ЖЧ-2018. Осиё қитъасидаги бугунги ўйинлар ҳақида
15 ноя 2016 08:00
Янгиликлар
ЖЧ-2018. Осиё қитъасидаги бугунги ўйинлар ҳақида
Жамоалар ҳаш-паш дегунча Россия сари йўлнинг ярмини босиб ўтишади. 5-турдаги жуфтликлар, таркиблардаги йўқотишлар ва бошқа қизиқарли маълумотлар ҳақида тур превьюсида маълумот тақдим этамиз.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ – ЎЗБЕКИСТОН
Сеулдаги учрашув ҳар икки жамоа учун катта аҳамиятга эга. Корейслар аллақачон 5 очкони йўқотиб бўлишган. Навбатдаги дуранг ёки мағлубият жамоанинг ҳолатини анча ёмон ҳолатга туширади. Ғалаба қозонган икки учрашувида ҳам Ули Штилике жамоаси унчалик ишончли таассурот қолдирмади. Шу сабабли терма жамоамизга қарши беллашув Кореянинг кейинги тақдирига ойдинлик киритиб беришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида биз учун ҳам мазкур баҳс катта қийматга эга. Ғалаба бизни мундиал сари катта қадам ташлашимизга ёрдам беради. Дуранг қайд этилган тақдирда биринчи даврани кучли икки жамоадан бири сифатида якунлаймиз. Мағлубият эса барчасини чигаллаштиради ва бунда иккинчи даврадаги беллашувлар барчасини ҳал қилиб беради. Ҳар икки жамоа ўртоқлик учрашувида зафар қучди. Жанубий Корея сафида Сон Хён Мин, Лу Чун Ёнг ва Ки Сун Юн Канадаги қарши баҳсда майдонга туширилмади. Штилике уларни Ўзбекистон билан учрашувга асраб қўйганига кўпчилик ишонмоқда. Ўзбекистон таркибида икки йўқотиш мавжуд. Азиз Ҳайдаров ва Сервер Жепаров жароҳат туфайли беллашувни ўтказиб юборишади. Уларнинг ўрнини муносиб тўлдирадиган футболчилар топилади ва бугун биз учрашув якунлангандан кейин ижобий кайфиятда бўлишга умид қиламиз. Корейслар 2014 йилги жаҳон чемпионати саралаши ва 2015 йилги Осиё Кубогида йўлимизга тўғаноқ бўлишганди. Эҳтимол, биз уларга тўсиқ бўладиган пайт етиб келгандир. Бу сафар футболчиларимиз рақибга исботлайдиган нарсалар кўп. Муҳими, уларнинг чўчимасдан ўз ўйинларини намойиш қила олиши.
ХИТОЙ – ҚАТАР
Ўта мушкул ҳолатда қолган ва мураббийларини алмаштирган икки жамоа Хитойда тўқнаш келади. Тажрибали мутахассислар саналган Марчелло Липпи ва Хорхе Фоссатидан кимдир ушбу ўйиндан сўнг деярли жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашдан четга чиқади. Ғалаба қозонмаган тақдирда Хитой 2019 йилги Осиё Кубоги финал босқичига қадар катта мақсаддан маҳрум бўлади. Қатарликлар сафида Мешал Абдулла, Абдулкарим Ҳассан, Аҳмад Ёссир ва Холид Муфта дисквалификация қилингани сабабли майдонга туша олишмайди. Буни меҳмонлар учун сезиларли йўқотиш деб баҳолаш мумкин. Шунга қарамай, ўртоқлик баҳсида Россиядан устун келган Қатар Хитойга қарши бирор кутилмаган ҳолат тақдим этишини кутиш мумкин. Бу мамлакатларда футбол ва терма жамоа учун етарлича маблағ сарфланяпти. Шундай экан, мағлубиятга учраган тақдирда ҳам улар иккинчи даврада мухлисларга хурсандчилик тақдим этиш учун ҳам ғалаба сари интилишда давом этишларини тахмин қила оламиз.
СУРИЯ – ЭРОН
Малайзияда уй ўйинларини ўтказиб келаётган Сурия эса Эронни қабул қилади. Ҳар икки жамоа бир неча кун олдин ўша ерда ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Жамоалар ҳолатини бир хил баҳолаш мумкин. Иқлимга мослашиш, мухлислар кўмагига эга бўлишда уларнинг имконияти деярли тенг. Айман Ҳаким шогирдлари Жанубий Кореяга қарши ўйинда яхши ҳаракат қилиб, корейсларга одатдаги ўйинини намойиш этишга имкон беришмаганди. Эрон эса ҳозирча бирор учрашувда ёрқин футбол кўрсатмади, лекин ҳаммадан кўп очко тўплашга эришди. Карлуш Кейруш жамоаси зафар қучган тақдирда бир оёғини Россия томон қўйиб бўлади. Бундай ҳолатда иккинчи даврада қўлга киритиладиган 7 очко форсларнинг мундиал йўлланмасига эга чиқишига етарли бўлади. Малайзияда кечадиган беллашувни Эрондан Эҳсон Ҳожи Сафи ва Сардор Азмун ўтказиб юборишга мажбур. Шунингдек, жароҳатлар туфайли Андраник Теймуриян ҳам сафдан чиққан. Шундай бўлса-да, айни пайтда Эрон таркибида ҳар чизиқда бир-бирининг ўрнини боса оладиган футболчилар топилади. Босимсиз Сурия навбатдаги сенсацияни тақдим этишга уриниб кўради.
ЯПОНИЯ – САУДИЯ АРАБИСТОНИ
Япония учун бугунги беллашув жуда муҳим аҳамият касб этади. Уйда яна очко йўқотган тақдирда Воҳид Ҳалилходжич жамоаси мушкул аҳволга тушиб қолади. Ҳозиргача ўз майдонида “самурайлар” БААга ютқазишди ва Ироқни 95-дақиқадаги ўйиндан ташқари ҳолатдан урилган гол эвазига доғда қолдиришди. Ғалаба Японияни Саудия Арабистонига етиб олишини таъминлайди. Бундай вазиятда иккинчи даврадаги баҳслар ўта кескин кўриниш олади. Дуранг ёки Саудиянинг ютуғи японларни боши берк кўчага олиб кириши мумкин. Гуруҳдаги бошқа натижалар бу жамоалар ҳолатига таъсир кўрсатади. Иккинчи даврада ушбу гуруҳда ҳар турда марказий ўйинларни кузатиш имконига эгамиз. Тўрт жамоа юқори икки поғона учун курашни охиригача давом эттириш учун имкониятга эга бўлиши мумкин.
ТАИЛАНД – АВСТРАЛИЯ
Бошқа термалардан савияси пастроқ экани сезилиб турган Таиланд олдидаги вазифа рақибларга жиддий қаршилик кўрсатишдир. Австралия Бангкокдаги беллашувда ўзи мўлжаллаган уч очкога эга чиқишини тахмин қиламиз. Мезбонлардан ўйинни ўтган учрашувда қизил карточка олган Коравит Намвисет ўтказиб юборади. Амалдаги Осиё чемпиони саналган Австралия мазкур саралаш босқичини жуда ишончли ўтказмоқда. Муваффақият иккинчи даврада уч баҳсни ўз майдонида ўтказадиган “соккерузлар”ни Россиядаги мундиал сари анча яқинлаштиради. Таркиб ва ўйин савияси борасида Австралия қитъамиздаги етакчи сифатида гавдаланмоқда.
БАА – ИРОҚ
Энг яхши авлодидан бирига эга деб эътироф этилаётган БАА учун Ироққа қарши Абу-Дабидаги учрашув ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Маҳди Али шогирдлари ғалаба қозонган тақдирда камида рақобатчилари билан фарқни сақлаб қолишади. Бошқалар очко йўқотган ҳолатда эса бу тафовутни қисқартириш имконини қўлга киритишади. Юта олмаса, БАА деярли курашдан четга чиқади. Ироқ эса исталган бир учрашувда кутилмаган натижа тақдим этиш салоҳиятига эга, аммо саралаш босқичини барқарор ўтказишга жамоага тажриба етишмаяпти. Фикримизча, БАА ўзига зарур ғалабага эришади.
Беҳзод НАЗАРОВ.
Фикрлар