UZ

Сўнгги янгиликлар

07:33"Тоттенхэм" ва "Ювентус" Эндрикни ўз сафида кўрмоқчи  0 03:00ЕЧЛ. "Атлетико" охирги дақиқада гол уриб, ПСЖдан ғалабани юлиб олди. "Арсенал" "Интер"га ютқазди  11 02:55ЕЧЛ. "Барселона" "Црвена Звезда" дарвозасига бешта гол урди, "Бавария" "Бенфика"ни мағлуб қилди ва бошқа натижалар  25 01:00ОЧЛ 2. "Насаф" Голбаннинг хатолари сабаб мағлуб бўлди  3 00:53Рўзиқул Бердиев: "Мағлубиятимизга бир неча сабаблар бор. Плей-оффга чиқиш имкониятларимиз кескин камайиб кетди"  7 23:49"Ал Ҳилол" Неймар энг камида бир ойга сафдан чиққанини тасдиқлади  0 23:23ОЧЛ 2. "Шабаб Ал Аҳли" "Қувайт СК"ни мағлубиятга учрата олмади. Бу "Насаф"нинг имкониятларини бироз оширди (гуруҳдаги вазият)  12 22:55Россия кубоги. "Рубин" ва ЦСКА чорак финалнинг илк баҳсида дуранг қайд этди. Файзуллаев 71, Раҳмоналиев 85 дақиқа ҳаракат қилди  5 22:30Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатида ойнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди  9 21:53"Ал Ҳилол" Неймардан қутулиш ҳақида ўйламоқда  8 21:36Қатар термаси Ўзбекистонга қарши ЖЧ саралашидан ўрин олган ўйин учун қайдномасини эълон қилди  13 21:00ОЧЛ 2. "Насаф" ўз майдонида Иордания клубига мағлуб бўлди ва гуруҳдан чиқиш имкониятини камайтириб юборди  263 20:10Англия премьер-лигасида энг кўп маошни қайси футболчилар олади? Салоҳ 4-ўринда  9 19:45Расман: Григорий Колосовский - "Локомотив" бош мураббийи  22 19:25Алексей Евстафеев: "Ҳозирги ҳолатимизда бир очко биз учун кам"  1

Тимур Ҳакимов: "Одамлар мен ҳақимда кўп нарсани билмай гапиришяпти" Янгиликлар

Тимур Ҳакимов: "Одамлар мен ҳақимда кўп нарсани билмай гапиришяпти"

Теглар :  Тимур Ҳакимов
18 октябрь куни "Тимур Ҳакимов, қаердасан укам?" сарлавҳали мақола ёзгандим. Бу мақола ўзига яраша шов-шув бўлди.

Ўша мақолани ушбу ҲАВОЛА орқали ўқишингиз мумкин.

Хуллас, мақолада 2010 йил Тошкентда ўтказилган U-16 Осиё чемпионатида япониялик ҳужумчи Такуми Минаминонинг 5та гол ургани ва бу борада Тимур Ҳакимов билан бир хил кўрсаткич қайд этгани, орадан 8 йил ўтиб япон ҳужумчисининг миллий терма жамоа даражасига чиққани-ю, лекин Ҳакимовнинг "йўқолиб" қолгани ҳақида гап борган. 

Мақола эълон қилингач, мухлислар томонидан турли фикрлар билдирилди. Ҳакимов шаънига нисбатан ҳақоратли, устидан кулиш сўзлар янгради. Ҳозирги пайтда ҳеч қайси клубда ўйнамаётган бўлса-да, барибир у ҳам одам ва ҳақоратларга чидаб тура олмайди. Тўғри, Тимур Ҳакимов ўсмирлик пайтларида ўзини кўрсатиб мухлислар меҳрини қозонганди. Аммо катта бўлгач нимадир бўлди-ю, ўйинини йўқотиб қўйди. 

Ҳозир 24 ёшда. Айни ўйнайдиган пайтда жамоасиз юрибди. Хуллас, мақола эълон қилинганидан кўп ўтмай Ҳакимов қўнғироқ қилиб, ака менинг ҳам айтадиган гапларим бор, кўпчилик мен ҳақимда кўп нарсани билмасдан гапиряпти, шунинг учун интервью бермоқчиман деди. Мен эса майли деб офисга таклиф этдим. Тимур билан бир соатдан сал кўпроқ гаплашдим. Унинг ичида кўп гаплар йиғилиб қолган экан. Кейин эринмай қоғозга туширишга ҳаракат қилдим.

- Ака, ёзган мақолангизни ўқидим, - дейди Тимур Ҳакимов. - Мақолага эътирозим йўқ. Сиз тўғри ёзгансиз, Осиё чемпионатида мен билан бир хил натижа кўрсатган Минамино вақт ўтиб миллий терма жамоа даражасига чиқди. Энди ўзингиз биласиз-ку, Японияда футболга бўлган эътибор ва умуман менталитет бошқача. Балки мураббийлар мени ҳам унинг даражасига чиқара олишмагандир. Мени мақоладан кўра мақола тагида қолдирилган айрим фикрлар хафа қилди. Баъзилар мени ҳатто кафеда ичиб ўтирибди деб ҳам ёзишган. Тўғриси, охирги пайтларда ўзимдан ўзим анча хафа бўлиб қолганман. Чунки ҳеч қайси клубда ўйнаётганим йўқ. Фақат кунига икки маҳал шуғулланиб турибман. 

- Шу кунларда баъзи мухлислардан хафаман. Чунки ишқибозлар мени яқиндан билмай туриб мен ҳақимда ҳар хил гапларни гапиришяпти. Яширмайман, менга ресторан, кафеларга бориш ёқади, яхши овқатлансам, яқин ўртоқларим билан маза қилиб ўтирсам дейман. Аммо бу дегани ўтириб ичаман ёки сигарет чекаман дегани эмас-ку. Мен умуман чекмаганман. Одамлар бўлса билмасдан Тимур ўзгариб кетди, ичкиликка, чекишга берилди дейишмоқда. Мен сигаретни умуман қўлимга олмаганман. Одамларнинг мана шунақа гаплари туфайли мени ҳеч ким ўз жамоасига олишни хоҳламаяпти, бундан эса хафа бўлиб кетяпман. 

- Ёшлигимда кўплаб мусобақаларда қатнашдим. Бир нечта голлар урдим. Аммо олий лигада омадим келмади. Мухлислар Тимур юлдузлик касалига чалинган дейишяпти. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, шу пайтгача олий лигада фақат битта гол урган бўлсам, қанақасига юлдузлик касали бўлиши мумкин? Мен кимгадир ёмонлик қилдимми? Мен ҳам яхши ўйнасам, кўпроқ гол урсам дейман. Аммо ҳаётимда шундай воқеалар рўй бердики, футболдан кўнглим совиб кетган пайтлар бўлди. Энди-энди ўзимга келяпман. 

- Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг Европадан яхши таклифлар бўлганди. “Штутгарт” ва “Зенит” жиддий қизиқиш билдирганди. Лекин нимадир сабаб бўлиб “Пахтакор” мени қўйиб юбормади. Тошкентга қайтиб келганимдан кейин мени “Андижон”га юборишди. Бундай вазиятда қайси футболчи синиб қолмайди? Европадан тайёр таклиф тушиб турган бир пайтда мени қуйи жамоага жўнатишяпти, айтинг-чи, бу ўзини кўрсатишни хоҳлаган футболчига таъсир қилмайдими? Ҳатто Қатардан таклиф бўлиб, самолёт чиптасигача жўнатишганди. Менга 2012 йилдан то 2014 йилгача четдан тинмай қизиқиш бўлаверди, аммо “Пахтакор” ҳеч қайси жамоага қўйиб юбормади. 

- Майли, “Пахтакор” қўйиб юбормаган тақдирда ҳам ўзида ўйнатса хафа бўлмасдим. Машғулотларда астойдил ишлардим, ўзим айтмаган бўлсам ҳам, жамоадаги ёши катта футболчилар Самвел Бабаян олдига кириб “Тимурни ўйинга қўйинг, ўйнаб кетади” деб кўп марта айтишган. Лекин Бабаян мен бу болани қўймайман деган. Ўшанда Самвел Вячеславовичнинг ўз футболчилари бўлиб, улар гол урмаса ҳам ўйнайверарди. Менга ҳатто имкон бермасди. Жамоада 22 футболчи бор деб ҳисобласак, Бабаян фақат 11 кишини ўйнатарди, қолган 11 футболчи машғулотларда фишкага ўхшаб турардик. Ким майдонга тушиши-ю, ким ўйнамаслигини ҳаммамиз билардик. Шундай бўлганидан кейин ҳар қандай футболчи спорт формасини йўқотади, тўғрими? 

- Ёшликдаги футбол алдамчи экан. Ҳақиқий футболда нималар бўлишини катта бўлгач кўраверар экансиз. Менинг биринчи мураббийим Алексей Евстафеев бўлади. У киши “Нефтчи”га кетган пайт мени ҳам олинг, пул керакмас ўйнасам бўлди дегандим. Лекин Евстафеев мени чақирмади, сабабини эса билмайман. Менга кўп мураббийлар имкон бермаган. Фақат биринчи лигадаги “Оқтепа”га борганимда клуб раҳбари Ғанишер ака Шоғуломов менга ишониб имконият берганди. Ўшанда олимпия терма жамоамизга чақирилган футболчилар орасида биринчи лигадан фақат мен эдим. 

- 2016 йил олимпиячилар таркибида Ироқ дарвозасига гол урганимдан сўнг Самвел Бабаян мени чақириб “Пахтакор” билан янги шартномага қўл қўйсанг кўпроқ ўйнайсан деди. Лекин мен “Пахтакор”дан аллақачон кетган ва қайтиб бориш ниятим йўқ эди. Аслида “Пахтакор”дан кетишим осон бўлмаган. Самвел Бабаян олдига кириб мени қўйиб юборинг ёки ўйнатинг деганимда Бабаян вақтингни кут, олдин Сергеевни ўйнатиб четга сотайлик, кейин сени навбатинг келади деганди. Шунда иложсизликдан Мираброр Усмонов олдиларига бориб ёрдам қилинг, сиз ёрдам бермасангиз бошқа ҳеч ким менга қарамайди деганман. 16-17 ёшимда менда жуда яхши вариантлар бор эди, агар Бабаян қўйиб юборганида бемалол ўйнаб кетардим. 

- Ўша пайтлар “Пахтакор”да ишлаган кўпчилик мен билан нималар юз берганини яхши билади. Шундан бери қийналиб юрибман. Йил бошида биринчи лига бўлса ҳам майли деб “Нурафшон”га бордим. Аммо заявка топширишга оз қолганида менга сен тотализатор ўйнайсан деб жамоадан ҳайдаб юборишди. Нега ундай деяпсиз деб сўраганимда чунки сен “Обод”дан келдинг, у ерда ҳамма тотализатор ўйнаган дейишди. Тўғрисини айтаман, умримда тотализаторга қизиққан бола эмасман. Умуман ўйнамаган ҳам. Заявка топширишга бир кун қолганди, шунда раҳбарлар мени чақириб сен бизга керак эмассан, кетавер дейишди. Ўзимни кучсиз ёки юлдуз футболчи деб ҳисобламайман, лекин имкон беришганида биринчи лигада бемалол ўйнаб кетардим. 

- Бош мураббий Воҳид Холбоев мени жамоада олиб қолмоқчи эди. Воҳид ака сен менга кераксан деди. “Нурафшон”таркибида 10 кун машғулотда қатнашдим ва ҳатто шартномага қўл қўйгандим. Лекин шартнома регистрация қилинмай мени кетказворишди. Бундан Воҳид аканинг ўзи ҳам ҳайрон қолди. Шу пайтгача қайси жамоага борган бўлсам, ҳеч кимдан пул сўраган эмасман. Фақат бир нарсани хоҳлаганман: менга ҳам имконият беришларини. Ишонмасангиз, мени шуғуллантирган мураббийларга бирма-бир қўнғироқ қилиб сўрашингиз мумкин. Масалан, Вадим Абрамовдан сўранг. 

- Ҳеч кимдан ойлигим қанча, қанча мукофот пули берасизлар деб сўрамаганман. Орада “Бухоро”дан ҳам вариант бўлганди. Лекин Тачмурод Шамакович захирада ўтирасан деди. Шунда мен захирада ўтирсам бормайман, чунки ўйнашим керак дедим. Ундан кейин “Сўғдиёна” чақирди. 2016 йил қишда Қатарда ўтказилган U-23 Осиё чемпионатида жароҳат олгандим. Жиззахга жароҳат билан борганман. Шу-шу ўйиним чиқмади. Кейин эса “Обод”га келдим. 

- “Нурафшон” варианти ўхшамаганидан кейин жуда тушкун ҳолатга тушиб қолдим. Ҳатто футболдан буткул кўнглим совиб футболни ташламоқчи бўлгандим. Бир томондан янги жамоага ўта олмаганим, иккинчи томондан мухлисларнинг мен ҳақимда ҳар хил гапларни айтиши қаттиқ таъсир қилди. Лекин яхши одамлар ҳам бор экан. Айнан уларнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши туфайли футболда қолдим. Ҳозир кун тартибим қандай ўтяпти? Ўзимнинг мураббийим бор ва шу киши билан кунига икки маҳал алоҳида шуғулланиб турибман. Бир ойдан бери тинмай машғулот ўтказяпман. Бунинг учун “Оқтепа” футбол клуби раҳбари Ғанишер ака Шоғуломов билан жамоа бошлиғи Владимир Гавриловдан миннатдорман. Айнан шу инсонларнинг яхшилиги туфайли мен ҳозир ҳам футболдаман. Йўқса аллақачон ташлаб юборган бўлардим. 

- Ҳозир мени фақат футбол ўйлантиради. Ҳеч қандай бизнесим ҳам, пул келадиган даромадли ишим ҳам йўқ. Мен ўз вақтида футболни деб ўқишни ташлагандим. Ўйинимиз борлиги туфайли сессияни ёпа олмаганман. Осиё ва жаҳон чемпионатларида қатнашганим учун имтиёз асосида ўқишга қабул қилингандим. Энди келаси йил яна олий ўқув юртига топшириш ниятим бор. Уйда мен, онам, бувим ва бобом бирга яшаймиз. Футболни ташлайман деганимда уйдагилар жуда сиқилди. Айниқса бувим қаттиқ қайғурдилар. Бунинг оқибатида ўтган бир йил ичида анча қариб қолдилар. Ҳозир 68 ёшдалар. Кўчада юрганимда ҳам кўпчилик одамлар сен ўйнашинг керак дейди. Бир куни ўзимга ўзим савол бердим: нима учун ўйнаб кета олмаяпман? Бошқалардан нимам кам? Балки характерим туфайлидир, балки бошқа сабаби бўлса керак. Лекин кейинги йил нима қилиб бўлса-да Суперлигада ўйнашим керак. 

- Ўйиним чиқмаса кўп сиқиламан. Бундан ташқари, агар менга кимдир ноҳақ эътироз билдирса бу нарса ёқмайди. Мураббий бўладими ё жамоа раҳбарими, жим ўтирмай гап қайтараман. Шу характерим жуда оғир. Ҳозир футбол анча ўзгариб кетди. Ҳар бир мураббийнинг ўз футболчилари бор. Масалан, менга бегона мураббий қўнғироқ қилиб жамоасига чақирмайди. Фақат мени танийдиганлар чақириши мумкин. Ҳозир менинг ўз мураббийим йўқ. Олдин Алексей Евстафеев бўларди, лекин у киши ҳам кетиб қолди.

- Самвел Бабаян умуман имконият бермади. Мана ҳозир “Пахтакор”да Машарипов, Искандеров каби футболчилар ўйнаяпти. Бир пайтлари Бабаян шу футболчиларни ҳайдаб юбормоқчи бўлганди. Икром Алибоев билан Қувондиқ Рўзиевни ҳайдаб юборганди. Кейин улар иккиси “Локомотив”га ўтиб кетди. Бўйим кичик бўлгани учун доим сендан футболчи чиқмайди дерди. Бу эса менга оғир ботарди. Қатарда ўтказилган U-23 Осиё чемпионатида биринчи ўйинни Жанубий Кореяга қарши ўтказдик. Мени ҳатто захирадагилар қаторига киритишмади.

- Мусобақага кетишдан олдин Бабаяндан нега мени олиб кетяпсиз, барибир ўйнатмайсиз-ку деб сўрагандим. Иккинчи ўйинимизни Ироққа қарши ўтказдик. Ўшанда майдонга тушиб битта гол урганман. Ўйинлар қайдномасига қаранг, захирада қолганлар асосий таркибдан кучли эди. Ўшанда Алибоев ҳам захирада ўтирарди. Ҳозир ўша таркибдан ҳамма ҳам ўйнаётгани йўқ. Жамшид Болтабоев қани? Жавоҳир Соҳибов қани? Бабаян ҳатто Сардор Собирхўжаевни чақирмаганди. Бу футболчининг статистикасини кўринг, Суперлигада энг кўп голли пас узатган футболчилардан бири. Собирхўжаев ёшлигидан кучли футболчи бўлган. Мен ҳамма айбни мураббийга тўнкамоқчи эмасман. Ўзимдан ҳам хато ўтган ва буни тан оламан.

(Давомини кутинг...)

ТИМУР ҲАКИМОВНИНГ ОЛИЙ ЛИГАДАГИ ФАОЛИЯТИ
2012 йил. “Пахтакор”: 2та ўйин, 25 дақиқа
2014 йил. “Олмалиқ”: 8та ўйин, 163 дақиқа
2016 йил. “Сўғдиёна”: 7та ўйин, 331 дақиқа / ”Обод” 12та ўйин, 1 гол
2017 йил. “Нефтчи”: 5та ўйин, 371 дақиқа

ЭРИШГАН ЮТУҚЛАРИ
2010 йил Тошкентда ўтказилган U-16 Осиё чемпионати финалчиси (5та гол)
2011 йил Мексикада ўтказилган U-17 Жаҳон чемпионати чорак финалчиси (3та гол)
2012 йил БААда бўлиб ўтган U-19 Осиё чемпионати ярим финалчиси (2та гол)
2013 йил Туркияда ўтказилган U-20 Жаҳон чемпионати чорак финалчиси
2016 йил Қатарда ўтказилган U-23 Осиё чемпионати иштирокчиси (1та гол) 

Муаллиф : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: +185   
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика