Андрей Шипилов: "Ҳисоб 2:2 пайти ўйинни ўз қўлимизга олишимиз керак эди"

17 май 2026, 00:21
Ўзбекистон Кубоги 2-турдан ўрин олган "Қўқон-1912" - ОКМК (2:3) учрашувидан кейин матбуот анжумани ташкил этилди.

Бунда "Қўқон-1912" бош мураббийи Андрей Шипилов иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун жуда яхши шаклланган жамоага қарши ўйинимизни ўтказдик. Учрашув қай даражада муҳимлигини барчамиз билардик. Болаларча хатога йўл қўйиб гол ўтказдик. Умуман тушунарсиз ҳолат бўлди. Рақибнинг кучли томонларини айтиб ўтгандик, лекин барибир хато бўлди. Иккинчи таймда ҳам бемалол майдонга чиқдик. Иккинчи голни яна хато туфайли ўтказдик. Кейин стандарт вазиятдан ҳисобни тенглаштирдик. Ҳисоб 2:2 пайти ўйинни ўз қўлимизга олишимиз керак эди. Учинчи гол бизни янада ноқулай аҳволга солиб қўйди. Ҳеч бўлмаганда дуранг қайд этсак бўларди, лекин совуққонлик етишмади. Рақиб бизнинг хатолардан унумли фойдаланди. ОКМК жуда ақлли ва айёр жамоа, футбол ўйнашни билади.

- Учала гол ҳам дарвозабон тўпни қайтарганидан сўнг такрорий зарба орқали киритилди. Рустам Нартажиевнинг ўйинини қандай баҳолайсиз?
- Айтиб ўтганимдек, ўзимиз хатога йўл қўйдик. Янги қоидаларни биламиз, мавсум аввалида ҳакамлар бизга тушунтирган. Нартажиевга келсак, мавсум бошидан бери кўп ўйинларда асосий дарвозабон бўлиб ўйнади. У гол ўтказмаган ўйинлар ҳам бўлди. Унга ҳам раҳмат айтиш керак. Бугун шунчаки омад келмади. Рақиб ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланди. Машғулотларда яхши ишлагандик, ҳаммаси яхши тугайди деб ўйлагандик. Биз мураббийлар майдон четида туриб кўрсатма берамиз. Лекин футболчилар хаёлида нима эканини билмаймиз. Ётиб олгандан, вақт чўзгандан, симуляция ишлатгандан фойда йўқ. Бу ёрдам бермайди.

IMG_9855.JPG



- "Бунёдкор" билан баҳсда Азизхон Исоқов дарвозада яхши турганди. Лекин охирги икки баҳсда захирада қолди.
- Шундан кейин Нукусга бордик ва Кубок ўйинида Рустам нолга турди. Азиз оддий бўлмаган вазиятни бошдан кечиряпти ва уни жуда яхши тушунаман. Жамоа ичидаги сирни олиб чиқишга ҳаққим йўқ. Мени тўғри тушунганингиз учун раҳмат. Бугун унчалик қийин бўлмади, Нукусда бундан 10 марта қийин бўлганди. Телевизор орқали футбол кўриш бошқа, стадионда кўриш бошқа. Нартажиев Нукусда жуда мураккаб баҳсни ўтказди.

Бугун захирадан тушганлар ўйинни кучайтира олмади. Мен футболчи алмаштиришда адашдим демоқчи эмасман. Шунчаки майдонга тушганлар ўз ўйинларини кўрсата олмади. Кейинги баҳс биз учун ниҳоятда муҳим бўлади. Шартномага қўл қўйдим буёғи маза бўлади деб ўйлаш керак эмас. Ҳар куни ишлаш керак. Ким ўйинга қандай муносабатда бўлса, шундай жавобни олади. Яна қайтариб ўтаман, бугунги мағлубиятга фақат дарвозабон айбдор эмас.

- Кейинги баҳс "Металлург" билан бўлади. Жамоангиз Пролига клубини мағлуб эта оладими?
- Биз ҳар бир учрашувга ғалаба учун чиқамиз. Мен ҳеч қачон дуранг учун ўйнаймиз демаганман. Кубок шунақа мусобақаки, ҳар ўйинда жанг кечади. Қуйи лига жамоалари ҳам ўзини кўрсатгиси келади. Биз ҳам бошқа гуруҳлардаги натижаларни кузатиб боряпмиз, сенсациялар бўляпти. Демак, Кубок жуда яхши кетяпти. Бугун йигитларга яхши ўйнайлик, уч очко олайлик деб айтдик. Энди Бекободда "Металлург" билан жуда муҳим баҳс кечади. Рақиб сафида тажрибали ўйинчилар бор. Биз фақат ғалаба учун борамиз. Майдонга чиқиб футбол ўйнаш керак, клуб шаъни учун курашиш керак. Бу ватанпарварлик руҳидаги катта гаплар эмас, бу оддий сўзлар. Тайёргарлик кўрамиз, ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ. Биз ҳеч нарсани ўйламаймиз ва майдонга чиқиб кураш олиб борамиз. Ҳакам ҳуштак чалдими, ҳамма нарсани унутиб ўйинга борини бериш керак.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia