UZ

Сўнгги янгиликлар

08:23Русланбек Жиянов: "Финалда ким кучли эканлигини ўйин бўйича кўрсатдик"  1 07:57Ҳусайн Норчаев: "Финалда мағлуб бўлганимиз алам қилди, лекин..."  12 07:25Суперлига қайтмоқда. Бугун "Андижон" "Бобур Арена"да "Сўғдиёна"ни қабул қилади   5 07:15АПЛ. "Лутон" - "Эвертон" 1:1   0 07:10Саудия чемпионати. "Ал Таавун" - "Ал Ҳилол" 0:3   0 07:05Туркия чемпионати. "Бешикташ" - "Ризеспор" 3:2   0 07:00U23 Осиё кубоги финал. Ўзбекистон - Япония 0:1  0 04:11Улар бу кубокка иккинчи бор жуда яқин келишганди...  15 02:03Лига 1. "Ланс" Абдуқодир Ҳусановсиз ҳам ғалаба қозонди  5 01:51УЕФА Евро-2024 қайдномасини 26 нафар ўйинчигача оширди  0 01:40Жасур Жалолиддинов: "Рақибдан кучлироқ эдик"  9 01:26Умарали Раҳмоналиев: "Бутун Ўзбекистон халқидан минг бор узр сўрайман"  51 01:13БАА. Ҳожимат Эркинов "Ал Ваҳда" сафида ОЧЛ финалчисини мағлуб қилиб, Лига кубогини қўлга киритди!  5 00:35Фоден журналистлар талқинига кўра АПЛнинг ушбу мавсумдаги энг яхши ўйинчиси деб топилди  0 00:08Тимур Кападзе Японияга қарши кечган финалдан сўнг нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  63

Мураббий имзоси Янгиликлар

Мураббий имзоси

Осиё чемпионлар лигасининг биринчи давра баҳслари ўз якунига етди.

1-давра якунлари ҳақида

Ҳозирча вакилларимиздан "Локомотив"да 3 очко мавжуд бўлса, "Насаф" ўз ҳисобига 6 очко ёзиб қўйишга улгурди. Биринчи давранинг сўнгги турида жамоаларимиз анча жиддий рақибларга қарши баҳс олиб боришди. "Насаф" гуруҳ пешқадами "Ал Садд"ни ҳақли тарзда таслим этди. "Локомотив" эса ўз "квартети"да хўжайинчилик қилаётган "Ал Духаил" майдонида мағлуб бўлди.

Ҳозирча жамоаларимиз ("Локо" 2, "Насаф" 1) 3та ўйинни сафарда ва 3та баҳсни ("Локо" 1, "Насаф" 2) ўз майдонларида ўтказишди. Қизиқ томони, ҳозирча ишланган 9 очкони ("Локо"-3, "Насаф"-6) барчасини уй ўйинларида қўлга киритдик. Йўқотилган жами 9 очко эса сафарда бой берилди. Меҳмондаги беллашувларда ("Локо" 2 ўйин, "Насаф" 2 учрашув) жамоаларимиз нафақат ғалаба, балки дуранг ҳам қайд эта олишмади.

Етакчиларга қарши ўйин ҳақида

Мураббий имзоси

"Насаф"нинг "Ал Садд" устидан қозонган ғалабаси тўлиқлигича Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги мураббийлар штабининг меҳнати самараси. Айни пайтдаги жамоанинг ҳолати, таркибдаги танлов танқислиги ва етакчининг жароҳат сабаб кутилмаганда сафдан чиқиши ҳам ғалабага тўсқинлик қила олмади. Рўзиқул Бердиев ўйиндан олдин таъкидлагандек, мураббий жамоани учрашувга аввало руҳий тарафлама тайёрлашга катта эътибор қаратди ва футболчиларнинг шу кунги иштиёқи "Ал Садд"да тўпланган маҳоратни енгиб ўтди. Бердиев эса ўйиндан сўнг камтарлик қилиб, барча олқишларни футболчилар манзилига юборди. Аслида эса ушбу муваффақият мураббий имзоси остида қўлга киритилди. "Насаф" "Ал Садд"ни нафақат ютди, балки бутун учрашув давомида ўйин томонлама ҳам мағлуб этишни уддалади. Чераннинг йўқлигига қарамасдан баҳсга тайёрланган режа ва стратегия ўзгаришсиз қолди. Бу эса якунда тўғри қарор бўлиб чиқди. Бердиев айнан шу қарори билан мураббий сифатида янада ўсганини, янги поғонага чиқаётганини амалда исботлади.

Мураббий ён дафтарчасида ҳар доим камида 2-3 хил тактик режа бўлиши лозим. Жамоа эса ўз услубида ўйнаган ҳолда керакли пайтда захирадаги иккинчи ёки учинчи режага ўйин давомида ўтиши унинг даражасидан дарак беради. Айнан шу камчиликлар устида ишлангани ва бу ўз самарасини бераётгани қувонарли ҳолат. "Насаф"да айни пайтда пичоққа илинадиган ва ўйини яна тобора шаклланаётган битта яхши таркиб бор. Мураббий эса ўша таркиб потенциалидан максимум фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Аммо ички захира юқори даражага ҳали тўлиқ тайёр эмаслиги чемпионат ёки лига давомида панд бериши аниқ.

"Насаф"нинг ҳозирги яхши даражадаги футболи ва нисбатан анча яхши натижалари Бердиевни салоҳиятининг янги қирралари очилаётганидан дарак бермоқда. Бу сўзсиз мураббий меҳнати самараси, бераётган меваси. Ўз вақтида Бердиевда тактик айёрлик, иккинчи режа йўқлиги ёки жамоанинг руҳий тарафлама тайёргарлиги меъёрида бўлмаслигини айтиб, мураббийга танқид тошларини отганман. Лекин ҳозир вазият ўзгарди. Рўзиқул Бердиев мураббий сифатида ўз имзосини яратмоқда. Ниҳоят жамоа кучли рақибларга қарши қўрқмай майдонга тушмоқда. "Насаф" ОЧЛдаги катта ўйинларда руҳан тетик ўйнамоқда. Довдираш йўқолди. Мураббий айтганидек, хатолар устида ишлангани кўзга кўринмоқда. Асосийси, натижалар буни исботламоқда. Ҳар ҳолда "Насаф" ўз уйидаги баҳсларда кучли рақиблардан қўрқмай қўйди. Аксинча, қўрқитмоқда. Айнан шулар бирлашиб жамоада ғолиблик руҳи пайдо бўлмоқда.

Бу эйфория ёки иккита ютуқдан ҳаволаниб кетиш эмас. Асло! Аксинча, ўзим биргина ғалабалардан эйфорияга берилмасликни таъкидлашни хуш кўраман. Шунчаки "Насаф"нинг ҳозирги шароитидан келиб чиқсак, жамоа қайд этаётган натижалар алоҳида эътирофга лойиқ. "Насаф"нинг ўйини олқишларга муносиб. Айниқса Бердиев мураббий сифатида шаклланмоқда. Қачонки мураббий шаклланса, ўз имзосини ярата олса, шундагина жамоанинг натижалари ҳам яхшиланиб бораверади. 

Тўғри, "Насаф" гуруҳдан ҳали чиққани йўқ. "Квартет"даги вазият анча мушкул. Қатарда ўтадиган жавоб беллашуви кўп нарсага ойдинлик киритиб қўйиши мумкин. "Насаф"ни гуруҳ босқичидан чиқариб қўйишга эрта. Лекин мавсум олдидан кўпчилик ушбу гуруҳдаги энг аутсайдер жамоа қайси, деган саволга "Насаф"ни жавоб сифатида кўрсатишга улгуришганди. Янгитдан қурилаётган жамоа учун ОЧЛ гуруҳ босқичини катта мактабга қиёслаган Бердиев айёрлик билан рақибларни кетма-кет доғда қолдирмоқда. Бу билан мураббий жамоа олдидаги босимни йўқотишни, уларни хотиржам футбол кўрсатишларини истади.

Агарда ҳозирги "Насаф" гуруҳда қолиб кетса ҳам бу фожиа бўлмайди. Чунки таркиб жиҳатдан "аждарлар" гуруҳдаги ҳеч қайси рақибга рақобат туғдира олишмайди. Аммо кучли иштиёқ эвазига ОЧЛда тажриба тўплаётган "Насаф" тобора жиддий қиёфага кириб бормоқда. Бу эса кишини қувонтиради.

Муҳими, жамоа иккинчи даврада ҳам камида ушбу темпни сақлаб қолиши лозим. Арабларни майдонда қай тариқа издан чиқариш мумкинлигига Қаршидаги ўтган икки ўйин яққол мисол бўла олади. Шунчаки энди жамоа сафарда ҳам мухлислари кўмагисиз ушбу ишни амалга ошира олиши мумкинлигини исботлаши шарт.

Икки хил тайм ёхуд икки хил жамоа

Доҳадаги биринчи таймда "Локомотив"ни умуман таниб бўлмади. Гуё жамоа оёқларига болта боғлаб тушгандек секин ҳаракатланди. Ёки рақибнинг қўрқинчли ҳужум чизиғи уларни довдиратиб қўйди. Ҳа, ростан ҳам "Ал Духаил" кучли жамоа. Гуруҳдаги энг кучли рақиб деб бемалол айтиш мумкин. Аммо Ўзбекистон чемпиони номи остида майдонга чиқаётган жамоа, таркиб жиҳатдан бошқа клубларимиздан кучли ижрочиларга эга, захираси узун "Локо"га баҳона қилиш ярашмайди. Ҳар ҳолда "Локомотив"да айни пайтда энг тажрибали футболчилар тўп тепишмоқда. "Темирйўлчилар" иштиёқ эвазигагина натижадан умид қилиб ўтирадиган жамоа эмас. Гуруҳдаги ҳолат ҳам бу жамоа Қатар сафаридан очко билан қайтишини тақозо қиларди. Лекин биринчи таймдаги "Локо"ни кўриб, биринчи навбатда ҳаёлга келган фикр: "Таблодаги ҳисоб уятли бўлиб кетмасин-да!".

Шукрки, "Ал Духаил" учинчи голдан кейин бироз тинди. Кейин жамоа шунчаки бемалол футбол ўйнашга уринди. Ортиқча гол уриш иштиёқи қолмагани "Локомотив" фойдасига ишлади. Танаффусдан кейин эса "Локо" нисбатан фаоллашди. Чунки "Ал Духаил" ҳисобдан келиб чиқиб ўйнашни бошлади. Футбол эса 90 дақиқа ўйналади. Биринчи бўлимдан кейин ютдик, деган ҳаёлга борган "Духаил" сал қолса бунинг учун жазоланарди. "Локо" иккинчи таймда Нивалдони майдонга тушириш орқали ўйинда бурилиш ясашга эришди.

Нивалдо тушиши билан қулай вазиятга чиқди ва бундан устамонлик билан фойдаланди. Кейинги ҳужумдаёқ Алибоевнинг навбатдаги тўп узатиши голга айланди. Бу сафар биринчи бўлимда уйқуда ётган Бикмаев уйғонди. Нивалдонинг майдонга тушиши бутун жамоани уйғотди. Лекин иккинчи голдан кейин "Ал Духаил" хушёрликни оширишга мажбур бўлди. Аммо шунга қарамай "Локо"да ҳисобни тенглаштирувчи голни уриш учун вазиятлар бўлди. Аммо имкониятдан фойдаланиш бошқа насиб этмади. Биринчи таймдаги "Локо" билан танаффусдан кейинги жамоа тубдан фарқ қилди. Ёки аксинча, биринчи таймдаги рақиб билан иккинчи бўлимдаги "Ал Духаил" умуман бошқа-бошқа жамоага айланди.

Шу куни "Локомотив" футболчилари жисмонан жуда нуноқ ҳаракат қилишди. Мавсум эса энди бошланди. Камига жамоани 9 март куни Суперлигада "Металлург" билан ўйин, 12 мартда эса "Ал Духаил"га қарши Тошкентдаги баҳс кутмоқда. Бу каби зич тақвимда кечаги жисмонан чарчаб қолгандек тасаввур уйғотган "Локо"ни бўлажак учрашувларда таний оламизми? Яхшиямки жамоанинг захираси узун ва таркиб бўйича мураббийларда танлов мавжуд. Шу боисдан ҳам бу каби зич тақвим ҳеч қандай баҳона бўла олмайди.

"Локомотив"нинг ютуғи - жамоа Қатар сафарига чартер-рейсда учиб борди. "Насаф" эса энди Туркия орқали Қатар парвоз қилади. Бу эса шундоқ ҳам захираси тор бўлган жамоага ортиқча муаммоларни тақдим этади.

Аммо гуруҳдаги вазият ва ўйин бобида "Насаф" "Локо"дан кўра устун кўринмоқда. Натижалар ҳам шундай хулосага келишга мажбур қилади. Камига "Насаф"нинг гуруҳи "Локомотив"никига нисбатан кучли. Буёғига нафақат таркибдаги танлов ёки тажрибали футболчиларнинг маҳорати, балки мураббий имзосига ҳам кўп нарса боғлиқ. "Локо" мураббийлар штаби қўл остидаги юқори салоҳиятга эга ижрочилардан максимал фойдалана олмаётган бир пайтда, Бердиев "Насаф"да ким туширишни билмай натижа кўрсатмоқда. Яна қандай футбол орқали?

"Насаф"да кўринаётган ушбу имзо "Локо"да кўринмаётгани кишини ташвишлантиради...

Муаллиф :
Рейтинг: +88   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика