UZ

Сўнгги янгиликлар

09:26Муҳсин Низомиддинов: "Давралар оралиғида баъзи нарсаларни ўзгартирамиз ва керакли натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз"  0 08:57Евро-2024. Кечаги учрашувларда кимлар «man of the match» соҳибига айланди?  0 08:30Про лига. Бугун 14-тур якунланади  0 08:02Копа Америка. Аргентина сўнгги дақиқаларда ғалабани «илиб кетди»  9 07:40Суперлига. Бугун Андижонда «оловли» ўйин бор  25 02:25Евро-2024. Дания - Сербия 0:0, Даниянинг голи хисобга олинмади  0 02:15Евро-2024. Англия - Словения 0:0, Палмер ваниҳоят майдонга тушди  2 01:55Евро-2024. Дания билан голсиз дуранг қайд этган Сербия турнирни тарк этди  4 01:50Мусобақанинг энг зерикарли учршувида Англия Словения билан нурсиз дуранг ўйнади  19 01:18Андреа Белотти "Рома"ни тарк этиб, А Серияни бошқа жамоасига ўтди  0 00:41"Реал" Хоселуни "Эспаньол"дан харид қилиб, дарҳол сотади  3 00:35Евро-2024. Франция - Польша 1:1, Франция мусобақадаги биринчи голини урди  1 00:27"Рома" де Росси билан шартномани 2027 йилгача узайтирди  0 00:25Евро-2024. Нидерландия - Австрия 2:3  0 00:10Анвар Бердиев: "Ёзги трансферлар вақтида жамоада кўп ўзгаришлар бўлмайди"  3

Красницкий, Стадник, “айёр Михей” ва ўша машҳур ўйин ҳақида Аҳрол Иноятов билан дилдан суҳбат (1-қисм) Янгиликлар

Красницкий, Стадник, “айёр Михей” ва ўша машҳур ўйин ҳақида Аҳрол Иноятов билан дилдан суҳбат (1-қисм)

Теглар :  Аҳрол Иноятов
Ҳозирги авлод Аҳрол Иноятовни охирги 3-4 йилда ЎФФда “Келишилган ўйинларга қарши курашиш бўлими”да раҳбар сифатида фаолият юритгани билан яхши танийди.

Ёши улуғ футбол ишқибозлари эса, Аҳрол акани 60-70 – йилларда Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Станислав Стадник билан бирга “Пахтакор”да жавлон урганини эслайди. Бугунги кунда нафақада, оиласи бағрида умргузоронлик қилаётган Аҳрол ака билан дилдан суҳбат уюштирдик. Суҳбатимиз узоқ давом этди. Унда шу вақтгача айтилган ва айтилмаган воқеалар ҳақида сўз юритилди. Йилдан-йилга афсонага айланаётган Геннадий Красницкий ва “Пахтакор” –“Металлург” баҳси ҳам эслаб ўтилди. Ўйлайманки, бу суҳбатимиз муштарийларга манзур бўлади. Суҳбатимиз узоқ давом этгани, ажойиб хотиралар-у, муҳим фактлар айтилгани боис, интервьюни қисмларга ажратиб беришни маъқул деб билдик.

1-қисм. Болалик йиллари ва футболчилик фаолияти
-    Аҳрол ака, келинг, суҳбатимизни даставвал болалигингизни, футболга қадам қўйган йилларингизни эслаш билан бошласак.
-    Мен 1945 йил 11 июнда Тошкент шаҳрида туғилганман. Аксар ўзбек болалари каби каминанинг болалиги ҳам маҳаллада дўстлар билан тўп тепиш билан ўтган. У пайтларда шаҳримизда ҳали уйлар кам эди. Ўртоқлар билан йиғилиб қолсак, дарвозаларга тош қўйиб, футбол ўйнаб кетаверардик. Адашмасам 9-10 ёшимда пойтахтимиздаги 2-сонли БЎСМнинг футбол йўналишига қатнай бошлаганман.Мактабга боришимиз ҳам оддий бўлган. Ҳеч ким бизни у ерга қўлимиздан ушлаб олиб бормаган ёки таклиф қилмаган. Дўстлар билан йиғилиб, БЎСМга борганмиз ва машғулотларга қўшилганмиз. Бу даргоҳда устозим Маъруф ака Акбаров қўл остида миллионлар ўйининг илк сир-асрорларини ўрганганман. Ўша вақтларда жамоамиз билан шаҳар биринчиликларида иштирок этиб келардик. Шаҳар биринчилиги жуда қизиқ ўтарди. Ўйин кунлари эрталабдан кечгача стадионда бўлардик, барча ёш тоифасидаги беллашувларни томоша қилардик.Ўйинларимни кузатиб борган Сергей Арутюнов 13 ёшимда ўзи бош мураббийлик қилаётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига таклиф қилди. Таркибда халқимиз таниган Баҳодир Ибрагимов ва Валерий Лёткин каби футболчилар бўларди. 1963 йил Волгоградда терма жамоалар ўртасидаги Собиқ Иттифоқ биринчилигида қатнашганмиз. Мусобақадаги натижа кўнгилдагидек бўлмаган. Гарчи гуруҳдан чиқа олган бўлсакда, у ёғига ўта олмаганмиз. Россиядан қайтиб келганимиздан кейин “Пахтакор” терма жамоанинг беш аъзосига таклиф билан чиқди, якунда мен ва Баҳодир Ибрагимов клубда қолдик. Айтишим керак, гарчи футбол биз шуғулланадиган асосий спорт тури бўлса-да, баскетбол, волейболни ҳам ўйнашни канда қилмасдик. Нега? Чунки футбол ўзида ҳамма спорт турини жам қилган. Атлетизм, юқорига сакраш, тез югуриш ва фикрлаш. Шундай экан, яхши футболчи бўламан деган бола барча спорт турини ўйнаб туриши керак.

-    “Пахтакор”даги фаолиятингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
-    Жамоага ўтганимда Александр Келлер бош мураббий Лёв Олшанский унинг ёрдамчиси ва ўринбосарлар таркибини шуғуллантирар эди. Улардан кейин Гавриил Дмитриевич Качалин ҳар иккала таркибга бош мураббий этиб тайинланди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Дмитриевич тушдан кейин соат 15:00 ва 16:00да, иссиқда ўринбосарларни, сўнг асосий таркибни шуғуллантирарди. Шуғуллантирганда ҳам профессионал тарзда, ишига ўта жиддий ёндошиб, бажарарди. Ҳозир ҳам ишига бу даражада жиддий ёндошадиган мураббийлар кам. Боиси, жамоа бош мураббийи ўринбосарлар таркибини шуғуллантиравермайди. “Пахтакор”даги фаолиятим 10 йил давом этди. 1972 йил 27 ёшимда тиззамдан олган жароҳатим бутсаларими михга илишимга сабаб бўлди.



-    18 ёшда мамлакатнинг биринчи рақамли клубидан таклиф олишингиз, бир мавсумнинг ўзидаёқ асосий таркибга киришингизни нималар билан боғлаган бўлардингиз.
-    “Пахтакор” шундай жамоа эдики, ҳамма бир-бирини қўлларди. Ваҳоланки, таркибда рақобат жуда кучли, аммо иш бошқа, ҳаёт бошқа эди. Жамоага тез киришиб кетишимиз таркибдаги фахрий ўйинчиларнинг қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ деб ўйлайман. Боиси, Ҳамид Раҳматуллаев, Акмал Азизхўжаев каби тажрибали ўйинчилар нафақат майдонда, балки ҳаётда ҳам жуда кўп маслаҳатлар берган. Қизиғи, асосий ва ўринбосарлар таркиби ўзаро майдонга тушганида ҳеч ким бир-бирини аямасди, лекин бу қарама-қаршилик майдоннинг ўзида қолиб кетарди. Жамоа машғулотлари якунига етгач, деярли ҳеч ким майдондан чиқиб кетмасди. Футболчилар ўз камчиликлари устида ишларди. Чунки-чунки, ўйинчининг кучли тарафидан кучсиз томони кўпроқ. Агар ўша кучсиз жиҳатлари устида ишлаб, уни бартараф этмаса, ўсишдан тўхтаб қолади. Биз бугунги кунда фалон футболчи ўсишдан тўхтаб қолди, дея бонг урамиз. Хўш, нега ўсишдан тўхтаб қолади? Сабаби, у фақат машғулотларда ишлайди. Машғулотлар жамоа учун ўтказилади. Индивидуал шуғулланган ўйинчиўз камчиликлари устида бош қотиради. Шунинг учун ҳам машғулотлардан кейин қолиб ишлашнинг фойдали томонлари кўп.

-    Ҳозир машғулотлардан кейин қолиб индивидуал тарзда шуғулланиш ҳақида гапиряпсиз. Тўғри, бу инсоннинг ўзига боғлиқ жиҳат, аммо иқтидорли ўйинчиларни назорат қилиш вақти келмадимикан? Мураббийлар шу томонларга ҳам эътибор бериши лозим эмасми?
-    Аслида ҳамма гап мураббийларда. Кучли мутахассисдан кучли ўйинчи етишиб чиқади. Мураббий педагог, руҳшунос, шогирдлари билан ҳар томонлама алоқа ўрната оладиган инсон бўлиши лозим. Қайсидир футболчининг оилавий муаммоси бўлса, бошқасини шахсий. Устоз шу томонларга ҳам эътибор бериши керак. Шундагина ўзи ҳам шогирди ҳам кучли бўла олади. Ҳамма вазифани мураббийга юклаб қўйиш ҳам нотўғри, боиси жамоада 40га яқин ўйинчи бор, уларнинг барчасига вақт ажратишга улгурмаслиги мумкин. Шундай вазиятда клубдаги бошқа лавозимдаги инсонлар бунга эътибор беришса мақсадга мувофиқ бўларди. Бизнинг даврда жамоа бошлиғи ташкилий ишлар, хусусан, ўйинчиларнинг муаммоси билан шуғулланарди. Агар шу тартибда иш олиб борилса, ҳақиқий жамоа бўлиб, биргаликда ишлаган бўлишади ва табиийки, натижа ҳам бўлади.

-    Сиздан Геннадий Красницкий ҳақида сўрамоқчиман. Зарбалари афсонага айланган бу ноёб иқтидор эгаси тўғрисидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
-    Гена ростакамига ноёб иқтидор эгаси эди. Аллоҳ унга шундай куч берган эдики, қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Ҳар бир инсоннинг физиологик ҳолати бўлади. Красницкийнинг бўйи 185-190 сантиметрлар атрофида бўлса, оёғининг ўлчами 36 эди. Қолаверса, оёғининг пастки қисми ҳам бошқачароқ, оддий инсонларникидан фарқ қиларди. Балки айнан шу жиҳат унинг зарбаси афсонага айланадиган даражада кучли бўлишига сабаб бўлгандир? Яна бир гап: кўпчилик унинг фақат зарбалари ҳақида гапиради. Яратган Генага техника томондан ҳам иқтидор берганди. Шундай бўлса-да, у ҳам тўп билан ишлашни ҳам жисмоний ҳолатини янада яхшилашни канда қилмасди. Худо менга иқтидор берган деб индамай юрмасди. Ҳамма қатори, балки кўпроқ ҳам ишларди. Машғулотлардан сўнг ҳам қолиб тўп билан ишлашда давом этарди. Нега биласизми? У футболни юракдан яхши кўрарди. Қизиққон эди, футбол ўйнагиси келаверарди, ўйин вақтида ҳамма нарсани эсдан чиқарарди. Инсонийликни биринчи ўринга қўядиган, тартибли шахс эди.
Шу ерда яна бир ноёб иқтидор эгаси Станислав Стадник ҳақида гап гапириб ўтмасам бўлмас. Зеро, бу футболчи тўғрисида ҳам доим ҳам гапирилавермайди. Стаснинг техникаси шу даражада кучли эдики, тўп узатишларни қойиллатарди. У ҳам футболни юрагидан яхши кўрарди. Ўйин давомида амалга оширган тўп узатишларини доим ёдида сақларди, роҳатланарди. Ажойиб пасларидан кейин менга “Аҳрол, қандай бўлди?”, деб қўярди. Футболни бу даражада яхши кўрадиган инсонни кам кўрганман. Стадникни кўпчилик билмайди, айниқса ҳозирги авлод. Михаил Ан, Миржалол Қосимов Стасни билишган.



-    Ўша вақтдаги “Пахтакор”нинг ютуқларида энг катта роль ўйнаган жиҳат нима бўлган?
-    Бирлик. Биз оғизда эмас, амалда жамоа эдик. Бир-биримиз учун ўйнардик ва албатта қилган меҳнатларимиз сабаб муваффақиятга эришганмиз.

-    1965-1966 ва 1969-1970 йилги мавсумларда “Пахтакор”да бош мураббий сифатида ишлаган Михаил Якушин ҳақида доим илиқ фикрлар билдиргансиз. Шу инсонни ҳозирги авлодга “таништирсангиз” дегандим.
-    Якушин – ақлли, айёр мураббий эди. Унга “айёр Михей” деб лақаб ҳам қўйилганди. Бу лақаб ўз-ўзидан қўйилмаган. Москванинг “Динамо” жамоасини бошқариб юрган вақтида Буюк Британияга сафар уюштириб, тўртта учрашувнинг иккитасида ғалаба қозонган, иккитасида дурангга эришган (“Челси” – 3:3; “Кардифф Сити” – 10:1; “Арсенал” – 4:3, “Рейнжерс” – 2:2 - муаллиф). Бу натижа Собиқ Иттифоқнинг футболдаги халқаро обрўсига ижобий таъсир қилган. Шу сафардан кейин у ўзига шундай лақаб “ортириб” олган. Якушин ҳақиқатдан ҳам лақабига мос равишда айёр эди. Шундай машғулотлар ўйлаб топардики, ҳамма ўзига юклатилган вазифани тўлиқ бажаришга мажбур бўларди. Ҳеч ким айёрлик билан машғулотлардан қутилиб қола олмасди. Тўғрисини айтсам, футболни бу даражада тушунадиган мураббийни кўрмаганман. Якушин қўл остида ўйнаганимиз бизнинг ютуғимиз бўлган. Бу мутахассисда юқоридаги санаганим, мураббийда бўлиши керак хислатларнинг барчаси бор эди. Педагог, руҳшунос, футболчиларнинг нима танаввул қилиши-ю, қандай жароҳатдан неча кундақутилишини ҳам биларди. Бир мураббийда шунча хислат бўлиши, унга Яратган ростакамига иқтидор берганидан дарак беради. Якушиннинг хотираси ҳам жуда кучли эди. Ким қачон қандай хатога йўл қўйганини ёддан санаб берарди. Унинг ўша вақтдаги спорт қўмитаси раисига бўлган муносабатини ҳам айтиб берсам. Қайси ўйинлиги эсимда йўқ, биринчи бўлимдан кейин мағлубиятга учраб турибмиз. Спорт қўмитаси раиси танаффус вақтида ҳаммадан олдин ечиниш хонасига кириб, бизга кўрсатмалар беряпти. Шу пайт ечиниш хонасининг эшиги олдига етиб келган Якушин ичкарига кирмасдан шундай деяпти: “Ҳурматли раис, сиздан илтимос хонадан чиқинг!”. Энди тасаввур қилинг, бизнинг олдимизда мураббийннинг обрўси қанчалик ошганини. Бу мураббий шундай эди, жамоанинг ички ишига ҳеч кимни аралаштирмасди. Натижага ўзи жавоб бергани сабабли, ҳамма ишлар у орқали амалга ошириларди. Ундан сўроқсиз ҳеч ким ҳеч қандай иш қилмасди. Ваҳоланки, ўша вақтда Республика спорт қўмитаси раисини хонадан чиқарвориш?! Якушин жамоани шу даражада назорат қилардики, ҳеч ким ортиқча бир сўм ишлата олмасди. 1965 йил “Пахтакор” давлатга 50 минг фойда келтирган бўлса, келаси мавсумда бу сумма 150 мингга кўтарилган. Бу ўз-ўзидан эмас. Бош мураббий ҳатто чипталарнинг сотувини ҳам назорат қиларди. Жамоа ўйинга стадионга келганида у йўлда тушиб қолардида, чипталар қандай сотилаётганини кузатарди. Ҳеч ким уни алдай олмасди.Шунинг учун ҳам Республикада фақат “Пахтакор” фойда келтирарди.

Қайсидир йили ўртоқлик учрашуви вақтида марказий ҳимоячи менга қанотга тўп узатди. Одатда мураббийлар ёнга пас беришни тавсия қилишмасди. Чунки бундай ҳолатда рақиб тўпни олиб қўйиш эҳтимоли ошиб кетади ва табиийки, пас берган футболчи нафақат ўзини, жамоадошини ва бутун жамоани қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Ўша вазиятда ҳам шундай бўлди. Рақиб гол урмадику, қарши ҳужумга ўтиб кетди. Ўйин бўлаётган вақтда Якушин жамоадошимни ёнига чақирди. У рақиб ҳужумга ўтишини айтганда, бош мураббий шундай деди: “Сен рақибга ёрдам бермасанг, улар бизга гол ура олмайди”. “Айёр Михей” шундай деб жамоадошимни ёнига чақирди ва ён тарафга бошқа тўп узатмаслиги кераклигини тушунтирди.



Якушин билан қизиқарли воқеа ҳам содир бўлган. Жамоанинг ечиниш хонасида у ўтирадиган стул бўлар эди. Бу стулга фақат у ўтиришини ҳам барча биларди. Бир марта шундай бўлдики, жамоадошим душдан чиқиб, билиб-билмай ўша стулни ўзи билан олиб кетди. Мураббийимиз буни сезмади ва ўтирмоқчи бўлганида йиқилди. Хонада кулги кўтарилди. “Михей”ни жуда жаҳли чиқди ва жамоадошимга қаттиқ дакки берди.

Аслида “Пахтакор”да ёмон мураббийлар ишламаган. Александр Абрамов – собиқ Иттифоқ вақтида “Тактика” дея номланган китоб ёзганди. Мамлакатдаги аксар мураббийлар шу китобдан фойдаланарди. Вячеслав Соловьев – даражаси Якушинникида икки даража паст бўлса-да, кучли мутахассислар қаторига кирарди.

Гавриил Качалин бош мураббийлик қилган вақтда умримда биринчи ва сўнгги марта кеч қолганман. Кечикканда ҳам, машғулотларга эмас, жамоа Кутаисига нақд олий лиганинг расмий ўйинига учиб кетиши лозим бўлган самолётга етиб кела олмаганман. Шундай бўлса-да, шу куннинг ўзидаёқ чипта топиб, Тблисига учганман, у ердан Кутаисига борганман. Меҳмонхонани топиб, рўйхатдан ўтиб, машғулотлар ўтказиладиган стадионга етиб келганман. Бош мураббий мени кўриб бир оғиз индамаган. Одатда футболчи машғулотга кеч қолса, унга дакки берилади, жазо қўлланилади. Качалин индамаяпти, индамаётганига ҳайрон бўлиб, икки баробар руҳий босим билан ўзимни-ўзим “еб қўйяпман”. Охири сабрим етмасдан ўзим бош мураббийдан менга қандай жазо қўлланишини сўраганман. Жавоб қуйидагича бўлган: “Кечикканингни ўзи сенга жазо. Сен жазоингни олиб бўлдинг”. Педагогик маҳоратни кўряпсизми? Шу-шу, қаерга борсам 10-15 дақиқа эрта борадиган бўлганман. Качалиннинг тутган йўли менга бутун умрга етадиган дарс бўлган.

-    Ўша машҳур “Пахтакор”нинг кун тартиби қандай бўлган? Масалан, янги мавсум ёки давралар оралиғидаги тайёргарлиги қай тартибда ўтган?
-    Биз янги мавсумга асосан Самарқандда тайёргарлик кўрардик. Чунки бу шаҳар пойтахтга нисбатан бироз иссиқроқ эди. Нафақат “Пахтакор”, балки “Крилья Советов”, “Динамо” (Минск), “Шахтёр” каби клублар ҳам январь-февраль ойларида Самарқандда бўлишарди. Ишонасизми, либосларимиз қуришга улгурмасди. Эрталаб 45 дақиқалик бадантарбия, соат 11:00да машғулот, орадан беш соат ўтиб яна машғулот. Кийимларимизни, бутсаларимизни қуритишга улгурмасдик. У вақтларда ҳамма нарса биттадан эди. Ҳар бир машғулотдан кейин иситиш батареялари бутсалар билан тўларди. (Кулиб) Кийиниб ечинишдан зерикардик. Дам олишни қўяверинг. Энди ухлайман десангиз ё навбатдаги машғулот ёки тушлик вақти бўларди. Биз шу тартибда шуғулланардик.

Юртимиз сарҳил меваларга бой эканлиги сабабли, бизга асосан табиий шарбат беришарди. Сув деярли ичиришмасди. Нега? Боиси, югуриб турганингизда сув баданга оғирлик қилади. Одам чанқайди, оғиз қурийди, сувни ичасиз, лекин чанқоқ босилмайди, аксинча, қорин ишиб қолади. Натижада югуриш қийинлашади ва бу юракка ортиқча босим беради. Мураббийлар бизга сувга қуриган оғизни чайишни тавсия қиларди. Чанқоқни босишни учун эса, кўк чой ичардик. Биласиз, кўк чой инсондаги босимни туширади. Югураётган ёки машқ қилаётган кишида табиийки, босим юқори бўлади. Кўк чой эса, инсондаги босимни маромида ушлаб туради.

Ишонсангиз, бизга ҳатто тухумни қайнатиб беришмасди, нега? Оғирлик қилади. Ҳазм бўлиши қийин. Тухумни бир кўтаришда ичардик. Мураббийлар секундомер билан ичгин дерди. Якушин футболчиларни нима танаввул қилаётганини жиддий назорат қиларди. Ўзи рўйхат тузиб берарди.

-    Учрашувлар вақтида эсла қолган қандайдир воқеани айтиб бера оласизми?
-    Одатда расмий ўйиндан бир кун аввал ўтказиладиган машғулот енгил ўтади. 40-45 дақиқадан кўп бўлмайди. Футболчилар ҳам шунга руҳан тайёр бўлишади. Қайси мавсум эслай олмайман, Москвада “Спартак”ка қарши ўйнашимиз керак. Бир кун олдинги машғулотларга чиқдик, нақд икки соат давом этди. Якушинга ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди. Ҳайронмиз, эртага жиддий ўйинимиз бор, биз 2 соатдан бери машғулот ўтказяпмиз. Охири ёрдамчи мураббийга мурожаат қилдик. У “айёр Михей”га машғулотни тугатсак бўлар, деганди қуйидаги жавобни олди: “Кашанинг мазасини сариғёғ билан буза олмайсан”. Нима демоқчи? Машғулот қанча кўп бўлса ҳам зиёни йўқ.Эртаси куни “Лужники”да “Спартак”ка қарши ажойиб ўйин ўтказиб, сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол сабабли ғалабани қўлдан чиқарганмиз.

“Пахтакор” чемпионат ўйинларида Москванинг барча клубларини зир титратарди. Шунинг учун барча рус жамоалари биз билан бўладиган баҳсларга ўта жиддий ёндошарди. Эслайман, Москвада “Торпедо”га қарши ўйнишимиз керак. Ўйин кунги бадантарбияга бош мураббий Якушин келмади. Ҳайрон бўлдик. Кейин “Торпедо” аъзолари бизнинг сардорга алоқага чиқиб, дуранг ўйнашни таклиф қилди. Табиийки, биз бунга кўнмадик. Ваҳоланки, рақиб сафида камида беш нафар миллий терма жамоа аъзоси бор эди. Хуллас, йигитлар билан келишиб, ўйинда боримизни беришимизн гаплашиб олдик. Лекин эртаси куни омадимиз келмади. 4:0 ҳисобида мағлубиятга учрадик.


Давоми бор...


Фурқатбек НИШОНОВ суҳбатлашди.


Рейтинг: +6   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика