Ўзбекистон қаршисида "қизил бургутлар" ёхуд Сурия терма жамоаси ҳақида
11 июн 2019 10:05
Янгиликлар
Ўзбекистон қаршисида "қизил бургутлар" ёхуд Сурия терма жамоаси ҳақида
Бир йил олдин Эктор Купер Ўзбекистон терма жамоасидаги илк учрашувини айнан Сурияга қарши ўтказган эди. Биз ўқувчиларимиз эътиборига Сурия терма жамоаси ва бош мураббий ҳақидаги маълумотларни келтирамиз.
Сурия Осиёнинг кучли терма жамоалари қаторига кирмайди. Шунга қарамай ушбу жамоа халқаро майдонда бир қатор ютуқларга эришган. 1958 йилда Сурия Жаҳон чемпионати саралашида иштирок этган. Шу тариқа мундиал саралашида қатнашган Осиёнинг дастлабки жамоаларидан бирига айланган. Аслида бу жамоа 1966 йилги мундиал саралаш босқичида Исроил билан бирга Европа қитъаси саралашида иштирок этиши лозим бўлган. Бироқ Африка ва Осиё қитъа жамоаларининг "бойкоти"га қўшилган ҳамда саралашда қатнашишдан бош тортган.
Ушбу жамоага ҳеч қачон мундиал финал босқичига чиқиш насиб қилмаган. 1986 йилда Сурия Жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин келганди. Аммо Ироқдан учралган мағлубият туфайли мамлакат орзуси амалга ошмай қолганди. 2014 йилги саралаш баҳсларида Сурия сафида мумкин бўлмаган футболчи (Жорж Мурод) ҳаракат қилгани учун ФИФА жамоани дисквалификация қилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бу ўйинчи Швеция ёшлар терма жамоаси сафида ўйнаган ва бошқа жамоа сафида ўйнаши учун ФИФАдан рухсат олиши лозим бўлган.
"Қизил бургутлар" ўз тарихида олти бор Осиё Кубоги финал босқичида иштирок этган. Бироқ ҳар сафар мусобақани гуруҳ босқичидаёқ якунлашга мажбур бўлишган. Январь ойида Қатарда ўтган Осиё Кубогида Австралия, Иордания ва Фаластин билан бир гуруҳдан жой олган бўлажак рақибимиз Фаластин билан дуранг ўйнади, икки марта мағлуб бўлди ва 4-ўринни банд этди.
2012 йилда Сурия Ғарбий Осиё кубоги финалида Ироқни мағлуб этиб, илк бор чемпионликни қўлга киритган. Ҳозирга қадар айнан мана шу ғолиблик жамоа учун сўнгги энг йирик ютуқ бўлиб қолмоқда.
2018 йилги мундиалга чиқиш учун ҳам Сурия жуда яқин келганди. Учинчи саралаш босқичида ушбу жамоа Ўзбекистон бирга бир гуруҳдан жой олганини ўқувчиларимиз жуда яхши эслашади. Сурия охирги турда Эрон билан Теҳронда дуранг ўйнаб, 3-ўринни эгаллаган ва плей-оффга чиққанди. Ўзбекистон эса 4-ўринга тушиб қолганди. Плей-оффда Сурия Австралия билан тенгма-тенг ўйинларда умумий ҳисобда 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйган.
Шу йилнинг март ойида Ироқда уч мамлакат терма жамоалари иштирокида ўтган ўртоқлик мусобқасида қатнашган Сурия мезбонларга 0:1 ҳисобида ютқазган ва Иорданияни шу ҳисобда мағлуб этган эди. Тошкентга келишдан олдин "қизил бургутлар" Теҳронда Эрон меҳмони бўлишди. Янги бош мураббий Марк Вильмотс бошчилигидаги форслар Сурияни аяб ўтиришгани йўқ - 5:0.
СУРИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби - қизил бургутлар
Конфедерация - ОФК
Бош мураббий - Фажр Иброҳим (Сурия)
Сардор - Фирас Ал Хатиб
Энг кўп ўйин ўтказган - Мусаб Балхуш (81)
Энг кўп гол урган - Ража Рафе (32)
Уй стадиони - "Алеппо" Халқаро стадиони
ФИФА коди - SYR
ФИФА рейтингидаги ўрни - 83 (2019 йил 4 апрель)
Биринчи расмий ўйин
1949 йил 20 ноябрь
Туркия - Сурия 7:0
Энг йирик ғалаба
1997 йил 4 июнь
Сурия - Мальдив ороллари 12:0
2001 йил 30 апрель
Сурия - Филиппин 12:0
Энг йирик мағлубияти
1949 йил 25 ноябрь
Греция - Сурия 8:0
1951 йил 16 октябрь
Миср - Сурия 8:0
Осиё Кубогидаги иштироки - 6 марта (биринчиси 1980)
Энг яхши натижаси - гуруҳ босқичи (1980, 1984, 1988, 1996, 2011 ва 2019)
Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқмаган
Совринлари
Ғарбий Осиё Футбол Федерацияси чемпионати
Чемпион - 2012
Вице-чемпион - 2000 ва 2004
Араб миллатлар кубоги
Вице-чемпион - 1963, 1966, 1988
Пан-Араб ўйинлари
Чемпион - 1957
Вице-чемпион - 1953, 1997
Ўртаер денгизи ўйинлари
Чемпион - 1987
Ғарбий Осиё ўйинлари
Вице-чемпион 1997, 2002 ва 2005
ФАЖР ИБРОҲИМ (СУРИЯ)
Туғилган сана: 22 июнь 1964 йил
Туғилган жой: Дамашқ, Сурия
Футболчиликдаги амплуаси: Ҳимоячи
Ўйнаган клуби: "Ал Ваҳда" (Дамашқ, Сурия).
Бошқарган жамоалари: Сурия МТЖ, "Ал Шорта", "Дуҳок", "Ал Минаа", "Келантан".
Қатардаги Осиё Кубогининг иккинчи туридан кейин олдинги бош мураббий Бернд Штанге истеъфога чиқарилганди. Сўнгги турда Фажр Иброҳим вақтинча бош мураббий сифатида ишлаган эди. Март ойи бошида Сурия футбол Ассоциацияси Фажр Иброҳим терма жамоага расман бош мураббий бўлганини эълон қилди.
54 ёшли мураббий футболчилик фаолиятини фақат битта клуб сафида ўтказгани эътиборга молик. 1979 йил Дамашқнинг "Ал Ваҳда" клубида ўйнай бошлаган Иброҳим 1996 йилда айнан шу клубда фаолиятини якунлаган. Бу жамоа сафида Сурия Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган. 1986 йил Сурия лигасида энг яхши чап қанот ҳимоячиси деб топилган эди.
Мураббий бунга қадар турли йилларда 3 марта Сурия миллий терма жамоасини бошқарган. Иброҳим 2012 йил "Ал Шорта" билан бирга Сурия чемпиони бўлган.
ЎЗАРО ЎЙИНЛАР
Ўзбекистон терма жамоаси шу кунга қадар Сурия билан 4 марта тўқнаш келган. Икки бор Сурия, бир бор Ўзбекистон ғалаба қозонган. Бир марта дуранг қайд этилган. Дастлабки учрашув 1996 йил БАА мезбонлик қилган Осиё Кубогида бўлиб ўтган. Ўшанда Сурия 2:1 ҳисобида зафар қучган, бироқ иккала жамоа ҳам гуруҳда қолиб кетганди. Биздан ягона голни "Нефтчи" афсонаси Сергей Лебедев пенальтидан урганди.
Навбатдаги икки ўйинни кўпчилик яхши эслайди. ЖЧ-2018 саралаши доирасида дастлаб Тошкентда ўтган баҳсда вакилларимиз Александр Гейнрихнинг урган ягона голи эвазига ғалаба қозонишган - 1:0. Суриядаги сиёсий вазият туфайли Малайзияда ташкил этилган учрашувда эса Сурия сўнгги дақиқаларда Омар Харбин томонидан пенальтидан урган голи туфайли зафар қучишган - 1:0.
Ўтган йил Тошкентда ўтган ўртоқлик учрашувида 1:1 ҳисоби қайд этилган. Биздан Марат Бикмаев пенальтидан гол уриб ҳисобни очганди. Бунга Омар Ал Сома жавоб берган эди.
Сурия терма жамоасининг Ўзбекистон билан ўйин учун чақирилган футболчилар рўйхати:
Дарвозабонлар
Иброҳим Алма ("Ал Ваҳда")
Аҳмад Маданиа ("Ал Жайиш")
Холид Хож Отман ("Дамак", Саудия Арабистони)
Ҳимоячилар
Мояйад Ажан ("Ал Қува Ал Жавия", Ироқ)
Алаа Ал Шбли ("Ал Нажаф", Ироқ)
Омар Мидани ("Пирамидс", Миср)
Амро Женят ("Ал Шабаб", Уммон)
Абдул Малик Анизан ("Ал Жайиш")
Аҳмад Диб (клубсиз)
Шоаиб Ал Али ("Ал Ваҳда")
Ярим ҳимоячилар
Маҳмуд Ал Мовас ("Умм Салал", Қатар)
Холид Ал Мобайед ("Ал Ваҳда")
Тамир Хож Муҳаммад ("Оҳод", Саудия Арабистони)
Ҳамид Мидо ("Ал Кувайт", Кувайт)
Аҳмад Ашкар ("Ал Жайиш")
Муҳаммад Мармур ("Тишрин")
Аҳмад Ал Аҳмад ("Дамак", Саудия Арабистони)
Ҳужумчилар
Фирас Ал Хатиб ("Ал Салмия", Кувайт)
Муҳаммад Ал Вакид ("Ал Жайиш")
Нарзулла Сайдуллаев тайёрлади
Фикрлар