UZ

Сўнгги янгиликлар

04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  95 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  26 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8

Вадим Абрамов: “Мени руҳшунос деганлар адашади, мен футболни тушунаман!” (1-қисм) Янгиликлар

Вадим Абрамов: “Мени руҳшунос деганлар адашади, мен футболни тушунаман!” (1-қисм)

“Кеча, Бугун, Эртага” лойиҳасининг бу сафарги меҳмони, сиз кутган мутахассис – Вадим Абрамов бўлди.
Узоқ вақт давомида ОАВ билан жонли мулоқотга киришмаган МТЖнинг собиқ бош мураббийи, "CA" меҳмони бўлди. Бахтиёр Бобоев билан бўлгани каби аввало Вадим Карленовичнинг биз билган кунгача ҳаётини тингладик.

“Мен Озарбайжонда оддий оилада таваллуд топдим. Отам ҳам футболга жуда қизиққанлиги боис ўзи ҳам тўп тепарди. Собиқ Иттифоқ Чехославакияни эгаллаганидан кейин у ҳарбий хизматни ўша ерда ўтаган. Ҳарбий хизматни Украинада давом эттираётганида маҳаллий жамоага таклиф қилишган. У "Томер" жамоаси тўпурари бўлган. Ҳарбий хизмат вақти якунига етишига қарамай, футболни деб ортга қайтмаган. Ундан хавотирга тушган бувим, Собиқ иттифоқнинг ўша даврдаги ҳарбий кучлар раиси бўлган Жуковга хат ёзади ва отамни орқага қайтаришади. Уйга келган отамга Украинага қайтиб кетишга рухсат беришмади. Катта фарзанд бўлганлиги учун оилага ёрдам бериши керак эди. Кейин у заводда ишлай бошлади. Бобом урушдан жароҳат билан қайтганлиги учун отам 14 ёшиданоқ заводда ишлаган. Умри давомида хизмат дафтарчасида фақат битта жой қайд этилганлиги билан доимо фахрланиб юрарди”.

“Онам рус миллатига мансуб, табиийки отам арман. Уларнинг иккиси ҳам Бокуда таваллуд топишган. Қизиғи улар Целенода (ҳозирги Астана ҳудуди яқинида жойлашган) танишишган. 1962 йилнинг 5 августида мен таваллуд топдим. 8 ёшимда онамдан футбол мактабига олиб боришларини сўрагандим. Бокунинг "Нефтчи" жамоасига олиб боришди. Эдуард Оганесов Григориевич қўл остида "Нефтчи-2" жамоаси сафида футболнинг дастлабки сир-асрорларини ўргана бошладим. 1976 йил Озарбайжон ўсмирлар терма жамоаси сафидан жой олдим ва 1979 йилгача ўсмир ва ёшлар терма жамоаларида мамлакат шарафини ҳимоя қилдим. Терма жамоанинг сардори эдим. 5 августда таваллуд топганим учун 1963 йилда таваллуд топган терма жамоа шарафини ҳам ҳимоя қилиш имкониятига эга эдим”.



“Терма жамоа сафида "Надежда" Кубогида ўйнаганимда "Таврия" бош мураббийи Анатолий Заяев мен жамоасига таклиф қилди. Бокуга қайтганимдан кейин ҳарбий хизматга йўл олиб, Боку ҳарбий кучлари жамоасида тўп тепишим мумкин эди. Отам билан маслаҳатлашиб Симферополга боришга қарор қилдим. Аммо Заяев «Атлантика» (Севастополь, бугунги "Чайка") жамоасига кетди. Бу жамоа иккинчи лигада иштирок этарди. Заяев мени у ерга олиб кетди. У пайтда иккинчи лигада битта ёш футболчи майдонга тушиши керак эди. Менинг ёшлигим Заяевга қўл келди. Мавсум бошида ғалати бир жароҳатга йўлиқдим. Ўзимни яхши хис қилардим-у, аммо кўп ўйнамай оёғимда оғриқ турарди”.

“Шикофорлар ҳам бунга аниқлик кирита олмадилар. Мураббий эса мени ўйлаб топяпти деган фикрга ҳам келди. Хуллас, мавсум якунига етди. Аслида мен бу пайтда ҳарбий хизматга боришим керак эди. Маҳаллий қисмни огоҳлантирмай бошқа шаҳарга кетаётганимда, бу ерда институтга киришни мақсад қилган эдим. Сабаби институт талабани ҳарбий хизматдан озод этарди. Аммо ўйин билан бўлиб ўқишга вақт бўлгани йўқ. Мавсум тугагач, ҳарбий хизматга боришга қарор қилиб Одессага учдим. У ерда СК "Одесса" сафидан ўрин олишни режалаштирган эдим. Жамоа сафида ака-ука Маловлар ҳаракат қиларди. Жамоа бош мураббийига менинг келишим ҳақида хабар беришган эди. Чемпионат бошланиб улгурганлиги учун "СК Одесса" сафар ўйинига кетиши керак бўлган. 1-лигада жамоа сафарда кетма-кет иккита ўйин ўтказиб қайтарди”.

“Мен эса ҳали таркиб аъзоси эмасман. Базада қолай десам, база бир ўзим учун ишламайди. Шунда жамоа бошлиғи мени спорт ротага жойлаб кетди. Эртаси куни ротада кичик жанжал чиқди. Мен яхшиси жамоа қайтгунича Бокуга бориб келаман дедим-да, уйга кетдим. Бокуга қайтганимдан кейин "СК Боку"га боришни маъқул кўрдим. Жамоа раҳбарлари менга қайднома билан келишимни айтишди. Қайдномани эса туман ҳарбий хизматининг туман бўлимидан олишим лозим. У ерда мени неча йиллардан бери кутиб туришган эди (кулади). Мени тиббий кўрикдан ўтиш учун олиб қолишди. Соғлигим жойида. Кейин ўзим ҳақида сўрай бошладилар. Оилам, ота-онам. Уларнинг барча саволларига қониқарли жавоб бердим ва мени сўроқ қилган ҳарбий "афсуски, сиз бизнинг талабимизга кўра, Афғонистога кетадиган рўйхатга тўлиқ тўғри келасиз", деди”.

“Шундай қилиб 1981 йил 100 нафар аскар билан Қобулга учдим. Уруш 1979 йил бошланган, мен борган давр эса уруш анча қизиган йиллар эди. Икки йил давомида ҳарбий хизматни ўтадим. Катта-кичик орденларни қўлга киритдим. Уйга қайтганимда 85 кг вазнга эга эдим. Футбол ўйнагим келди ва яна Заяевнинг олдига бордим. Ҳарбий хизмат давомида бир маротаба Тошкентга келгандим. Ўшандаёқ менга Ўзбекистон ёқиб қолган. Шунинг учун ўзимга Ўзбекистондан жамоа қидира бошладим. Танишим орқали Eвгений Валицкий билан боғландим. 1984 йил унга қўнғироқ қилдим. У киши "Наримонов" жамоаси бош мураббийи эди. Менга "Ўзбекистон" меҳмонхонасига келишимни айтди. Тошкентга дам олгани келганимда, Тошкент вилоятида "Наримонов" деган тахтачани кўргандим. Шунинг учун жамоа Тошкентда фаолият олиб боради деб ўйладим”.



“Меҳмонхонага келдим, маошим ҳам зўр эди. Бундай маошни олий лига футболчилари олишмасди. Жамоанинг "Икарус" русумдаги автобуси бор эди. Тошкентга ташриф буюрган кунимнинг эртасига машғулотга бориш учун кўчага чиқсам, автобусимизни ўғирлаб кетишибди (кулади). Кейин уни Чиноздан топиб келишди. Ўғрилар Чинозгача ҳайдаб бориб, у ерда автобус ичидаги қимматбаҳо нарсаларни ечиб олишган экан. Шундан кейин ҳайдовчимиз тунни ҳам автобусда ўтказадиган бўлди. Дебютим "Целиноград" жамоасига қарши бўлди. Улар Қозоғистонда биринчи ўринни олган эдилар. Биз 2:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Балки ишонмайсиз, Eвгений Борисович ҳаётлар, ўзидан сўраб олишингиз мумкин. Ўша йили мени "Пахтакор"га чақиришди. Шунда мураббийим "Вадим, биласанми, тўғри "Пахтакор" олий лига жамоаси, лекин сен бизда 500 сўм маош оласан, мукофот пулимиз ҳам бор. "Пахтакор"га борсанг 160 сўм. Фарқини кўряпсанми?", - деди”.

“Шу тариқа "Пахтакор"га борганим йўқ. Тошкентдаги машғулотлар якунига етди. Автобусга чиқиб йўл юряпмиз, йўл юрсак ҳам мўл юряпмиз (кулади), аммо манзил кўринмайди. Жамоадошимдан яна қанча юрамиз десам, тунни ҳам автобусда ўтказишимизни айтди. Мен шундан кейин билдим-ки, "Наримонов" Хоразм жамоаси экан. Шу тариқа 1984 йилни "Наримонов"да ўтказдим. Бир йил ўтиб Валицкий ўрнига Пшеничников келди. Мен эса Тожикистоннинг "Ленинобод" жамоасига бордим. Пшеничников "Наримонов"да ёрдамим тегишини айтди, аммо 1-турдан кейин менга кетишимни айтди. Афсуски, энди бирон жамоада ўйнашим мумкин эмасди. Шунинг учун янада қуйироқ лигада ўйнашга мажбур бўлдим”.

“Шу тариқа Актобедаги маҳаллий жамоа сафидан жой олдим. Кейин "Соҳибкор"га келдим. Бу пайтда жамоани Григорий Цейтлин бошқарарди. Айнан унинг қўлида мен футболчилик фаолиятимга якун ясадим. "Пахтакор"нинг ўша йиллардаги жамоа бошлиғи бўлиб фаолият олиб борган Сергей Доценко мени клубга чақирди. 1987 йил "Пахтакор" биринчилардан бўлиб профессионал клуб мақомини олди. Энди жамоа ўзини-ўзи таъминлаши керак эди. Доценко президент, мен вице-президент лавозимига тайинландим. Пул ишлаб топиш учун биз Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида турнир ташкил этиб, у ерга Собиқ иттифоқнинг турли жаомаларини таклиф этдик. У пайтлар ҳозирдагидек Туркияга ҳеч ким бормасди. Жамоалар учун эса Ўзбекистоннинг иқлими айни муддао бўлди. Ўша йили клуб ишлаган пулни бугунга "чақадиган" бўлсак, 1 миллион АҚШ долларига тенг эди. Шу ерда битта муаммога дуч келдик. Гарчанд пулни ўзимиз ишлаб топсак-да, президент ва вице-президент катта маош ҳамда мукофот пули ололмасдилар”.



“Шунда мен маъмурлик лавозимига ўтдим. Бугун кўпчилик ўйлаганидек, мен ўша пайтлар формаларни ювмасдим. Уларни ювдиришга ақлим етарди. Маъмурни иши кенг эди. Барча ташкилий ишлар, жамоани сафарга юбориш ва кутиб олиш. Худдики, бугунги менежернинг ваколати. Ишим қизиқ эди. Ўзимга ҳам ёқарди. "Пахтакор" олий лигага чиққанидан кейин мени Юрий Вазгенович "Нефтчи"га чақирди. У ерда селекция бўйича мураббий этиб тайинланган бўлсам-да, бошқа ишларни ҳам бажардим. 4 йил давомида мустақил Ўзбекистон олий лигасида чемпионликни қўлга киритдик. Кейин эса футболдаги фаолиятимда танаффус пайдо бўлди. Ўзимнинг шахсий бизнесимни бошлаб юбордим”.

- "Нефтчи"да Неъматулло Қуттибоев ва Андрей Фёдоров узоқ муддатга футболдан четлатилган эдилар. Айнан шу йили Сиз Фарғонада фаолият олиб боргансиз. Мана шу даврни эсласак...
- ОФК ўшанда бизнинг футболчиларга нисбатан адолатсизлик қилганди. У пайтларда ОФКнинг тажрибаси ҳам катта эмас эди. ОФКнинг янги аъзолари бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон футболни тушуниш ва ўйнаш борасида улардан бир калла устун турарди. Аммо улар бизни назарга илмай бошладилар. Бир сафар Ўзбекистондаги ўйинга анчагина ортиқча вазнга эга бўлган БААдан ҳакам келган. 1994 йили "Нефтчи" Осиё Чемпионлари Кубоги саралаш мусобақасининг биринчи босқичида "Eлимай" клубига қарши баҳс олиб бориши керак эди. Бу жуфтлик ғолиби "Ал Наср" билан ўйнаши керак бўлган. Ҳали қозоқлар билан ўйнамай туриб, бизга "Ал Наср" вакили меҳмон бўлиб келган ва кейинги босқичдаги иккита ўйинни ҳам Ар Риёдда ўтказиш таклифи билан чиқди. Бунинг учун улар барча шароитларни муҳайё қилишлари, ҳаттоки чартер рейс ташкил қилиб беришга ваъда беришди. Аммо "Нефтчи" бунга рози бўлмаган. Биз учун ўз майдонимизда мухлисларнинг тутган ўрни катта бўлди. "Ал Наср" вакилидан нима учун бизга мурожаат қиляпсизлар, ҳали ўйин бўлмаган бўлса, балки "Eлимай" кейинги босқичга чиқиши мумкин деган саволимизга, улар "Нефтчи"ни кейинги раундга чиқишига шубҳа қилмаётганликларини айтишди. Кейин билсак, улар худди шундай таклиф билан Қозоғистонга ҳам борган эканлар.

"Eлимай"ни ўз майдонимизда 3:1 ҳисобда мағлубиятга учратдик. Жавоб учрашувида тожикистонлик ҳакам ўйинни “бузиб” юборди. Асосий дақиқа 3:1 ҳисобида якунига етди. Қўшимча дақиқада эса пенальти ўйлаб топилди. Бундан ғазабга келган футболчиларимиз, Қуттибоев ва Фёдоров ҳакамни уриб, нокдаун ҳолатига туширдилар. Кейин майдонда жанжал чиқди. Кўп ўтмай бу икки футболчимизни 2 йилдан 3 йилгача футболдан четлатишди. Шунда мен ўйин кассетасини олиб ОФК генерал секретари Петер Велаппан билан учрашдим. Аммо у ўйин кассетасини кўришни истамади, учрашув комиссарининг аризасининг ўзи етишини айтди. Шу тариқа футболчиларимиз узоқ муддатга сафдан чиқдилар”.



- Кейин касбингизда танаффус бўлди ва бир неча йил ўтиб "НБУ-Осиё" жамоасида фаолиятингизни тикладингиз?

- Танишларим билан ҳамкорликда жамоа тузишга муваффақ бўлдик. Иккинчи лигада муваффақият қозондик ва биринчи лигага чиқдик. Жамоа ёмон эмасди. Идиатулин, Соломин, Навкаров ва Айзатулов катта футболдаги дастлабки қадамларини "НБУ-Осиё" орқали бошладилар. Тошкентда жуда кўп истеъдодлар бор, фақат улар ҳеч кимга керак эмасдек. Аниқроғи, уларни танлаб олиш қийиндек. Бу футболчилар клуб очилганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, бизни топиб келишган. Кейинчалик барчаси олий лигада ўйнаб кетишди.

- Кейин "Трактор"...

- "Трактор" олий лигадан чиқиб кетишга яқин турган пайтда мени жамоага таклиф этишди. Шу тариқа анча йил давомида ҳаётим шу клуб билан боғланди.

- Бугунги кун футболида бирон нарсани ўйлаб топиш шарт эмас. Барча "ихтиролар" қилиниб бўлинган, фақатгина иш тўғри йўлга қўйилса бўлгани. Сизнинг қўл остингизда МТЖ "Барселона" услубида тўп тепди, лекин ҳамма ҳам билмайди, ўз пайтида "Трактор" Лондоннинг "Арсенал" жамоаси услубидан фойдаланар эди. Ўша йиллари "Арсенал" Eвропанинг энг кучли клублари қаторидан жой оларди. Шахсан ўзимга "Трактор" ғалаба қозонадими ёки йўқ, мазза қилиб футбол кўрардим...
- Кўрганмисиз ёки йўқ "НБУ-Осиё" ҳам "Трактор"га ўхшаб ўйнар эди. Мен ишимни бу ерда давом эттирдим. 2003 йилни иккинчи даврасида "Трактор"га келдим. Кўплаб футболчилар жамоани тарк этишни исташди. Мен болаларни йиғдим-да, ким жамоада қолишни истаса хурсанд бўлишимни айтдим, холос. Аввалдан ҳамма биларди, "Трактор"да пул йўқ. Жамоа билан хайрлашишни истаганларни бепул қўйиб юборишимни айтдим. Кетадиганлар кетишди.

- Жамоани тарк этган футболчилар кейинчалик ўз ўринларни топиб кетишдими, сир бўлмаса ўша футболчилар ким эди?

- Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Булар - Ғулом Ҳалимтоев ва Акмал Рисқуллаев. Рисқуллаев билан қизиқ ҳолат юз берган. Рисқуллаев 2000 АҚШ доллари миқдорида кўтарма пули беришга вада қилинганлигини эслатди. Шу кунгача у 3та гол урган эди. Агар мавсум якунига қадар 10та тўп урса, 10 000 АҚШ доллари беришимни айтдим, рози бўлмагач 5та голга тушдим. У "Динамо"га ўтди. Қизиғи шунда-ки, "Динамо" - "Трактор" учрашувида биз 1:0 ҳисобида ютқаздик, ягона голни ўша ўйинда Рисқуллаев киритди. Мавсум давомида у жами 6та гол урди ва кейинчалик ҳимоячи амплуасида ҳаракат қила бошлади.



- Услубингиздан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, сиз учун футболчининг ёши аҳамият касб этмайди. 2006 йил "Трактор"да Ойбек Қиличев 17 ёшида дебют қилиб, деярли барча ўйинларда майдонга тушарди. Нўъмон Ҳасанов эса иккинчи ёшлигини айнан сизнинг қўл остингизда ўтгазган. 2007 йил у 36 ёш эди.

- Гап паспортдаги ёшда эмас, унинг истеъдодида. Мураббийнинг истеъдоди эса футболчини кўра билишда. Масалан, сиз ўз гавдангиздан келиб чиқиб, минг машғулот қилманг 3-4 смга ўса оласиз. Табиатни алдаб бўлмайди. Ҳар бир инсоннинг ўз юқори чўққиси бўлади. Чўққидан юқорисини эса талаб қилиб бўлмайди. Биз футболчилик фаолиятини тугатишни истаётган Ҳасановни жуда катта суммага "Шўртан"га сотганмиз. Мени асосий мижозим "Пахтакор" эди, уларда кўплаб футболчилар бўлса-да, доимий равишда "Трактор"дан футболчи сотиб олишарди.

- "Трактор" футболчилар учун трамплин вазифасини бажарарди...

- Бировга керак бўлмай қолган футболчилар "Трактор"га келишарди. Қишки машғулотларда 100дан ортиқ футболчилар синовимиздан ўтардилар. Бир кунда "Трактор" учтагача ўртоқлик учрашуви ўтказарди. Баъзилар куларди.

- Аслида бундай ўйинчилар юз эмас, минглаб. Афсуски мураббийларимиз кўришмайди...
- Бўлмасам-чи? Футбол - бу жамоавий ўйин. Агар сиз ўйинни тўғри йўлга қўя олсангиз, таркибдаги икки нафар ўйнашни билмайдиган футболчи ҳам умумжамоа ичида кўринмай кетади. Ўз пайтида бир нечта чемпион жамоаларнинг сафида ҳам зўр бўлмаган ўйинчилар бўлган.

Давоми бор...

Нодирхўжа Юлдашев суҳбатлашди.
Фото: Толибжон Қосимов.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика