Учинчи раунддаги рақибларимиз кимлар?
27 апр 2016 14:53
Янгиликлар
Учинчи раунддаги рақибларимиз кимлар?
Энди ушбу жамоалар билан ўзаро ўйинларимизда мундиалга бориш-бормаслигимиз ҳал бўлади. Хўш, рақибларимиз терма жамоаси, мамлакат чемпионати, бош мураббийи ва футболчилари қандай салоҳиятга эга? Мақоламизда айнан шу жиҳатларга тўхталиб ўтамиз.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ
Корея Осиёдаги энг ривожланган давлатлардан бири. Корейслар қитъа чемпионатида финалгача етиб боришди, сўнгги мундиалларни ўтказиб юборишмаяпти. Аксарият ўйинчилари Европа мамлакатлари, Япония, Хитой, БАА ва Қатарда тўп тепишади. Терма жамоа таркиби тўлиғича хорижда ўйнайдиган футболчилардан ташкил топиши мумкин. “Хоффенхайм”да Ким Жин Су, “Суонси”да Ки Сун Юн, “Кристал Пэлас”да Ли Чун Ёнг, “Порту”да Сук Хюн Жин, “Тоттенхэм”да Сон Хён Мин муваффақиятли ўйнаб келмоқда. Етакчилар сифатида бемалол Жун Сун Рёнг, Квак Тае Хви, Ким Ёнг Гвон, Хон Жёнг Хо, Парк Жу Хо, Ким Жин Су, Ки Сун Юн, Ли Чун Ёнг, Ку Жа Чол, Сук Хюн Жин, Сон Хён Мин, Жи Дон Вон каби футболчиларни эътироф этсак бўлади.
Корея ёздаги ФИФА кунларида Испания ва Чехия терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Бундай кучли рақибларга қарши ўйнаш жамоани яхши савияда ушлаб туришга хизмат қилиши табиий.
Бош мураббий германиялик Ульрих Штилике бўлиб, у 61 ёшга тўлган. Футболчилик фаолиятини “Боруссия” Мюнхенгладбах, “Реал” Мадрид ва “Ксамакс” клубларида ўтказган Штилике Германия ва Испания чемпиони, УЕФА Кубоги соҳиби, Европа чемпиони ва жаҳон вице-чемпионига айланган. Ўзи ўйнаган жамоаларда доим асосий таркибда ўйнаган. Мураббийлик фаолиятида Швейцария терма жамоаси, “Ксамакс”, “Маннхейм”, “Альмерия”, Германия терма жамоасида ёрдамчи, Германия U19, U20, U21 терма жамоалари, Котд Ивуар терма жамоаси, “Сьон”, “Ал Араби”, “Ал Саилия” жамоаларида иш юритган. 2014 йилдан Жанубий Корея термасини бошқариб келмоқда. Ҳозирча у олдига қўйилган вазифани ижобий уддалаб келмоқда.
Миллий чемпионат “К” лигада 12 жамоа иштирок этади. Икки даврадан кейин турнир ч жадвалидаги эгаллаган ўринларига қараб, юқори ва қуйи олтилик алоҳида гуруҳда курашни давом эттиради. Мавсум март ойида бошланиб, ноябрда якунига етади.
Штилике матбуотга берган интервьюсида гуруҳда барчасининг имконияти тенглиги, жамоаси олдига жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилганини таъкидлаб ўтди.
ЭРОН
Форслар билан ҳам охирги жаҳон чемпионати саралаш босқичида тўқнаш келгандик. Шунингдек, ўтган йили Тошкентда ўртоқлик учрашувида ўйнадик. Авваллари бу жамоа бизда қўрқув уйғотарди. Ҳозирга келиб уларни енгиш мумкинлигини тушуниб етганмиз. Осиё Кубогида Эрон чорак финалда турнирни тарк этганди. Мундиал саралашида рўй берган воқеаларни эса ҳозирча ҳеч ким эсдан чиқармаган бўлса керак.
Эрон сафида бир неча йиллар илгари Европа чемпионатларида тўп тепадиган футболчилар кўпчиликни ташкил қиларди. Ҳозир асосан Россия ва Осиё давлатларида ўйнаб келишяпти. “Франкфурт”да Эҳсон Ҳожсафи, НАКда Алиризо Жаҳонбахш, “Чарльтон”даги Ризо Ғучаннажод, “Ростов”да Сардор Азмун ва “Персеполис”да Меҳди Тареми, шунингдек, Қатарда ўйнаётган Ашкан Дежага форслар термаси етакчилари сифатида қайд этилмоқда. Айниқса, ҳужум чизиғида ўйнаётган Азмун ва Тареми жуфтлиги исталган жамоа ҳимоясига катта муаммо туғдириш имкониятига эга. Уларнинг маҳорат ва тажрибаси борган сари ортмоқда. Шу билан бирга жамоа асосан жисмоний ўйинга эътибор қаратади.
Ёзда Эрон Македония билан ўртоқлик беллашувида майдонга тушади. Бош мураббий Карлос Кейруш охирги пайтларда Эрон ФФ билан тузган шартномасини бекор қилиш ниятида эканини билдирмоқда. Чунки унга етарли шароитлар, ўртоқлик ўйинлари учун кучли рақиблар тақдим этилмаяпти. Яқин ҳафталар ичида Кейруш масаласи ҳал этилади. У фаолиятини Жазоирда давом эттириши ҳам мумкин.
Кейруш мураббийлик фаолиятида Португалия U20, Португалия, “Спортинг”, “Нью Йорк Метро Старз”, “Нагоя Грампус Эйт”, БАА, ЖАР, “Манчестер Юнайтед”, “Реал” Мадрид, Португалия терма жамоаларини бошқарган. Эронда 2011 йилдан бери ишлаб келяпти. Келишмовчиликлар юзага келган бўлишига қарамай, португалиялик мутахассис терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб борди. У гуруҳда Корея фаворит эканини айтиб, Хитой ва Қатар ҳам жиддий муаммо туғдириши тўғрисида фикр билдирган.
Эрон чемпионати августда бошланиб, майда якунланади. Айни пайтда Александр Лобанов Эрон лигаси пешқадами “Персеполис” шарафини ҳимоя қилмоқда. Лигада 16 жамоа икки даврали тизимда баҳс олиб боради.
ҚАТАР
Қатар билан деярли ҳар бир мусобақа саралаш босқичларида тўқнаш келяпмиз. Бу жамоани биз ва бизни бу жамоа жуда яхши билади. Сардор Рашидов сабабли “Юлдузлар” лигасини ҳам кузатиб келяпмиз. Бу мамлакатда футболни ривожлантириш учун катта харажатлар қилинмоқда. Европадан кўзга кўринган мураббий ва футболчилар маҳаллий ўйинчилар маҳоратини ўстириш учун таклиф этилмоқда. Ҳозир кўпроқ испан футболи ва шунга яқин услубда терма жамоалар ўйин услуби шакллантирилмоқда.
Терма жамоага номзодларнинг деярли барчаси маҳаллий чемпионатда ўйнашади. Чунки клублар молиявий жиҳатдан катта имкониятга эга. Жамоа етакчилари сифатида Муҳаммад Касола, Буалим Хухи, Ҳассан Ҳайдос, Карим Будиаф, Акрам Афиф, Себастьян Куинтана, Муҳаммад Мунтари, Халфан Иброҳимни кўрсатиш мумкин. Бироқ Халфан ўтган йилнинг мартидан буён терма жамоага таклиф этилгани йўқ.
Ёзда Қатарнинг ўртоқлик учрашуви ўтказиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Уругвайлик Хосе Каррено жамоа бошқарувини қўлга олгач, натижалар ижобий томонга ўзгарди. Хитой билан бир гуруҳда қатнашган Қатар пешқадамликка эришди. Каррено футболчилик фаолиятини “Монтевидео Уондерерс”, “Ланс” ва “Насионал” клубларида ўтказган. Мураббийлик ишида эса “Монтевидео Уондерерс”, “Насионал”, ЛДУ “Кито”, “Депортиво Кали”, “Палестино”, “Ал Насср” ва “Ал Араби” жамоаларини бошқарган. Қатар терма жамоасида 2015 йилдан бери ишлаяпти. Ҳозирча олдига қўйилган биринчи вазифани уддалаб, “Аннаби”ни учинчи босқичга олиб чиқди.
“Юлдузлар” лигаси сентябрда бошланиб, майда тугайди. 14 жамоа икки даврали тизимда чемпионатда иштирок этади. Жорий мавсум “Ал Райян” олтин медалларга бир неча тур олдин эга чиқиб бўлди.
ХИТОЙ
Хитой футболи ҳақида шу йилнинг қиш фаслидан бери энг ривожланган давлатларда ҳам кўп бор тўхталиб ўтилди. Клублар амалга оширган трансферлар ва жалб қилинган юлдузлар барчанинг ҳавасини келтирди. Ҳозир мамлакатда футбол муҳити юзага келтирилган. Компанияларга жамоаларни қўллаб-қувватлаши учун қулайлик тақдим этилган. Бунинг қачонгача давом этишини тахмин қилиш қийин. Жаҳонда инқироз юзага келган пайтда ҳам катта компаниялар бемалол 1,4 миллиардлик ички истеъмолчилар эвазига ўз ҳолатларини кўнгилдагидек сақлаб туришлари мумкин. Бразилия терма жамоасида ўйнаётган футболчиларнинг Хитойга ташрифи ҳозирги вазиятни изоҳлаб турибди.
Терма жамоа учинчи раундга чиқиш масаласини катта қийинчилик билан ҳал қилди. Ёзда Андорра терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказиш мўлжалланган.
Терма жамоага номзодлар худди Қатарда бўлганидек маҳаллий чемпионатда ўйнашади. Ду Вей, Жан Линпенг, Ю Хай, Хуанг Бовен, Гао Лин, Янг Сюй каби футболчилар жамоа етакчилари ҳисобланади. Франциялик Ален Перрен истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнини Гао Хонгбо эгаллади. Футболчилик фаолиятини Хитой клубларида ўтказган Хонгбо “Гуанчжоу Сонгри”, Хитой U-17, “Шиамен Хонгши”, “Чанчун Ятай”, “Гуижу Ренье”, “Шаньхай СИПГ”, “Жиангсу Сейнти” клубларида ишлаган. Терма жамоани 2009-2011 йилларда ҳам бошқарган. Ўтган йили эса Голландиянинг “АДО Ден Хааг” жамоасида ёрдамчи бўлиб ишлади. 2016 йилдан яна терма жамоани бошқаришга таклиф қилинди.
Суперлига мартда бошланади ва ноябрда якунига етади. Жорий мавсумда чемпионат ўйинларига ўртача 28 мингдан ортиқроқ ишқибоз ташриф буюрмоқда. Ушбу натижа сақланиб қолса, Хитой чемпионати мухлислар ташрифи борасида жаҳонда Германия ва Англиядан кейин 3-поғонага чиқиб олиши мумкин. Шундан мамлакатда футбол қанчалик муҳим аҳамият касб этаётганини билса бўлади.
СУРИЯ
Ушбу мамлакатда рўй берган воқеаларни барча афсус билан кузатиб бормоқда. Шундай шароитда терма жамоанинг ҳал қилувчи босқичга чиққанини фақат олқишлаш мумкин. Қийин ҳолатда қолган бўлишига қарамай, чемпионат баҳслари тўхтатилмаган. Икки гуруҳда 10тадан жамоа Дамашқ ва Латакияда шаҳарларида учрашувлар ўтказмоқда. Икки даврали тизимдан кейин ҳар икки гуруҳдан юқори ўринни эгаллаган 3тадан жамоа чемпионлик масаласини ҳал қилишади. Яқинда юртимизга ташриф буюрган суриялик ҳакамлардан бири миллий чемпионатда ҳакамлар текинга ишлашаётганини таъкидлади. Футболчиларнинг ҳам шундай жасорат кўрсатаётганини айтишимиз мумкин.
Мамлакатда яхши савияда ўйнаб келган қатор футболчилар бошқа давлатларга кўчиб кетишди. Аммо терма жамоа иккинчи босқичда фақат Японияга имкониятни бой берди. Учинчи босқичда Суриянинг бор кучини ишга солишига шубҳа йўқ. Чунки йўқотадиган ҳеч нарса йўқ. Ёзда Сурия Вьетнамга қарши сафарда ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Терма жамоа бош мураббийи лавозими ҳозирча бўш турибди. Номзодлар қидириш ишлари бошлаб юборилган. Яқинда Жозе Моуриньога таклиф билан чиқилгани Сурия ФФ молиявий тарафдан жиддий ёрдамга эгалигини тасдиқлади.
Жамоада Мусаб Балҳус, Маҳмуд Мавас, Умар Ҳарбин ва Санҳариб Малки етакчилар саналади. Малки Туркияда, Ҳарбин БАА чемпионатида яхши ўйинлар кўрсатиб келмоқда.
Учинчи босқичда кучсиз жамоалар бўлмайди. Ушбу раундга қитъамизнинг энг кучли 12 жамоаси етиб келди. Шу сабабли ҳар бир баҳс кескин, шиддатли ва асабий тарзда кечади. Учрашувларга пухта тайёргарлик кўриш орқали жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга уриниб кўрамиз. Умид қиламизки, бу сафар ишқибозларимизнинг орзуси амалга ошиб, терма жамоамиз Россиядаги мундиалга боради.
Беҳзод НАЗАРОВ.
Фикрлар