Равшан Отажонов: “Хоразм вилояти футбол федерацияси бир йилда 54та мусобақа ўтказишни режалаштирган”
22 июн 2016 09:30
Янгиликлар
Равшан Отажонов: “Хоразм вилояти футбол федерацияси бир йилда 54та мусобақа ўтказишни режалаштирган”
Вилоят футболи расмийлари билан учрашдик, улар билан суҳбатлашиб, ютуқ ва камчиликлар ҳақида гаплашдик. Бугунги суҳбатдошимиз Хоразм вилояти футбол федерацияси биринчи вице-президенти Равшан Отажонов Самимий, очиқкўнгил бу инсон бизни вилоятнинг бугунги куни билан яқиндан таништиришда жонбозлик кўрсатди.
- Суҳбатимиз аввалида Хоразм вилояти футбол федерациясининг бугунги фаолияти билан яқиндан таништирсангиз.
- Йиллик тақвим режамиз ишлаб чиқилган. Мазкур режадан 54та мусобақа ўтказиш ўрин олган. Булар – Болалар лигаси, вилоят чемпионати, футзал биринчилиги, оммавий футбол баҳсларидир. Асосий мусобақаларимиздан бири бўлган 2-лигани мунтазам равишда ўтказиб келяпмиз. Турнирда ҳар йили 13-14та жамоа қатнашмоқда. Ёшларнинг келажагини инобатга олган ҳолда турнирда ёшни чегаралаб қўйганмиз. Яъни, 2-лигада 25 ёшгача бўлган футболчилар тўп тепа олади. Бошланғич таркибда камида 5 нафар 18 ёшли ўйинчи бўлиши шарт. Бизнинг биринчи вазифамиз “Хоразм” клубига ўйинчи етишиб чиқишини таъминлашдир. Хабарингиз бўлса керак, вилоятимизнинг бош жамоасида бу йил сезиларли ўзгаришлар юз берди. Таркиб янгиланди. Футболчиларнинг аксари илгари иккинчи лигада ўйнаган.
Мини-футбол бўйича турли ёш тоифасига ажратиб Болалар лигасини ҳам ўтказиб келяпмиз. Тур ўйинларини навбатма-навбат туманлардаги марказий стадионларда ташкил қилдик. Сабаби, шу орқали чекка-чекка қишлоқларда ҳам шароитларни яхшилаш ва миллионлар ўйини олиб киришни мақсад қилганмиз. Ҳозирги кунда Урганч шаҳрининг ўзида 20дан ортиқ сунъий қопламали майдонлар бор. Бундай майдонларга туманларимизда ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин. Болалар лигасининг асосий ўйинларини ҳам худди шу тартибда ўтказамиз. Ҳар иккаласида ҳам 26тадан ортиқ жамоа қатнашади. Бундан ташқари, Фахрийлар ўртасида мусобақалар, хотира турнирлари ўтказиб келяпмиз. Қолаверса, маҳаллаларни ҳам эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қиляпмиз. Улар ўртасида ҳам турнирлар ташкил қиляпмиз.
- Федерация “Хоразм” футбол клуби учун ишлаётганини таъкидладингиз. Жамоа бу йил уй учрашувларини Янгибозордаги стадионда ўтказмоқда. Майдоннинг аҳволини жуда яхши биласиз. Клубга шароитлар борасида амалий ёрдам бериш бўйича федерация қандайдир ишни амалга ошира оладими?
- «Хоразм» ўйинларини Янгибозорда ўтказса-да, машғулотларни Урганчдаги “Спартак” ўйингоҳида олиб бормоқда. Сиз кўрган олимпия захиралари коллежига қарашли майдон куни кеча учрашувларни қабул қилишга тайёр бўлди. Бу майдонда ҳам машғулот ўтказишлари мумкин. Қолаверса, Урганда янги сунъий қопламали майдон ҳам қуриб битказилди. Шунчаки, ҳали стадион фойдаланишга топширилгани йўқ. Бундан ташқари, асосий майдонимиз бўлмиш – “Олимпия” ҳам реконструкциядан чиқарилди. Тез орада бу ўйингоҳ клубга топширилади. Шундан кейин “Хоразм” рақибларини талабга жавоб берадиган стадионда қабул қилади.
- Яна бир гап эшитдик. “Хоразм”нинг айрим етакчилари турли сабабларга кўра, клубни тарк этибди. Тўғри, бу жамоанинг ички сири. Бироқ вилоят футболи раҳбари сифатида бунинг сабабини ўрганиб чиқмадингизми?
- Жамоани тарк этган иккала футболчи билан ҳам суҳбатлашдим. Улар йиғилиш ўтказиб, масалага ойдинлик киритиб беришимни сўради. Албатта, йиғилиш ўтказамиз ва бу тушунмовчиликнинг ечимини топамиз. Чунки вазият бундай қолиши мумкин эмас. Ҳақиқат қарор топиши лозим.
- Вилоят жамоаларини Республика миқиёсидаги иштироклари ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ўтган йили болалар жамоаларимиз Республика чемпионатидаги 6та турнирда қатнашди. 2001 ва 2004 йилларда туғилган болалардан иборат жамоаларимиз учинчи ўринни қўлга киритди. Ўйлашимча, бу ёмон кўрсаткич эмас.
- Мураббий ва ҳакамларнинг савиясини ошириш мақсадида семинарлар ўтказиляптими?
- Албатта. Хусусан, икки марта мураббийлик курсларини ташкил қилдик. Курсларда жами 70 нафарга яқин мутахассис таълим олди. Ҳакамларга ҳам ҳар йили семинар ташкил қиламиз. Ўтган йили семинарда маъруза ўқиш учун Фарҳод Абдуллаевни таклиф қилгандик. Бу йил Александр Попов Урганчда ҳакамларимизга маъруга ўқийди. Бундан ташқари, маҳаллий мутахассис Булат Галеев ҳам доимо ҳакамларимизни янгиликлардан бохабар қилиб туради. Ҳар йили камида икки нафар ёш ҳакамимизни ўқишга жўнатамиз.
- Федерация раҳбари сифатида вилоятдаги футбол учун масъулсиз. Табиийки, бу йўлда ҳар хил тўсиқларга дуч келасиз. Айтингчи, азал-азалдан ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган Хоразмнинг қайси туманларида муаммолар бор? Жумладан, расмий шахслар миллионлар ўйининг ривожи учун сизга ёрдам беришда оқсаяпти?
- Бунинг учун сизни вилоят бўйлаб саёҳатга олиб чиқишим керак. Туманлардаги вазиятларни ўз кўзингиз билан кўрсангиз, барчасига гувоҳ бўлардингиз. Федерация расмийлари ҳар йили иккинчи лига ўйинлари старт олишидан аввал туманлардаги стадионларни ўрганиб чиқади. Яъни, мусобақа ўтказишга тайёрми-йўқми, кўриб чиқамиз. Албатта биз қабулга боргинимизга қадар барча шароитларни тўғирлаб қўйишади. Очиғи, шароитлар ҳаминқадар бўлса-да, уларни қабул қиламиз.
- Бу йилги иккинчи лига мусобақаси қачон старт олади?
- Режага кўра, вилоят чемпионати июнь ойида старт олади. Айни вақтда мини-футбол биринчилигини ўтказяпмиз. 2-лига клубларига бадал пулини 2 миллион сўм қилиб белгилаганмиз. Бу сумма ичида ҳакамларнинг тўлови ҳам кириб кетади. Қолган мусобақалар учун иштирокчилардан бадал пуллари олмаймиз.
- Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг вилоят бўлими билан алоқалар йўлга қўйилганми?
- Албатта, ҳамкорлигимиз бор. Ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда фаолият юритиб келяпмиз.
- Аёллар футболи ҳақида ҳам гаплашсак.
- Бу томондан ҳам ютуқларимиз етарлича. Етти нафар футболчи қизимиз Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. Шунинг ўзиёқ сўзимга исбот бўла олади.
- Вилоятдаги мактаб-интернатлар тўғрисида ҳам маълумот берсангиз.
- Бугунги кунда Хоразм вилоятида 4та футболга ихтисослашган мактаб-интернат фаолият кўрсатмоқда. Урганч, Янгибозор, Хива ва Боғот туманларида мактаб-интернатлар ишлаб турибди. Тўрттала мактабда ҳам янги раҳбар иш бошлади. Уларнинг барчасида олдинга қадам ташланмоқда. Урганчдаги мактаб тарбияланувчилари пойтахтда ўтказилган Республика чемпионатининг минтақавий босқичида биринчи ўринни эгаллади.
- Иқтидорлар чекка-чекка қишлоқларда дейишади. Селекция борасида кимдир масъулми?
- Селекционер мураббийимиз бор. Вилоят жамоаларига иқтидорларни танлаб олиш борасида ўзи алоҳида шуғулланади. Қайси туманда турнир бўлишидан қатъий назар, бориб-кўриб, иқтидорларни саралаб олади. Кўз остига олиб қўйган иқтидорларни “Хоразм”га, ёшига кўра терма жамоага ҳам таклиф қилади.
- Иш бор жойда камчилик ҳар доим бўлади. Сизни қандай муаммолар ўйлантирмоқда?
- Муаммо ҳаммада бўлади. Бусиз иложи бўлмаса керак. Аммо вилоятимиздаги муаммоларни оммага кўтариб чиқишни истамайман. Чунки бу борада иш олиб боряпмиз. Лекин истайсизми-йўқми, камчиликларни бутунлай бартараф қилиш мушкул.
- Вилоят футбол федерациясининг келажак режалари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
- Ҳар йилнинг бошида ўз олдимизга мақсад ва вазифа қўйиб, шу асосда иш олиб борамиз. 2001 йилда туғилган болалардан иборат вилоят жамоамиз уч йилдан буён Республика чемпионатида кўтаринки руҳда қатнашиб келмоқда. Шу жамоамизни энди хорижга чиқаришни мақсад қилганмиз. Ҳозирда ЎФФ билан бу борада гаплашяпмиз. Насиб қилса, октябрь ойида бу иш амалга ошади. Биласиз, болалар хорижни кўришса, дунёқараши ўзгаради. Табиийки, бу уларнинг савиясига таъсир қилади. Бундан ташқари, турли мутахассисларнинг ёрдами билан мастер-класслар ўтказиб турамиз. Ўтган йили кореялик мутахассисларни таклиф қилгандик. Қолаверса, вилоят футболи тарбияланувчилари Жамшид Искандеров, Жалолиддин Машарипов Урганчга ташриф буюриб, ёш укаларига мастер-класс ўтказиб беради. Машғулотларда ўтказишади, болалар билан футбол ўйнади. Албатта, бундай ишлар ёш болаларнинг руҳиятига ижобий таъсир қилмоқда.
Фурқатбек НИШОНОВ
Фикрлар