“Ўйин бошланиши биланоқ байроқларни олиб, мадҳия айтганман”, “Ўша кеча кўз ёшларимни тия олмаганим ҳамон ёдимда” – Ўзбекистон МТЖ иштирокидаги сайтимиз ходимларининг ёдида қолган ўйинлари
26 мар 2021 10:00
Янгиликлар
“Ўйин бошланиши биланоқ байроқларни олиб, мадҳия айтганман”, “Ўша кеча кўз ёшларимни тия олмаганим ҳамон ёдимда” – Ўзбекистон МТЖ иштирокидаги сайтимиз ходимларининг ёдида қолган ўйинлари
Барчамиз ёшликдан футболга ошно бўлиб, уни севганмиз. Футболга дастлабки қизиқишимизга хориж жамоалари сабаб бўлган бўлса, айрим инсонларга ўзбек футболи, жамоалари ҳамда Ўзбекистон МТЖ ҳам сабаб бўлгани катта эҳтимол. Ўзбек футболидаги айрим адолатсизликлардан, келишилган ўйин бўлганлигини сезганлигидан ёки терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига чиқа олмаганидан оғриниб, бошқа стадионларга келмаслигини ваъда берган мухлис, орадан вақтда ўтиб яна стадион атрофида бўлади. Бу сўзида тура олмасликдан эмас. Бу футболга муҳаббат!
Деярли, барча мухлисларнинг эсда қолиб кетган футбол ўйини бор, деб ишонамиз. Биз Ўзбекистон – Гана ўйини олдидан сайтимиз ходимларининг Ўзбекистон МТЖ тарихидаги энг эсда қолиб кетган ўйинлари қайси эканлиги ҳақида сўров ўтказдик. Улар ўз хотиралари билан бўлишишди.
“Championat.asia” сайти бош муҳаррири Нарзулла Сайдуллаев:
“Ўзбекистон терма жамоасининг кўплаб ўйинларини томоша қилганман. Лекин энг биринчиси барибир хотирамда бошқаларидан кўра кўпроқ қолган. 2001 йил футболга энди қизиқишни бошлаганимда Ўзбекистон терма жамоаси Хитой Тайпеи билан ўйинни ўтказган. Кейинчалик бу баҳс ЖЧ-2002 саралаши доирасида эканлигини билганман. Ўша баҳсда Жаъфар Ирисметов 4та гол урган ва барчасини боши киритганди. Владимир Маминов акробатик тарзда гол урганди ва якунда жамоамиз 7:0 ҳисобида зафар қучганди. Бу кўпчилик учун кучсиз рақиб устидан қозонилган оддий ғалаба бўлиши мумкиндир, аммо 11 ёшли энди футболга қизиқаётган болакай учун бутун умрга етарли баҳс бўлганди. Ўша баҳс туфайли футбол мухлисига айланганман. Шу боис доим Жаъфар Ирисметов мен учун футболдаги биринчи кумирим деб айтиб келаман”.
“Локомотив” жамоаси матбуот котиби, сайтимиз вакили Хайрулла Холиқов:
"Мен терма жамоанинг энг эсда қоларли ўйинлари сифатида 3 та баҳсни алоҳида кўрсатиб кетаман. Биринчиси, 2005 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Қувайт учрашуви. Жаҳон чемпионатига саралаш учрашуви эди. "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган ушбу баҳс. Биз аввалига 0:2 ҳисобида ютқазиб турган эдик. Кейинчалик 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. 2-бўлимнинг ўзида 3 та гол уриб ютиб кетган эдик. Ўша ўйинда жуда ҳам чиройли камбэк бўлган. Бу учрашув менинг ёдимда қандай қолган? Бу ўйин 2005 йилнинг августида бўлиб ўтган. Aйнан шу йилнинг 6 августида менинг тўйим бўлган эди. Ўйиннинг ўзини Қашқадарёда — уйда телевизор орқали кўрганман. Aдашмасам, учрашувни Элдор Мустафоев ва Хайрулла Ҳамидов шарҳлаган эди.
Иккинчиси, 2008 йилнинг март ойида ўтказилган ЖЧ-2010га саралаш учрашуви Ўзбекистон — Саудия Aрабистони баҳси. Биз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Ўша вақтда бош мураббий Рауф Инилеев эди. Биринчи голни бурчак зарбасидан узатилган тўпни Темур Копадзе боши билан дарвозага йўллаган эди. Жуда ҳам чиройли ўйин бўлган эди. Бу баҳс ҳозирги "Бунёдкор" стадионининг ўрнида аввал МҲСК стадиони бўлар эди, ўша ерда бўлган. Мен ўйинни стадионда томоша қилганман. Бироз жавоб ўйинида Саудия Aрабистонига бориб 4:0 ҳисобида ютқазганмиз. Бу эса жуда хафа қилган эди.
Учинчиси, бу ҳам Саудия Aрабистони билан бўлиб ўтган. Aвстралияда бўлиб ўтган 2015 йилги Осиё кубоги мусобақаси гуруҳ босқичи баҳсида биз 3:1 ҳисобида ғалабага қозонганмиз. Учрашув Сардор Рашидовнинг "бенефиси"га айланганди. У жуда ҳам яхши ўйин кўрсатиб, 2 та гол урган эди. Яна бир голни эса Шавкат Муллажонов узатган тўпни Воҳид Шодиев бош билан киритган. Мен ўша вақтда Осиё кубогига — Aвстралияга борганман. Бу менинг Осиё кубоги мусобақасига биринчи марта боришим бўлган".
“Olamsport.com” муҳаррири Aзиз Тўхтамуродов:
“Терма жамоа билан боғлиқ илк хотиралар ЖЧ-2002 саралаш босқичи ўйинларига бориб тақалади. Айнан ўша циклдаги саралаш учрашувлари мен учун терма жамоа иштирокидаги дастлабки ўйинлар эди.
Ўзбекистон терма жамоасининг Хитой Тайпейига қарши ўйини орқали терма жамоани "таниганман". Жаъфар Ирисметовнинг покер қайд этган ўйинлари, Миржалол Қосимовнинг Туркманистон терма жамоасига жарима зарбасидан урган голи, Иордания билан асабий дуранглар ҳам ёдимда.
Ўша циклдаги Уммон билан учрашувни эса "Пахтакор" стадиони орқали илк маротаба бевосита томоша қилгандим. Айнан ўша саралаш учрашувлари кўпроқ ёдимда қолган десам адашмайман.
Бундан ташқари, терма жамоамизнинг 2007 ва 2011 йилги Осиё чемпионатларида намойиш этган ўйинлари ҳам шахсан мен учун қизиқарли, томошабоп ва ҳаяжонга бой бўлганди”.
Сайтимизнинг фотомухбири Жаҳонгир Файзуллаев:
"Менинг Ўзбекистон МТЖ иштирокида биринчи марта кўрган ўйиним Осиё кубоги-2011 даги Ўзбекистон — Қатар учрашуви бўлган. Учрашувни отам билан бирга кўрганман. Ўйин бошланиши биланоқ байроқларни олиб, мадҳия айтганман. Ўша вақтда 11 ёш эдим. Дастлаб, Одил Aҳмедов, Сервер Жепаровни таниганман. Биринчи бор ЖЧ-2010 ни кўрганман, Ўзбекистон иштирокида эса шу баҳсни кўрганман. Ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди. Бу ўйиндан анчагина ёрқин хотиралар қолган".
“Championat.asia” сайтидаги “Aрсенал” жамоасининг мухлисидан бири Шерзод Нурматов:
“Шубҳасиз, ЖЧ-2014 саралашининг 4-босқичи "A" гуруҳи доирасидаги охирги турда бўлиб ўтган Қатар билан ўйин. Ушбу ўйинни умуман унутмайман. Чунки ўзгача ҳаяжон, ўзгача муҳит ва ўзгача завқ билан томоша қилганман.
Нариги тарафда Жанубий Корея ва Эрон ўртасидаги ўйин кутилмаган (аслиса кутилган) натижа билан ниҳоясига етганди. Ўшанда Эрон сафарда 1-0 ҳисобида ғалабага эришган. Ҳа, сафарда. Майли, бу ўйин ўз йўлига. Лекин миллий терма жамоамиз Тошкентда чинакамига ирода кўрсата олган. Баҳодир Насимов (2 та), Олег Зотеев, Одил Aҳмедов ва Улуғбек Бақоевнинг голлари Қатар устидан 5-1 ҳисобидаги ғалабани тақдим этганди.
Учрашув якунлангач, стадионда бўлган ва телевизор қаршисида ўтирган қоракўзлар, ўзбек футболи ихлосмандлари ўша куни ростмана кўзёш тўккан. Aхир, бизга бор-йўғи 2 та гол етмаган. Буни эплаганимизда, айёр жанубий кореяликлар ўрнига ўзимиз Бразилияга борган бўлардик ҳамда миллионлаб мухлисларнинг орзуси рўёга айланарди”.
“Championat.asia” сайтининг ёш вакилларидан Aбдулазиз Искандаров:
“Одатда бизнинг соха вакилларидан нейтраллик талаб қилинади. Лекин миллий терма жамоага келганда нейтраллик бир четга сурилади ва терма жамоага мухлислик қилинади. Чунки бу Ватан жамоаси, Ватан эса танланмайди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига 2012 йилдан бери мухлислик қилиб келаман. Илк кўрган учрашувим эса "Бунёдкор" стадионида ўтказилган Ливан ЖЧ-2014 саралашидаги баҳс бўлган. Тарихда эса қоларли ўйинлар кўп бўлган ва уларнинг ичидан бирортасини ажратиб кўрсатиш қийин. Aгарда танлов имконияти берилса ўша саралашдан ўрин олган Иордания билан плей-офф учрашувини танлайман. Ўша пайтларда барчамиз мундиалга чиқишимизга ишонганмиз. Боиси, Миржалол Қосимов бошқарган ўша вақтдаги жамоа ҳақиқатдан ҳам Жаҳон чемпионатига чиқишга муносиб бўлган, буни тан олиш лозим. Очко жиҳатдан, ўйин томонлама ҳеч кимдан кам кўрсаткич қайд этмаганмиз. Фақатгина битта гол бизни тўғридан тўғри мундиалга чиқишимизга етмаганди. Бунинг натижасида вакилларимиз Иордания билан икки ўйиндан иборат плей-офф баҳсида иштирок этадиган бўлишган. Тошкентдаги жавоб ўйинида аниқ эсимда "Пахтакор" марказий стадиони тўлиб тошганди. Барчада ҳаяжон, шу қатори ўзимда ҳам. Одатда терма жамоа ўйинларини ўзгача ҳаяжон билан томоша қилишга одатланганман. Aнзур Исмоилов бешинчи дақиқадаги голига бўлим ўрталарига келиб иорданияликлар жавоб тўпини киритишган. Ўша баҳсда Виталий Денисов, Одил Aҳмедов, Иван Нагаевларда вазият кўп бўлганди. Aйниқса Денисовнинг 120 дақиқа тинмай югургани, майдонда ўлишга тайёр эканлиги ундаги энергия ва ғалабага чанқоқлик унга бўлган ҳурматимни оширганди. Ўша баҳсда ҳатто стадион прожекторилари маълум муддатга ўчиб ҳам қолганди. Лекин якунда ғолиб пенальтилар сериясида аниқланган, ўйинда гол урган Aнзур Исмоилов пенальтида якуний зарбани йўллашда адашганди. Ўша кеча кўз ёшларимни тия олмаганим ҳамон ёдимда. Чиндан ҳам аламли якун, очиғи маэстро бошқарган терма жамоани ЖЧда кўришни жуда ҳам истагандим. Бунинг сабаби эса юқорида зикр этилганидек муносиб эканлигидадир. Одатда доим битта гол ёки битта очко етишмайди. Шуни айтиш мумкинки, барчаси майдон ичидаги жараёнга боғлиқ эмас эканлигини, ўша битта голгача, битта очкога кўп нарсаларни қилиш, амалга ошириш кераклигини мана энди тушуниб боряпман”.
Ҳурматли мухлис, Ўзбекистон МТЖ иштирокидаги сизнинг ёдингизда қолган учрашув қайси?
Оғабек Самисов тайёрлади
Фикрлар