Дилшод Ҳамроев: «Обод» элитада қолади, албатта»
21 июл 2016 18:01
Янгиликлар
Дилшод Ҳамроев: «Обод» элитада қолади, албатта»
Бироқ дебютантлик босими сабаблими ёки шунчаки, тажриба камлиги боис, пойтахтликлар оралиқ маррага сўнгги поғонада етиб келишди. Ҳарқалай, аксарият ўйинларда «Обод»нинг шашти шундоқ кўзга ташланиб турди. Шунинг баробарида таркибдаги кўплаб футболчиларнинг бунгача олий лига ҳавосидан баҳра олишмагани ҳам сезилди. Жамоа бошқаруви Александр Мочинов қўлига топширилганидан кейин «ободчилар» «Андижон» майдонида муваффақиятга эришдилар. Аммо умумий ҳолат ҳамон қалтис, барибир. Шуни эътиборга олган жамоа иккинчи даврага тайёргарлик жараёнига жиддий ёндашмоқда. 7 июль куни бошланган дастлабки йиғинда асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини талаб даражасига олиб чиқишга қаратилди. Шундан кейин «Обод» машғулотларни пойтахтимизга кўчирди. Биз ўтган ҳафта жамоа дарвозабони Дилшод Ҳамроевдан айнан тайёргарлик жараёни хусусида интервью олдик.
- Маълум бўлишича, «Обод» иккинчи даврага тайёргарликнинг биринчи босқичини дам олиш масканида олиб борди. Унда мураббийлар штаби асосан нималарга эътибор қаратди?
- Жисмоний тайёргарликни маромига етказиш масаласига. Хусусан, кунига икки маҳал машғулот ўтказиб, функционал ҳолатни яхшилаш устида ишладик. Бошқача айтганда, биринчи йиғинда деярли тўпсиз шуғулландик. Чунончи, иккинчи даврадаги ҳар бир ўйин биз учун ўта муҳим ва уларда сўнгги дақиқаларгача бир маромда ўйнашимиз талаб этилади. Бунинг учун табиийки, футболчиларнинг жисмоний ҳолатлари яхши бўлиши керак. Мураббийлар штаби ҳам шуни инобатга олиб, жисмоний тайёргарликка жиддий ёндашди. Умуман олганда, тайёргарлик жараёнининг биринчи қисми кўнгилдагидек кечди. Шундан сўнг машғулотлар пойтахтимизга кўчирилди. Бунисида энди назорат учрашувлари, тактик тайёргарлик биринчи ўринга чиқди.
- Биринчи даврадан кейин Санжар Тўрақулов, Жавлон Искандаров, Хуршид Ғиёсов, Шерзод Жалилов, Даврон Жўрақулов каби асосий таркиб футболчилари жамоа билан хайрлашишди. Бир қарашда, йўқотишлар кўлами анча кенгдек...
- Очиғи, кетганлар ҳақида бирор аниқ фикр билдиролмайман. Зеро, бу масала билан раҳбарият шуғулланади.
- Хўш, унда айтинг-чи, кетганлар ўрни муносиб футболчилар билан тўлдириляптими?
- Ҳа. Мураббийлар штаби имкон қадар ҳаракат қиляпти. Ўйлайманки, иккинчи давра стартига қадар таркибимиз анча кучаяди. Билишимча, мураббийлар бу борада кўз остиларига олиб қўйган футболчилар билан иш олиб боришяпти.
- Умуман, «Обод»нинг қийин вазиятдан чиқиб кетиши учун таркиб қандай даражадаги футболчилар билан кучайтирилиши лозим, сизнингча?
- Яна такрорлайман: ташкилий масалалар бўйича гапиришим ноўрин. Ахир футболчининг вазифаси - қайсидир ўйинчини таркибга қўшиб олишни тавсия этиш эмас, майдонда бор кучини ишга солиб ўйнаш. Бошқаси раҳбарият ва мураббийлар штабига ҳавола. Фақат айтишим мумкинки, агар таркиб сезирарли даражада кучайтирилса, натижамиз кескин яхшиланишига ишонаман. Умумий ҳолда олсак, жамоамизда ҳаммаси яхши. Энди кемтик позицияларга бир неча футболчи таклиф қилинса, самара ҳам тезда кўринса, ажабмас.
- Дарвозабонга «Ярим жамоа», дея таъриф беришади. Шахсан сиз биринчи даврадаги иштирокингизга қандай баҳо берасиз?
- Мураббийлар менга катта ишонч билдиришди ва аксарият ўйинларда асосий таркибдан жой олдим. Фурсатдан фойдаланиб, бунинг учун мураббийлар штабига алоҳида миннатдорчилик билдираман. Энди ўйинлардаги ҳаракатларимга келсак, кўнглим тўлган томонлар йўқ эмас. Асосийси, озми-кўп тажриба ортдирдим, ўз салоҳиятимга ишонч ҳиссини оширдим, дадилроқ туришни ўргандим. Лекин камчиликлар ҳам кўзга ташланганини тан оламан. Дейлик, қайсидир вазиятларда қўпол хатоларга йўл қўйдим. Шундай экан, энди ўша хатолар устида кўпроқ ишлашим керак. Нима бўлишидан қатъий назар, иккинчи даврада ҳам ўз ўрнимни мустаҳкамлаш учун курашаман.
- Бордию, клуб давралар оралиғида савиялироқ дарвозабон билан битим имзоласа, бу сизни хавотирга солмайдими?
- Асло. Ахир рақобат фақат наф келтиради. Бу ҳолат мени заррача ўйлантираётгани йўқ. Табиийки, мураббийлар ким кучли бўлса, уни асосий таркибда майдонга туширишади. Мен эса, биринчи рақамли дарвозабон мақомини олиш учун меҳнат қилишдан сира тўхтамайман. Қисқаси, ҳаммасига тайёрман. Қолаверса, кучли голкипер таклиф қилинса, бу жамоамиз фойдасига ишлайди.
- Александр Мочинов сизда қандай таассурот қолдирди?
- Албатта, яхши. Илгари Мочинов билан «Бунёдкор» ёшлар жамоасида бирга ишлаганман. Шу боис, ушбу мутахассисни яхши билардим. У ўз ишига жуда талабчан ва футболчилардан профессионалча ёндашув кутади.
- Элитага янги чиққан аксарият клублар одатда илк мавсумда кучлилар қаторида қолиш учун ҳаракат қилишади. «Обод»нинг ҳам айни вақтдаги бош вазифаси тайин - олий лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш. Хўш, жамоа бунинг уддасидан чиқа оладими?
- Биринчи даврада йўл қўйилган хатолардан етарлича хулоса чиқардик. Биласизми, аслида мавсумни у қадар ёмон бошламадик. Дейлик, ҳар бир ўйинда боримизни бериб тўп сурдик. Баъзи учрашувларда етарлича имкониятларга эга бўла туриб, якунда ғалаба қозонолмаганимиз алам қилди. Демоқчиманки, омадимиз юришмади. Ўзингиз ўйланг, ютишимиз муқаррардек кўринган айрим ўйинларда кичик хатолар оқибатида қулай вазиятларни голга айлантиролмадик. Бу омад етишмаганидан далолат бўлса керак. Хуллас, ҳозирги оғир ҳолатимиз шунчаки, кутилмаган натижа. Зеро, жамоада ички муҳит яхши, йигитларнинг ўз кучларига нисбатан ишончлари анча баланд. Айтиш жоиз, иккинчи даврада энди барчасини бошидан бошлаймиз ҳамда кучлилар орасида қолиш вазифасини бажарамиз. Бунга шубҳам йўқ.
АВАЗБЕК суҳбатлашди
Фикрлар