UZ

Сўнгги янгиликлар

00:00Евро-2024. Сербия ва Англия илк турда ўзаро куч синашмоқда (матнли трансляция)  3 23:50Максим Шацких: "Пахтакор"ни совринли ўринлар қизиқтирмайди. Бизга фақат чемпионлик керак"   4 23:27ҚПЛ. "Ордабаси" меҳмонда "Астана"дан устун келди. Умаров 62 дақиқа ўйнади, Яхшибоев эса...  0 23:15Евро-2024. Польша - Нидерландия. 1:2   4 22:52Эриксен Еврога қайтган учрашувда Дания Словения билан дуранг ўйнади   9 22:43Жокич Сербиянинг ғалабасига ишонмоқда. Черандан бошқача тахмин  2 22:31Суперлига. "Сўғдиёна" - "Насаф" 1:0  4 22:21Ҳожиакбар Алижонов 155 кун ўтиб ўтиб майдонга қайтди  11 22:10Суперлига. "Пахтакор" - "Навбаҳор" 0:0  6 22:05Суперлига. "Сўғдиёна" "Насаф"ни мағлуб этди, жиззахликлар ўйинни 9 киши бўлиб якунлашди  113 21:58Суперлига. "Пахтакор" ва "Навбаҳор" ўртасидаги марказий ўйинда кучлар тенг келди  103 21:35"Манчестер Юнайтед" футболчиси Туркияга йўл олиши мумкин  1 20:42"Манчестер Сити" раҳбарияти клубда қолиши учун Гвардиоланинг маошини оширишга тайёр  9 19:54Евро-2024. Нидерландия ирода кўрсатиб, Польшани таслим қилди  33 19:08"Пахтакор" — "Навбаҳор". Таркиблар маълум  11

Красницкий, Стадник, “айёр Михей” ва ўша машҳур ўйин ҳақида Аҳрол Иноятов билан дилдан суҳбат Янгиликлар

Красницкий, Стадник, “айёр Михей” ва ўша машҳур ўйин ҳақида Аҳрол Иноятов билан дилдан суҳбат

Теглар :  Аҳрол Иноятов
Ҳозирги авлод Аҳрол Иноятовни охирги 3-4 йилда ЎФФда “Келишилган ўйинларга қарши курашиш бўлими”да раҳбар сифатида фаолият юритгани билан яхши танийди.

Ёши улуғ футбол ишқибозлари эса, Аҳрол акани 60-70 – йилларда Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Станислав Стадник билан бирга “Пахтакор”да жавлон урганини эслайди. Бугунги кунда нафақада, оиласи бағрида умргузоронлик қилаётган Аҳрол ака билан дилдан суҳбат уюштирдик. Суҳбатимиз узоқ давом этди. Унда шу вақтгача айтилган ва айтилмаган воқеалар ҳақида сўз юритилди. Йилдан-йилга афсонага айланаётган Геннадий Красницкий ва “Пахтакор” –“Металлург” баҳси ҳам эслаб ўтилди. Ўйлайманки, бу суҳбатимиз муштарийларга манзур бўлади. Суҳбатимиз узоқ давом этгани, ажойиб хотиралар-у, муҳим фактлар айтилгани боис, интервьюни қисмларга ажратиб беришни маъқул деб билдик.


Красницкий, Стадник, “айёр Михей” ва ўша машҳур ўйин ҳақида Аҳрол Иноятов билан дилдан суҳбат (1-қисм)

Красницкий, Стадник, “айёр Михей”ва ўша машҳур ўйин ҳақида Аҳрол Иноятов билан дилдан суҳбат (2-қисм)


