UZ

Сўнгги янгиликлар

18:22Бобир Абдихолиқов: "Нефтчи"га ўтганим йўқ"  1 18:09"Рома" — "Болонья". Таркиблар маълум  3 18:07"Манчестер Юнайтед" ва "Тоттенхэм" жамоалари иштирокидаги ўйинларнинг таркиблари маълум  0 18:02Расман: Остон Ўрунов МТЖнинг Қатар ва КХДРга қарши ўйинларида иштирок этмайди  3 17:30Суперлига. "Андижон" — "Қизилқум" 0:0 (матнли трансляция)  3 17:23"Насаф" Ўзбекистон чемпиони совринини қабул қилиб олган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 17:05РПЛ. ЦСКА 84-дақиқада урилган гол эвазига меҳмонда ғалабага эришди, Файзуллаевдан ассист  5 16:34"Спартак" — "Акрон". Шерзод Эсанов захирада  0 16:00ҚПЛ. "Қайрат" ва Йўлдошев — Қозоғистон чемпиони!  2 15:58ҚПЛ. "Ордабаси" ўз уйида "Елимай"дан устун келди, Умаров 77 дақиқа ўйнади  1 15:4737 ёшли Бабел фаолиятини якунлаганини эълон қилди. "Ливерпуль" собиқ ўйинчиси хайрлашув фильмини чиқаради  2 15:15"Манчестер Юнайтед" қишда "Ювентус" футболчисини харид қилмоқчи  1 15:00Ўзбекистон МТЖ асосий футболчиси Қатар ва КХДР билан ўйинларда майдонга туша олмайди   20 14:47Эшитдик-да! "Насаф" футболчиларига чемпионлик учун автомобиль берилади  7 13:20"Насаф" чемпионлигининг сири нимада?  15

"Мен ҳам ёзишни хоҳлайман" рукнига. ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновга таклифлар Янгиликлар

"Мен ҳам ёзишни хоҳлайман" рукнига. ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновга таклифлар

Сайтимизнинг "Мен ҳам ёзишни хоҳлайман" рукни учун электрон почтамизга вилоятларда истиқомат қилаётган мухлислар ва журналистлардан турли мақолалар келмоқда.

Қуйида ана шундай мақоалалардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу мақолада ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновга бир нечта таклифлар билдирилган. Сизда ҳам мақола ёзиш истаги бўлса, э-майл орқали (news@championat.asia) ёки Телеграм манзилимизга https://t.me/CA_admin юборишни унутманг. Эслатиб ўтамиз, имловий хатолари ниҳоятда кўп бўлган мақолалар кўриб чиқилмайди. 

Ассалому алайкум, Умид ака!

Аввало Сизни Ўзбекистон футбол федерацияси президентлигига сайланганингиз билан чин дилдан табриклаймиз. Масъулиятли ва шарафли ишда омадлар тилаймиз. 

Сиз мамлакат футболини янада ривожлантириш, миллий, олимпия, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимиз ютуқлари орқали миллионлаб мухлисларни қувонтиришдек масъулиятли вазифани ўз зиммангизга олдингиз. Бу йўлда Сизда истиқболли режалар борлигига шубҳамиз йўқ.

Сезиб турибсиз, сўнгги ойларда ЎФФ ва Самвел Бабаян бошчилигидаги терма жамоага нисбатан халқимизнинг норозилиги жуда кучайиб кетди. Бунинг сабабларини спорт мутахассиси сифатида Сиз биздан кўра яхшироқ биласиз, албатта. Энди Сиздан бу борада тўғри хулоса чиқариш ва халқнинг орзу-истакларини, халқнинг хоҳиш-иродасини ҳурмат қилиш талаб қилинади.

Чунки давлат халқ билан давлат бўлади, миллат халқ билан миллат бўлади. Бежизга муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилишни таклиф этмади.  Халқда ҳикмат кўп. Раҳбарлик ишониб топширилган кишидан биринчи навбатда ҳалоллик талаб қилинади. Халқни алдаб бўлмайди. Ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйган ҳар қандай киши барибир халқ олдида жавобгарлигича қолади ва жавоб беради. Ёки қилганига яраша жавоб олади.

Ўзбек футболини юксакка кўтариш учун нималар қилиш зарур? Бугун, эртага ва келажакда? Ҳозир барчамизни шу савол қийнаяпти. ЖЧ-2018 саралаш ўйинида Голландия терма жамоаси Францияга ютқазиб қўйди. Голландлар таркибида ван Перси, Роббен, Снейдер сингари катта ёшли футбол юлдузлари тўп тепишди, французлар таркибида эса Мбаппе, Гризман, Погба каби ёш чарм тўп усталари жавлон уришди.

Футбол шарҳловчилари Голландия термаси мағлубиятини мамлакатда туғилиш камайиб кетаётгани ва табиий равишда болалар футболида истеъдодларни саралаш имконияти камайиб, захира футболчилар муаммоси юзага келгани билан изоҳлашди. Яратганга шукрлар бўлсинки, бизда ундай эмас. Гарчи бугунги кунда ёш оилалар икки нафар, жуда ошиб кетса уч ёки тўрт бола кўриб, режали оилани ташкил этаётган бўлса-да, аҳолимиз йилдан-йилга кўпаймоқда.

Яна шуниси қувончлики, қишлоқларда, шаҳар ва туман марказларида ёшу-қари футболга қизиқади. Тўп тепиб кунни кеч қиладиган болаларимиз ҳам кўп. Улар орасидан эртага Миржалол Қосимов ёки Одил Аҳмедов сингари моҳир ярим ҳимоячи, Гризман ёки Мбаппе сингари ҳужумчи, Нестеров ёхуд Кейлор Навас каби дарвозабон, Марсело ёки Денисов сингари қанот ҳимоячиси, Шерзод Аъзамов ёки Серхио Рамосдек ҳимоячилар етишиб чиқадиган болалар ҳам йўқ эмас. Аммо улар етарлича изланмаяпти, кимдир иқтидорини англаб тарбияламаяпти, катта футболга тўғри йўналтира олмаяпти.

Боласини футболчи қилмоқчи бўлган оталарнинг ҳам боши қотган. Футбол мактабига олиб борсинми? Олиб борса, тўғри кўнгил билан олишармикан? Жой бормикан? Боласидаги хато ва камчиликларни тузатиб, яхши футболчи бўлиб етишишини астойдил истайдиган мураббий бормикан? “Шапка” сўрамасмикан?

Шу ўринда таклифларимиз:

1. Энг аввало селекция ишларини кенг қамровда олиб бориб, иқтидорли болаларни топиш керак. Топганда ҳам уларни қизиқтириб, ота-онасининг розилигини олиб, футбол мактабларига жалб этиш зарур. БЎСМлардаги футбол гуруҳлари ишига танқидий ёндашиб, кескин чора-тадбирлар белгилаш ёки структурани ўзгартириш вақти келди. 

2. Болалар футбол мураббийларини хорижга малака оширишга жўнатиш зарур. Германия, Франция, Англия, Италия. Бу йўлда аниқ тизим ишлаб чиқилса ва маблағ ажратилса, меваси албатта, ширин бўлажак. Юртбошимиз ҳар жабҳада раҳбарларнинг хориждаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш лозимлигини бот-бот таъкидлаётган экан, буни футбол соҳасида ҳам амалга ошириш зарур. 

3. Миллий терма жамоа масаласи. Савол туғилади: Ўзбекистон футбол федерацияси терма жамоага хориждан мураббий таклиф этса, унинг сарф-харажатларига тайёрми? Тайёр бўлса, марҳамат, баъзи бир мутахассислар билан музокара олиб бориш асло фойдадан холи бўлмайди. Масалан, 2011 йил “Насаф”ни бошқариб ОФК кубоги соҳибига айланган Анатолий Демяненко. Бу мутахассис биринчидан рус тилини билади, иккинчидан Ўзбекистон ҳақида яхши хотиралари бор. Ишлаши мумкин. 

Шунингдек, ўзимиздаги мураббийлардан икки марта (2014, 2016) "Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийси" деб топилган Рўзиқул Бердиев (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози) ҳам терма жамоани бошқарса, ҳеч бир футбол мухлиси ёки мутахассиси қарши бўлмаса керак. Қосимовга имконият берилди, Абрамов, Бабаян, Саркисян, Мирсодиқов каби устозлар термада ишлашди. Лекин ҳеч бири термани мундиалга олиб чиқа олмади, Осиё чемпионатларида медаллар қўлга киритилмади. 

Рўзиқул Бердиевнинг яна бир устун томони шундаки, у нафақат асосий жамоа ўйинини яхши ташкил этади, балки ўринбосарлар (иккинчи таркиб, учинчи таркиб, футбол мактаби жамоалари) устозлари билан ҳамжиҳат ишлайди. Шогирдларини биринчи жамоа ўйинига мослаб тарбиялашни йўлга қўяди. Демак, у миллий  терма жамоа бош мураббийлигига тайинланса, олимпия, ёшлар, ўсмирлар термалари билан ҳам узвий боғлиқлик йўлга қўйилади. Башоратчи эмасман, аммо ҳозирги кунда ўзбекистонлик мураббийлар орасида Рўзиқул Бердиевдан кучлироғи йўқ!

Ҳурматли Умид ака!

Сиз бир қишлоқларни айланиб, дайравотларда бўлаётган ўйинларни кўринг-да. У ерда Ўзбекистон чемпионати 1-лигасидаги ҳар қандай ўйиндагидан кўпроқ мухлисни кўрасиз. Чунки халқ ҳалол, курашчан ўйин тарафдори. Ўша дайравотда ялангоёқ тўп тепаётган бола ёки йигит шундай жон-жаҳди билан қишлоғи шаънини ҳимоя қиладики (у на ойлик олади, на кўтарма пуллари) бундан фақат роҳатланиш мумкин.

Бўш вақтингиз кам бўлса-да, айнан ўзингиз бошчилик энг яхши селекционерларни олиб қишлоқларни айланинг. Оддий одамлар билан суҳбатлашинг. Ўзингиз бош бўлиб футбол мактабларини кўринг. Болалар, мураббийлар билан суҳбатлашинг. Ишлаётган мутахассисларнинг савиясини ошириш бўйича хулосаларга келасиз, футболимиз эртаси ҳақида тасаввурга эга бўласиз.

Менинг бир танишим бор. Ойнаи жаҳон орқали Ўзбекистоннинг олий лигаси тугул, ҳатто миллий терма жамоани кўрмайди. Нуқул “параболка” орқали Европа ва Америка давлатлари чемпионатларини томоша қилади. “Футболчиларимиз ўйинидан кўнглим тўлмайди, терма жамоа фақат асабимни бузади. Нима қиламан бундай расво ўйинни кўриб” дея биз каби ашаддий ишқибозлар устидан кулгандек гапиради. Рост, ундай футбол ишқибозлари юртимизда оз эмас. 

Аммо биз бундай қилолмаймиз. Дайравотлардаги қишлоқча ўйинларни ҳам, биринчи ва олий лигадаги гоҳ мазмунли, гоҳи мазмунсиз учрашувларни ҳам, терма жамоаларимизнинг дилни шод ёки хуфтон этувчи баҳсларини ҳам кўраверамиз. Ютуқлардан шод бўлсак, мағлубиятлардан аламли кўз ёш тўкамиз.

Сиздан фақат қувончларга сабаб бўладиган, ўзбек халқига футболдан қониқиш ва ифтихор туйғусини берадиган самарали фаолият кутиб қоламиз. Таклифларимни ўйлаб кўрасиз ва футболимизда сезиларли бурилишлар ясайсиз, деган умиддамиз!

Яна бир бор ишларингизга омад тилаб,

Акмал АБДИЕВ, “Ишонч” газетасининг Қашқадарё вилояти бўйича ўз мухбири. 


Рейтинг: +1   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика