"Қурбақалар" "Камп Ноу"ни забт этишга уринади, "Вильярреал" "турклар"ни чўктиришга ҳаракат қилади, "Қироллик клуби" эса "Сельта" меҳмони бўлади (превью)
07 янв 2018 13:57
Янгиликлар
"Қурбақалар" "Камп Ноу"ни забт этишга уринади, "Вильярреал" "турклар"ни чўктиришга ҳаракат қилади, "Қироллик клуби" эса "Сельта" меҳмони бўлади (превью)
"Леганес" - "Реал Сосьедад"
Якшанбадаги илк баҳс Мадридга яқин шаҳарда бўлиб ўтади. "Леганес" уйда жамғариш мумкин бўлган 21 очкодан 11тасини олишга муваффақ бўлганига қарамай, жамоа ўз стадионида ўтказган сўнгги 5та учрашувнинг 4тасида ғалабага эришди. "Реал Сосьедад" рақибдан ўйин, таркиб борасида кучлироқ бўлишига қарамай, кўпинча меҳмонда беозор мушукчага айланиб қолади. Мезбонлар сўнгги баҳслардаги ўйинини кўрсата олса, "Сосьедад" уйга очкосиз қайтиши мумкин.
"Барселона" - "Леванте"
Эрнесто Вальверде жамоаси катта ишонч билан турнир жадвалида етакчилик қилмоқда. "Барселона" воқеалар ривожини тезлаштирмаяпти, бироқ уйқуга кетган айиқ каби хотиржам ҳам эмас. Улар керакли учрашувда ўз мақсадларига эришишмоқда. Узоқ муддат жароҳатини даволаган Усмон Дембеле сафга қайтди. "Леванте" эса жадвалнинг қуйи қисмида, бироқ "қурбақалар" ("Леванте" лақаби) ЛаЛига доирасида меҳмонда ўтказган 7та учрашувнинг бор-йўғи 1тасида мағлуб бўлган. Ғалабалар сони ҳам шунча. Кетма-кет 7та меҳмондаги учрашувларда мағлуб бўлмаган "Леванте" "Камп Ноу"да ҳам жон сақлаб қола олса, бу ҳақиқий сенсацияга айланади...
"Вильярреал" - "Депортиво"
"Сариқ сувости кемаси" учта мағлубият сўнг турнир жадвали қарига тушиб кетишди, аммо кетма-кет иккита ғалаба уларга ўз кучини қайтаргандек бўлди (гап ЛаЛигадаги ўйинлар ҳақдиа кетмоқда). "Депортиво"дек жамоага қарши баҳсда "Вильярреал" бор кучини кўрсатиши лозим. "Турклар" ("Депортиво" лақаби) эса жорий мавсум жуда ёмон ўйин кўрсатишмоқда ва жамоа уйда ёки меҳмонда ўйнашидан қатъий назар, салбий натижаларга эришяпти. Бугун бўлиб ўтадиган баҳсда "Сувости кемаси" "турклар"ни чўктириб юбориши тайин.
"Атлетик" - "Алавес"
"Сан-Мамес"да бўлиб ўтадиган баҳсда ЛаЛиганинг кетма-кет 6та ўйинида мағлуб бўлмаётган "Атлетик" сўнгги учрашувларини муваффақиятлик ўтказаётган "Алавес"га қарши баҳс олиб боради. Ушбу жамоалар ўртасидаги сўнгги икки учрашувда "Алавес" 4 очко ишлаб олган. Ҳозир иккала жамоа ҳам турнир жадвалининг иккинчи қисмидаги жойларни эгаллаб туришибди. "Шерлар" ("Атлетик"нинг лақаби) бу учрашувда маҳорат эвазига рақибни мағлуб этади деб ўйлаймиз.
"Сельта" - "Реал"
Турнинг марказий учрашуви "Балаидос" стадионида бўлиб ўтади. Галисияда бўлиб ўтган "Сельта" ҳамда "Реал" ўртасидаги баҳслар доимо курашлар ва голларга бой бўлган. Икки жамоа бир неча кун олдин Испания Кубогида ўйин ўтказган бўлишига қарамай, улар катта куч йўқотишгани йўқ. "Қироллик клуби" сафида Серхио Рамос жароҳат олди, аммо "қаймоқранглилар" ғалаба учун бор кучини ишга солиши тайин. Бу баҳсда ҳисоб қандай бўлишини олдиндан тахмин қилиш қийин.
Учрашувлар вақти:
16:00. "Леганес" - "Реал Сосьедад" (Aleziya.com)
20:15. "Барселона" - "Леванте" (Aleziya.com, Узрепорт, Матч! Футбол 3)
22:30. "Вильярреал" - "Депортиво" (Aleziya.com)
22:30. "Атлетик" - "Алавес"
00:45. "Сельта" - "Реал" (Aleziya.com, Футбол ТВ, Матч ТВ, Матч! Футбол 3)
Фикрлар