3-қисм. ЎФФдаги фаолияти ва ўша машҳур ўйин ҳақида
- Энди ЎФФдаги фаолиятингиз ҳақида гаплашсак. Сиз федерацияда иш бошлашингиздан аввал қайси лавозимга келаётганингизни-ю, чемпионатимизнинг ўша вақтдаги аҳволидан хабарингиз бўлган бўлса керак?
- Бу лавозимга мени таклиф қилишларидан аввал ЎФФ қошида шундай бўлим ташкил қилиниши ҳақида шахсан ўша вақтдаги ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг буйруғи бўлган. Албатта қаерга ва қандай лавозимга келаётганимни аниқ тушуниб етганман. Мен бу ишга келгунимга қадар охирги тўрт йилни нафақада ўтказаётгандим. Шундай бўлса-да, футболда ишлаётган мураббийлар ёки бошқа инсонлар билан доимий алоқада бўлиб юрганим сабабли чемпионатимизнинг ички аҳволидан хабарим бор эди. Нафақат мен, бугун буни унутиб қўйган федерациядаги расмийлар ёки сиз журналистлар ҳам жуда яхши билгансизлар.

- Шундай дейсизки, лекин футболнинг ичида фаолият юритаётган инсон билан ташқарисидагининг маълумоти орасида барибир жуда катта фарқ бўлади. Ичидаги шахс ҳаммасини кўзи билан кўради, ташқаридаги эса, кўпроқ эшитганига таянади.
- Тўғри, бу фикрингизга қўшиламан. Аммо мени аксар танишларим футбол ичида, улар билан бўлган суҳбатларда табиийки, миллионлар ўйини мавзуси-ю, унинг ичидаги ишлар ҳақида гап-сўз бўлади. Қолаверса, гарчи нафақада бўлсамда, учрашувларни бевосита стадионда кузатиб борардим. Ишга таклиф қилишганидан сўнг,“қани, қўлимдан нима келар экан”, дея енг шимариб иш бошладим.Аввалига ФИФА, ОФКнинг шу йўналишдаги ишларини ўрганиб чиқдим, Регламентлари билан танишдим ва албатта мамлакатимиз қонунларидан ташқарига чиқмаган ҳолда ўзимизнинг норматив ҳуқуқий базамизни яратишни, ПФЛнинг Регламентига нималар киритишимиз мумкинлигини ўргандим. Хабарингиз бор, мен 2014 йилги мавсумнинг иккинчи давраси вақтида ишга келганман. Бу пайтга Регламентга ўзгартириш киритиб бўлмасди. Асосий ишим, ички ҳолат билан яқиндан танишиш ҳамда янги мавсумга норматив ҳуқуқий базани тайёрлаш эди. Очиғи, ишга келганимда вазият ўнгланишига ишонмаганлар ҳам ишонганлар ҳам бўлди. Икки йиллик фаолиятимиздан сўнг дунёқараши ўзгарганлар ҳам топилди.

Аслида келишилган ўйинларни биргина бўлим билан бутунлай йўққа чиқариб бўлмайди. Биздапрокуратура, ички ишлардан ходим бўлиши керак эди. Агар бўлимда шу каби йўналишда фаолият юритадиган мутахассислар ҳам ишлаганида вазиятни назорат қилиш янада осонлашарди. Ўша вақтларда ёки ундан олдинга йилларда ким қандай чемпион бўлгани-ю, совринли ўринлар қай тартибда қўлга киритилганидан кўпчиликнинг хабари бор.

-    Юқорида ўзингиз айтиб ўтдингиз, бундай бўлимда бошқа йўналишдаги мутахассислар ҳам ишлаши керак. Ишга тайинланганингизда бўлимда прокуратура ёки ички ишлар ходимлари ишламаслиги маълум бўлгач, табиийки, ваколатингиз камроқ бўлади. Аслиида раҳбарият сизга қандай ваколатларни топширганди?
-    ЎФФ президенти каминага шундай ваколатни топширган эдики, мен келишилган ўйинларда иштирок этган ҳар қандай жамоани ёки инсонни Регламентдан четга чиқмаган ҳолда жазолай олиш ҳуқуқига эга эдим.Биз ПФЛ билан ҳамкорликда иш бошладик. Бошида ҳаммаси жойида бўлди, кейинроқ фикрлар қарама-қаршилигига ҳам учрадик. Ҳакамлар ва назоратчилар бўлими билан олиб борган ишларимизда бироз қийинчиликка учрадик, лекин бу бўлим ишлаб чиққан Кодексга келишилган ҳолда ўзгартиришлар ҳам кирита олдик. Аслида нафақат бу гуруҳ, балки ПФЛ қошидаги барча бўлимлар билан бир ёқадан бош чиқариб ишланганида ишимизнинг унуми янада ошарди. Бунинг учун бизнинг бўлимга янада кўпроқ ваколат берилиши керак эди.

Ўйлайманки, шундай бўлса-да, биз ишни ёмон олиб бормаётгандик, бироқ тан олиш керак, натижаси шубҳали кўринган учрашувларни исботлаб ҳам бера олмаган пайтларимиз ҳам бўлди. Бироқ айтганимдек, бунинг учун бизнинг бўлимда давлат ташкилотларидан керакли мутахассислар бўлганида, мақсадга эришишимиз янада осонлашарди.

-    Раҳбариятга бўлимда давлат ташкилотларидан ҳам ходим бўлиши кераклиги ҳақида таклиф киритилганмиди?
-    Албатта, бу таклиф берилганди. Қолаверса, Ўзбекистон қонунчилигида келишилган ўйинларда иштирок этганларга жазо йўқ. Россия ёки бошқа давлатларда бор. Мен тотализатор ёки шунга ўхшаш қонунларни бузганлиги учун жазоларни айтмаяпман, шунчаки, ўзаро келишишни назарда тутдим. Хусусан, ўртага пул аралашмасдан келишилган ўйинлар. Шу боис, биз ўйин натижасини келишган инсонларни спорт тамойили асосида ПФЛ Регламентидан ташқарига чиқмаган ҳолда жазолай олардик. Ҳам қонуний тарафдан ҳам бўлимда давлат ташкилотларидан мутахассислар йўқлиги сабабли ваколатимиз тор эди. Шунинг учун ўйинлар натижасини келишган инсонларга жазо берилиши мамлакат қонунларига киритилиши устида амалий иш бошлагандик.

-    Ўзи умуман бу бўлимга раҳбар этиб тайинланганингиздан кейин ишни нимадан бошлаган эдингиз?
-    Таҳлилдан. Яъни, охирги уч йилдаги ўйинлар, ўша учрашувларда майдонга тушган футболчиларнинг рўйхатини таҳлил қилишдан бошлаганман. Қолаверса, мазкур баҳсларда қайси ҳакамлар гуруҳи ишлагани-ю, кимлар назоратчилик қилганини кўздан кечирдик. Шундай бўладики, ҳакамми ё назоратчи, бунинг фарқи йўқ, айрим жамоалар иштирокидаги учрашувларни кўпроқ бошқаради. Ёки таркибда ҳам гап кўп бўлади. Бунинг учун жамоаларнинг учрашувлардаги таркибларини жиддий таҳлил қилиб чиқиш керак.Менгача шубҳали, хусусан, ўз уйида ютиб, меҳмонда худди шу рақибига бир хил тўплар нисбати бўйича ютқазган жамоалар ва бундай беллашувлар сони кўп бўларди. Ишимнинг иккинчи йили бундай баҳсларнинг сонини сезиларли даражада камайтира олдик.Юқорида таъкидлаганимдек, иш аввалида норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлагандик. Бу орқали деклорацияни татбиқ қилдик. 2015 йил мавсум арафаси шахсан ўзим клублар билан учрашиб, келишилган ўйин нима, унга бериладиган жазолар, деклорацияга қўл қўйса, вазифаси нималардан иборат бўлиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб бордим. Ҳеч нарса ўз-ўзидан бирданига бўлиб қолгани йўқ. Ҳамма нарсани жой-жойига қўйишимиз учун бизга вақт керак бўлди.

-    Юқорида кўп таъкидладик, сизда ваколат кенг бўлмаган. Яъни, давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлай олмагансиз. Шундай вазиятда сиз натижасидан шубҳаланган беллашувлардан олдин клубларнинг мураббийи ёки раҳбарларига нима дегансиз? Оддийроқ қилиб айтганда, уларни қандай “қўрқитгансиз?”
-    Айтганимдек, федерациядаги ишимизнинг илк кунларида юридик томондан норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлагандик. Биз мавсум аввалида ва давралар оралиғида футболчилар, раҳбарлар, мураббийлар, ҳакамлар ҳамда назоратчиларга ўқиб чиқиб, имзо қўйиши учун тақдимқиладиган деклорация юридик ҳужжат ҳисобланарди. Аммо тан олиш керак, шу ҳужжатга қўл қўйган мураббийларни, раҳбарларини ва ўша беллашувда ишлайдиган назоратчи ҳамда ҳакамларни ўйиндан олдин чақириб, суҳбатлашганимиздан кейин ҳам учрашув натижаси биз кутгандек шубҳали якунланган ҳолатларга ҳам тўқнаш келганмиз. Лекин-лекин, бу менинг шубҳам. Ўша ўйинлар юз фоиз келишилган деб айта олмайман.

-    Шунча суҳбатдан кейин ҳам учрашув натижаси сиз кутгандек шубҳали бўлса, ўша расмийларни жазолашдан нима тўсқинлик қилган?
-    Мен ваколатим доирасида ўша беллашувда ишлаган ҳакамлар, назоратчиларни жазо олишини таъминлай олганман. Лекин мураббийлар ўзини оқлаган. Бу вазиятда бундай бўлди, бунисида бунақа, бошқасида ҳакам хато қилди. Хуллас, айбни бўйнига олмаган. У ёғига ўтишга бизнинг ваколатимиз йўқ эди.

-    Учрашув натижаси кутилганидек шубҳали, шундай ҳолатда қандай қилиб икки жамоа мураббийларини ёки клубларни жазоламаслик мумкин?
-    Айтганимдек, мураббийлар буни тан олмайди. Жамоани жазолаш учун қатъий исбот керак. Сизга мисол айтаман: Латвия федерацияси бир клубнинг натижаси шубҳали деб топади ва жамоани 20 минг АҚШ доллари билан жазолайди. Клуб федерацияни судга беради ва якунда ғолиб чиқади. Биз ҳам шундай ҳолатга тушиб қолмаслигимиз учун унинг айбини исботлаб беришимиз керак. Бутун дунёда шу қоидага амал қилинади.

-    Майли, лекин ўша машҳур “Пахтакор” – “Металлург” учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи жазоланганку?! Бу ерда жазолаш учун қандай асос бўлган?
-    Очиғини айтаман, бу иш охиригача етказилмаган. Аслида ишни якунлашимиз керак эди. Ўйиндаги бир эпизодни эсласак, захирадан майдонга тушган футболчи сўнгги дақиқаларда жарима майдонидан чиқиб кетаётган рақиб ўйинчисига қўполлик ишлатади. Футболда бундай ҳолат кузатилмайди. Ўша вазият мени шубҳалантирган. Қолаверса, ютиб турган жамоа охирги дақиқаларда шундай хато сабабли ютқазиб қўйган.

-    Агар очиқ гапирадиган бўлсак, ўша ўйин сизнинг ҳам, федерация президентининг ҳам обрўсига салбий таъсир қилган. Шундай экан, келинг, вазиятга аниқлик киритиб кетайлик, сизни шубҳалантирган ўша эпизод учун нега футболчи эмас, бош мураббий жазоланган? Ёки нега иккала жамоа ё иккала клубнинг бош мураббийлари жазо олмаган?
-    Жамоалар жазоланиши учун бу ўйин тўлиқ келишилганлигинини тўлиқ исботлаш керак эди. Бунинг учун юқорида таъкидлаганимдек, менга ички ишлар вазирлигининг ёрдами керак бўларди. Ёки телефон қўнғироқларини тинглаш ваколатига эга бўлишим керак. Бир ўзим буни исботлай олмасдим. Мураббий ёки клуб раҳбарини федерацияга чақириб суҳбатлашган тақдиримда ҳам улар буни тан олмайди. Лекин ўша учрашувда аслида нима бўлганлиги тўғрисида тахминим бор. Лекин ваколатимдан ташқарига чиқа олмайман. Рустам Мирсодиқовнинг жазоланишига келсак, у бош мураббий бўлганлиги учун жазоланди. Ваҳоланки, бошқалар ҳам жазоланиши керак эди. Мирсодиқовга нисбатан оғирроқ жазо қўлланилган.

