Тўп қўлга текканда қоида бузиладими? Барча учун энг оддий қўлланма
07 мар 2020 14:48
Янгиликлар
2019 йилнинг августигача қўл билан ўйинни аниқлаш бироз тушунарсиз бўлган: Ҳакам футболчининг тўпга атайин ёки тасодифан текканига баҳо берарди. IFAB (футбол қоидаларини ишлаб чиқувчи ташкилот)нинг янги талқинида ҳаммаси соддалаштирилиши керак эди, аммо аксинча бўлди.
Янги қоидалар пайдо бўлганидан бир неча ҳафта ўтиб жиддий савол пайдо бўлди. АПЛ ҳакамлари "Сити" форварди Габриэл Жезуснинг "Тоттенхэм"га урган голини ҳисоблашмади. Ўша вазиятда тўп Эмерик Лапортнинг қўлига тегиб, бразилияликка тушиб қолганди.
"Бундай вазиятда қўлни қандай олиб қолиш мумкинлигини тушунмайман. Ўйиндан кейин менга айтишларича, агар тўп ҳудди шундай услубда рақиб ҳимоячисига тегса, пенальти берилмас эмиш. Ҳужумдаги футболчида эса қоида бузилар экан. Бу муаммони ўрганиб чиқиш керак" - дея эътироз билдирганди Кевин де Брюйне.
Де Брюйне ҳақ - энди қоидалар ҳимоячилар ва ҳужумчилар учун алоҳида ҳисобланади.
Қандай?
Қўл билан ўйин қоидабузарлик эканини англатувчи учта қоида:
1. Агар футболчи тўп қўлга текканидан сўнг гол урса ёки голли пас берса хуштак чалинади. Бу ерда ҳеч қандай истисно бўлмайди. Тўп ҳужум қилаётган жамоа футболчисининг қўлига ҳар қандай ҳолатда тегса қоида бузилади. Хатто футболчи қўлини танасига бирлаштириб олганда ҳам. Ҳимояланаётган жамоада эса бундай эмас.
2. Қўл елкадан баландга кўтарилса ва тўп унга тегса - бу қоидабузарлик.
3. Футболчи қўли ёрдамида танасининг ҳудудини катталаштирса - бу қоидабузарлик. (сўнгги икки қоида ҳаммага таалуқли (ҳимоядаги жамоага ҳам).
Учинчи пункт тушунарсиз, аммо Да Винчи сурати ҳаммасига аниқлик киритади
Қўл қачон "тана ҳудудини катталаштиради" ва қачон бундай эмаслигини тушуниб олиш ҳақиқатдан ҳам осон эмас. IFAB техник директори ушбу сўз қандай тушуниш кераклигини айтиб берди.
"Тананинг ўз шакли бор. Агар қўллар ушбу шаклнинг ташқарисида бўлса, демак, тана ҳудуди катталашган ҳисобланади".
Яна бироз тушунарсиз. Ҳозирча бу қоида бўйича италиялик ҳакамлар раҳбари Никола Риццоли тузукроқ маълумот берди. У Леонардо Да Винчининг одам чизмасини олдида, ҳаммасини содда қилиб тушунтирди. Қўлланма қуйидагича:
Қизил ҳудуд. Кўллар елка ва ундан тепароқ баландликда кўтарилса қоида бузилади.
Агар футболчи тўпни ўзига бўйсундира олмагандан сўнг тўп қўлга тегса, ҳакам хуштак чалмайди.
Кўк ҳудуд. Тўп тезлиги, тўпгача бўлган масофа, қўл ҳаракатининг табиийлиги, тана ҳолати (қўллар тана ҳудудини нотабиий йўл билан катталаштирмаслиги керак) ҳисобга олинади.
Яшил ҳудуд. Қўлнинг табиий ҳолати. Қоидабузарлик эмас.
Лекин тўп яшил ҳудудда қўлга тегиб, ҳужум қилаётган жамоа гол урса, у ҳисобга олинмайди. Ҳимояда эса аксинча, ҳакам хуштак чалмай, ўйинни давом эттиради.
Натижада қоидалар ҳақиқатдан ҳам қийинлашди, аммо унинг критериялари аниқроқ бўлди. Бу қўлланмани сақлаб қўйинг, у ҳали кўп ас қотади.
Фикрлар