира олмайман. Майда хатолар иккита голга олиб келди. Оҳирги ўйинларда стандарт вазиятлардан кўп гол қўйиб юбормоқдамиз. Бу камчиликларимиздан бири. Бугун ҳам оддий аутдан сўнг тўп ўтказиб юбордик. "Бухоро" билан ўйинда ҳам шу нарса бўлганди. Ҳимояланишни ўзгартиришимиз яъни зонали ҳимояга ўтишимиз керакдир балки.
Ҳисоб 1:1 бўлиб турганда ҳам бизда вазият бўлди. Сардор Азимов бирга-бир вазиятдан фойдалана олмади. "Қизилқум" ҳеч қанча ўтмасдан ғалаба тўпини киритиб кетди.
Ўйиннинг охирида уч ҳимоячи билан ўйнадик ва катта куч билан ҳужумга ўтгандик. Таваккал қилгандик. Афсуски, бу ўзгаришлар самара келтирмади. Биз жуда ҳам оғир мағлубиятга учрадик. Негаки, ҳозир биз шунақанги вазиятдамиз, ёки юқори ўринлардан бирига чиқишимиз ёки жойимизда қолишимиз мумкин эди. Аммо бугунги йўқотилган уч очко имкониятларимизни пасайтириб юборди. Юқори ўринларни кўзласак, бундай баҳсларда ғалаба қозонишимиз лозим. Тўғри, ҳали олдинда ўйинлар бор. Лекин жуда қимматли очкони бой бердик.
Якуба Бамба ўйинга ёмон киришиб кетмади. Ўйинни кучайтирди деб айтишим мумкин. Бугун меҳмонда тўп сурганимиз туфайли битта ҳужумчи - Норбеков билан ўйинни бошладик. Норбеков Райевацдан кўра тезроқ ва шунинг учун уни асосий таркибда майдонга туширдик",- дейди Бахтиёр Ашурматов.
Фикрлар