Қувондиқ Рўзиев: “Қўқон-1912” учун жонимни беришга тайёрман"
24 июл 2017 09:53
Янгиликлар
Қувондиқ Рўзиев: “Қўқон-1912” учун жонимни беришга тайёрман"
Жамоага қайтган Қувондиқ Рўзиев билан фаолияти ва келажаги борасида суҳбатлашдик.
- Қувондиқ жамоамизга хуш келибсиз. Сизни яна Қўқонда кўриб турганимиздан хурсандмиз.
- Авваламбор барча Қўқонлик мухлисларга алангали салом. Орадан бир ярим йил ўтиб яна Қўқонга қайтганимдан хурсандман. “Қўқон-1912”га қайтишни хаммадан кўп ўзим истадим. Бош мураббий мени жамоага таклиф қилгач , бошқа таклифлар ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмадим. Чунки мени футболчи сифатида танитган жамоа бу “Қўқон-1912” бўлади. Бу жамоа учун жонимни бериб ўйнашга тайёрман.
- Орадан ўтган бир ярим йил ҳаётингизда қандай ўзгаришлар рўй берди ?
- Ўтган бир ярим йилда қанчалик қийналганимни фақат ўзим биламан. Футболсиз яшаш жуда қийин бўлди. Эртага ўйнамаслигингни билиб туриб машғулотларда иштирок этишдан қийин нарса йўқ экан.Бир ярим йил Қўқондаги ўйинларим хотираси билан яшадим. Тушкунликка тушган вақтларим бўлди. Яхшиям оила аъзоларим бор, улар менга катта руҳий далда бўлишди. Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби бўлган бўлсамда, бир ярим йил умримни беҳуда йўқотдим. Энди бундай хатони такрорламасликка ҳаракат қиламан. Ўзимга қолса фаолиятимни сўнггигача Қўқонда ўйнаган бўлардим, лекин ихтиёр менда эмас эди. Яна эски даражамга чиқиш, мухлисларнинг ёқимли футболчиси бўлиш учун жонимни беришга тайёрман.
- Жамоада сиз ўйнайдиган чизиқдаги рақобат етарли. Нима деб ўйлайсиз асосий таркибдан жой эгаллай оласизми ?
- Рақобатни борлиги яхши. Чунки рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Албатта асосий таркибдан хеч кимга жой кафолатланмаган. Мен асосий таркибдан жой олиш учун тинимсиз менат қилишга, шу орқали мураббий ва мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
-“Қўқон-1912” жамоаси 2-даврада ҳам етакчилар қаторида бўладими, сизни фикрингиз қандай ?
- Жамоа 1-даврада жуда яхши натижаларни кўрсатди. Энди иккинчи даврада бундан ҳам яхши ўйин кўрсатиб, жадвалдаги мавқеимизни сақлаб қолишимиз талаб этилади. Мана жамоага мендан ташқари Дониёр Ҳасанов ҳам қўшилди. Ҳасанов 1-даврада “Обод” жамоасининг юраги бўлди десам адашмаган бўламан. Энди барчамиз биргаликда “Қўқон-1912” жамоасини совриндорлар қаторидан ўрин олиши учун бор куч ғайратимизни ишга соламиз.
- Қўқонлик мухлисларга тилакларингиз.
- Барчаларига соғлик-саломатлик, оилаларига хотиржамлик тилайман. Мен уларни соғинганман. Яна стадионимизни тўлдириб жамоамизни қўллаб туришларини истайман.
Акрамжон Мамадалиев суҳбатлашди.
Фикрлар