Рўзиқул Бердиев: "Европадан таклиф қилган ҳужумчимиз сўраган маошни бизда бутун бир жамоа ҳам олмайди"
16 мар 2016 15:46
Янгиликлар
Рўзиқул Бердиев: "Европадан таклиф қилган ҳужумчимиз сўраган маошни бизда бутун бир жамоа ҳам олмайди"
Тўғриси, "Насаф" устози Рўзиқул Бердиев билан суҳбатни анча олдин уюштирмоқчи бўлгандим. Бу ишни "аждарлар"нинг ОЧЛ доирасидаги 1-тур учрашуви "Ал Аҳли" - "Насаф" учрашуви олдидан ташкил этишни режалаштиргандим. Аммо қаҳрамонимизнинг баъзи ишларга улгурмай қолиши мумкинлиги ва жамоа тўғри Қаршидан Жиддага йўл олиши боис бу суҳбат бироз чўзилиб кетди. Жамоа юртимизга қайтиб келганидан сўнг эса тезда яна ОЧЛ ва Олий лига ўйинларига тараддуд кўра бошлади ва ижодий жамоамиз ОЧЛ 2-тур доирасидаги "Насаф" - "Ал Аҳли" учрашувига боришимизни ҳисобга олиб, интервьюни "Шўртан"га қарши беллашув олдидан ташкил этишни келишиб олгандик. Унга қадар баъзи берилиши керак бўлган саволлар "эскирди", қўшимчасига эса ўзи шундоқ ҳам таркиб борасида муаммолар гирдобида қолган Бердиевга айрим саволларни бермасликка қарор қилдим. "Насаф"нинг сўнгги йиллардаги қўлга киритиб келаётган ютуқларида айнан ушбу мутахассиснинг меҳнати жуда катта. Демак уюштирилган суҳбатни ўқиб чиқишингиз мумкин.
- Янги мавсум олдидан "Насаф" раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтдими? Раҳбарият билан учрашувда қайси масалалар кўтарилди ва жамоа олдига қайдай вазифалар қўйилди?
- Жамоамиз раҳбарият билан учрашди ва олдимизга ҳар доимгидек юқори ўринлар курашиш вазифаси қўйилди. Ўтган йилги натижаларимизни яхшилашимиз керак. Юқори ўрин деганда албатта чемпионлик назарда тутилмоқда. Клуб президенти билан бўлган учрашувда Одил Шукурович Темиров "Насаф" жамоаси чемпионлик учун тайёр эканини ва бунинг ҳаракат қилиш зарурлигини билдирди.
- Селекция ишлари ҳақида кўп гапирилди. Сизга ёққан ҳужумчиларни олишга шароит тўғри келмагани ва бошқалар билан келиша олинмагани айтилди. Мураббий сифатида қўл остингиздаги мавжуд таркибдан қониқиш хосил қилдингизми? Айтмоқчиманки, агарда жамоа ОЧЛда ёки чемпионатда муваффақиятсиз қатнашса бу баҳона бўлмайдими?
- Йўқ, бу баҳона бўла олмайди. Селекция ишларимиз балки кўнгилдагидек бормагандир. Чунки қўл остимизда кўплаб яхши ижрочиларни қўришни истагандик. Аммо айрим сабабларга кўра, уларни таркибга жалб эта олмадик. Ҳозирги мавжуд футболчилар ва ўринбосарлар таркибидан асосий жамоага қўшилган иқтидорли футболчилар орқали камчиликларни тўлдиришга ҳаракат қилдик.
- Лекин қизиқ, наҳотки бутун бир трансфер ойнаси вақтида ҳужумчи топишни имкони бўлмадими? Бу энди биринчиси эмас, ўтган йили ҳам худди шу хатолар такрорланганди...
- Бу ҳақида жуда кўп гапирилди. Бу каби саволларга жавоб беришдан тўғриси чарчадим. Биз журналистлар, мухлислар назарда тутаётган маҳоратли легионер ҳужумчини жалб эта олмаймиз. Чунки бунга имкониятимиз етмайди. Европадан бир ҳужумчини таклиф этгандик. Аммо у сўраган маошни бутун бир жамоамиз олмайди. Шароитимиз яхши савиядаги ҳужумчини таркибга жалб этишга йўл қўймайди. Махаллий футболчиларга келадиган бўлсак, биз бир қатор ҳужумчиларимизга таклиф билан чиққандик. Аммо айрим сабабларга кўра, улар биздан кўра бошқа жамоа либосини кийишни маъқул топишди. Бу нарса икки уч йилдан буён давом этиб келмоқда. Таркибни сезиларли даражада кучайтира олмаётган бўлсакда, юқори натижалар учун курашишда давом этяпмиз ва бу йўлдан қайтмаймиз. Мураббий сифатида кўзланган мақсадга эриша олмасам, эртага ишдан кетиб қолишим мени чўчитмайди. Бунга тайёрман. Мен ёшлар билан бўлса ҳам олдимизга қўйилган вазифалар ва мақсадлар учун курашаман. Қўл остимдаги мавжуд футболчилар билан максимум натижага ҳаракат қиламан. Жамоа натижа кўрсатмаганда мураббийни истеъфога чиқариш бу энг осон иш. Масалан бу мени ўйлантирмайди. Агарда мен бундан ҳавотир олганимда, ҳеч қачон ёшларга имкон бермаган бўлардим. Селекция яхши ишламади, керакли футболчиларни олинмади дейилмоқда. Аммо мен кўзланган натижани қайд эта олмасам, раҳбариятнинг ҳар қандай қарорига тайёрман. "Насаф" жамоасининг ўз сиёсати бор. Биз футбол мактабимиздан чиқаётган ёшларга катта эътибор бермоғимиз лозим. Ва шу қаторда юқори ўринлар учун курашни ҳам давом эттирамиз. Бизнинг эришаётган ютуқларимиз баъзи бир камчиликларни ёпиб кетмоқда. Лекин бир кун келиб шу нарса яна муаммога айланиши мумкин. Аммо бундан қўрқиш керак эмас. Мен клуб сиёсатини ҳурмат қиламан ва раҳбариятни ҳозирги яратиб бераётган мавжуд шароитидан ҳам қониқяпман. Нима бўлган тақдирда ҳам юқори ўринлар учун курашамиз. Агарда натижа бўлмаса, унда бунга мураббий жавоб беради. Мен буни тушуниб турибман.
- "Насаф" ОЧЛ стартини ёмон бошламади. Саудия Арабистони жамоасидан икки ўйинда уч очко олишни уддасидан чиқилди. Лекин олдинда яна тўртта ўйин кутиб турибди. Иккинчи турдан сўнг "Ал Жайиш" йўқотишларсиз кетмоқда ва гуруҳда якка пешқадам. Кейинги иккита ўйинни айнан шу жамоага қарши ўтказасизлар. "Насаф" гуруҳ пешқадамидан икки ўйиндан 6 очко олишга қодирми?
- Албатта бу жуда оғир масала. "Ал Жайиш"нинг иккита ўйинда БААнинг гранд клуби "Ал Айн"дан 6 очко олиши уларнинг қандай кучга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Қуръадан сўнг гуруҳимиздаги энг юқори баҳо айнан "Ал Айн"га берилаётганди. "Ал Жайиш" эса ушбу жамоани иккала баҳсда ҳам мағлубиятга учратишни уддасидан чиқди. Биз ўз ўйинларимиз орқали шуни кўрсатмоқдамизки, ҳар қандай жамоа билан ўйнашга қодирмиз. Шу учун қатарликларга қарши ҳар иккала учрашувда ижобий натижага эришиш учун ҳаракат қиламиз. Олдимизда турган "Ал Жайиш"га қарши иккита беллашув якунда ҳал қилувчи ролни ўйнаши мумкин. Буни тўғри тушуниб турибмиз.
- Ўтган мавсумда "Насаф" аксарият голларни стандарт вазиятлардан киритди. Артур Геворкяннинг индивидуаль маҳорати кўп ҳолларда қўл келди. "Насаф"да ўйинни ташкил этишда, майдонда футболчиларда ўзаро ҳамжиҳатликда ўйнашда ижодкорлик камайиб кетганига қандай қарайсиз ва бу нима билан боғлиқ?
- Ҳозирги замонавий футболда стандарт вазиятларига кўпроқ эътибор қаратилади. Чунки барча жамоалар ҳимояланишни яхши ўрганиб олишган. Ўтган йилги мавсумда биз асосий эътиборимизни стандарт вазиятларига қаратгандик ва бу нарса қайсидир маънода самара берди. Футбода нафақат жамоавий ўйин ёки стандарт вазиятлари муҳим. Футболчиларнинг индивидуаль маҳорати ҳам жуда керакли ва асосий жиҳат. Баъзи учрашувларда биргина футболчининг индивидуаль маҳорати эвазига ҳам керакли натижани қўлга киритса бўлади. Футболда барча нарса бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу йилги ўйинларимизда ижодкорлик, жамоавий ўйин яна қайтаётганига келсак, бу ҳали бизнинг энг юқори чўққи эмас. Ўйиндан-ўйинга янада яхши ва сифатли футбол намойиш этиб борамиз.
- "Арсенал" ва "Насаф" жамоасининг бир ўхшашлиги бор. Гап нима ҳақида кетаётганини пайқадингизми?
- Жамоавий ўйиндир балки. "Арсенал" анча йиллардан буён бир хил услубда футбол ўйнаб келади. Уларда бир Арсен Венгер жуда кўп йиллардан бери ишлаб келади ва Венгернинг фалсафаси очиқ ва чиройли футбол намойиш этиш. Балки шу учун бизнинг жамоани "Арсенал"га ўхшатиш мумкиндир.
- Бу гапингизга ҳам қўшилса бўлади. Аммо асосий ўхшашлик бу эмас. Англиянинг "Арсенал" жамоаси деярли ҳар йили премьер лигада тўртинчи ўринни эгаллайди. Бу жамоа жуда зўр ўйнаб туриб ҳам кейинчалик яна эски ўрнига қайтиб тушиб кетаверади. "Насаф"ни ҳам бу жамоага ўхшатса бўлади. "Насаф" Ўзбекистонда учинчи ўринни доимо ўзиники қилиб олаверади. "Арсенал" каби энг яхши ўйнаб юрган мавсумида ҳам якунда одатий ўрнига тушиб кетади. "Насаф"даги футболчилик даврингизда ҳам жамоанинг энг максимум натижаси бронза медалларини қўлга киритиш бўлган. Бу нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз?
- Бунга асосий сабалардан бири - биздан юқори ўринларни эгаллаган жамоаларнинг биздан кучлилигидир. Ёки бир неча йиллардан буён юқори ўринлар учун кураша оладиган барқарор жамоа бўла олмаётгандирмиз. Жамоамизга юқори савиядаги футболчиларнинг йўқлиги ҳам бунга сабаблардан бири бўлиши мумкин. Шу боисдан биз чемпионатда фақат якунда бронза медалларига эга чиқамиз. Мени ўйлашимча, 2-3 ўринларни қўлга киритиш ҳам ёмон натижа эмас. Бу жиҳатдан "Арсенал"га ўхшашлигимиз бор экан. Лекин мураббий сифатида шуни айтаман, Арсен Венгернинг ўйин фалсафаси ва унинг олиб бораётган иши бизга ҳам ёқади. "Арсенал" ҳақиқатда жуда чиройли, мазмунли ва очиқ футбол намойиш этади. Лекин ҳозирда "Насаф" нафақат очиқ футбол ўйнашга, балки ҳимоявий ва керак бўлса ёпиқ футбол ўйнашни ҳам ўрганишимиз керак. Чунки ОЧЛда юқори даражадаги жамоаларга қарши турли хил тактикаларда футбол ўйнаш лозим. ОЧЛ доирасида биз ҳимоявий, ёпиқ футбол ўйнашга мажбурмиз. Футболда фақат очиқ футбол ўйнаб натижага эришиш қийин.
- "Насаф"дек жамоа учун доимо бронза медалларига эга чиқиш стабилликми ёки муваффақиятсизликми?
- Бир қарашда биз бир жойда туриб қолгандекмиз. Бу натижани барқарорлик ёки жамоа бир жойда туриб қолган ва ўсмаяпти деган фикрга бориш ҳам мумкин. Лекин яна бир тарафи борки, биз охирги йилларда Ўзбекистон кубоги ва суперкубогида зафар қучдик, ОЧЛда мунтазам иштирок этмоқдамиз. Бу натижалар клуб сиёсати тўғри олиб борилаётганидан ҳам далолат беради.
- Арсен Венгернинг иш услуби ёқишини айтиб ўтдингиз. Мураббийлик ишингизда унинг қўлланмаларидан фойдаланасизми?
- Айнан унинг қўлланмалари менда йўқ. Лекин иш услубини диққат билан кузатиб бораман. Жамоа тўп билан қандай ҳаракатланмоқда, тўпсиз нима қилмоқда, буларга эътибор бераман. Унинг ишларидан ўзимга керакли жиҳатларини олиб боришга интиламан. Лекин айнан Венгернинг қўлланмалари менда йўқ. Бирга ишлаган кўплаб юқори савиядаги мураббийлардан ниманидирни ўрганишга ҳаракат қилганман.
- Келажакда европанинг гранд жамоалари мураббийларидан иш ўрганиш, машғулотларни қандай тартибда олиб боришини кузатиш истаги ёки режаси борми?
- Албатта бу каби истак бор. Агарда мураббийлар ўсишни истаса, унда кўпроқ иш ўрганиб, изланиши лозим. Ҳозирги пайтда замонавий футбол бир жойда тургани йўқ. Йилдан-йилга машғулотлар дастури ўзгариб бормоқда. Бу каби нарсалар жуда ҳам муҳим. Европа футболини яқиндан билиш ва ўрганиш ниятим бор.
- Рўзиқул Бердиевнинг мураббийлик фаолиятидаги энг катта орзуси нима?
- Менинг орзуим "Насаф" билан эришилмаган ютуқларни қўлга киритиш. Юқори натижалар эришиш. Чемпионликги қўлга киритишни орзу қиламан.
- Сизга ўзбек клублари орасидан жиддий таклифлар бўлганми?
- Йўқ. Ўзбек жамоаларидан ҳали ҳеч бир клуб менга жиддий таклиф билан чиққани йўқ. Эроннинг "Тракторсози" жамоасининг қизиқишлари ҳақида матбуотда ёзишганди. Буни барча билади. Аммо ўшанда ҳам улар жиддий таклиф билан менга мурожаат этишгани йўқ.
- "Насаф" жамоасидаги энг ўжар футболчи ким?
- Майдонда энг ўжар футболчи - Баҳром Абдурахимов. Майдондан ташқарида эса бизда ўжар футболчи йўқ. Уларнинг ҳаммаси ўзини яхши тутишади. Майдонда эса энг ўжари Баҳром Абдурахимов бўлса керак.
- Сиз учун олий лигадаги энг принципиал рақиб қайси жамоа?
- Юқори ўрин учун курашадиган барча жамоалар мен учун принципиал рақиб деса ҳам бўлади. Алоҳида бир жамоани биз учун принципиал рақиб демаган бўлардим.
- Ноодатий савол: Сизга учта вариант тақдим этаман. Ўшалардан бирини танлашиз керак бўлади. Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов ва Самвел Бабаян. Рўзиқул Бердиев бу мутахассисларнинг қайси биридан кучлироқ деб билади ўзини?
- Ҳар уччала мураббий ҳам мендан кўра тажрибали ҳисобланади. Шу боис ҳеч биридан ўзимни кучлироқ деб билмайман. Чунки уларга нисбатан мен камроқ тажрибага эгаман.
- Жаҳон футболида кимга ишқибозлик қиласиз?
- Айнан бир жамоага мухлислик қиламан деб айта олмайман. Менга Гвардиола, Моуриньо ва Арсен Венгернинг иш олиб бориши менга жуда қизиқ. Уларнинг иш услубларини кузатиб бораман. Мураббийларнинг қандай иш олиб боришига эътибор қаратаман.
- Бобир Абдихолиқов мавсум стартида порлаб чиқди. Бу топилмангиз ҳақида нималар дея оласиз?
- Бобир Абдихолиқов ОЧЛ доирасида иккита гол урди. Лекин бу билан у катта футболчи бўлиб қолди дегани эмас. У етук футболчи бўлиб етишиши учун жуда кўп меҳнат қилиши керак. Ҳам жисмонан, ҳам ақлан ўсиб бориши лозим. Меҳнатдан қочмаслиги лозим. Унда яхши, юқори савиядаги футболчи бўлиб етишиш учун барча имкониятлар мавжуд. Бобирни биз академияда ўқиб юрган пайтидан буён кузатиб келамиз. Ўринбосарлар таркибидаги кўплаб ўйинларини ҳам кузатиб борганман. Унда голни сезиш қобилияти мавжуд. Ҳозир унда жуда ҳам катта иштиёқ бор Шунинг ҳисобида айни пайтда у ёрқин ўйнамоқда. Биз унга руҳий тарафдан яхши тайёрланишга ёрдам берамиз. Иккита гол билан чекланиб қолмаслиги керак. Узоқ меҳнат қилиб, ўз устида кўпроқ ишласа, ўзининг инсонийлик фазилатларини ҳам ўстириб борса, мен ўйлайманки, Бобир келажакда жуда яхши футболчи бўлади.
- Абдихолиқовдан ташқари Бердиевнинг яна янги топилмалари борми?
- Биз 8 нафар ёш иқтидор эгаларини асосий таркибга жалб этганмиз. Балки улар ичидан кашфиёт ёки топилмалари бўлар, аммо шуни ишонтириб айтаманки, биз уларнинг барчасига имконият берамиз. Қолгани эса уларнинг ўзларига боғлиқ.
- "Насаф" сизнинг қўл остингизда яхши натижаларга эришмоқда. Жамоада ғолиблик руҳи пайдо бўлган. Бу муваффақиятингизнинг сири нимада?
- Бу тўғрисида кўп ишлаяпмиз. Бу руҳият билан боғлиқ. Футболчиларнинг ўз кучларига бўлган ишончни оширмоқдамиз. Бу борада катта ишлар олиб борилмоқда. Албатта, жисмоний, тактик ва техник жиҳатдан ҳам уларнинг савиясини ошириб боришимиз лозим. Бу устида кўп ишлаяпмиз. Жамоанинг ҳозирги ютуқлари билан чекланиб қолмаслигимиз зарур. Янада юқори марраларни кўзлаб, олдинга интилмоғимиз керак. Бу учун эса қўлимиздан келган ёрдамни аямаймиз. Бизда жамоа анча иноқ. Ҳамма гап аҳилликда. Жамоамиз бир мақсадда бирлаша олади. Бизда муҳит ажойиб. Шунингдек, футболчиларимизнинг савияси ҳам муваффақиятларимизнинг гарови. Мен бир нарсага алоҳида эътибор қаратаман, жамоадаги ҳар бир футболчи ёки ишчи ўз ишига чин юракдан ёндошиши керак.
- Ўтган мавсумда "Насаф" жамоасидаги энг яхши футболчи ким бўлди деб ўйлайсиз?
- Жамоамиз сардори Артур Геворкян футболчиларни ўз ортидан етаклай олди ва бир қатор жуда муҳим голларни киритди. Лекин бу билан Артурни энг яхши демайман. Бизда жамоавий ўйин йўлга қўйилган. Аниқ бир футболчини ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Барча футболчилар жамоанинг ютуғига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Артур Геворкянни жуда муҳим голларни урди дедим, шунингдек, дарвозабонимиз Элдорбек Суюнов жуда яхши ўйнади ва ютуқларимизга катта ҳисса қўшди. Яна ҳимоячиларимиз жуда яхши ҳаракат қилишди, марказия ярим ҳимоячиларимиз ишончни оқлашди. Эркин Бойдуллаев, Одил Ҳамробеков жуда ҳам катта кўламдаги ишларни амалга оширишди. Ўтган йили жамоамиз тўпурари Илҳом Шомуродов нафақат голлари, балки бошқа қора меҳнатлари билан ҳам жамоамизга фойда келтирди. "Насаф"нинг барча футболчиларини ютуқларимизга муносиб ҳисса қўшди деб айта оламан.
- Сизнинг мураббийлик фаолиятингиздаги биринчи устозингиз ким?
- Мен дастлабки мураббийлик фаолиятимни Виктор Кумиков олдида бошлаганман. Ўшанда Кумиковга ёрдамчи мураббий бўлгандим. 2008 йилда мен "Насаф" сафида ҳали тўп тепиб юрганимда Виктор Кумиков келиб, ўйнайсанми ёки мураббий бўласанми деганида мураббийликни танлагандим. Айнан бу соҳадаги биринчи қадамимни Кумиков олдида қўйганман.
- Рўзиқул Бердиевнинг рамзий терма жамоасини тузиб берсангиз. Ўзингиз билан ўйнашини истаган энг яхши яна 10 нафар футболчини танлайсиз...
- Буни жуда узоқ ўйлаш керак шекилли. Дарвозада - Игнатий Нестеров. Марказий ҳимояда Андрей Фёдоров ва Даврон Файзиев. Ўнг қанотда Февзи Давлетов, чап қанотда Николай Ширшов. Ўртада Миржалол Қосимов, мен, Нўъмон Ҳасанов. Ҳужумчи ортида Одил Аҳмедов, Ҳужумдаги тандем эса Зафар Холмуродов ва Анвар Бердиев.
Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.
Фикрлар