-    Федерация сизни шубҳага солган эпизод иштирокчисини жазолай олмасмиди?
-    Бу федерациянинг эмас, клубнинг ички иши ҳисобланади. Юқорида натижаси менинг гумонимга мос тушган учрашув, унда ишлаган назоратчи ва ҳакамлар жазоланганлиги ҳақида айтиб ўтдим. Ўшанда гарчи тан олмасада клубларни қаттиқ огоҳлантиргандик. “Пахтакор” – “Металлург” баҳси шов-шув бўлиб кетишига сабаб, ўйин пойтахтда, кўпчиликнинг кўз ўнгида, яна ўйин “Спорт” телеканалида тўғридан-тўғри эфирда намойиш этиляпти ва қолаверса, шубҳали вазият сўнгги дақиқаларда содир бўляпти.

-    Айтилганидек, айнан шу ўйин сиз ва федерация президентининг обрўсига салбий таъсир қилди. Ўзингиз бу учрашув бўйича тахминим бор, аммо ваколатим доирасидан ташқарига чиқа олмаганим учун исботлаб бера олмайман, деяпсиз. Бўлимга ҳукумат доирасидаги ташкилотларидан ходим керак эди. Шундай экан, ваколатингизга боғлиқ бўлмаган ҳолат обрўингизга салбий таъсир қилаётган бир вақтда ишдан кетган маъқулмасмиди?
-    Айтингчи, мен ишга келгунимга қадар ва ундан кейин ҳолатни фоизлар бўйича таҳлилқилсак, ижобий томонга ўзгаришлар бўлдими? Менимча, бу ўзгаришларни ҳеч ким инкор қилмаса керак?! Бола она қорнидан тушибоқ юриб кетмайди. Биз ҳам катта ишларни бошлаб қўйгандик. Шундай вазиятда ишни ярим йўлда ташлаб кета олмасдим. Мен ишга келгунимга қадар учрашувларнинг натижаларини олдиндан тахмин қилиш осон эди. Иш бошлаганимдан кейин ўйинларнинг натижаларини олдиндан тахмин қилиш қийин бўлиб қолди. Ўрта даражадан паст бўлган клублар ҳам сенсация қайд эта бошлади. Сафарларда ғалаба қозона бошлади. Агар ишимизда ростакамига ўзгариш бўлмаганида “Қўлимдан келмади”, деб индамай ишдан кетардим. Лекин биз бошлаган ишларда ижобий томонга ўзгаришлар бор эдику?! Ваҳоланки, бўлимда бир ўзим ишлардим. Бир ўзим ишлаган ҳолда натижа қила оляпманми, эртага бўлимда ходимлар сони ортса, янада яхши бўлишига ишонганман. Яна бир гап: ўша вақтда ҳам барибир шубҳали ўйинлар бўларди, лекин уларнинг сони жуда ҳам кам ва доираси ҳам тор эди. Яқин келажакда уларни ҳам назорат қилишимизга ишонардим. Ҳатто ўша шубҳали ўйинларни йўқ қилишимиз учун катта ваколат ёки ҳаракатлар талаб қилинмасди.

-    Ўша учрашувдан кейин ҳар иккала жамоа бош мураббийлари билан суҳбатлашганмисиз?
-    Ҳа. Мен ўша куни бошқа шаҳардаги ўйинига ПФЛ вакили этиб тайинлангандим. Эртаси куни учрашув ёзилган дискни кўриб чиқиб, нафақат мураббийларни, балки ҳакамларни ҳам чақириб суҳбатлашганман. Чунки ўша баҳсда ҳакамлар ҳам хато қилишган, бироқ ўша эпизодлардан хабари бўлмаган ёки билишсада қўлидан ҳеч нарса келмаган. Мураббийлар нима дерди? Албатта йўқ дейди. Лекин менда бошқа манбалар орқали ўйин ва ўша эпизод бўйича маълумот етиб келганди. Бояги гапингизда жон бор, айнан шу баҳс бизнинг обрўимизга салбий таъсир қилди, аммо ўша вақтда бизда бошқа илож йўқ эди.

-    Бу лавозимга тайинланишингиздан аввал анча йиллар катта футболда расмий лавозимда ишламагансиз. Айтиш керак, сиз ишга келган вақтда футболимизда узоқ йиллар ишлаган инсонлар бор эди. Ишга тайинланганингиздан кейин улар сизга нимадир дейишганми?
-    Бунақа суҳбатлар бўлган. Айрим мураббийлар келиб, “Аҳрор ака, нима қиласиз ишлаб, барибир қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Биз бу футболда 10-15 йилдан бери ишлаяпмиз”, дейишган. Аммо ўша мутахассислар 1-1,5 йилдан кейин олдимга келиб, ишимизни тан олган, узр сўраб кетишган. Улар нима сабабдан бир йилда шунчалик ўзгарди? Кимлардир қўрққан бўлиши мумкин. Сабаби, биз деклорацияга қўл қўйдирардик ва у юридик ҳужжат ҳисобланарди. Илгари бундай ҳужжат бўлмаган. Қўрқмаганларга келсак, шахсий фикрим, улар юқори лавозимдаги инсонларга таянган бўлса керак?!

-    Сиз бошқарган бўлимда маслаҳатчилар гуруҳи бўлган ва ўша гуруҳда “Пахтакор” ҳамда “Металлург” жамоаси бош мураббийлари ҳам фаолият кўрсатган. Бу қанчалик мантиққа тўғри келади?
-    Бу оддий ва мантиққа тўғри келади. Мураббийларни бу гуруҳга қўшганим уларни ўзларига бўлган масъулиятни ошишига хизмат қиларди. Қолаверса, ҳалол футбол фақат менга эмас, ҳаммага керак, хусусан, ўша клубларни бошқараётган раҳбарлардан тортиб, мураббийларга ҳам. Энг асосийси, футболимизга ва мухлисларга керак. Ўша учрашувдан сўнг ҳар иккала мураббийни ҳам гуруҳдан чиқариб юборганмиз.

-    Сиз федерацияда иш бошлагунингизга қадар олий лигада тур ўйинларининг натижасини деярли 60-70 фоизга аниқ топса бўларди. Яъни, 7та жуфтликдан 5тасининг натижасини қўрқмай олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. Бир бўлимга раҳбар бўлиб буни неча фоизга камайтира олдим, деб ўйлайсиз? Биринчи лига ҳам шундай ўйинлар кўп, деган фикрларга қўшиласизми?
-    Саволингизнинг биринчи қисмига тўхталсам: шахсий фикрим, олдиндан натижасини тахмин қилиш мумкин бўлган ўйинлар сонини 30-40 фоизгача камайишига сабабчи бўла олдим, деб ўйлайман. Биринчи лигага ҳали етиб келмагандик. Сабаби, бўлимда мутахассислар йўқ эди. 2017 йил энди қуйида ҳам иш бошлагандик. Аслида бундай ўйинлар нега содир бўлади? Клублар ойлик бермаса. Футболчилар маош олмаяптими, ўйини гумон остида қолаверади.

-    Жамоалар натижа учун келишиб, тотализаторга пул тикиш орқали маълум суммага эга чиқишларини ҳам эшитганмиз. Сиз бошчилик қилган бўлим тотализатор ташкилотлари билан ҳамкорлик қилганми?
-    Менга бу бўйича таклифлар бўлган, жумладан, “Спорт Радар”дан, аммо ҳамкорлик қилмаганмиз. Очиғини айтсам, бундай ташкилотларга ишончим паст. Нега? Улар таклиф беришадики, бизда кучли мутахассислар бор, улар сизга ёрдам беради, деб.Йўқ, тотализатор ташкилотларининг асосий мақсади, бошқа, пул ишлаб топиш. Балки ростдан ҳам уларда кучли мутахассислар бордир, аммо айбдорларни топиб бериб, ўзларига келиб турган пулнинг йўлини тўсишмайди. Бундай ташкилотга раҳбарлик қиладиган инсонларнинг интервьюларини кўп ўқиганман. Улар қайси учрашувларга “ставкалар” баланд бўлаётганини айтиб беришади. Бу исбот эмас. Бироқ ҳеч кимни ушлаб бермайди. Бундай гумонларни ўзимиз ҳам биламиз, бунинг учун озгина диққатли ва сабрли бўлиш керак холос. Биз бундай ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни бошлаётган бир вақтда рад қилганмиз. Боиси, ўйлаб қарасам бундай ташкилотлардан бизга наф йўқ.

-    Ўтган йили олий лига жамоаси “Обод” мусобақадан четлаштирилди. Четлаштирилишининг уч сабаби бор, шулардан бири, клубнинг чемпионатдаги икки ўйинининг натижаси “Федербет” ташкилоти томонидан шубҳали деб топилгани бўлган. “Федербет” ЎФФга хат юборган, табиийки, бу хат сизнинг қўлингиздан ўтган бўлса керак?
-    “Федербет” хат юборгани рост. Лекин улар бизга “Обод”ни айбдор сифатида хат жўнатмаган, шунчаки, шу икки учрашувда “ставкалар” кўтарилганидан бизни хабардор қилган.

-    “Федербет” ЎФФни огоҳлантирган экан, текширув ўтказилса бўлмасмиди?
-    Ўтказиши керак эди, ўтказганмиз ҳам. Шахсан мен раҳбариятга тавсия ёзиб берганманки, бу ўйинлар гумон қилиш учун асосга эга эмас. Сабаби, бу беллашувларни мен бевосита стадионда томоша қилганман. Шунинг учун клубни четлаштириш ҳақидаги қарорга қўл қўймаганман. Кейин “Обод”ни четлаштирилиши биргина “Федербет”нинг хати билан боғлиқ эмас. Жамоа лицензиялашдан ўтмаган, бадал пулини тўламаган, шунинг ўзиёқ клубни мусобақадан четлаштирилишига етарли эди.

-    ЎФФдан кетишингиз қандай амалга ошди? Сизга истеъфога чиқишни таклиф қилишдими ёки ўз хоҳишингизга кўра кетдингизми?
-    Менга ҳеч ким ишдан кетинг дегани йўқ. Шунчаки, ўз хоҳишимга кўра, истеъфога чиқиш учун ариза ёздим.

-    Нега? Ўз олдига жиддий мақсадларни қўяётган янги раҳбарият билан ишласангиз бўлмасмиди?
-    Федерация таркибида сезиларли даражада ўзгаришлар амалга ошди. Асосан ёшлар ишга қабул қилинди. Шунинг учун ўрнимга ёшларга бўшатганим маъқул, деб истеъфога чиқдим.

-    Бугунги кунда нималар билан машғулсиз?
-    Нафақада, оила даврасида, невараларим бағримда, шу.

-    Охирги саволим. Юқорида, ЎФФга ишга келишган аввал футболдан узоқда бўлганингизни, шундай бўлса-да, мураббий-ю, шогирдлар билан доимий алоқа сабаб, чемпионатимиздаги аҳволдан хабардорлигингизни айтгандингиз. Бугун ҳам футболдан узоқдасиз. Хўш, айтингчи, бугунги футболимизнинг аҳволи қандай?
-    Ростини айтайми? Ҳозир фақат миллий терма жамоамиз иштирокидаги учрашувларни ва Европа чемпионатларини кузатиб боряпман. У вақтларда футболдан узоқ бўлсамда, стадионларга бориб турардим, ҳозир хатто телевизорда ҳам чемпионатимизни кўрмаяпман. Шу боис, чемпионатиимиз ҳақида бирор бир фикр билдиришим ноўрин деб ўйлайман.

Фурқатбек НИШОНОВ суҳбатлашди.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика