UZ

Сўнгги янгиликлар

18:06"Саутгемптон" — "Ливерпуль". Нуньес ва Салаҳ асосий таркибда  0 18:04Февзи Давлетов: "Бу "Металлург" ютиши шарт бўлган ўйин эди"  0 17:55"Сўғдиёна" — "Локомотив" 0:0 (Матнли трансляция)  4 17:28Холанд "Манчестер Сити" бўйича қарор қабул қилди  0 16:53Суперлига. «Металлург» мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, элитада қолиш имкониятини сақлаб қолди  10 16:08Холанд 850 минг сўм сабаб қамоққа тушиши мумкин  6 15:26МЮ ва "Ман Сити" Гёкереш учун курашга киришмоқда, клублар 65 млн фунт тўлашга тайёр  4 14:43"Сивасспор" — "Қосимпошо". Турғунбоев асосий таркибда  2 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  5 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  10 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  3 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  5 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  4 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  1 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  24

"Йиллар ва йўллар" (1 қисм). Ёрқин Назаров: “Спартак”га ўтмаганимдан сўнг футболни ярим куч билан ўйнашни бошлаганман” Янгиликлар

"Йиллар ва йўллар" (1 қисм). Ёрқин Назаров: “Спартак”га ўтмаганимдан сўнг футболни ярим куч билан ўйнашни бошлаганман”

Футболчи фаолияти давомида қанча клубларнинг эшигини қоқмасин, қаерга бормасин мухлислар уни доим илк қадамларини қўйган жамоасидаги фаолиятини мароқ билан эслашади.

Миржалол Қосимов "Алания", "Крилья Советов", "Ал Шабаб" каби клубларда тўп тепганига қарамай уни ҳамон "Пахтакор" ўғлони сифатида тилга олишади. Умуман олганда бундай мисоллар жуда кўп. Бугунги "Йиллар ва Йўллар" лойиҳаси илк сонининг меҳмони Ёрқин Назаровни ҳам ишқибозлар кўпроқ "шерлар" сафидаги ўйинлари сабаб танишади. Унинг Қозоғистон ёки бошқа клубларда тўп тепгани эмас, айнан пойтахт клубидаги ҳаракатлари кўз олдимизда гавдаланади. Ўша вақтларда "Пахтакор" ҳақиқатдан ҳам кўп футболчиларнинг танилишида дебоча вазифасини ўтаган, десак муболаға бўлмайди. Демак "Йиллар ва Йўллар" лойиҳаси орқали Ёрқин Назаров билан ҳаёт варақларини бирма-бир ёдга олиб чиқамиз.

“У вақтларда футбол мактаблари кам бўларди. Ҳозиргидек “Бунёдкор”га ўхшаган яхши шароитларга эга академиялар орзу ҳисобланарди. Шу боис аксарият таниқли футболчилар “Пахтакор” футбол мактабида илк қадамларини қўйган. Менинг ютуғим яхши мураббийнинг қўлига тушганим бўлган, деб бемалол айта оламан. Владимир Владимирович Бандаренко бизга футболдан сабоқ берганлар. “Пахтакор”нинг битта майдонида бир вақтнинг ўзида 3-4 та ёш тоифасидаги гуруҳлар машғулот ўтказарди. Мураббийимизнинг ақлли қилган иши шунда бўлдики, ўзи яшайдиган жойдаги мактаб майдонини олиб бизни шуғуллантирган. Бу деган бутун майдонда битта жамоа машғулот олиб боради. 21-мактабда барча синфлар қатори алоҳида яна бир маҳсус синф очилди. Унда фақат футболчилар таълим олар эдик. Ўша вақтда турнирлардаги иштирокимиз орқали Собиқ Иттифоқ ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийнинг назарига тушганмиз. Улар орасида Павел Бугало, Андрей Яравой, Олег Шацких ва Валерий Кечинов каби таниқли номлар бўлганини айтиш жоиз. Ушбу терма жамоа билан Швецарияда Евопа чемпионатида иштирок этганимиз ёдимдан чиқмайди. Мусобақадан сўнг автоматик тарзда “Пахтакор” аъзосига айландик. Ҳали мактабда ўқиб юрганимдаёқ мамлакатнинг бош жамоасига қабул қилиниш билмадим сўз билан таърифлаб бера олмасам керак. Чунки жамоада рақобат юқори бўларди. Асосий таркибда Мустафо Билолов, Геннадий Денисов, Василий Постнов, Олег Синелобов сингари номлар тўп тепарди. Бош мураббий Константин Новиков эътиборга олиб қабул қилганди. Нима учун мени пахтакорчи сифатида танишади? Бу клубда нақд етти мавсум тўп тепганман. Энг яхши дамларимни, ўйинларимни шу жамоада ўтказдим”,- дея хотирлайди Ёрқин Назаров.


Тарихдан мисол Собиқ Иттифоқ вақтида терма жамоага кириш осон бўлмагани барчамизга маълум. Мураббийлар ҳар бир мамлакатдан энг кучлиларини таклиф қилишган. Ўз вақтида Андрей Фёдоров, Михаил Ан, кейинчалик Миржалол Қосимов бундай бахтга эришган. Кўринадики терма жамоа мураббийларининг назарига тушиш қийин эди. Лекин 1990 йилга келиб СССР ўсмирлар терма жамоасида нақд 5 нафар ҳамюртимиз тўп тепди. Ёрқин Назаров мазкур ҳолатни қуйидагича изоҳлади.


“Ҳозир терма жамоага кириш нисбатан осонроқ. Ўшанда СССР ўсмирлар терма жамоасида ўйнаганлардан мен, Миржалол Қосимов ва Павел Бугало қолди. Айтганингиздек рақобат тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада кучли эди, дея оламан. Россия, Беларусь, Украина, Арманистон, Эстония, Қозоғистон каби 15та мамлакат ичидан энг зўрлари танлаб олинган. Олдинлари Ўзбекистондан битта ёки иккита футболчи кирса, бизнинг авлоддан 5 нафар ўйинчи таклиф қилинган. Терма жамоа мураббийи Евгений Папаев техник томондан кучли футболчиларни яхши кўрган. Собиқ Иттифоқ пайтида грузияликлар бизнинг футболчиларни бразилияликларга ўхшатишарди. Ҳаттоки Қозоғистонда тўп тепганимда менга мураббийим: “Сизларда футболчиларни фабрикаси борми?”,- деганди. Ютуғимиз биз мураббийнинг услубига туша олганимизда. Владимир Владимирович Бандаренко ҳам кучдан кўра техникага кўпроқ эътибор қаратарди”,- дейди мураббий.


Собиқ Иттифоқ парчаланиши натижасида кўплаб таниқли футболчилар турли хориж жамоаларига йўл олишди. Валерий Кечинов Ўзбекистонда бир мавсум ўйнаб “Спартак”ка йўл олди. Андрей Пятницкий, Олег Синелобов каби футболчилар ҳам ўзларига бошқа жамоа топишди. Бу пайтга келиб “Пахтакор”да молиявий қийинчиликлар кузатилаётган дамлар эди. Шундай паллада Ёрқин Назаровда ҳам легионерга айланиш имконияти юзага келди. Москванинг “Спартак” клуби бош мураббийи Олег Романцев ҳамюртимизни шахсан ўзи таклиф қилганди. Лекин маҳоратли ярим ҳимоячи Тошкент клубида қолишни афзал билди. Нима учун шундай қулай фурсатни қўлдан бой берди, келинг суҳбатдошимизнинг сўзларига назар соламиз.

“Олег Иванович Романцевнинг ўзи чақирганди. Лекин ўша пайтларни кўп ёдга олгим келмайди. Эсласам армон бўлиб қолган лаҳзалар кўз олдимда гавдаланади. Ҳозирда футболчиларни кўпроқ кўрикдан ўтказиб, синаб жамоага олишса, “Спартак” менга шартнома таклиф қилганди. Олег Романцев нафақат мени, Валерий Кечинов, Дмитрий Парфёнов, Андрей Коноваловни кузатиб юрган экан. Умуман олганда насиб қилмади. Балки худо хоҳламагандир. “Пахтакор”да қолганимга турли совғалар ҳам беришган. Бироқ “Спартак” жамоасига ўтмаганим ҳақиқатдан ҳам армон бўлиб қолди. Кимнинг эсида бўлса, 90 йиллар бошида москваликлар кетма-кет чемпионатда зафар қучган. Чемпионлар Лигасида тўп тепган. "Пахтакор"ни алмаштирганимни сабаблари кўп”,- дейди қаҳрамонимиз. 

“Пахтакор” барча ўзбек футболчилари қатори мен учун ҳам қадрдон клуб. Мен шу жамоада мухлисларга танилдим. Одатда кўп футболчилар фаолиятини якунлагач ўзи тўп тепган жамоага мураббий сифатида қайтишади. Аммо менда бошқача бўлди. Мураббийлик фаолиятимни “Бунёдкор” академиясидан бошладим. Адашмасам 10 йилга яқин болалар билан ишладим. Футболчиликни “Пахтакор”, мураббийликни “Бунёдкор” ўргатди. Бундан афсусланмайман”,- дейди мураббий.

Ҳеч қайси футболчи ўз-ўзидан тўп тепишни ўрганиб қолмайди. Албатта мураббийлар кўмаги ёрдамида маълум бир даражага чиқади. Футболчи ҳаёти давомида бир қанча мураббийлар билан ишлашига тўғри келади. Уларнинг ҳар биридан нимадир янгилик ўрганади. Ёрқин Назаров “Пахтакор”даги етти йил давомида Аҳрол Иноятов, Ханс Фарел, Баҳодир Ибрагимов, Александр Иванков каби мутахассислар қўлида тўп тепди. Қаҳрамонимиздан суҳбат давомида уларнинг ҳар бирига қисқача тавсиф беришни сўрадик.

Аҳрол Иноятов

- Аҳрол ака футболчиларни ўйинга руҳий томонлама яхши тайёрлай олардилар. Ҳақиқий психолог, дея оламан. Футболчини хоналарига чақириб шунчалик мияга қўйиб қўярдилар, қойил қолмасдан илож йўқ эди.

Баҳодир Ибрагимов

- Менимча ўша пайтда ўз қирраларини тўлиқ кўрсата олмаган кучли мутахассис бўлганлар. Ўз вақтида улардан яхши мураббий йўқ эди. Балки имконият берилмагандир. Кимнинг ёдидан чиқмаган бўлса, бир қатор араб терма жамоаларини бошқарганлар. Жаҳон чемпионатларига ҳам олиб чиққан. Баҳодир акани машғулотлари қизиқарли ўтарди.

Рустам Акрамов

- Рустам Акрамович жамоага келгач прессингга асосланган услубни тадбиқ қилдилар. 1994 йилги Осиё ўйинларида терма жамоамиз билан бош совринни қўлга киритганлар. Терма жамоа ўзагини Собиқ Иттифоқ пайтидан етишиб чиққан футболчилар ташкил қилган. Уларни яхши бирлаштира олганлар, деб ўйлайман. Кимдир у ерда мураббий бўлмаса ҳам ютиб келинарди, дейишади.

Александр Иванков

 - Тартиб интизомга қаттиқ риоя қиладиган мураббий эди. Автобусда, овқатланиш вақтида, машғулотда ҳаммадан интизомга риоя қилишни талаб қиларди.

Назаровлар оиласи кўпчилик мухлисларга маълумки футболчилар оиласи саналади. 1990 йилларнинг бошларида “Пахтакор” жамоасида Ёрқин Назаровнинг укаси Дилмурод Назаров мухлислар эътиборига тушишни бошлади. Тез орада чаққон ҳаракатлари ва ҳужумда ари каби рақиблар дарвозасини ўққа тутишлари 1995 йил терма жамоамиз бош мураббийи Александр Иванковнинг нигоҳини ўзига жалб қилди. Афро-Осиё кубогида иштирок этаётган терма жамоамиз таркибида Нигерияга қарши баҳсда иштирок этди. Кейинчалик уни ўшанда “Пахтакор”ни бошқарган нидерландиялик Ханс Фарель “Виттес” клубига олиб кетмоқчи бўлди. Бироқ футболимиздаги азалий касалликлардан бири ўшанда ҳужумчининг евопа томон эшикларни очишига тўсқинлик қилди. Лойиҳамиз меҳмони Ёрқин Назаров экан, ундан укаси Дилмурод Назаров ҳақида сўрамасликнинг иложи йўқ эди.


"Дилмуродни футболга акамиз Ўктам Назаров олиб борганди. “Пахтакор”га таклиф қилишганда мураббий Аҳрол Иноятов эди. Машғулотларга келарди, фаол қатнашарди. Машғулот базаси билсангиз Қибрайда жойлашганди. Ўша ерда ўйинларга тайёргарлик кўрардик. Мен орқали чақиртиришарди, икки кун, уч кун қатнашиб Титовга интернатга кетиб қолаверарди. Кейин Аҳрол ака битта йўл тутдилар. Машғулотларга қолдирмасдан мунтазам келишда давом этса энг зўр бутсани совға қилишини айтдилар. Эсимда энг зўр сифатли қизил бутса Дилмуродда бўларди. Ҳеч кимда бўлмасди. Голлар урса ойлик ҳам тайинлашини таъкидладилар.Шунақа қилиб алдаб уни олиб қолишди. Адашмаётган бўлсам, ўша йили 1995 йил миллий терма жамоа либосида майдонга тушганди. Нигерия билан ўйинда заҳирадан қўшилган пайт 18 ёш эди. “Пахтакор”ни нидерландиялик Ханс Фарел бошқарганини билсангиз керак. У кетаётганда Дилмурод ва Маҳмуд Тўрахўжаевни ўзи билан олиб кетмоқчи бўлган, “Виттес” клуби уни таклиф қилганди. Лекин, клубнинг ўша пайтдаги раҳбарлари жуда катта маблағ сўрашади. Талаблари юқори бўлади. Бу эса уларга ёқмаган, унинг пулига Бразилиядан футболчи олишни маъқул кўришган. Бундай ҳолат ҳозир ҳам борлиги ачинарли. Фақат ўшанда “Пахтакор” эмас, барча жамоалар шундай йўллар билан футболчини тўхтатиб қолишаётгани ёмон. Мана ҳозирда Италияда Элдор Шомуродов ўйнаб кетди. Россияда Остон Ўрунов ўйнамоқда. Лекин бу кам. Пулига қарамасдан футболчига таклиф тушганда бериб юбориш керак. Балки ҳозирмас, кейинги трансферидан пул ишлашади. Италия керак бўлса, Германия, Испания чемпионатларида тўп тепиши керак. Балки, ўшанда у Европага кетиши ҳам мумкин эди. Мени укам бўлгани учун эмас, кўп мураббийлар ҳам ўзлиги кўп бор эслашади. Дилмуроддек ҳужумчи ҳали чиқмаганини айтишади. Ўзига хос характери бор эди, ютқазишни ёқтирмасди. Бўйи паст бўлганига қарамасдан бўйи баланд ҳужумчилардан кўп гол урарди. Тезлиги ва чаққон ҳаракатлари рақиб ҳимоячиларини шошириб қўярди. Ҳозирги ҳужумчилар билан солиштириш қийин. Уни кўплар Тўлаган Исоқовга ўхшатишарди. Дарҳақиқат, тезлиги юқори эди”,- дейди Ёрқин Назаров.

Юқорида айтганимиздек қаҳрамонимиз Москванинг “Спартак” клубига ўтмагани унинг фаолиятидаги катта армон бўлиб қолган. Лекин бу унинг легионерга айланиш фикридан тўхтатиб қолмади. Ёрқин Назаров “Пахтакор”дан сўнг Қозоғистон чемпионатида “Ясси Сайрам”, “Синтез”, “Ордобаси” жамоаларида ўзини синаб кўрди. Хўш, бундан қай даражада кўнгли тўлди?


“Билмадим. Лекин спорт журналисти, футбол шархловчиси Хайрулла Ҳамидов интервьюларининг бирида Ўзбекистонда иқтидори очилмаган футболчи сифатида мени айтиб ўтган экан. Демак у футболчилик фаолиятимни яхши билар экан. Тўғри фикр билдирган, деб ўйлайман. “Спартак”га бормаганимдан сўнг футболни бор кучим билан ўйнамайдиган бўлиб қолдим. Қайсидир маънода иштиёқ сўнди. Ўзимни тўлиқ кўрсата олмаганман. Қозоғистонда яхши таассурот қолдирганман. Мухлислар илиқ қабул қилганди. Қисқаси футболни ўз даражамда ўйнамаганман”,- дейди Ёрқин Назаров.

Тез орада иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Бизни кузатишда давом этинг!

Муаллиф: Абдулазиз Искандаров

Рейтинг: +11   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика