Ёшлигида машинада яшаган, ҳозир суперклублар эътиборига тушган ҳужумчи ҳаёти
20 апр 2019 20:35
Янгиликлар
Ёшлигида машинада яшаган, ҳозир суперклублар эътиборига тушган ҳужумчи ҳаёти
Пул тежаш учун Белградда отасининг машинасида тунаган
Баъзи югославиялик ўйинчилардан фарқли ўлароқ, омад Лука Йовичга кулиб боқди, у урушни кўрмади: Сербия-Босния можароси у туғилишидан бир неча йил аввал тaмом бўлганди, турли портлашлар эса унинг қишлоғи Батарга хавф солмади. Лука Боснияда, аммо сербиялик оилада таваллуд топган.
Йович 7 ёшидан Сербиянинг Лозница қишлоғида футбол билан шуғулланган. Бу жой Батардан машинада 20 дақиқалик йўл эди. У ерда болакайнинг ўйини учун 50 евро ҳақ тўлашган ва йўлкирасига ҳам пул беришган. Луканинг отаси пулларни олишни истамаса ҳам, топган барча пулини отасига олиб келиб берарди.
Бир куни “Црвена Звезда” скаути Йовинчи учратиб қолади. Уни кузата туриб, болакай қайси оёқ билан кўпроқ ўйнашини тушуна олмайди. Кейин уни тўхтатиб, ўзидан сўрайди. Лука “иккиси ҳам” деб жавоб берди. Скаут бунга ишонгиси келмади ва пенальтидан икки оёғи билан тепиб кўришини сўради – Йович иккисида ҳам дарвозани ишғол эта олди.
Лука болалигида сербиялик ҳужумчи Саво Милошевичга мухлислик қилган. Саво Биелина қишлоғида туғилган, лекин Белграднинг “Партизан” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У бу клубга икки маротаба мамлакат чемпионати ва Кубокда ғалаба қозонишида ёрдам берган. “Партизан” ўйинчининг отаси орқали уни ўзларига оғдириб олмоқчи бўлган ва ҳаттоки ойига 200 евро таклиф қилган. Бундан “Звезда” хабар топган ва ёш футболчиларни қонунга зид тарзда ўзига оғдириб олишда уларни айблаган.
Можарога Милошевич нуқта қўйган. У йигитга юрагига қулоқ солишини маслаҳат берди — Луканинг оиласи “Звезда”га мухлислик қилишини билар эди: “Ҳаммаси сенинг зиммангда, ҳал қил”.
Батардан Белградгача таҳминан 3 соатлик йўл эди. 6 йил давомида Лука машғулотларга эски Volkswagen Passat автомобилида қатнаган. Баъзида асосий вақтни йўл учун кетказмаслик мақсадида улар тунни машинада ўтказган вақтлар ҳам бўлган. “Бир сафар музлаб қолай дегандик. Дам олиш куни Луканинг 2та ўйини бор эди. Машинани трибунага яқинроқ жойга қўйгандик. Ўшанда одамлар бизга ғалати қарашган эди”, — дейди ўйинчининг отаси Милан “Mozzart Sport”га берган интервьюсида.
Бундай “кўчманчилик саргузашти” узоққа чўзилмади: клуб аъзолари ёш жамоа таркибидаги асосий ўйинчилардан бири шундай аҳволда юрганидан хабар топди ва бу борада ёрдам беришди. Лукани Белграддан Душко Тошичнинг (Сербия термаси ўйинчиси) отаси уйига олиб бориб қўярди.
Эски “Пассат” ҳамон Йовичнинг Батардаги уйи ҳовлисида туради. “Уни ҳеч кимга бериб юборолмайман. Бу хотира”, — ёдга олади Милан. Ота буни эсламасликка ҳаракат қилади, аммо ўғлини Белградга олиб бориб келиш учун, кредит олган ва магазин очган. Топилган барча маблағ эса Лука учун сарфланганди. Йовичнинг ўз фермаси бор эди, у ердан чиққан барча маҳсулотлар эса магазинда сотиш учун олиб кетиларди. Иш юритувчи — хотини бўлган. Тўғри, у бу соҳани яхши тушунмасди.
Немис фуқаролиги ҳамда бувиси ва синглисининг касаллиги
“Лука 9 ёшлигида, Батарда тўсатдан немис рақами бўлган 2та жип пайдо бўлди, — дейди ўйинчининг отаси. Ўшанда Йовичнинг иқтидори ҳақидаги гаплар Германия, Англия ва Италияга ҳам етиб борган экан. Машинадан Югославиянинг 2та собиқ ўйинчиси тушди ва ҳужжатлар тайёр бўлиши билан истаган янги клубига ўтиши мумкинлигини айтишди. Кейинчалик ёнимга “Арсенал” скаути келди ва агар Лука улар билан шартнома имзоласа, менга квартира совға қилишини ваъда қилди. У ҳаттоки, мени телефон орқали Арсен Венгер билан ҳам гаплаштирди. Аммо биз рад жавобини бердик. Ўғлим камтар инсон эканидан хурсандман”.
Ўшанда машинада Фреди Бобич ва Мики Стевич келган: биттаси “Штутгарт”да, иккинчиси Дортмунд “Боруссия”да ишларди. Бобич ўшанда бу ишни ижобий томонга ҳал қилолмаган бўлса ҳам, кейинчалик бунинг уддасидан чиқди. Ҳозирда у “Айнтрахт”нинг спорт директори ҳисобланади ва барибир Йовични Германияга олиб келишни эплади (2017 йилда).
2006 йил янада жиддий иш бўлди. Бундеслиганинг икки клуб вакиллари Йовичга Германияга кўчиб келиб, уларнинг фуқаролигига ўтишни таклиф қилишди. Аммо бутун оиласига эмас. Лука эса бобоси ва бувиси билан жуда яқин эди. Шунингдек, бувисининг аҳволи ҳам оғир эди: икки яшар синглиси ҳам оғир ҳасталикка чалинганди. Яқинларини ташлаб кетишни истамаган Йович уйда қолди ва “Звезда”да фаолиятини давом эттиришга қарор қилди.
Фермадаги барча сигирларни сотишга тўғри келди, даволаниш учун маблағ томондан Саво Милошевич ҳам ёрдам бериб турди. Аммо Миланнинг онаси ёрдамдан бош тортди ва барчасини неварасига сарфлашларини талаб қилди. Синглиси соғайиб кетди, аммо бувиси оламдан ўтди.
16 ёшида дебют ўйинидаги гол. Тунги клублар
Йович 16 ёшида “Звезда”да дебют қилган. Бу ажойиб бўлганди: Лука “Войводина”га қарши баҳсда (ҳисоб 1:3) захирадан майдонга тушди ва ҳисобни тенглаштирди. “Црвена Звезда” спорт директори Звездан Терзичнинг қувончи ичига сиғмай уни “сербиялик Радамель Фалькао” деб атади. Лука бу мақтов унга кейинчалик зарар етказганини айтди.
2014/15 йилги мавсум Йович кўпинча асосий таркибда ўйнади ва 6та гол урди. Аммо клубнинг ишлари бироз орқага кетди: “Звезда” “Партизан”дан анча ортда қолиб кетди. Лукани асосий таркибга киритган мураббий Ненад Лалатовични истеъфога чиқаришди. Унинг ўрнига эса Миодраг Божович келди. У “Звезда”ни чемпион қилди. Аммо унинг даврида Лука асосан захирада қолиб кетди. Кейин эса “Црвена Звезда” молиявий томондан қийналиб қолди. Йовичга эса “Бенфика” қизиқиш билдира бошлади. Лиссабондан таклиф тушиши билан, Лукадан сўрамай, уни сотиб юборишди.
Трансфер ғалати бўлган — аввалига Кипрнинг “Аполлон” клуби 2 млн евро таклиф қилган, келаси кун эса “Бенфика” деярли 7 млн беришга тайёр эканини маълум қилган. Биринчи мавсумда Йович “Бенфика”нинг атиги 3та ўйинида иштирок этди (Кубок, чемпионат ва Чемпионлар Лигасини ҳисобга олганда). У ЕЧЛнинг плей-офф босқичида "Бавария"га қарши ўйинда 2 дақиқа ўйнади ва ўша вақтдаги энг ёш дебютант бўлди.
Ўзингизга маълум, кўплаб 18 ёшли футболчиларга катта-катта пуллар таклиф қилишади. Лукада ҳам шундай бўлди. Аммо бу ҳолат унинг бошини бироз айлантириб қўйди. У уйини соғинар ва шу сабаб кўнгилдагидек шуғуллана олмасди. Рақобатчилари эса бундан унумли фойдаланиб қолганлар. "Фақат ўзим айбдорман. Биринчи клубимдаги рақобатчиларим жиддий эди: Митроглу, Рауль Хименес ва Жонас. Митроглу ўша пайт ҳар ўйинда гол урарди. Агар у уролмаса, Хименес захирадан майдонга тушар ва бу ишни амалга оширарди. Жиддий хатоларга ҳам фақат ўзим йўл қўйганман. Мендан сўрамай, сотиб юборишди. Мен жуда ёш эдим ва психологик томондан бунга тайёр эмасдим, — ёдга олади Йович "Mozzart Sport"га берган интервьюсида. — Мен ўша вақтда профессионал даражада ўйнай олмадим. Инсон ўз хатосини тан ола билиши керак. Муаммо соғинчда эди, мен жуда ҳам уйга кетгим келганди".
Лукага Руй Кошта ёрдам берди. Бир куни у ўртоқлик ўйинидан сўнг, у билан гаплашиб ўтириш учун шеригининг ёнига келди. Ўша куни серб гол урганди. Йович унинг елкасига бош қўйиб йиғлади: "Уйга кетгим келяпти, "Звезда" таркибида тўп тепишни истайман". Афсонавий португалиялик уни руҳлантириш учун шундай деди: "Сен бу ерда гол урган йигитни кўрмадингми? У сен эмасдинг шекилли?" Уни топиб бероласанми?". Аммо бу сўзлар ёрдам бермади. Ўйинлардан бирида Лука асосий таркибда майдонга тушиши режалаштирилганди, лекин ўша кеча футболчи тонггача тунгги клубда бўлган эди.
"Митроглунинг ўшанда аҳволи яхши эмас, Хименес жароҳат олганди. Мен эса гол ура бошлаб, уларнинг назарига тушаётган эдим. Бу менинг машғулотлардаги энг яхши ҳафтам бўлди. Мен нима қилсам ҳам, ҳамма ишим ўнгидан келаётганди. Мен Эдерсон дарвозасига ҳам ўнг, ҳам чап оёқ билан гол урганман", — дейди Лука. — Пайшанба куни, ўйиндан икки кун аввал, мураббий мени бошланғич таркибда ўйнатиб кўра бошлаганди. Митроглунинг бундан жаҳли чиқди, сўзларига тушунмасам ҳам, грек тилида норозилигини билдираётганини англадим. Руй Кошта машғулотдан кейин ёнимга келиб: "Мана, қайтдинг. Бу сен. Сени шундай ҳолда кўришни истагандим". Тўғри, ўша куни эрталабгача тунги клубда бўлгандим ва буни билиб қолишганди. Ўз-ўзидан, ўйинда умуман қатнашмадим".
Бироқ Йович "Бенфика"га бекорга бормаган экан. У ерда ўйинчи ҳали зўр эмаслигини тушунди. Кейин эса ўз устида ишлаб, фақат ҳужум марказида эмас, қанотда ҳам ўйнашга ҳаракат қилди. "Мен футболчи сифатида улғайдим", — дейди кейинроқ Лука.
2016/17 йилги мавсум Йович учун Португалиядаги охирги йил бўлди. Унга Фреди Бобич қўнғироқ қилди ва фаолиятини "Айнтрахт"да давом эттиришини таклиф қилди. "Бенфика" Лукани ижарага, икки йилдан кейин арзимаган пул - 7 миллион еврога бериб юборди. Назаримизда, Йович у ерда ўйнаб кетишига ҳеч ким ишонмаган бўлса керак.
У ажойиб ўйинлар кўрсата бошлади. Бу мавсум у Бундеслигада 17та, Европа Лигасида 8та гол урди. Бу ҳафта "Айнтрахт" қарзини (7 млн евро) тўлади. Буни ўйиндан олдинги қўшимча босим деб тушунса бўлади: ахир ёзда "Айнтрахт" сербни 8-9 баробар қимматроққа сотиб юбориши мумкин. Унга қизиқиш билдираётганлар рўйхатида "Реал" ва "Бавария" ҳам бор.
21 ёшли ўйинчи Батардаги уйини қайта таъмирлади, ота-онасига Белграддан квартира олиб берди.
Луканинг отасидан ўғли топ-клубларга қанчалик қизиқиши ҳақида сўрашганида, у шундай деган экан: "Ўғлим бир куни деди: мен миллионлаб пул ишлаб топишим мумкин, лекин 10 евро эвазига ҳам ўйнашга тайёрман. Чунки футболни жуда ҳам яхши кўраман!"
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар