UZ

Сўнгги янгиликлар

08:04Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур якунланади ва 3-тур бошланади  0 07:38Футзал. Бугун Эронга қарши финал йўлланмаси учун баҳс олиб борамиз  3 07:15U-23 Осиё кубоги. Қатар - Япония 2:4  0 07:12Реванш олиш вақти келди. Бугун Ўзбекистон ОТЖ Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади  20 07:10U-23 Осиё кубоги. Жанубий Корея - Индонезия 2:2 (пенальтилар 10:11)  1 07:05Серия А. "Удинезе" - "Рома" 1:2  0 07:00АПЛ. "Брайтон" - "Манчестер Сити" 0:4  0 04:48Интервью. Исломбек Исмоилов: "Мураббийнинг ҳаёти ўйиндан ўйингача"  1 01:56U-23 Осиё кубоги. Даҳшат! Индонезия Жанубий Кореяни енгиб, ярим финалга йўл олди. Жамоалар 12 тадан пенальти тепишди  47 00:28Швейцария Суперлигасида ўйин олдидан қорли стадионни мухлислар тозалашди  0 00:11U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши ўйинолди машғулоти ўтказди  3 23:54АПЛда ўйнайдиган икки нафар футболчи зўравонликда гумонланиб, ҳибсга олинди  9 23:37Франция президенти Дрогба ва Азар билан бир жамоада футбол ўйнаб, пенальтидан гол урди  3 23:10Ҳожимат Эркинов: "Учрашувнинг асосий вақтида ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз"  14 22:46Ямал тепган тўп дарвозага кирганмиди? Лунин жавоб берди  35

Мираброр Усмонов - У энди орамизда йўқ! Янгиликлар

Мираброр Усмонов - У энди орамизда йўқ!

Куни кеча "Ўзбекистон 24" каналида Мираброр Усмоновнинг тазиясига бағишланган 4 дақиқалик репортажни кўриб шунга амин бўлдимки, юрт ўзи учун қадрли фарзандидан айрилди.

Шавкат Мирзиёев тўғри гапларни айтиб ўтди, Мираброр Усмонов Ўзбекистон мустақилликка эришган илк пайтларда юртга жуда катта фойдаси теккан инсонлардан бири эди. Шунинг учун ҳам юртбоши унинг хонадонида бўлиб, оиласига тасалли берди. 

Одатда биз бир нимани йўқотганимиздан кейин унинг қадрига етамиз. Лекин Мираброр Усмоновни сўнгги кунларда жуда кўп эсладик. У қилган ишлар, у эришган натижалар асрга татиса ажаб эмас.

2006 йил Зарафшон концерт зали. Санжар Ризаев бор йўғи 5-6 нафар ОАВ вакилларини тадбирга таклиф этган. Бир неча кун аввал ЎФФда ўзгариш бўлган ва унга Мираброр Усмонов раҳбар этиб тайинланган. Ахбор Имомхўжаев, Владимир Сафаров, Улуғбек Мирзаев, Бахтиёр Ширинов, Баҳодир Мирзаев, Тимур Низаев, ёдимда қолганлар шу кишилар. Ўшанда эндигина 19 ёшга киргандим. sport.myp.uz сайтининг муҳаррири эдим. 

Шу куни залга бутун футбол олами вакиллари йиғилган эдилар. Мираброр Зуфарович ҳеч кимни урушмади, ҳеч кимни ишдан олмади. Бир гапи ҳамон ёдимда, у киши шундай деди "келинг аввал футболга пул олиб кирайлик, кейин натижалар ўзи келсин. Аввал маошларни бир кўриб чиқамиз, кейин натижага эришамиз". Бу пайтда "Пахтакор" ва "Нефтчи" жамоаларини инобатга олмасангиз, ора-сира "Дўстлик", МХСК клублари чиқиб қолар, қолган жамоаларнинг молиявий ҳолатлари ҳамингқадар, уй рўзғорга етиб турарди. Айрим жамоалар маош ўрнига полиз маҳсулотлари билан ҳисоб китоб қилиб турганликларини ҳам эшитиб турардик. У пайтлар интернет энди кириб келаётган, ТВда бор йўғи битта кўрсатув, ўйинлар битта камерада баъзан кўрсатиб туриларди. Асосан "Ўзбекистон футболи", "Футтбол Экспресс" ёки "Интер Футбол" газеталари ахборот манбаи бўлган давр эди. 

Мираброр Усмонов биринчи бўлиб ишни ЎФФга шароит яратишдан бошлади. "Пахтакор" стадиони ёнидаги, "Ўзбекистон Футболи" газетаси биноси ЎФФ балансига ўтди ва ўша пайтдаги ФИФА Президентининг Зепп Блаттер ташрифи чоғида янги бинонинг илк таъмал тоши ўрнатилди. Яна бир аҳвол бўлиб қолган "Чиғатой" базасида қурилиш ишлари бошланди. Кўп ўтмай, Мираброр Усмонов ЎФФга янги бино, ёш тоифадаги терма жамоалар учун шинамгина база бунёд қилди. Бу орада ҳукуматда тутган ўрнидан фойдаланган ҳолда (ҳурмати туфайли) барча вилоятларда янгидан-янги стадионлар барпо этила бошлади. Ҳаваскор футзал жамоасида тўп тепиб юрган ягона фарзанди Жаҳонгир Усмонов эса ота изидан бориб, кичик футболга катта эътибор қарата бошлади ва Ўзбекистонда футзал тараққий эта бошлади.


Мираброр Усмонов ЎФФда иш бошлаган илк даврида Алишер Никимбаев такидлаганидек, ўз қўл остидаги мутахассисларга ишонди. Арзимаган маошга ишлайдиган ходимларнинг ойлигини оширди. Бу ҳақда янги қуриб битказилган ЎФФнинг биносида бўлиб ўтган илк мажлисни ёдга олиб ўтаман. Ўша куни Рима опани (Усмонхўжаева) тургазди, "Римахон, маошларингиз энди қанча бўлди? Мен ЎФФга келганимда талабаларни маоши билан юришар экан, хонага бири кирса, иккинчиси чиқиб туриши керак. Мана бугун маош ҳам ошди, янги бинога ҳам кўчдик. Энди стадионларимизни тузатиб олишимиз керак", деб Рима опага сўз берди. 


2007 йил эди. Кўп ўтмай юртимизда стадионлар сони кўпая бошлади. Республика бўйлаб инфраструктура такомиллаша бошлади. "Пахтакор" ва "Нефтчи"даги пул бошқа клубларда ҳам пайдо бўлди. Президентга яқинлиги боис, Усмонов барча клубларга давлат томонидан ҳомийлар бириктира олди. Натижада "Насаф" ва "Машъал" жамоалари баққуват ҳомийларга эга бўлдилар, кейинчалик улар томонидан амалга оширилган ишлар Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ўз меваларини бера бошлади. "Пахтакор" академияси учун иккита сунъий майдон қуриб берилди. Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаларига ҳам шундай стандартдаги майдонлар туҳфа қилинди. ЎФФ ва Чиғатой қошида стандарт сунъий майдон эл хизматига ўтди. Барча-барчаси яхши кета бошлади. Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари бирин кетин ЖЧларга чиқдилар. МТЖ ҳар сафар ЖЧга яқинлаша бошлади. Ўзбекистон футзал терма жамоаси барчамизни тўлқинлантирган ҳолда мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Сифатли легионерларимиз сони ошди. Футбол клублари ичида жиддий рақобат бошланди. Ўзбекистонга юлдузлар кела бошлади. Кейин у кишига Олимпия қўмитаси ишониб топширилди ва асосий иш Спортнинг бошқа турларини ривожлантиришга қаратила бошлади. Мана шу ерда футболда бироз узилиш бўлди ва ЎФФдаги айрим мутахассисларни дебгина Усмонов қаттиқ танқид остида қолди. Лекин спортда эришаётган ютуқларимиз бош сабабчиси Усмонов эканлигини билмадик. 

Яқинда Қаҳрамон Асланов ўз хотиралари билан ўртоқлашди. Ҳақиқатдан ҳам ўшанда "Футбол шарҳи" кўрсатувида Мираброр Зуфарович томонидан ОАВнинг айрим вакиллари танқид қилинган эди. Аслида ўша рўйҳатда мен ҳам бўлганман, сўнгги паллага келибгина у кишига киритишганлар қаторидан тушиб қолганман. Аслида Мираброр Усмоновга хато ахборот беришган ва буни кейинчалик Санжар Ризаев у кишига асл воқеани айтганидан кейин ўша 4 кишини чақирган эдилар. Шуҳрат Шокиржонов йиғинга кела олмаган. Нима учундир мени тўртинчи киши сифатида чақиришган. Суҳбат самимий бўлган. ЖЧга чиқа олмаётганимизни ҳаётий мисоллар билан ҳам келтириб берганидан кейин баъзи нарсаларни тушуниб олган эдик. Ўша учрашувда айрим саволларни берганларида жавоб бердик, айримларига йўқ. Орадан кўп ўтмади, ОФК КАФА деган ташкилот пойтахти этиб Ўзбекистонни танлади. Шу тадбирга бағишланган матбуот анжуманида болалар футболига оид савол билан мурожаат қилдим. Мираброр Зуфарович саволни ҳазилга бурдилар, "Сизни мақолаларингизни кўп ўқийман, керагини мана бу еримга олиб қўяман (юрагини кўрсатиб), ортиқчасини чиқариб ташлайман. Сизни мен шу ташкилотни матбуот хизматига таклиф қиламан, пули долларда бўлади" (ҳамма кулган). Мираброр Зуфарович кучли дипломат ва жентлемен инсон эди. Бу инсонни ҳали бери унутмаймиз, у киши томонидан қўлга киритган натижалар спорт тарихидан ўрин олди, жамиятдаги қилган ишларини эса у кишининг танишларидан эшитганимиз маъқул. 


Мираброр ака бир нарсани орзу қилар эди. У ҳам бўлса терма жамоа билан ЖЧда иштирок этишни. Халқаро спорт раҳбарлари, ҳукумат вакиллари олдида ҳам ҳурмати жуда кучли инсон билан бўлиб ўтган яна бир воқеани эслайман. 2011 йил гуруҳ ўйинлари тугаганидан кейин бир қатор мухлислар Ўзбекистонга қайтадилар. Иордания билан бўлиб ўтган ўйинга уларни яна Доҳага келиб қолгилар келади ва ҳеч нима бўлмагандек Доха аэрапортига қўнганларида, чегарачилар иккинчи маротаба келиш учун бошқа виза билан шаҳарга кириш кераклигини айтадилар. Бу пайтда тунги 00:00дан ошган. Депорт бўлиш арафасида турган мухлисларни бир амаллаб сақлаб қолиш учун Абдураҳмон Фозилов Доҳада бўлиб турган Мираброр Усмоновнинг хонасини тақиллатиш учун ўзида куч топади. Ширин уйқусида давом этиши мумкин бўлган киши, ОФКнинг ўша даврдаги мезбон раҳбари Муҳаммад Бин Ҳаммамга қўнғироқ қилади, тунда ва шундан кейин 4 нафар мухлисга Доҳа эшиклари қайта очилади. 


2014 йил Инчеондаги Осиё ўйинларида ҳам бир қизиқ воқеа бўлди. Ўзбекистон делегациясига бириктирилган гид (таржимон, ҳамроҳ) ўзининг ажойиб ўзбекча шеваси билан Мираброр акага ёқиб қолганди. Бир кун бизни олдимизга келиб, бугун мени расмий тушликка таклиф қилдилар. Нима деб уларни ҳайрон қолдиришим мумкин деди. Биз унга, "Ассалому алайкум додажон, ахволларингиз яхшими?" деган жумлани ўргатдик. Унинг тилида бу жуда чиройли янграрди. Шу гапларни Зуфаровичга айтганида узоқ кулгуларига сабаб бўлган экан. 


Инчеондаги Осиё ўйинлари Олимпиададан олдинги репетиция эди. Олимпиададан олдин асосий қуроллар кўрсатилмаган мусобақа эди. Боксдан биронта олтинни қўлга кирита олмаган турниримиз эди. Рио Олимпиадасида иштирок этиши мумкин, аммо ҳали лицензия олмаган барча спортчиларга ўша давр учун катта миқдорда стипендия белгиланди. Мураббий "доля"га қўшилмаслиги учун, ўша шогирди билан бир хил миқдорда пул ола бошлади. Мана энди спортчилар, спортчига хос машғулот ўта бошлади. Қорни тўқ, оиласи тинч, келиб турадиган маош бор. Мураббий эса пули бор шогирдга эмас, истеъдод эгасига аҳамият қарата бошлади. Футболда бўлгани каби, қолган спорт турларига ҳам ҳомийлар бириктирила бошланди. Ўзбекистонда турли хилдаги спорт тадбирлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларини ўтиши анъанага айланди. Делегациямиз Риога кетар экан, ҳеч ким натижани бунчалик муваффақиятли бўлишини тушига ҳам келтирмаган эди. Мираброр Усмонов томонидан амалга оширилган меҳнат самараси 2018 йил Жакартада бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ҳам ўз сўзини айтди ва биз ўз рекордимизни янгиладик. 


Бир неча йилдан бери "Минор" масжидини ким қурган экан деб юрган саволимизга, ўткан жума куни жавоб олдик! Маъруза сўнггида домла, бировга билдирмай масжид қурган инсон жаннатда саройга эга бўлади деб такидлаб ўтди. Мақолам сўнггида бир ёзишим мумкин бўлган ягона гап, Жойингиз жаннатда бўлсин, Мираброр дода!

Муаллиф : Nadirkhuja Yuldashev
Рейтинг: +43   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика