Роке Санта-Крус: «Футболда гол урган жамоа ютади»
14 авг 2016 11:00
Янгиликлар
Роке Санта-Крус: «Футболда гол урган жамоа ютади»
ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида у Европа футболидаги илк қадамлари ҳақида гапириб ўтди.
- «Бавария»га ўтганингизда 17 ёшда эдингиз. Навқиронлик даврида бошқа қитъага мослашиш қийин кечмаганми?
- Ота-онам ва ака-укаларим билан хайрлашиш осон бўлмаган. Лекин бу ҳаётимдаги муҳим қадам эди. Бундеслигада шунчалик эрта ўйнаш имконияти юзага келганидан хурсандман.
- Немис тилини жуда тез ўргангансиз, ҳозир ҳам унда яхши гаплашасиз...
- Мюнхендаги биринчи ҳафта жуда қийин кечган. Чунки жамоадошларим билан умуман гаплаша олмасдим. Шу боис ҳам тилни тезроқ ўрганишни истаганман. Айниқса, кийиниш хонасидаги ҳазилларни тушуниш учун (кулади). «Бавария» футболчилари мени яхши қабул қилишган. Ваҳоланки, бир неча кун олдин Чемпионлар Лигаси финалида «Манчестер Юнайтед»га имкониятни бой беришганди.
- Футболчилар орасида ҳақиқий дўстлик бўладими?
- Миллионлар ўйинида мунтазам ўзгаришлар рўй беради. Ўйинчилар келади, кетади. Лекин бир-биримиз билан ҳар кун гаплашмасакда, доимий мулоқотда бўлиб турамиз. Бирор киши билан узоқ вақтдан сўнг кўришсангиз, баҳри дилингиз очилади.
- Фаолиятингиз давомида Европанинг учта кучли лигасида тўп сургансиз. Улар орасидаги фарқ қандай?
- Англияда ҳакамлар ҳадеб ҳуштак чалаверишмайди. Шу боис ўйин бир маромда давом этади. Ҳар бир баҳс алоҳида томоша. Германияда ҳам деярли барча учрашувларда стадионлар тўлади. Мен ўйнаган даврдаги усул ўзгарди. Айни пайтда барча жамоаларга чиройли ва муваффақиятли футбол муҳимроқ. Испанияда кўпроқ техникага эътибор қаратишади. Мухлислар тўп билан муомала қилишни хуш кўрадиган футболчиларни яхши кўришади. Бу учта чемпионат жаҳондаги энг кучли лигалардир.
- Қайси мамлакатга мослашишингиз осонроқ кечган?
- Деярли ҳеч қаерда муаммога дуч келмаганман. Уларнинг ҳар бирини хурсандчилик билан эслайман. Лекин турмуш ўртоғим Испанияда ўзини уйидагидек ҳис қилади. У ерда фарзандларимиз улғайишди ва ҳозирда испан мактабига боришмоқда.
- Сизни доимо жароҳатлар қийнаб келган. Агар касалхонага тушавермаганингизда фаолиятингиз қандай кечиши мумкинлигини тасаввур қилиб кўрганмисиз?
- Бу ҳақда умуман ўйламаганман. Ҳеч қачон жароҳатлардан шикоят қилмаганман. Аксинча, бор кучимни тезроқ оёққа туришга сарфлаганман. Ҳамиша жароҳатдан сўнг майдонга қайтишдан ҳузурланганман.
- Лекин одам ўз танасини мунтазам эҳтиётлаши лозим.
- Ҳозирги кунда эрталаб турганимда яшаш қийинлашганини ҳис қиламан. Лекин бу ҳолат жароҳатлар туфайли рўй бермаяпти, шунчаки, қарияпман.
- Парагвайда болаларни ҳимоя қилиш фондига асос солгансиз...
- Мен туғилиб-ўсган мамлакатда болаларнинг бир нимага эришишлари қийин. Фонд орқали инсонларга ёрдам бериш ва болаларни тўғри йўлга йўналтириш имкониятига эга бўламан. Уларга ёлғиз эмасликлари, агар тинимсиз меҳнат қилишса ҳаётда кўп нарсага эришишлари мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчиман.
- Бугунги кунда Парагвайда болалар футболига эътибор қандай?
- Қачондир миллий терма жамоада ўйнаши мумкин бўлган иқтидорли йигитлар кўпчиликни ташкил қилади. Айримлари Европага йўл олишди. Бошқалар эса Аргентина, Бразилия ва ҳаттоки, Мексикада ҳам ўйнашмоқда. Ўзингизга маълум, сўнгги йилларда Мексикада футбол ривожи учун катта сармоялар киритилмоқда. Лекин фаолият аввалида пул муҳим роль ўйнамаслиги керак. Ёшлардан, энг аввало, машқ қилиб, савияларини кўтаришлари талаб этилади.
- Учта жаҳон чемпионатида иштирок этгансиз. Айтинг-чи, миллий терма жамоа либосини кийганда ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
- Футболчи учун ўз мамлакати терма жамоаси сафида майдонга тушишдан муҳимроқ нарса бўлмаса керак. Асосий мақсадим шу эди. Ўшанда ҳали қайси клубда ўйнашим ҳақида ўйламагандим ҳам. Ҳар бир чақирув менга қувонч бағишлайди.
- ЖАРдаги жаҳон чемпионатида бўлгани кабими?
- Бу мундиал терма жамоа, ўзим учун юқори чўққи бўлди. Аввалига иккита жаҳон чемпионатидан кейин нималар қилиш лозимлигини яхши билиб олгандик. Гарчи гол урмаган бўлсамда, яхши формада эдим ва ёмон ўйнамаганман. Жамоамиз эса чорак финалга қадар етиб борганди.
- Ушбу босқичда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Испания термасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой бергансизлар...
- Ўшанда тўп киритиш учун кўплаб қулай вазиятларга эга бўлганмиз. Аммо футболда гол урган жамоа ютади.
- Парагвай термасининг Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Минтақадаги рақобат ўта кучли. Бугунги кунда Жанубий Америка жамоалари сафида иқтидорли футболчилар кўп. Жумладан, Парагвай термасида ҳам. Шундай экан, ЖЧ-2018га чиқиш имкониятимиз бор, деб ҳисоблайман.
- Ўзингиз мундиалда қатнашасизми?
- Йўқ. Вақт бир жойда турмайди. Қайсидир паллада бундай турнирда ўзини кўрсатишга қодир бўлган ёшроқ футболчилар етишиб чиқадилар. Уларга йўл бўшатиш керак. Лекин ҳамон иштиёқим сўнмаган. Агар жисмоний ҳолатим бардош берса, терма жамоа сафида ҳали бир нечта учрашув ўтказмоқчиман.
- Сиз учун жаҳон чемпионатларидаги энг ноқулай рақиблар кимлар бўлган?
- Қизиқ савол. Менимча, Алессандро Неста, Фабио Каннаваро ва Пао-ло Мальдинилар бўлса керак.
Фикрлар