UZ

Сўнгги янгиликлар

08:04Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур якунланади ва 3-тур бошланади  0 07:38Футзал. Бугун Эронга қарши финал йўлланмаси учун баҳс олиб борамиз  3 07:15U-23 Осиё кубоги. Қатар - Япония 2:4  0 07:12Реванш олиш вақти келди. Бугун Ўзбекистон ОТЖ Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади  15 07:10U-23 Осиё кубоги. Жанубий Корея - Индонезия 2:2 (пенальтилар 10:11)  1 07:05Серия А. "Удинезе" - "Рома" 1:2  0 07:00АПЛ. "Брайтон" - "Манчестер Сити" 0:4  0 04:48Интервью. Исломбек Исмоилов: "Мураббийнинг ҳаёти ўйиндан ўйингача"  1 01:56U-23 Осиё кубоги. Даҳшат! Индонезия Жанубий Кореяни енгиб, ярим финалга йўл олди. Жамоалар 12 тадан пенальти тепишди  47 00:28Швейцария Суперлигасида ўйин олдидан қорли стадионни мухлислар тозалашди  0 00:11U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши ўйинолди машғулоти ўтказди  3 23:54АПЛда ўйнайдиган икки нафар футболчи зўравонликда гумонланиб, ҳибсга олинди  9 23:37Франция президенти Дрогба ва Азар билан бир жамоада футбол ўйнаб, пенальтидан гол урди  3 23:10Ҳожимат Эркинов: "Учрашувнинг асосий вақтида ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз"  14 22:46Ямал тепган тўп дарвозага кирганмиди? Лунин жавоб берди  35

ОЧЛ - болалар боғчаси эмас (Мулоҳаза) Янгиликлар

ОЧЛ - болалар боғчаси эмас (Мулоҳаза)

Осиё чемпионлар лигасида 4-тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди. Афсуски, бу тур Ўзбекистоннинг икки клуби учун ҳам омадсиз келди.

“Локомотив” ва “Насаф” Қатар клублари билан кечган баҳсларда имкониятни бой берди. “Локомотив” ўз майдонида Қатарнинг бу йилги чемпиони “Ал Дуҳайл”дан мағлуб бўлган бўлса, “Насаф” сафарда “Ал Садд”га йирик ҳисобда ютқазиб қўйди. Натижада гуруҳдаги вазият янада чигал кўриниш олди. Гуруҳ ўйинлари тугашига ҳали иккита тур бор, шунга қарамай бизнинг жамоалар кейинги босқичга чиқадими-йўқми, бир нарса дейиш қийин. 

Иккала жамоа ҳам 3-ўринда

ОЧЛда гуруҳдан биринчи-иккинчи ўринни эгаллаган клублар чиқади. Уч-тўрт эса мусобақани тугатади. Осиёда УЕФАга ўхшаб 3-ўринни қўлга киритган клуб ОФК Кубогига йўлланма олмайди, худди ЕЧЛда учинчи ўрин вакиллари Европа Лигасида курашни давом эттиргани каби. Осиёда тизим бошқача. Иккала мусобақа алоҳида ўтказилади. 

Балки шу масалани ҳам кўриб чиқиш керакдир. Балки шундагина ОФК Кубогига бўлган эътибор кучаяр. Ўз вақтида “Насаф” ва “Нефтчи” ОФК Кубогида ўйнаганида бизда ҳам мусобақага бўлган қизиқиш ортганди, лекин охирги йилларга келиб анча тушиб кетди. Билганимиз шуки, ён қўшнимиз Тожикистоннинг энг кучли клуби “Истиқлол” мазкур мусобақа финалида кетма-кет икки бор ўйнади. 

Ким билади дейсиз, агар Осиё чемпионлар лигасида гуруҳда учинчи ўринни эгаллаган клублар кейинчалик ОФК Кубогида ўйинларни давом эттирса маъқул бўлармиди. Аммо ОФК ҳозирча буни кўриб чиқишни мақсад қилаётгани йўқ ва ҳар иккала мусобақа форматидан мамнун. 

4-тур учрашувларидан сўнг “Насаф” ва “Локомотив” ўз гуруҳларида учинчи ўринда бормоқда. Бунгача “Насаф” 6 очко жамғарган бўлса, “Локомотив” 3 очко тўплади. “Локомотив”да тўплар нисбати бирмунча яхши 8-7, “Насаф” эса Қатардаги мағлубиятдан кейин тўплар нисбати 2-7 кўриниш олди. Албатта, тўртта ўйинда еттита гол ўтказиб юбориш кўп, бунинг устига барча голлар сафарда қўйиб юборилса. 

Қандайдир беш дақиқа ҳал этган ўйин

“Локомотив” - “Ал Дуҳайл” баҳсига бемалол шундай таъриф берсак бўлади. Душанба куни ТТЗдаги стадионга борган мухлислар кўрди, “темирйўлчилар” ёмон ҳаракат қилмади. Сардор Рашидов рақиб дарвозасига тўп киритганидан сўнг майдон эгалари узоқ вақт ҳисобни сақлаб туришди. Қолаверса, яна гол уриш имконият ҳам бўлди. Аммо тўп дарвоза тўрига бориб тушмаса қийин. 

Футбол шундай ўйинки, бир иштаҳа келса рақиб дарвозасига бешта гол уришнинг уддасидан чиқса бўлади. “Локомотив” дастлабки турда БАА клубини ҳар томонлама мағлуб этганди. Лекин кейинги турдаёқ шу ўйиннинг йўқолиб қолгани ҳайратланарли. Аслида-ку, ҳаммаси “Зобаҳан” билан баҳсдан сўнг бошланди. 

Жамоа Исфаҳонга бориб ўзининг энг хунук футболини намойиш этган ҳолда 0:2 ҳисобида ютқазиб қайтди. Бундай совуқ ўйинни биз яқин орада “Локомотив” ижросида кўрмагандик. Омад келмади десак, “Локо” худди шу стадионда икки йил олдин “Сепахон”ни 2:0 ҳисобида доғда қолдирганди. 

Об-ҳаво ноқулай бўлди десак, “Зобаҳан” билан ўйин куни қуёш чарақлаб турди. Икки йил аввал шаррос ёмғир қуйганди. Хуллас бу учрашувда “Локо” зарарига ишлайдиган омиллар кўринмади. Аммо туппа-тузук ўйнаб турган жамоага Эронда нимадир бўлди. Мана шу ўйиндан кейин омадсизлик бошланди.

Кейинги турда Қатарга борган жамоа биринчи таймдаёқ учта тўп ўтказиб юборди. Ҳарқалай иккинчи бўлимда “темирйўлчилар” ўзларига келиб олиб иккита гол уришди, аммо ҳисобнинг 3:3 бўлишига вақт ҳам, имконият ҳам етмади. Натижада кетма-кет иккинчи мағлубият. Навбатдаги баҳс яна шу жамоага қарши кечди. Энди “Ал Дуҳайл” Тошкентда меҳмон бўлди. Хўш, “Локомотив” бу ўйинга қандай тайёргарлик кўрди? Айтиш мумкинки, фақат машғулот орқали. Чунки Суперлига доирасида кечган “Металлург”га қарши баҳсда
мураббийлар бошқа таркибни туширишди. 

Таркиби ўзгариб кетган “Локо” ўз майдонида ҳатто “Металлург”ни мағлуб эта олмади. Жамоа биринчи бўлиб гол урди, лекин ҳисобни сақлай олмади. Одатда жиддий ўйинлардан олдин аксар клублар энг оптимал таркиб билан ўйнайди, баъзи жамоалар эса ўз етакчиларига дам беради. “Локомотив” мураббийлари иккинчи йўлни танлади. Улар энг кучли 11 футболчига дам бериб, асосий эътиборни “Ал Дуҳайл”га қаратишни маъқул кўрди. Бошида бу режа тўғри иш берганини кўрдик, аммо ўнг қанот ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиевнинг кутилмаганда жароҳат олиши режаларни ўзгартириб юборди. 

Жароҳат олган футболчи ўрнига ўйин охирларида Салим Мустафоев туширилди. Ҳимояни мустаҳкамлаши керак бўлган Мустафоев кераксиз вазиятда рақибга пенальти ишлаб берди, кейин эса охирги ҳужумда ҳужумчини ўтказиб юборди. Натижада қандайдир беш дақиқа ичида иккита тўп ўтказган “Локо” кутилмаганда мағлубиятга учради. 

Захирадан тушган футболчи хато қилди, лекин бор айбни унга тўнкаб қўйиш тўғри эмас. Аслида-ку “Локомотив” 60-дақиқадан бошлаб ҳимояни ўйламаслиги керак эди, чунки қанча эрта ҳимояни ўйласанг, рақибга шунча кўп ҳужум қилиш ва фикрлаш имконини берасан. “Ал Дуҳайл” бундан унумли фойдаланди, қолаверса биз биламизки, араб жамоаларига ўйин берган маҳал улар янада “очилиб” бораверади. 

Доҳада "сочилиб" кетган "Насаф"

Қаршида Хависиз “Ал Садд” мағлуб этилганида мухлислар қанча хурсанд бўлганди. Аммо қувончли онлар узоқ давом этмади. Жавоб баҳсини ўтказиш учун Қатарга йўл олган “Насаф” рақибнинг ўта кучли қаршилигига дуч келди. Хави ҳам майдонга тушди ва унинг қайтиши “Насаф” учун қаттиқ зарба бўлди. 

Рўзиқул Бердиев бир гапни кўп такрорлаб келяпти: Осиё чемпионлар лигаси биз учун тажриба мактаби, бу турнирда ўйнаб футболчиларимиз катта тажрибага эга бўлади. Шундай ҳам бўляпти, “Насаф” гуруҳдан чиқишга эмас, балки тажриба орттиришга ҳаракат қиляпти. ОЧЛдаги ўйинлар футболчи ривожланишига хизмат қилса, Бердиевга мана шу керак.

Албатта, ютуқни ҳам ўйлаш керак, ахир бусиз тўп тепишдан мақсад не? Аммо вазиятга реал қарайдиган бўлсак, “Локомотив” ҳам, “Насаф” ҳам гуруҳдан чиқадиган аҳволда эмас. “Локо” ҳаракат қилса бўларди, лекин ҳамма айб ўзида. “Насаф” эса фақат уйдаги баҳсларни ютиши мумкин, холос. Негаки Қаршида бутун стадион олқишлайди, шунга яраша футболчилар ҳам жон койитиб югуради. 

Четга чиққанда сценарий бутунлай бошқа. Уйдаги ўйинлардан фарқли ўлароқ “Насаф” сафарга борганда ғалаба учун ўйнамайди, улар учун дуранг ҳам катта гап, ютқазса ҳам йирик ҳисобда бой бермаса бўлгани. Тўғри, Осиё чемпионлар лигасида қатнашаётган клуб ўз олдига бундай мақсадни қўймаслиги керак. Лекин жамоа салоҳиятини яхши билган Бердиев футболчилар кучи бундан ортиғига етмаса нимаям қила оларди. 

Эътибор берган бўлсангиз, “Ал Садд” ўз майдонида бутунлай бошқа жамоага айланди-қолди. Улар Қаршидаги мағлубиятдан ваҳима ясамади, хотиржам қарашди, чунки олдинда жавоб баҳси кутиб турганди. “Ал Садд” ўз уйида исталган рақибни мағлуб этадиган кучга эга. Уларга мухлислар кўмаги ёрдам беради деб ўйламаймиз. Чунки Қатарда жуда камчилик одамлар футболга тушади. Нари борса минг-икки минг мухлис фонограмма мусиқани баланд қўйиб, худди ўзлари қўшиқ куйлайдигандек жамоани қўллаб туришади. 

Бизда эса ҳаммаси табиий. Бизнинг стадионларда мухлислар фонограммадан фойдаланмайди, жамоани олқишлаш ҳам, ўйини ёқмаса бўралатиб сўкиш ҳам жонли. “Насаф” Доҳада мухлислар босимига дуч келмади, балки кучли жамоанинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Ва бу қаршилик олдида “Насаф” тугул бошқа исталган жамоа ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. “Ал Садд” уч йил олдин “Локомотив”ни 6:2 ҳисобида енганди, улар ҳалиям “Насаф”ни аяшди. 

Бизда ҳалиям болалар боғчасими?

Хуллас “Ал Садд” ўз уйида “Насаф”га умуман имкон бермади. Мухлислар орзиқиб кутган Хави ана бўлмаса деб голлар шодасини бошлаб берди ва қолган голлар уланиб кетди. “Насаф” гўёки "сочилиб" кетган жамоага ўхшаб қолди. Қаршидаги қувноқ жамоадан асар ҳам қолмади. "Насаф" сафарда “Персеполис” билан қандай ўйин кўрсатган бўлса, Қатарда ҳам шундай ҳаракат қилди. Ҳартугул иккинчи таймда ўйини бироз қовушгандек бўлди, лекин бу ҳам узоқ давом этмади. 

“Насаф” ўз майдонида зўр ва кучли, бунга эътироз йўқ, аммо четга чиққанда гўёки болалар боғчасига ўхшаб қоляпти. Наҳотки уйда ўйнаш билан сафарда тўп тепишнинг фарқи шунча катта бўлса деб ўйланиб қоласан киши. ОЧЛ бекорга уй-меҳмон тарзида ўтказилмайди, бунда ҳаммага тенг имконият берилади. "Ал Садд" фонида “Насаф”ни кўрдик, аксар футболчилар ҳали ёш, худди болалар боғчасига ўхшайди. Рақиб эса олий таълим талабаларини эслатиб юборди. 

Мана шу ўйинлар орқали кўрдикки, бизнинг футболчилар атлетизм томонлама анча “нимжон” экан. Рақиб ўйинчиларига қаранг, бақувват, чайир ва бўйдор. Бизда эса гўёки кичкина болалар чопиб юргандек. Бу энди табиатданми ё ўз устида кам ишлашданми билмадик. 

Футбол бу оддий югур-югур ўйин эмас, Европада аллақачон футболга фан сифатида қаралади. Одамлар футбол ҳақида маъруза қилади, диссертация ёқлайди, назарий билимини оширади, футбол йилдан йилга қанчалик ўзгариб бораётгани катта давраларда кенг муҳокама қилинади. 

Лекин биз футболга ўйин деб қарашга ўрганиб қолдик. Гўёки биз учун футбол бир ўйин-у ғалаба, дуранг ва мағлубиятдан иборат. Ютса уч очко беради, дурангга бир, ютқазса ноль - афтидан шуни биламиз. Афсуски, футболга фан деб қаралмаяпти, биз футболни одамлар севиб томоша қиладиган спортнинг бир тури деб биламиз.

Тўғри, футбол - аввало ўйин ва неча йиллардан бери шундай бўлиб келяпти. Аммо эндиликда янада жиддий қарамасак бўлмайди. Араб, корейс, япон биздан мана шу томонлама ўзиб кетди. Пули бор араблар кучли мураббийларни ва етук легионерларни олиб келяпти. Лекин биз бундай қила олмаймиз, чунки клубларимизда катта пул йўқ. Пули бўлганида “Насаф” Қатарга чартер рейс қилмасмиди.


Муҳими, бизда пойдевор бор, ҳукумат томонидан футболга эътибор бор. Мана шундан фойдаланиб нимадир ўзгариш қилмас эканмиз, бундан кейин ҳам ОЧЛ ўйинларида болалар боғчасига ўхшаб қолаверамиз. Нега бизнинг ўйинчилар рақиб олдида "нимжон" ва бўйи паст, нима учун баланд бўйли келишган дарвозабонлар камайиб кетди, нима сабабдан араблар билан яккама-якка югурганда улардан қолиб кетамиз, мана шуларни чуқур ўрганишимиз лозим. 

Омад келмади, охирги дақиқалар панд берди, ҳакам ён босди, тажриба етишмади, об-ҳавога мослаша олмадик, кучли шамол бўлди, ёмғир ёғди - кечирасиз, бу гаплар анча эскирди, буларнинг кўчадаги гапдан нима фарқи бор. Кўчада ихчамгина майдончада тўп тепаётган болалар шундай деса ярашади, лекин биз соҳа кишилари сифатида бундай гапларга чек қўйиб, футболга фан сифатида ёндашишимиз зарур. 

Ҳар ҳолда бошқа йўл кўринмаяпти. Токи мағлубият сабаблари чуқурроқ, айтиш мумкинки, илдизигача ўрганилмас экан, ОЧЛда ғолиб чиқиш ҳақида умуман ўйламасак ҳам бўлаверади. Қўл остимда йигирмата кучли футболчи бор, улар билан бемалол Осиёни забт эта оламан деган билан ҳеч нарсани ўқиб-ўрганмай юриш охир-оқибат ўзимизга қаттиқ зарба бўлишини унутмайлик.

Х.Холиқов.

Рейтинг: +18   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика