Бугун бизнинг кунимиз!
21 фев 2016 11:32
Янгиликлар
Бугун бизнинг кунимиз!
Бугун қитъа биринчилигининг совриндорларини билиб оламиз. 16:00 да Таиланд ҳамда Вьетнам терма жамоалари бронза медаллари учун баҳс олиб боришса, Ўзбекистон терма жамоаси футзалчилари чемпионлик учун курашда Эронга қарши саф тортишади.
Форслар финалга қадар йўлларидан чиққан исталган рақибни “янчиб” ташладилар. Рақиб ким бўлишидан қатъи назар Эрон ўйинни ўзи истаган услубда олиб борди, истаса имкон берди, истаса ҳужумлар ёмғирини ёғдирди, хоҳлаган услубида гол урди, бир қарашда ҳеч қандай хавф йўқдек туюлган вазиятларда рақиб дарвозабонларини қон йиғлатиб кетди. Эрон ярим финалда Японияни кутган эди, чунки айнан японлар сўнгги иккита қитъа биринчилигида форсларни мағлуб этишган эди. Вохид Шамсаи издошлари ҳозирги ҳолатида Япониядан ўша икки мағлубият аламини битта қилиб чиқариб олишлари аниқ эди. “Осиё йўлбарслари” ҳозирча муносиб қаршиликка дуч келишмади.
Ўзбекистон терма жамоаси эса турдан-турга ўз ўйинини яхшилаб келмоқда. Мусобақадан аввал бош мураббий Хосе Мария Мендез ҳам терма жамоа фақатгина плей-офф баҳсларига келиб 100 фоиз тайёр бўлишини таъкидлаб ўтган эди. Вакилларимиз ярим финалда Таиландга қарши ўзларининг энг яхши ўйинларини намойиш этишди. Лекин финалда Эронни таслим этиш учун бу ўйин етарли бўлмайди, чунки Таиландга қарши ҳужумда муаммоларга дуч келдик. Форсларга қарши ҳужумда имкониятларимиз кўп бўлмайди, боридан максимал даражада фойдалана олишимиз жуда муҳим. Бугунги ўйинда Рустам Умаровга жуда ва жуда қийин бўлади. Эронликлар исталган нуқтадан дарвоза томон аниқ зарбалар беришмоқда. Асосий дарвозабонимизнинг ўзи айтиб ўтганидек мухлисларнинг ҳар бир олқишлаши унга қўшимча куч бағишлайди.
Финалга қадар бўлган ўйинларда шамоллаган бўлишига қарамасдан терма жамоамизга ёрдам берган 6 нафар футзалчиларимизни ҳам алоҳида миннатдорчилигимни айтиб ўтишни вазифам деб билдим. Булар: Дилшод Раҳматов, Артур Юнусов, Нодир Элибоев, Даврон Чориев, Жамолиддин Шарипов ва Андрей Шлема. Терма жамоамизнинг малакали шифокорлари ҳар бир учрашувдан олдин майдонга энг яхши ҳолатда тушишлари учун ярим тунга қадар бу ўйинчиларни ўйинга тайёрлашди. Эътибор беринг, бу футзалчиларимиз шамоллашнинг юқори босқичида бўлишига қарамай ҳар бир ўйинда бор кучлари билан ҳаракат қилишмоқда.
Терма жамоамизнинг бошқа аъзолари ҳам финалгача етиб келишимизда ўзларининг катта ҳиссаларини қўшишди. Уларнинг барчасига мухлислар номидан миннатдорчилик билдириб қоламиз.
Бугун финал. Финалдан олдин кўпчиликда Эрон бизга ҳам голларни қалаштириб ташламаса эди деган хадик йўқ эмас. Ироқ терма жамоаси бош мураббийи чорак финалдаги мағлубиятдан кейинги матбуот анжуманида очиқчасига Эрон чемпион бўлади дея хонани тарк этди. Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи эса Осиёда Эрондан бошқа исталган жамоани мағлуб этиш мумкин, лекин Эронни ютиб бўлмайди деди. Эрон Осиё чемпионатлари тарихида бор йўғи 3 маротаба мағлуб бўлган, демак уларни таслим этиш мумкин. Нима учун 2006 йилда Таиланд, 2012 ва 2014 йилларда Япония уддалаган ишни Ўзбекистон бажара олмаслиги керак. Вьетнам терма жамоаси бош мураббийи ярим финалда форслардан учралган мағлубиятдан сўнг финалда Ўзбекистон терма жамоаси фақатгина жамоавий ўйин эвазига рақибни мағлуб этиши мумкинлигини айтиб ўтди. Бугун биз мана шу ЖАМОАВИЙ ЎЙИНни кўришни истаймиз. Майли якка ҳолда олганда эронлик футзалчилар бизникилардан бир неча баробар кучли бўлсин, майли уларнинг зарбалари ҳам бизникидан кучли бўлсин, майли улар ҳар қандай йўналишда биздан кучлидирлар, лекин икки жиҳатда бугун биз улардан кучли бўламиз. Биринчиси жамоавий ўйин, иккинчиси эса мухлислар. Ана шу икки устунликни ҳисобда ҳам акс эттира олсак бутун халқимиз учун улкан байрамни туҳфа этган бўламиз.
Рустам Умаровни бугун миллионлаб мухлислар олқишлаб туришади, сен улар учун қаҳрамонсан Рустам! Қадрли футзалчиларимиз сизлар бутун халқимиз учун қаҳрамонсизлар! Сал кам икки ҳафта давомида бизга ажойиб ғалабаларни тортиқ этганингиз учун раҳмат, тарихда илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритганингиз учун раҳмат, минглаб инсонлар қалбида футзалга меҳр уйғотганингиз учун раҳмат!
Футзалчиларимиз финалга қадар барчамизни ҳурсанд қилиб келишди, уларни тинимсиз олқишладик, бугун финалда ҳам соатлаб уларни олқишлаш насиб этсин. Сўнгги сўз ўрнида бир нарсани айтиб ўтишни лозим деб билдим. Бугун ғалаба қозонсак ҳам, бунинг акси бўлса ҳам йигитларимизни қўллаб-қувватлайлик, бизга ажойиб онларни туҳфа этганлари учун ҳам қўллайлик, бугунги финалда ютиш ёки ютқазишимиздан қатъи назар БУГУН БИЗНИНГ КУНИМИЗ!
Толибжон Қосимов
Фикрлар