А Серия олтин даврининг энг шафқатсиз ҳимоячиси
08 янв 2019 16:35
Янгиликлар
А Серия олтин даврининг энг шафқатсиз ҳимоячиси
Бир нечта журналистлар Паоло Монтерога етиб олишга ҳаракат қилсада, у касалхонанинг орқа эшигидан чиқиб кетди.
— Пессотто ўзига келдими? У сизларга нима деди? У ўзини ўлдиришга уриндими?
— Қўполлик қилмоқчи эмасман, лекин бу сизнинг ишингиз эмас, — жавоб берди Монтеро.
Қоронғу эди. Кунлар совий бошлаганди. Паоло жимгина узоқларга тикилиб, сўнг яна касалхонага қайтди. "Монтеро узоқ йўл босиб, Жанлука билан учрашиш ва шунчаки унинг ёнида бўлиш учун Уругвайдан келишини ҳаёлимга ҳам келтирмагандим. У ажойиб инсон", — дейди Пессоттонинг турмуш ўртоғи Риана. 2006 йил 27 июнь куни собиқ ўйинчи, "Ювентус"нинг ўша вақтдаги ходими Жанлука Пессотто клуб офисининг иккинчи қаватидан йиқилиб тушган эди. Пессотто машинанинг устига тушган ва оғир жароҳатланган эди.
Пессотто икки йилдан кейин "Энг муҳим ўйин" китобида ўз фикрлари билан бўлишди. Фаолиятини якунлаганидан сўнг тушкунликка тушиб қолди. Бундан ташқари, ўша йили Кальчополи жанжали ва оиласи билан боғлиқ муаммолар унинг қаддини яна ҳам букиб қўйди. У тунда уйқусизликдан қийналса, кундузи кўнгли хира бўлиб, кайфиятсиз юрарди. Пессотто шундай эслайди: "Минерал сув олдим. Менга берилган қайтимга гиёҳванд модда сепилган экан. Улар мени чув тушурмоқчи бўлган. Буни қарангки, полиция пистирмаси ҳам ўша атрофдаги буталар орасида экан. Ўтиб кетаётган машиналар биридан аёл шундай деб бақирди: "Сени даҳшатли якун кутмоқда!" Энг қизиғи, у мени қайнонамга ўхшаб кетди.
Пессоттонинг ҳаёллари чалкаш бўлиб кетганди. У эслаган охирги нарсаси, хонасини ёпиб, қўрқиб чироқни ўчирди. Кўзини очганда эса, касалхонада эди.
Монтеро биринчи рейс билан Туринга учиб кетди. Уругвайлик Жанлука билан яқин дўст эмасди. Бироқ ич-ичидан унинг ёнида бўлишим керак деб ўйлади. Паоло кунига бир неча марталаб Пессоттонинг ёнига келар ва ёнида ўтирарди. Шифокорлар Жанлукага Монтеро келгани ҳақида айтишганида, беихтиёр унинг юзига табассум югурарди.
"Жанлука менга муҳтож экан, доим ёнида бўламан", — дейди Паоло. Пессотто ўзига келмагунча у Уругвайга қайтиб кетмади.
"Пессотто билан бу воқеа юз бериб, мен Жанлуканинг ёнига борганимда Уругвайда ҳеч ким бундан ҳайратлангани йўқ. Италиядагилар эса аксинча. Менимча, одамлар агар футболчи майдонда шафқатсиз бўлса, унда ҳаётда ҳам шундай экан деб ўйлашса керак. Бу мени ранжитди. Балки футболда шундайдирман, аммо ҳаётда умуман бошқа инсонман. Футбол — бу иккиюзламачилар дунёси: биз черковга борамиз десак ҳам, эрталаб яна ўғрилик қилаверамиз", — деганди суҳбат вақтида Монтеро.
Фаолияти давомида кўпчилик Паолони ёмон кўрарди ва бунга бир қанча сабаблар ҳам бор эди. 13 йил давомида Монтеро Италия чемпионатида 16та қизил карточка олган. Бу рекордни ҳали ҳеч ким янгилагани йўқ. Уругвайликнинг баъзи қўполликларини атайин қилгани ва ҳаттоки, бундан кўпроқ зарар етказишни хоҳлагани кўриниб турарди. Паолонинг майдондаги шафқатсизлиги авлоддан авлодга ҳам ўтганди. Унинг отаси ҳам жуда қўпол ва шафқатсиз марказий ҳимоячи бўлган.
Хулио Монтеро ЖЧ-1974да Голландия термасига қарши ўйинда четлаштирилганидан сўнг, кўпчиликнинг ёдида қолган. Круифф ўшанда сардорлик боғичи билан майдонга тушган, Реп дубль қилган, мураббий Михелс эса баҳсни шундай гап билан якунлаган: "Асосийси, биздан ҳеч ким бекор қолиб кетгани йўқ". Монтеро футболчилик фаолиятини "Пеньяроль"да бошлаган. У болалигидан бу клубга мухлислик қилган. Бироқ ўша клуб отаси тўп тепадиган жамоанинг асосий рақиби эди: Хулио Монтеро "Насьональ" таркибида Либертадорес Кубоги ва Қитъалараро Кубокни қўлга киритган.
“Пеньяроль”нинг ўша вақтдаги мураббийи, ЖЧ-78 чемпиони Сезар Луис Меноттига Паолога ишониш мумкинлигидан мамнун эди. У марказий ҳимоячини ўзининг дўсти — “Аталанта”нинг спорт директори Франко Превиталига тавсия қилган. Бергамо жамоасига Марчелло Липпи, кейинчалик Эмилиано Мондонико мураббийлик қилган. Паоло 20 ёшида Европадаги фаолиятини бошлаган. “Мен жуда ҳам бахтли эдим. Ҳозир АПЛ ва Примера футбол дунёсининг маркази бўлганидек, А Серия ҳам ўша вақтларда ҳамманинг эътиборида эди. Барча Лотин америкаликлар ўша ерда ўйнашни орзу қиларди”, — дея ёдга олади Монтеро.
Мавсумнинг дастлабки учрашувларидан бирида “Аталанта” “Милан”га қарши ўйнайди. Финал ҳуштагидан сўнг, Паоло Франко Барезининг ёнига бориб, футболкасини беришини илтимос қилади. Лекин Барези футболкани шунчаки бериб юбормайди. Бунга жавобан А Серияга эндигина келган қаршисидаги нотаниш йигит эгнидаги футболкани сўрайди. Паоло таркибга тезда мослашиб кетди, лекин мунтазам равишда майдонга тушгани йўқ: ишончли ўйин, голга олиб келган хатолар билан ёнма-ён юрарди. Танқидчилар Монтерони қўпол деб аташди. “Аталанта” мухлислари эса унинг келиб чиқиши Лотин америкалик бўлгани учун уни ёқтирмасдилар. Ўша пайтларда Монтеронинг оиласи уругвайлик футболчи Дарио Убриакони ҳимоя қилади. У кейинчалик машҳур ҳакам бўлган. Убриако стадион яқинидаги барда “Аталанта” — “Пьяченца” баҳсини Монтеронинг отаси билан биргаликда томоша қилади. Паоло ўшанда ҳеч нарса қилолмагани учун мухлислар уни қаттиқ ҳақорат қилганлар.
Марчелло Липпи Чемпионлар Кубогини қўлга киритганидан кейин “Ювентус” таркибини янгилайди. У “Аталанта”даги таниши Монтеро билан бирганиликда Зидан, Виери, Юлиано, Бошкич ва Аморузони чақиради. Биринчи икки мавсумда Паоло иккита скудеттога эга бўлиб, икки маротаба Чемпионлар Кубоги финалига чиқади. 97/98 йилги мавсумда жанжал бўлганди: “Интер”га қарши ҳал қилувчи баҳсда ҳакам Чеккарини эди. Ўшанда ҳакам ўйинчининг Роналдога нисбатан қўпол ҳаракати учун пенальти белгиламади. Ҳар икки мавсумда ҳам Монтеро асосий таркибда ўйнаган. Липпи талабчан эди. Уругвайлик ўша пайтларни шундай ёдга олади: “Агар мураббий ҳаттоки, Чиро Феррарага бақираётган бўлса, у ҳолда мени ҳайдаб юбориши ҳеч гап эмасдек эди”.
Паоло биринчи машинасини сотиб олган куни Марк Юлиано билан “Милан”нинг базмига борган. “Ҳозир иккимиз ҳам оилалимиз, шу сабабли ҳамма гапни очиқ-ойдин айтиб беролмаймиз. Лекин ишонинг, биз ўз вақтида ёрқин порлаган ўйинчиларданмиз”, — дея ҳазиллашганди Монтеро. Ўшанда улар маст ҳолатдаги йигитлар билан жанжаллашиб қолгандилар. Юлиано уришиб кетмоқчи бўлганида, Паоло базўр дўстини тўхтатиб қолади: “Сабаби улар 10дан ортиқ йигит эди. Улар бизни ўлдириб қўйишлари ҳеч гапмасди. Ўзингизга маълум, уруш-жанжал хеч қачон яхшилик билан якунланмаган”.
Липпи “Интер” билан шарнома борасида келишиб олганида, “Юве” таназзулга юз тутди. Мавсум ўрталарида кийиниш хонасида бўлган жанжалдан сўнг, мураббий лавозимидан бўшатилган эди. Карло Анчелотти Туринга келади. У 1999/2000 йилги мавсумда скудеттони қўлга киритиши мумкин эди. Ҳаммаси охирги турда ҳал бўлди: туринликлар Перужада зафар қучишлари шарт эди. Римликлар ҳакамларни холис бўлишларини талаб қилишди. “Лацио” мухлислари эса шаҳар бўйлаб, баннер кўтариб юришди. Перужадаги ўйин кучли ёмғир туфайли 1 соатга тўхтатилганди. Иккинчи таймда дарвоза яқинидаги Монтеро тўпни Калорига узатди ва ҳисоб очилди. “Биз кийиниш хонасида нақд 64 дақиқа ўтирдик! Лекин ҳамма иш майдонда ҳал бўлди ва бу энг асосийси. Мен учун таблодаги рақамлар жуда муҳим”, — дейди Монтеро. Келаси мавсумда “Юве” “Рома”дан ҳам қолиб кетди.
Тинимсиз хатоларга қарамай, Анчелотти Монтерога яхши муносабатда бўлди: “Паоло — шўх, лекин унинг ҳурматга лойиқ ахлоқий сифатлари бор”. Бир куни Монтеро туни бўйи Фабиан О’Нил билан бирга ичди ва машғулотга жуда ёмон аҳволда келди. Бу ҳақида турли гап сўзлар тарқалганида, Карло ўйинчисини ҳимоя қилиб, унинг бироз мазаси йўқлигини айтади. Монтеро Мурацци туманидаги По дарёси бўйида ўтиришни ёқтирарди. Кўпинча тунда у ерга бориб айланарди. У бир куни Зиданни ҳам ўзи билан олиб борганидан сўнг, Шимолик африкаликлар ҳам “Юве”га мухлислик қила бошлаганди. “Ювентус” халқаро майдонда ҳам хатоларга йўл қўйди. “Торино” собиқ ўйинчиси Агроппи телевидениедаги суҳбат пайти шундай деганди: “Улар Европада шарманда бўлишади! Нега дейсизми? Чунки у ерда уларга ёрдам берадиган ҳакамлар йўқ”.
Карло Анчелотти автобиографиясида жамоа “Панатинаикос”га 3:1 ҳисобда мағлуб бўлиб, Туринга қандай қайтгани ҳақида ҳам сўзлаб берганди. Аэропортга мағлубиятдан аччиқланган барча мухлислар йиғилганди. Биринчи бўлиб Зидан чиққан, уни итариб юборишганди. Монтеро тўхтаб, очкисини ечган. Кейин омма олдига бориб, қўлини мушт қилиб, ўзини ҳимоя қилишга тайёрланган. Монтеро учун авторитет муҳим эмас эди. Агар клубдошлари унга телефонда гаплашишга ҳалал беришса, уларнинг “PlayStation”ини ҳам синдириб ташлашдан қайтмасди. Бир сафар Паоло барга борганида, “Фиорентина”нинг мухлисларига кўзи тушди. Ўшанда кичик келишмовчиликдан катта жанжал юзага келганди.
Монтеро “Ювентус” билан 5та скудетто ютган (уларни бирини Кальчополи туфайли олиб қўйишган). “Мен оқ-қора кийим кийганманимдан бери шу жамоа учун курашиб келаман” — деган эди Паоло. Жамоага Эдгар Давидс келганида, Монтеро голландияликни шундай қарши олганди: “Рақибларимизга биргаликда зарба берамиз”.
Монтеро президентга яхши муносабатда бўлган, лекин бир куни уни ҳақоратлаган. Бу тасодифан бўлган: Жанни унга эрталаб телефон қилган, Паоло эса клубдошлари ўйин қиляпти деб ўйлаган.
Бир репортер Фабио Капеллога қуйидаги савол билан юзланган: “Тасаввур қилинг, “Ювентус”нинг битта ўйинчисини ҳозироқ ва текинга олишингиз мумкин. Кимни олган бўлар эдингиз?”. “Рома” мураббийининг жавоби кўпчиликни ҳайрон қолдирган: “Албатта, Монтерони. У — “Ювентус” мудофаа қисмининг мияси ва юраги. “Стадиондан ташқарида рақибларим билан яхши муносабатда бўлсам ҳам, майдонда уларни аяб ўтирмасдим. Мен ҳимоячи бўлганман ва шунинг учун ўз дарвозамни ҳимоя қилишим зарур эди. Тўғри, бунинг учун баъзида ўйин қоидаларини бузишимга тўғри келарди. Бу мени қизиқтирмасди. Мен учун энг муҳими жамоам ғалабаси эди”, — дейди Монтеро.
1999/2000 йилги мавсум ўртасида Алессандро Дель Пьеро тушкунликка тушиб қолди. У жароҳатдан сўнг оёққа туриши қийин кечди ва аввалги даражасига чиқа олмаслигидан ҳавотирга тушиб қолганди. Ўйиндан аввал Сандро меҳмонхонадаги номерига қайтаётганди, йўлда Монтеро уни кўриб тўхтатди. Улар яқин дўст ҳам, сирдош ҳам эмасдилар. Уларни фақат бир-бирини тушуниш ва ўзаро ҳурмат боғлаб турарди. Паоло деди: “Ошна, сенга нима бўлди? Бундай кайфиятсиз бўлиб юришингга яна қанча чидаймиз? Ўзи нима гап?”. Дель Пьеро индамади. Монтеро сўзида давом этиб: “Нима бўлган тақдирда ҳам, тезроқ оёққа тур. Ахир бизга кераксан. Ёш футболчилар сенинг шу ахволингдан ўрнак оладими?!”.
Бу суҳбатдан бир кун ўтиб, Дель Пьеро кийиниш хонасида Монтерони қидирди. Санро бир неча ҳафтадан бери энди табассум қилганди. У ўзига келиб, қўрқувни енга олганди. “Паоло мени анча вақт кузатгани аниқ эди. У ўзим кўрмаган қирраларимни кўра олганди. У мен учун тундаги нур бўла олди”, — деб ёзганди автобиографиясида Дель Пьеро.
2018 йил кузда Монтеро, Пирло, Батистута ва Жилардино УЕФА А категорияси бўйича профессионал мураббийлик лицензиясига эга бўлишди. Энди улар А ва Б Серия клубларида бош мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлашлари ёки Lega Pro клубларида бош мураббий лавозимида фаолият юритишлари мумкин. Лекин ҳозирдан Паоло Монтеро раҳбарлиги остидаги жамоа қандай бўлишини тасаввур қилса бўлади: кескин ўйновчи, бироз қўпол, натижа учун барча ишни қиладиган, аммо ўзига хос ғурур қоидаларига амал қилувчи.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар