Рустам Мирсодиқов: “Хорижда йиғин ўтказиш ҳақида қуръадан кейин ўйлаб кўрамиз”
11 дек 2014 20:00
Янгиликлар
Рустам Мирсодиқов: “Хорижда йиғин ўтказиш ҳақида қуръадан кейин ўйлаб кўрамиз”
- Рустам ака, маълум муддатлик таътилдан сўнг жамоалар тайёргарликни бошламоқда. Сизнинг бошқарувингиздаги “Металлург” қачон йиғилади?
- Режамизга кўра 15 декабрь куни йигитларни йиғамиз. Янги йил байрамига қадар Чирчиқда тикланиш машғулоти олиб борилади.
- Жамоангиз янги мавсум олдидан хорижда ҳам йиғин ташкил этса керак?
- Биласизми, ҳозир бу ҳақда сизга аниқ маълумот бера олмайман. 17 декабрь куни ПФЛда чемпионат-2015 ва Ўзбекистон Кубогига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Тақвим жамоамиз учун қандай келади? Аввало шуни билиш керак. Кейингина хорижга чиқиш масаласини ҳам ўйлаб кўрамиз.
- Сир эмаски, ҳар йили қишда жамоалар таркибида ўйинчиларнинг келди-кетдиси юз беради. “Металлург”дан бу томондан бизга энг аниқ маълумотни сиздан бошқа ҳеч ким аниқ айта олмайди. Шу боис бу хусусда ўзингиздан эшитсак дегандик?
- Мавсум якунлангач футболчиларга дам берганмиз. Ҳозирча ҳеч бир ўйинчи менга клубдан кетиш тўғрисида айтмади. Агар шундайлар топилса бунга қаршилик қилмаймиз. Чунки мажбурлаб ўйнатишдан фойда йўқ.
- У холда айтингчи, мавсум давомида кўз остингизга олиб қўйган ўйинчилар борми?
- Таркибимизни кучайтиришга қодир бўлган йигитларни таклиф этишни режага киритганмиз. Ишга эса энди киришамиз. Янги футболчилар билан музокара ўтказамиз. Келиша олсак, сафимизга қўшиб оламиз. Лекин бу билан таркибни бутунлай ўзгартириб юборамиз демоқчи эмасман. Ҳар йилгидек 1та 2 нафар янги ўйинчи бўлиши мумкин.
Исломбек Рустамбеков.
Фикрлар