UZ

Сўнгги янгиликлар

10:22«Нефтчи»ни яна бир легионери тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  5 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  6

Марио Балотелли: «Олтин тўп»ни ютаман барибир» Янгиликлар

Марио Балотелли: «Олтин тўп»ни ютаман барибир»

Замонавий футболнинг энг безори йигити, «Ливерпуль» ҳужумчиси Марио Балотелли охирги вақтларда ўйин бобида ўсишдан тўхтаб қолганини тан олади.

СуперМарио шунинг баробарида ҳали ҳаммасини тўғрилаши ва билдирилган ишончни тўлиқ оқлай олишига заррача шубҳаланмайди.

Ажойиб лаҳза тамғаси - италиялик ҳужумчи уйига кираверишда кўзингиз биринчи бўлиб, унинг ўзига хос «ташриф қоғозчаси»га айланган бир суратга тушади. Ҳа, адашмадингиз, бу Марионинг чинакам бодобилдер қиёфасидаги фотоси. Аниқроқ айтсак, Евро-2012 ярим финали доирасидаги баҳсда Германия терма жамоаси дарвозасига йўллаган иккинчи голидан кейинги ҳолатининг тамғаси. «Бу суратда юз кўринишим асл қиёфамга унча ўхшамайди», — кулади Марио. Айнан шу сурат осилган деворда бежирим «рамка»га солинган яна бир нарса осиғлик туради - футболчининг Италия фуқароси эканлиги хусусидаги далолатнома.  Варшава. 2012 йил 28 июнь. Италия термаси Евро-2012 бош фаворити саналган бундестимни ажойиб тарзда енгиб, уни финалда ўйнашдан маҳрум қилди. Ўша ўйинда қайд этилган 2:1 ҳисоби Марио Балотеллининг ажойиб ҳаракатлари ва 2та голи туфайли юзага келганди (тақдирни қаранг, немислар Евро-2016дан ҳам шунга ўхшаш тарзда чиқиб кетишди, фақат бу сафар Йоахим Лёв жамоасини бошқалар жазолашди - французлар ва Балотелли каби Мануэль Нойерни 2та гол билан «сийлаган» Антуан Гризманн). «Ички туйғумга ишониб адашмадим - тўпни куч билан дарвозага тепдим. Зеро, бу вақтда голкипер зарба қандай берилганини ҳам кўрмаганди», - дея иккинчи голини изоҳлаган Балотелли ўшанда атиги 21 ёшли йигитча эди. Очиғи, уни олдинда ўта ёрқин келажак кутаётган ва бутун футбол олами оёқлари остидадек туюлгани ҳам рост. Дейлик, Time журнали ўз муқовасини Мариога ажратиб, уни дунёдаги энг таъсири кучли 100 киши рўйхатига киритганди. Аммо кейин...


- Марио, ортда қолган вақтда нима бўлди? Мана, Италия термаси Евро-2016да яна немислар билан ўйнади, сиз эса майдонда бош ролни ўйнаш ўрнига учрашувни ТВ орқали томоша қилдингиз...

- Нима рўй берди? Мен шунчаки, 2 йилни йўқотдим. Физиологик муаммолар, бошқа ташвишлар... Бу вақтдаги Марио ўзим эмасдим. Антонио Конте Евро-2016га бошқа футболчиларни олиб бориб, тўғри йўл тутди. Унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам, худди шундай қилардим.

- Ўзи Францияга борадиган таркибдан четда қолишингиз мумкинлигини тасаввур эта олганмидингиз?


- Албатта, айнан шундай бўлишидан чўчиб тургандим. Бироқ бу вазият тақозоси ва қандайдир эътирозга ўрин йўқ. Тўғри, одамлар кўчада мени тўхтатиб, сўз қотишди: «Конте аслида салоҳиятингга ишониши керак эди». Бироқ уларга ҳаққоний жавоб бердим: «Ҳақиқий Балотелли нафақат Конте ёки Вентура, балки дуч келганини жамоага наф бера олишига ишонтира оларди. Ҳозиргиси эса бундай қилолмайди». Афсуски, бу ҳақиқат.

- Қизиғи, шу кунларда Марионинг чинакам зафари акс этган сурат бутун дунёга қайта тарқалди.


- Мен ҳам уни абадий сақлаб қолганман, аммо фақат эрмак учун. Чунончи, ўтган ишлар ҳақидаги гаплар бирозгина ғазабимни қўзғаяпти. Ахир фаолиятимни ҳали тугатганим йўқ-ку. Иккинчи томондан, барчасини тушунаман: омма ўша вазиятдан чинакамига ҳайратланган. Болаларнинг менга тақлид қилаётганларини кўриш ҳам ёқимли.

- Энди сирни очсангиз - голни шундай нишонлаш ғояси қандай туғилганди?


- Рости, буни ўзим ҳам билмайман. Эсимда, Адриано билан гаплашганимизда, у анча вазн йўқотганимни айтганди. Эҳтимол, унга унча рамақи ва нимжон эмаслигимни кўрсатиб қўйишни истагандирман...

- Кўринишидан, сизда қарама-қарши ёндашув руҳи азалдан кучли бўлган, шундайми?


- Ҳа, доимо. Дейлик, шахсий агентим - Мино Райола нимадир қилишимни истаса, мендан унинг мутлақо аксини талаб этади.

- Яна ўша голларга қайтамиз: бетакрор «дубл»дан сўнг суратингиз Time журнали муқовасини безаганди.


- Очиқ айтсам, аслида ўзимга қолса, ўша интервьюни бермасдим. Бироқ Райола қўнғироқ қилиб, кўндиришга уринди. Шунда эътироз билдирдим: «Мино, ахир мен ҳаттоки, Time нима эканлигини ҳам билмайман-ку». Озгина фурсат ўтиб, у қайта алоқага чиқди ва ўдағайлади: «Нима бало, ақлингни йўқотдингми?! Агар рози бўлсанг, бу журнал муқовасига чиққан биринчи футболчига айланасан...». Хуллас, Райола нимани назарда тутганини вақт ўтиши билангина тушундим.

- Дарҳақиқат, ўша пайт сиздан ҳаддан зиёд кўп нарса кутишганмиди?


- Йўқ, унчалик эмас. Зеро, қўлимдан катта ишлар келишини яхши биламан, фақат аввалги ҳолатга қайтишим учун вақт зарур. Агар ўйинимни 10 баллик шкалада баҳоласак, «5»да тўхтаб қолдим. Секин-асталик билан бўлса-да, ҳали 10 баллга муносиб эканлигимни исботлайман, албатта. Бундай дадил гапиришимнинг боиси шуки, юксакликка кўтарилишни, аввало, ўзим истаяпман. Хусусан, эртами-кеч «Олтин тўп»ни ютишимга ҳам ишонаман. Тўғри, тушунаман, фаолиятимнинг олтинга тенг 2 йилини йўқотдим. Аслида бу вақт давомида 10 балл даражасига анча яқинлашишим керак эди. Демакки, шу 2 йилда баҳо тизимида 5 балл йўқотдим. Энди бой берилган вақт ўрнини тўлдириш учун икки ҳисса ишлашим зарур.


- «Олтин тўп»? Бу соврин анча баландда, бироқ мақсад...

- Ҳа, биламан, «Олтин тўп»ни ютиш ҳақидаги гапларим одамларга кулгули туюлиши мумкин. Лекин ҳозиргача дунё бўйича энг яхши футболчи бўлиш йўлида барча зарурий чораларни амалга оширганимча йўқ. Муҳими, буни ўзим тушундим ва мақсад сари интилиш учун ҳали кеч эмас. Сўз бераман, фаолиятим якунида жаҳон футболида биринчи ўринга чиқиш учун бор маҳоратимни ишга солмаганимни айтиб, афсусланишимга ҳожат қолмайди.

- Хўш, ўз иқтидорингиздан максимал даражада фойдаланиш учун нима қилмоқчисиз?


- Икки йил олдин умумий ҳолатимдан қониқаётгандим. Яъни ҳаммаси яхши кетаётганди. Зеро, футбол бобида маълум даражада парвоз қилдим ва бундан хурсанд эдим. Хуллас, янада кучайиш ҳақида бош қотирмадим, шу савиям етарли, деб ўйладим. Мана, энди ўз устимда жиддий ишлай бошладим, бироқ натижа ҳали келгани йўқ. Демак, сабр қиламан. Эҳтимол, аввалги  23 йиллик бепарволик жабрини чекаётгандирман. Факт шуки, охирги 2 йилда кўп нарса ўзгарди.

- Балки барчасига ўша футболкадаги «Нега доим мен?» ёзуви сабабдир...


- Йўқ, бу шунчаки, ҳазил эди.

- Қизиқ, кимдир бу саволингизга жавоб бердими?


- Ҳеч қачон. Очиғи, бундай катта эътиборга муносиб эмасман, деб ўйлайман. Мақсадим оддий: бошқаларга ўхшаш футболчи бўлмоқчиман. Агар озгина ақллироқ ўйнасам, зарари йўқ.

- Ҳақиқий Марио Балотелли -  у қандай?


- Марио - футболчи. «Балотелли» образи эса бошқа масала.

- Аниқроқ гапирсангиз...


- «Балотелли» - бу газеталар томонидан яратилган образ: кулади-кулмайди, яхши ўйнайди, пенальтини кўкка совуради, голдан қувонмайди ва ҳоказо. Четдан қараганда, «Балотелли» сиймоси шундай.

- Марио-чи?


- Марио - 25 ёшли йигит ва у одатий тарзда умргузаронлик қилолмайди. Лекин бунга ҳаракат қилади: имкониятига қараб, вақтини қизчаси, яқинлари, дўстлари ва оиласи билан ўтказади, яна PlayStation ўйинига берилиши мумкин.

- Имконият қанча катта бўлса, масъулият шунча ошади. Бу Спайдермен фикри. Сизга одатда СуперМарио, деб таъриф беришади. Бунга муносабатингиз қандай?


- Масъулият тушунчаси ўйинчидан кўра, шахсга дахлдорроқдир. Мен майдонга тушаман ва голлар уришим керак - бу мажбурият. Масъулият эса юриш-туриш, хатти-ҳаракатга боғлиқ сўз. Бу борада ҳам ҳаракатим бор, албатта.

- Оталик роли ёқяптими?


- Ажойиб. Бор вақтимни Пия (қизчаси) билан ўтказишимнинг иложи йўқ, аммо у дейлик, кун бўйи мен билан бўлса, ўзимни дунёдаги энг бахтиёр кишидек ҳис этаман.

- Пиянинг онаси - Раффаэлла Фико билан муносабатларингиз қандай?


- Муаммолар ҳақида олдинроқ гапиргандим. Уларни такрорлашдан маъно йўқ.

- Нима, жанжаллар ва келишмовчилик давом этяптими?


- У пул талаб қиляпти, ваҳоланки, бир чақа олишга ҳаққи йўқ. Боз устига, қизим билан фақат ўз олдида учрашишимни хоҳлаяпти. 2 йил олдин судда бу талаб асоссиз эканлигини тасдиқлашди. Хуллас, отам ҳаётлик чоғи Пияни лоақал бир марта кўриши учун суддан махсус рухсатнома олишимга тўғри келди. Чунки Раффаэлла бунга қатъиян қаршилик қилганди.

- Энди ирқчилик ҳақида: сизни қора танли эканлигингиз учун ранжитишга уринишадими ёки фамилиянгиз Балотелли бўлгани боис?


- Айримлар биринчи сабаб, бошқалар эса иккинчиси туфайли.

- Итальянлар ирқчимилар?


- 2 йил олдим агентимга қўнғироқ қилиб, шундай дедим: «Мино, Италия термасида ортиқ ўйнашни истамайман». Бу нотўғри ёндашув эди. Ахир Италияда туғилганман, шу ерда ўсиб-улғайдим. Ганада эса бирор марта бўлган эмасман. Эҳтимол, қачондир бу мамлакатга борарман, аммо қонун бўйича италияликман. Уйим деворига осиб қўйилган сертификатни олайлик. Бундан мақсадим нима? Истагим битта: мени ҳақоратлайдиганлар, қора танли киши италиялик бўлолмаслигини айтадиганлар лоақал шу далолатномани эътиборга олишсин. Муҳими, ҳозир баъзи аҳмоқларнинг гаплари Италия термасидан воз кечишимга арзимаслигини яхши тушунаман.

- Айтишларича, болалигингиз жуда оғир ўтган экан.


- Ҳеч ким менинг тарихимни тўлиқ билмайди. Албатта, болалик даврим енгил бўлмаган.


- Қора танли болакай учун Брешиада яшаш оғирлик қилмаганми?

- Аввалига роса қийналганман. Лекин вақт ўтиши билан барчаси изга тушган. Бунда футбол ўйнашим қўл келган. Чунки ҳамма мени ўз жамоасида кўришни истарди.

- Мураббийларга муносабатингиз ҳақида ҳам тўхталсак...


- Ҳар бирига ҳурмат билан қарайман. Бу масалада ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳаттоки, клублар президентлари  - Моратти, Берлускони ва бошқалар билан ҳам муносабатим жуда зўр. Тўғри, биргина Брендан Рожерс билан сира келишолмадим.

- Роберто Манчинига ташланганингиз-чи?


- Эҳ, ўшанда 19 ёшли бебош эдим. Жамоадошим билан тўқнашиб кетганимдан сўнг Манчини итариб юборди ва дашном берди: «Эй, бунақада шеригингга жароҳат етказасан-ку». Бор гап шу. Ушбу воқеа жума куни рўй берган бўлса, шанба оқшоми бошланғич таркибда майдонга тушганман.

- Моуриньо билан ҳам можарога боргандингиз...


- У шоу ихлосманди. Ўшанда Жозе аслида мен ҳақимда қайғурган. У жаҳлимни чиқаришни хуш кўрарди, чунки ғазабим қўзиса, майдонда кўп наф келтиришимни биларди. Умуман, Моуриньо билан ҳамкорлик даврига боғлиқ биттагина армоним бор: у мени ЧЛ финалида майдонга туширмади. Афсус, агар имкон берганида, гол урардим, буни ич-ичимдан сезиб тургандим.

- Янги мавсумда қаерда ўйнайсиз?


- Умид қиламанки, Ливерпулда, тўғрироғи, «Ливерпул»да.

- «Милан»-чи?


- Клуб мендан воз кечишга қарор қилди. Нима бўлишидан қатъий назар, бир нарсага шубҳа қилманг: Марио тез орада катта саҳнага қайтади!


Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади

Рейтинг: +8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика