Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаб кетган юлдуз ҳақида мақола
26 ноя 2019 21:07
Янгиликлар
Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаб кетган юлдуз ҳақида мақола
Мақсад нақадар жиддийлиги боис ўша пайтдаги федерация раҳбарияти четдан мураббий олиб келишга қарор қилади. Орадан кўп ўтмай россиялик мутахассис Владимир Сальков терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланди. Сальковга вазифани бажариш учун аввало яхши футболчилар керак эди. Албатта, ўзимизда ҳар доим моҳир ўйинчилар етарли бўлган, бироқ вазифани бажаришга келганда кўпинча оқсаб қолганмиз.
Шундан сўнг ЎФФ раҳбарияти четдан футболчиларни таклиф этиб уларни “ўзбеклаштиради”. Булар - Алексей Поляков, Владимир Маминов, Олег Пашинин, Алексей Дионисиев ва Георгий Георгиев. Бу футболчилар орасида энг кўп ёдда қолгани Олег Пашинин билан Владимир Маминов бўлса керак.
Бири марказий ҳимояда, бири ярим ҳимояда анча яхши ўйин кўрсатган. Бироқ афсуски, якунда барибир вазифа бажарилмади: биз жаҳон чемпионатига чиқа олмаганмиз. Ўшанда Бора Милутинович бошчилигидаги Хитой улоқни илиб кетганди. БАА терма жамоаси иккинчи ўрин билан плей-оффга йўл олган, биз эса учинчи ўринни эгаллаб гуруҳда қолиб кетгандик.
Шунга қарамай Владимир Маминов мухлисларда ижобий таассурот қолдирди. Уни ҳалигача ширин хотиралар билан эслаб турамиз. Шу боис қуйида Маминов ҳақида тўхталишни лозим топдик.
"Локомотив"да 16 йил ўйнаган футболчи
Москванинг “Локомотив” клуби ҳар йили чемпионлик учун курашади. Бу жамоа ҳар доим яхши таркибга эга бўлган. Ўз пайтида “Локо”ни Владимир Маминовсиз тасаввур қилиб бўлмасди. Маминов Москва “темирйўлчилари” сафида 16 йил фаолият олиб борди, ҳавас қилса арзирли кўрсаткич, шундай эмасми? У 16 йил ичида клуб сафида 400дан зиёд учрашувда майдонга тушди. Ундан кўп ўйин ўтказган фақат бир футболчи бор: Дмитрий Лоськов.
Лоськов асосан ҳимоячиларни алдаб ўтиши, нозик тўп узатишлари, дарвозанинг “тўққизлик” бурчагига тўпни "михлаб қўйиши" ҳамда 100тага яқин гол ургани билан ёдда қолган. Маминов эса бошқача эди. У рақибдан жимгина тўпни олиб қўйиб қулай турган шеригига узатишни лозим кўрарди. Бир ўйинда тўпни олиб қўйиб ҳужумни бошлаш ўртача ўн марта кузатилган. Маминов кўпроқ узоқдан зарба беришни хуш кўрар, баъзан жарима зарбаларини ҳам амалга ошириб турарди. Камгап ва камтарин эди ҳамда кўп интервью бермасди.
Олти ойлик жароҳат
Маминовга яқин кишиларнинг айтишича, у футболдан бошқа ҳеч нарсани ўйламаган. 90-йиллар бошида “Локомотив” ўринбосарларида ўйнаб юрарди. Футболдан ташқари ўқишга ҳам катта аҳамият берар, мактабда деярли “уч” олмасди. Мактабни тугатиб бўлажак юлдуз бирданига учта олийгоҳга имтиҳон топширади: қурувчи-муҳандислик, автомобиль йўллари ва транспорт институти. Биринчи йил ҳаммасидан йиқилади ва кейинги йил яна имтиҳон топшириб бир амаллаб ўқишга киради.
Бу орада ўқиш билан бирга футбол ҳам давом этарди. Маминов ҳамон ўринбосарлар таркибида ўйнар, бир кун келиб ўзининг юлдузи порлашини кутарди. Фақат орадан икки йил ўтиб Юрий Сёмин уни асосий таркибда синаб кўрди. Афсуски, Маминовнинг “Локо” асосий таркибидаги дебюти муваффақиятли чиқмади, у оғир жароҳат олиб узоқ муддатга сафдан чиқди.
Орадан олти ой ўтиб яна майдонга қайтган Маминов жароҳат олган пайти бунчалик тез қайтишига ишонмаганини айтганди. Жароҳатдан соғайиб яна асосий таркибда ўйнаб кетиш осон эмасди. Маминов ўрнини аллақачон бошқа футболчилар эгаллаган, клуб эса юқори ўринлар учун курашишда давом этарди.
Омадли йиллар
Ўшанда кўпчилик Маминов ҳақида салбий фикрга бора бошлайди. Эмишки, мўмайгина пул эвазига захирада ўтиришга ҳам тайёр, ахир бошқа клубда “Локо”дагидек катта пул тўлашмайди-да. Бу гапларни эслар экан, ҳаммаси аҳмоқлик - дейди Маминов, - мен ҳеч қачон пулни биринчи ўринга қўймаганман, фақат “Локомотив”да ўз пайтим келишини кутганман холос.
2001 йилга келиб Владимир Маминов “темирйўлчилар”нинг ҳақиқий етакчисига айланди. Унинг айниқса Европа чемпионлар лигасида Бельгиянинг “Андерлехт” клубига қарши ўйиндаги ҳаракати, тўпни дарвозанинг “тўққизлигига” жойлаб қўйиши олқишларга сазовор бўлди. Мавсум якунига етгач Маминов Россия чемпионатининг “Энг яхши ярим ҳимоячиси” деб топилди.
Яхши футболчига ҳар доим талабгор чиқади. Маминов ўзини кўрсатаётган маҳал унга дастлаб “Андерлехт”, сўнг Италиянинг “Кьево” клубидан таклиф тушади. Лекин у ҳеч қачон “Локомотив”дан кетишни истамаган. Қолаверса Юрий Сёмин учун доим керакли футболчи бўлган. 2002/2003 йилги мавсумда “Интер” 3:0 ҳисобида мағлуб этилгач, Мамииновга янги таклифлар кела бошлайди. Лекин футболчи ўзи меҳр берган клубни ташлаб кета олмайди.
2002 ва 2004 йилларда Маминов “Локо” билан Россия чемпионлигини қўлга киритади. Унинг учун клубда ҳаммаси жойида бўлиб, фақат терма жамоада ўйнамаётгани юракка оғриқ берарди. Лекин тўғри тушуниш керак, ўшанда Россия терма жамоасининг марказий ярим ҳимояси жуда кучли бўлиб рақобатда енгиб чиқиш осон эмасди.
Ўзбекистондан чақирув
Маминов клубда ўз пайти келишини керак бўлса ойлаб кутарди, аммо терма жамоа кутмасди. Вақт эса кетаётганди. Шундай кунларнинг бирида 2001 йил Маминовга Ўзбекистон терма жамоасида ўзини синаб кўриш таклифи тушади. Натижада жамоадошлари Олег Пашинин ва Алексей Поляков билан қуёшли ўлкамиз томон йўл олади. Ўшанда Россия терма жамоасини “абадий спартакчи” Олег Романцев бошқарар, марказда кўпроқ Смертин, Мостовой, Титов, Аленичев, Хохлов, Семак кабиларни афзал кўрарди. Табиийки Романцев “локочилар”га кўп эътибор қаратмаган.
“Мен жуда тўғри қарор қабул қилганман, - эслайди Маминов. - Менда Россия терма жамоасида ўйнаш имкони деярли йўқ эди. Январда Владимир Сальков Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлангач, мени ҳам таклиф этди. Бориш-бормаслик ҳақида бир ой ўйладим. Кейин терма жамоада ўйнамасам бутун мур азоб чекишимни ўйлаб рози бўлдим.
"Баҳорда Ўзбекистон паспортига эга бўлдим. Ўшанда илк ўйинимни Тошкентда Хитой Тайпейига қарши ўтказганман. “Пахтакор” стадионига 40 минг зиёд мухлис келгани ва биз 7:0 ҳисобида ғалаба қозонганимиз ҳамон ёдимда. Мен илгари бунчалик кўп мухлис қаршисида умуман ўйнамагандим”.
Ҳа, Маминов ёдга олганидек жуда ажойиб даврлар бўлган. Дастлабки учрашув, 7:0 ҳисобидаги ғалаба, тўртинчи голни Маминовнинг ўзи йиқилаётиб чалқанча услубда дарвоза тўрига жойлаб қўйиши - терма жамоада ўйнашни истаган футболчига бундан ортиқ яна нима керак!
Ўйлаймизки, Маминов Россия терма жамоасида қачон пайти келишини кутмасдан тўғри қилган. Чунки у ўшанда 27 ёш бўлиб, яна бир-икки йил кутганида аллақачон “қария”га чиқариб қўйишар, шу билан терма жамоани кўрмай ўтиб кетган бўларди. Маминов ҳақида унинг яқин дўсти Дмитрий Сенников шундай эслайди: “Володя ниҳоятда камсуқум ва оддий йигит бўлиб, кўп ҳам жамотчилик олдида кўриниш беришни хоҳламасди. У бўш пайтини оиласи билан уйда ўтказарди. Ташқарига кўп чиқмасди. Мен уни дўстлари учун ёпиқ одам эди деб айта олмайман, бироқ ўзи танимаган кишилар ҳамда айниқса матбуот учун ёпиқ эди. У деярли интервью бермасди”.
34 ёшида футбол билан хайрлашган
2005 йилдан кейин Маминов жуда кам майдонга туша бошлади. Лекин майдонга тушган кезлари уни тўхтатиб қолиш қийин эди: бир ўйинда ўртача 15 км. югуриб, бу борада ҳаттоки “Милан” ярим ҳимоячиси Женнаро Гаттузони ортда қолдирганди. 2008 йил ноябрга келиб Маминов “Локо” сафидаги 400-учрашувини ўтказди. Юбилей учрашув ниҳоятда ёдда қоларли бўлиб, жамоа мухлислари трибунада “16 мавсум биз билан бирга. Биз учун фахрланишса арзийдиган сабаб бор” ёзуви туширилган баннерни кўтаришади.
Маминов бошида нималар бўлаётгани тушунмаган, чунки ҳеч ким унга ҳозиргина 400-ўйинида майдонга тушганини айтмаганди. Фақат баҳс ниҳоясига етганидан сўнг шерикларидан нима бўляпти деб сўрайди, шунда футболчилардан бири “Володя, бугун “Локомотив” сафида 400-ўйинингни ўтказдинг” дейди. 2008 йил охирига келиб мухлислар “Локо” фан-клуби томонидан ўйлаб топилган “Пўлат рельс” совринини ҳеч иккиланмай Владимир Маминовга тақдим этишади.
Бу соврин жамоа ишқибозлари томонидан ўйлаб топилган бўлиб, нафақат энг яхши ўйин кўрсатган футболчи, балки клуб тарихини ҳурмат қилган ҳолда намуна ва ахлоқ жиҳатдан бошқаларга ўрнак бўла олганларга берилади. Бундай совринга Олег Пашинин, Сергей Гуренко, Владимир Маминов каби футболчилар лойиқ кўрилган.
Владимир Маминов 34 ёшда футболчилик фаолиятига нуқта қўйди. Уни асосий таркиб мураббийлар штабига ишга таклиф этишди ва Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Юрий Сёмин, Юрий Красножан каби мутахассисларга ёрдамчи бўлиб ишлади. 2011 йилнинг ёзида вақтинча бош мураббий сифатида ҳам ишлаб кўрди. Сўнгра икки йил “Локо” ёшлар жамоасига устозлик қилди.
Орадан кўп ўтмай уни “Локомотив”нинг янги президенти Ольга Смородская ишдан кетказди. “Локо”дан ташқарида Маминовнинг ишлари деярли юришмади. У оз муддат “Рубин”, “Химки”, “Солярис”, “Тюмень” клубларида ишлаб кўрди, бироқ ҳеч қайси жамоада бир ярим йилдан ортиқ қолмади. Ҳозир эса ўз вақтида нафақат рус, балки ўзбекистонлик мухлислар меҳрини қозонган собиқ ярим ҳимоячи ишсиз юрибди.
Фикрлар