Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар футболчиси "Осиё олтин тўпи"га номзод бўлди

Оқил Абдубарноев
23 ноя 2026, 19:25
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг уч нафар футболчиси – Абдуқодир Ҳусанов, Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев 2026 йилнинг Осиёдаги энг яхши футболчисига бериладиган "Asian Golden Player" мукофотига номзодлар рўйхатидан ўрин олди.

Хитойнинг "Titan Sports" нашри эълон қилган рўйхатдан жами 30 нафар футболчи жой олган. Улар орасида "Манчестер Сити" ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов, "Истанбул Башакшеҳир" ҳужумчиси Элдор Шомуродов ва ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаев ҳам бор.

Шунингдек, Тошкентнинг "Пахтакор" клуби ҳужумчиси Айман Ҳуссайн ҳам мазкур мукофотга номзодлар қаторидан ўрин олган. У рўйхатда Ироқ миллий терма жамоаси вакили сифатида қайд этилган.

Номзодлар орасида Жанубий Кореянинг таниқли футболчилари Сон Хён Мин, Ли Кан Ин ва Ким Мин Жэ, япониялик Даичи Камада, Аясе Уэда, эронлик Меҳди Тореми, саудиялик Салим Ал Довсарий ҳамда қатарлик Акром Афиф каби футболчилар ҳам бор.

Бу йилги рўйхатда Япония энг кўп – 6 нафар футболчи билан иштирок этмоқда. Жанубий Корея ва Австралиядан 4 нафардан, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Эрондан эса 3 нафардан футболчи номзод сифатида кўрсатилган.

Маълумот учун, "Asian Golden Player" мукофоти 2013 йилда Хитойнинг "Titan Sports" нашри томонидан таъсис этилган. 2026 йилдан бошлаб мукофот Халқаро спорт журналистлари ассоциацияси (AIPS) ва унинг Осиё бўлими (AIPS Asia) билан ҳамкорликда топширилади.

Мазкур соврин Осиё футбол конфедерациясининг йиллик тақдирлаш маросимида бериладиган "Осиёнинг энг яхши футболчиси" мукофотидан алоҳида ҳисобланади.

Овоз беришда футболчиларнинг 2025 йил 1 сентябрдан 2026 йил 31 августгача бўлган даврдаги ўйинлари, клуби ва миллий терма жамоадаги натижалари, шунингдек, спортчилик фазилатлари инобатга олинади.

Овоз бериш ҳуқуқига эга журналистлар 30 нафар номзоддан учтасини танлайди. Биринчи ўринга 5, иккинчи ўринга 3 ва учинчи ўринга 1 очко берилади. Овоз бериш 30 ноябрь куни якунланади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мукофотни энг кўп қўлга киритган футболчи Сон Хён Мин ҳисобланади. Жанубий кореялик ҳужумчи 2025 йилда ўнинчи марта ғолиб бўлган.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›