UZ

Сўнгги янгиликлар

08:45Улуғбек Ҳошимов: "Кайфиятини туширмаймиз, чунки олдимизда Олимпиада турибди"  7 08:23Русланбек Жиянов: "Финалда ким кучли эканлигини ўйин бўйича кўрсатдик"  7 07:57Ҳусайн Норчаев: "Финалда мағлуб бўлганимиз алам қилди, лекин..."  13 07:25Суперлига қайтмоқда. Бугун "Андижон" "Бобур Арена"да "Сўғдиёна"ни қабул қилади   6 07:15АПЛ. "Лутон" - "Эвертон" 1:1   0 07:10Саудия чемпионати. "Ал Таавун" - "Ал Ҳилол" 0:3   0 07:05Туркия чемпионати. "Бешикташ" - "Ризеспор" 3:2   0 07:00U23 Осиё кубоги финал. Ўзбекистон - Япония 0:1  1 04:11Улар бу кубокка иккинчи бор жуда яқин келишганди...  18 02:03Лига 1. "Ланс" Абдуқодир Ҳусановсиз ҳам ғалаба қозонди  5 01:51УЕФА Евро-2024 қайдномасини 26 нафар ўйинчигача оширди  0 01:40Жасур Жалолиддинов: "Рақибдан кучлироқ эдик"  10 01:26Умарали Раҳмоналиев: "Бутун Ўзбекистон халқидан минг бор узр сўрайман"  56 01:13БАА. Ҳожимат Эркинов "Ал Ваҳда" сафида ОЧЛ финалчисини мағлуб қилиб, Лига кубогини қўлга киритди!  5 00:35Фоден журналистлар талқинига кўра АПЛнинг ушбу мавсумдаги энг яхши ўйинчиси деб топилди  0

Маҳорат ёки танқидлардан ҳимояланиш формуласи Янгиликлар

Маҳорат ёки танқидлардан ҳимояланиш формуласи

Кетма-кет мағлубиятлар ҳар қандай футболга беэътибор бўлмаган инсоннинг кайфиятига жиддий таъсир кўрсатади.

Ўтган куни "Локомотив" ўз оғзидаги тайёр ғалабани мағлубиятга айлантириб қўйишларига жим туриб қаради. Кеча эса "Насаф" дарвозаси "Ал Садд" томонидан 4 маротаба ишғол этилаётган пайт қаршиликлар бунга қаршилик кўрсата олишмади. Шуниси алам қилди. Тўғриси, "Насаф"ни Доҳадан очко билан қайтиши жуда мушкул иш эди. Лекин Теҳрондаги каби курашсиз ютқазмаслигини тахмин қилгандим. Жамоа Теҳрондаги ўйинга нисбатан курашди. Аммо жамоа курашга таблодаги ҳисоб 2:0 бўлганидан кейин киришди. Кураш кеч бошландими ёки Хави барчасини жуда эрта ҳал қилиб қўйдими, бу энди аҳамиятсиз.

Ким маҳоратсиз: Мураббий ёки футболчилар?

"Локо" "Ал Дуҳаил"га қарши баҳсда мураббийларнинг нотўғри тактикаси эвазига тайёр ғалабани қўлдан чиқарди. Жамоа биринчи бўлимнинг сўнгги 20 дақиқасида кўрсатган футболи билан қатарликларни қандай қийин аҳволга солиб қўя олишини кўрсатди. Танаффусдан кейин эса негадир жуда эрта ҳисобни ўйлаб, жамоа натижани сақлаб қолиш учун ўйнади. Иккинчи таймни қарши ҳужум режаси асосида бошлаган "Локо" бу ишни уддалаганда, мураббийлар нақадар тўғри қарор қилишганини айтиб, уларни мақташ мумкин эди. Факт шуки, улар буни уддалай олишмади. Факт шуки, якунда бу тактик юриш жуда катто хато бўлиб чиқди. "Локомотив" ўзининг ҳужумдаги кенг имкониятларини иккинчи бўлимда ишга солмади. Ваҳоланки жамоанинг айнан ҳужум чизиғи юқори потенциалга эга. Танаффусдан кейин мудофаа чизиғини тартибли ўйнашига эътибор берган мураббийлар штаби тактик режани ўзгартиришда хато қилишди. Ҳимояда бехато ўйнаш эса уларга 90 дақиқа насиб этди. Аммо футбол бир тайм ёки 90 дақиқа эмас, ҳакам хуштаги чалингунча ўйналади.

Ўйини чиқиб турган, ҳужумлари ўткирлашаётган жамоа иккинчи бўлимда умуман бошқача қиёфада тушди. Натижада эса жамоа қандай қилиб тайёр ғалабани мағлубиятга айлантириб юборганини тушунмай қолди. Муҳаммадиевнинг жароҳати туфайли майдонга туширилган Салим Мустафоев қандайдир саноқли дақиқалар майдонда ҳаракат қилиб,якунда ўйин антиқаҳрамонига айланди. Бу ерда мағлубиятга Мустафоевни айбламоқчи эмасман. Шунчаки тактикада ҳам, ўйинчи алмаштиришда ҳам хато қилган ва бир зумда ғалаба мағлубиятга айланганига мураббий асосий жавобгар бўлади.

Ўйиндан кейин Микляевга "Локомотив"га нима бўлди, нега жамоа ОЧЛда кетма-кет мағлубиятларга кўмилиб қолди?, деган саволимга мураббий шундай жавоб қайтарди: "Маҳорат етишмаяпти".

Тўғри, "Локомотив"ни бу қадар юқори танловли яхшигина таркибини халқаро майдонда бошқара оладиган маҳоратли мураббий етишмаяпти. Андрей Микляев футболчиларга маҳорат етишмаяпти, демоқчи бўлди. Менимча, жамоага маҳоратли мураббий етишмаяпти. Футболчилар борасида ҳозирги кунда "Локомотив"га  ҳавас билан қарайдиган жамоалар жуда кўплаб топилади.

Муҳаммадиев ўйинни охиригача тугатиб қўя олмасмиди, деган саволимга эса Микляев қуйидагича жавоб берди: "Йўқ, биз мажбурий ўзгаришга қўл уришга мажбур бўлдик. Чунки Шуҳрат Муҳаммадиев жароҳати туфайли уни алмаштиришни сўради. Лекин мағлубиятга биргина Мустафоевни айблаш нотўғри, бунга бутун жамоа айбдор. Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам жамоаники".

Хуш, мағлубиятга бутун жамоа айбдор экан. Мураббийчи? Ўша бутун жамоа тўғри бошқара олмаётган мураббий балки энг катта айбдордир?

Жамоа 90-дақиқада 1:0 ҳисобида ютиб туриб, қандайдир дақиқалар ичида буни 1:2 айлантириб қўйса, унда бу шубҳасиз мураббийнинг нўноқлиги натижаси ҳисобланади. Яъни мағлубият тўлиқлигича мураббий гарданига тушади.

Рақиб жамоа мураббийи Белмади танаффусдаги тактик ўзгаришлар натижасида ўйинда бурилиш ясадик, деб ғалабага бош омил сифатида танаффусда қўл урган ўзгаришларини санаб ўтди. Тўғри, бунга у ҳақли. Чунки жамоаси ғалаба қозонди ва ўзгаришлари ўз самарасини берди.

Менимча, "Дуҳаил"ни ғалабасига Белмадининг ўзгаришларидан ҳам кўра кўпроқ "Локо" мураббийлар штабининг нотўғри режа томон эрта кетиб қолишгани сабаб бўлди. Бу эса Белмадининг режасини амалга ошишига янада ёрдамлашиб юборди холос. Чунки ҳар иккала гол ҳам "Локомотив" футболчиларининг хатолари эвазига киритилди. Хатога келтирган йўл эса нотўғри танланган тактика маҳсули. Мураббийлар футболчи алмаштиришда ҳам топишни билишлари муҳим аҳамиятга эга. Тактика тугул, футболчи алмаштиришда ҳам русча айтганда, "угадать" қилолмади мураббий. Мустафоевни қандай руҳлантирган ёки унга нимани кўрсатма берган билмадим-у, аммо футболчи майдонда тушиб нима қилиш кераклигини пайқай олмагани шундоқ кўриниб қолди.

Эътиборлиси, "Локомотив"нинг ОЧЛдаги кетма-кет учта мағлубиятидан кейин ҳам жамоанинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари сақланиб қолди. Ҳаммаси ўз қўлида. Хатоларни тузатиш, тўғирлаш учун имконият пайдо бўлди. Бундан фойдаланиш эса бошқа масала.

Хулоса шуки, "Локомотив" гуруҳдан чиққан тақдирда ҳам жамоага маҳоратли мураббий керак. Аввало гуруҳдан чиқиш учун маҳоратли мураббий керак аслида!


Танқидлардан ҳимояланиш формуласи - "Насаф"

"Насаф"да эса бироз бошқача ҳолат. Тўғрисини айтамиз, "Насаф" ОЧЛда гуруҳдан чиқишига кўпчилик ишонмаганди. Хаттоки Бердиев айтганидек, "Насаф"ни ушбу "квартет"да 6 очко олиши ҳам кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бу мусобақага тажриба мактаби сифатида қараётган ва шу билан биргаликда айнан шундай чиқишлар орқали футболчилардаги босимни олиб ташлашга уринаётган мураббийни кечаги мағлубиятда бош айбдор қилишга шошилмаймиз.

Кўпчиликда бир фикр шаклланиб қолган, яъни "Насаф" ютса жамоа зўр, иштиёқи баланд ва мураббийи юқори салоҳиятга эга деб мақталади. Ютқазганда эса жамоанинг олдига гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилмагани эслаб, таркибдаги нечта етакчилар жамоани тарк этишгани айтилади. Бу фикрда жон бор. Яъни, икки хил натижа учун айнан мана шу икки ташхис амалда кўп қўлланилади. "Насаф"га вазифасиз ўйнаётган жамоа сифатида қараб, вазият юмшатилади. "Насаф"ни айнан шу шароитда ўйнаётгани ҳам уларни танқид тошларидан ҳимоя қилиб келмоқда. Шу боисдан ҳам ютганидан кейин мақтовлардан семираётган "Насаф", ютқазганда ўринли важлар билан оқланмоқда. Аслида ҳам шундай. Буни инкор этиб бўлмайди.

Хуш бунга Ким айбдор? Бу борада мавсум аввалида алоҳида мақола ёзгандим. 2016 йили эса нисбатан ҳозиргидан кўра яхши ва кучли таркибга эга жамоа билан гуруҳда қолиб кетганида Бердиевга танқид тошларини отгандим. Бу орада мураббий анча ўсишга эришди. Лекин таркиб бунданда ғариблашди, тор захира эса янада торайиб кетди. "Насаф" янада ёшарди. Биргина плюс жиҳат шуки, Бердиевнинг мураббий сифатида янада шакллангани, таркибдаги авлодлар алмашувини мувозанатни ушлаган ҳолда ўтказаётгани "Насаф" фойдасига ишламоқда. Ўша танқидлардан кейин фақатгина Бердиевда касбий ўсиш кузатилди. "Насаф"да эса ҳамон вазифа йўқ. Нега "Насаф" ОЧЛда ютқазса ҳам бу қадар кескин танқидга учрамаслигига асосий сабаб - жамоа олдига аниқ вазифа йўқ. "Насаф" қийинроқ шароитда ўйнашга, мураккаб ҳолатларда нисбатан яхши натижа қилиш фонида танқидлардан ҳоли қолмоқда.

Масалан, "Локомотив"да аниқ вазифа бор. ОЧЛда гуруҳдан чиқиш энг камида минимум натижа. Жамоа гуруҳдан чиқиши шарт эканлигини мавсум олдидан мураббийлар ҳамда клуб раҳбарияти томонидан таъкидланади. "Насаф"да эса аксинча ҳолат. Вазифа йўқлигидан Бердиев бу турнир асосан ёш футболчилар учун тажриба мактаби бўлиб хизмат қилишини айтди. Бошқа нима ҳам қилсин? Вазифа йўқ, чунки шунга яраша футболчилар, ижрочилар унга берилмаган. Яхшиси шундай ҳолатда ўйнаган маъқул. Ўхшаса, яъни ютсак, мақтовларга кўмиламиз. Ютқазсак жамоа ҳолати барчасига жавоб бериб турибди, деган мазмундаги фикр ва ҳаёл билан яшамоқда "Насаф". Шу боисдан ҳам жамоага топ даражага чиқиш учун бир поғона етишмаяпти. Ўйин ташкил этиш, футболдаги ўз суратига эга жамоа сифатида "Насаф"дан қўпчилик кўрқади.

Лекин ҳақиқий ғолиблик руҳи шаклланиши учун жамоа сафига тажрибали футболчилар зарурлиги катта ўйинларда, сафардаги муҳим баҳсларда яққол билиниб қолади. Кечаги ўйин яққол мисол. "Насаф" кеча йирик ҳисобда ютқазди. Кетма-кет иккинчи сафар учрашувида "Насаф" йирик ҳисобда, яъни дарвозасидан 2тадан кўп гол ўтказган ҳолда мағлуб бўлди. 2015 ёки 2016 йиллари "Насаф" дарвозасига 2тадан кўп ура оладиган жамоа топилмаганди. Бу нимадан дарак? Албатта тажриба ўз сўзини айтмоқда. Юқори иштиёқ Қаршида мухлислар кўмаги остида ҳар қандай рақибни қийнаб қўяди. Меҳмонда эса иштиёқ эмас, асосан тажриба қўл келади. Бу эса ҳозирги "Насаф"да йўқ.

Драган Черан ва Артур Геворкянни таққослайдиганлар учун "Насаф"ни ОЧЛдаги исталган ўйинини кўришни тавсия қиламан! Черан зўр футболчи, сифатли легионер, гап бўлиши мумкин эмас. Аммо Геворкян даражасидаги етакчи футболчи эмас. Геворкян "Насаф"нинг халқаро майдондаги ўйинларида жамоани ўз елкасида кўтариб юрган ва муҳим голларга ассистентлик ёки муаллифлик қилгани кўпчиликни ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Драган эса бу ишни ҳозирча фақат миллий чемпионатда уддаламоқда. Геворкян билан Чераннинг асосий фарқи шуки, бири ҳар иккала мусобақада бир хил статусдаги футболчи эканлигини исботлаган. Иккинчиси миллий чемпионатда "аждар", ОЧЛда "аждар"га айлана олмаётган Драган.

Яна ўша мавзу - Кимга маҳорат етишмади: Мураббий ёки футболчилар?

Кечаги мағлубият бўйича нима дейиш мумкин? Аввало Микляев айтганидек, маҳорат борасидаги тафовут ўз сўзини айтди. Кеча "Насаф" тактик тарафлама ютқазмади. Мураббий чизгилари ўйинни ҳал этмади. Мутлақо нотўғри. Шунчаки ижрочилар ўртасидаги тафовут мураббийларнинг тактик аралашувларига ҳам ўрин қолдирмади. "Насаф" ҳам ўйнади, интилди, аммо "Ал Садд" бемалол қилган ишни улар амалга оширишда ҳаяжонланишди. Дастлабки дақиқалардаги тезкор голлар жамоани эсанкиратиб қўйди. Кеча мураббийлар ўртасидаги тактик курашдан кўра, ижрочилар ўртасидаги фарқ биринчи планга чиқди.

Бердиевни йўл қўйган хатоларининг биринчиси - жамоани ўйинга руҳан керакли даражада тайёрлай олмаганида бўлди. Чунки футболчилар майдонга тушибоқ Хави фактори қурбонига айланишди. Чунки биринчи ўтказиб юборилган голда Хави жарима майдончаси ичида пайдо бўлди ва биргина тўпга тегиниш билан таблодаги ҳисобни жамоаси фойдасига очди. Ўша вазиятда Хавини ким қўриқлаши кераклиги бутун жамоани ёдидан чиққанмиди ёки Хавини жарима майдончаси ичида пайдо бўлишини ҳеч ким кутмагандими? Ўша гол "Насаф"нинг мудофаа чизиғи кечаги учрашувга буткул тайёр эмаслигини кўрсатганди. Амалда ҳам шундай бўлиб чиқди ва кейинги голларда ҳам аслида жамоанинг энг кучли чизиғи бўлмиш ҳимоядаги бўшлиқлар "Ал Садд"га қўл келди.

Бердиевнинг яна бир хатоси шунда бўлдики, жамоа ўйин бошланиши биланоқ тўп назоратини ўз қўлига олиши ва тезкор ҳужумлар орқали "Ал Садд"ни ҳужумга ўтмаслигини таъминлаш керак эди. "Ал Садд"ни зарарсизлантиришнинг энг яхши ва самарали усули айнан шу эди. Бу ўхшамади. Шунингдек, мураббийда ўйинга тайёрланган иккинчи режа бормиди ёки йўқ, буни айтиш мушкул. Шунчаки Бердиев учрашувнинг 3-дақиқасиданоқ иккинчи режага ўтиб жуда катта таваккалга қўл уришни истамади ёки "Б" режага ўтиш жараёнидаги қабул қилинган иккинчи голдан сўнг таблодаги ҳисоб имкон қадар йириклашиб кетмаслиги асосий планга чиқди.

Ўша кунги ғалабадан кейин Мураббий имзоси, деган мақола ёзгандим. Ўша ўйинда "Насаф" айнан мураббий имзоси остида ўйнаган ва ғалаба қозонганди. Бу мағлубиятга ҳам ўша мураббий имзоси мавжуд. Фақат баъзан катта жойларда кичикроқ имзо ўтмай қолади. Бердиевнинг Қаршидаги "имзоси" кўп нарсани ҳал этиши мумкин. Лекин Доҳада ўша "имзо" ўтмай қолиши ёки бошқа факторлар руй бериш эҳтимоли мавжуд. Ўша бошқа факторлар кеча амалда руй берди.

"Насаф" ўрин олган гуруҳда вазият янада чигаллашди. "Насаф" учун жуда қийин ва чигал вазият вужудга келди. Ҳозирги ҳолатда жамоа ўз гуруҳида 12 очко тўплаб, яъни кейинги иккита беллашувни ютган тақдирда ҳам кейинги босқичга чиқа олмаслиги мумкин. "Ал Васл"нинг барча рақиблар учун шунчаки "гўшт"га айланаётгани, гуруҳда қайсидир жамоа 12 очко билан ҳам "квартет"да "Ал Васл"га энг яқин қўшни бўлиб қолиш эҳтимолини оширмоқда.

Ҳали имконият, умид бор. Бизда умид ҳар доим бўлган ва бўлади. Лекин ўша умиддан фойдаланишда келганида доим оқсаймиз. Умид қиламизки, бу сафар ҳаммаси биз умид қилгандек бўлади. Бошқа чора йўқ.

Муаллиф :
Рейтинг: +40   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика