Нима учун футзалда шарманда бўлдик?!
05 дек 2018 17:28
Янгиликлар
Нима учун футзалда шарманда бўлдик?!
1-4 декабрь кунлари Тошкентдаги "Ўзбекистон" спорт мажмуасида футзал бўйича 2019 йил бўлиб ўтадиган U-20 Осиё чемпионатига Марказий минтақа доирасидаги саралаш ўйинлари ўтказилди.
"A" гуруҳида Эрон, Афғонистон ва Туркманистон, "B" гуруҳида эса Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон ёшлари қитъа чемпионатига бериладиган учта йўлланма учун кураш олиб боришди. Афсуски, якунда келаси йил Эрон мезбонлик қиладиган мусобақага йўл олган жамоалар орасида ЎЗБЕКИСТОН бўлмади. Баҳодир Аҳмедов бош мураббийлигидаги жамоамиз ўз гуруҳларида Қирғизистон ва Тожикистондан сўнг охирги учинчи ўринни эгаллади.
Хўш, бундай муваффақиятсизликнинг сабаби нима? Қуйида шу саволга жавоб излаб кўрамиз.
Эътиборсизлик
Жорий йилнинг 30 август санасида сайтимизда "Афғонистон ва Мўғулистон Осиё чемпионати саралашида қатнашади, Ўзбекистон эса йўқ" номли хабарни чоп этган эдик. Унга кўра, футзал бўйича U-20 Осиё чемпионати саралаши тўртта минтақада ўтказилиши керак эди. ОФК ушбу саралашга дастлабки қуъани ташлаганда жамоалар орасида Ўзбекистон йўқ эди. Лекин, ОФК Марказий минтақада саралаш беллашувларига мезбонлик қилишни хоҳловчи мамлакатни топа олмаганидан сўнг Ўзбекистонга мурожаат қилди. Ўз-ўзидан ОФКнинг юзланишига ЎФА ижобий жавоб қайтарди ва бизнинг минтақа саралаши Тошкентда ўтказиладиган бўлди. Унда вакилларимиз ҳам иштирок этиши маълум қилинди. Бир қарашда жуда ҳам оддий вазият, лекин эътиборсизлик сабаб сал бўлмаса бу саралашда ҳатто иштирок ҳам этмай қолиб кетишимиз мумкин эди.
Бор-йўғи 15 кун тайёргарлик
Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги жамоа тайёргарликни саралаш баҳслари бошланишига бор-йўғи 15 кун қолганда бошлашди. Жамоа нима учун муҳим ўйинларга 15 кун қолгандагина йиғилгани бизга қоронғу. Лекин, бу вақт ичида ҳатто миллий терма жамоани ҳам кўнгилдагидек тайёрлаш қийин. Гарчи, улар йиллар давомида терма жамоада ўйнаб келган футзалчилар бўлса-да, терма жамоа услубини билса-да. Булар эса турли жойлардан йиғилган ва мутлақо тажрибага ва расмий ўйинлар амалиётига эга бўлмаган йигитлар эди.
Футзалда мураббийлар маълум вақт мобайнида фақат бир нарсани ўргатиб боришади ва фақатгина ўша жиҳатга нисбатан ўйинчиларда кўникма ҳосил бўлганидан кейингина бошқа жиҳат устида ишлашга ўтишади. Яъни, ҳимояланиш, ҳужум қилиш, ҳимоядан ҳужумга ўтиш, қарши ҳужум, позицион ҳужум, стандарт вазиятлардан фойдаланиш, стандартларда ҳимояланиш, гол уриш шарт бўлганида ўйновчи дарвозабон билан ҳаракат қилиш, узоқдан зарбалар, комбинацион голларни қай тариқа уриш ва ҳ. Кўраяпсизми, мураббий олдида қанчадан-қанча иш бор жамоани ўргатиш учун. Энди тасаввур қилинг, мураббийлар юқоридаги нарсаларни мутлақо янги йиғилган, тажрибасиз ўйинчиларга қандай қилиб 15 кун ичида ўргатишади? Буни уддалаш мутлақо имконсиз. Бундай ҳолларда ягона ечим, ҳамма нарсани тез-тез, қисқа вақтда ўргатиб кетавериш. Лекин, ёш футзалчиларда ўргатилган нарсаларга кўникма ҳосил бўлганига ишониш қийин. Чунки, бунга уларда вақт бўлмади.
Ўртоқлик ўйинлари? ЙЎҚ
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бирорта терма жамоа билан ўртоқлик ўйини ўтказгани йўқ. Қирғизистон ва Тожикистон билан бир гуруҳда эдик ва улар билан ўйнаш имконсиз эди. Туркманистонга таклиф билан чиқилган, бироқ улар рад жавобини беришган. Осиёнинг қолган жамоалари эса аллақачон ўзларининг тайёргарлик режаларига эга эди ва уларнинг барча ўртоқлик ва назорат ўйинлари олдиндан режалаштирилган. Уларнинг ҳеч бири томдан тараша тушгандек Ўзбекистонга келиб ўртоқлик ўйини ўтказиб кетмаслиги аниқ. Хуллас, ЎФА футзал бўйича U-20 Осиё чемпионати саралашига шу қадар беэътибор бўлди-ки, жамоа бирорта ўртоқлик ўйини ўтказмади. Фақатгина, тайёргарликнинг охирги кунларида жорий йил ҳаваскор жамоалар орасида ўйнаган "Максам-Чирчиқ" билан назорат баҳси ўтказилди.
Хуллас, бизникилар ўзимизда ҳаваскор бўлиб ўйнаб юрган жамоа билан назорат баҳси ўтказиб юрган паллада гуруҳдаги рақибларимиз Қирғизистон ва Тожикистон бир қатор терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишди ва саралашга кўнгилдагидек тайёрланишди.
Таркиб
Ўзбекистон U-20 терма жамоасидан жой олган ёш футзалчиларнинг фақатгина 5 нафари Суперлига жамоалари аъзолари. Булар: Муҳаммад Зоиров ("Пахътакор"), Илҳомжон Каримов, Олимжон Воҳидов (иккиси "Бунёдкор"), Абдулла Солиҳов ("Локомотив") ва Пўлат Олимов (АГМК). Улар орасидан Пўлат Олимов мавсум давомида деярли ўйнамади ҳисоб, Муҳаммад Зоиров ҳам кўп ўйнади деб айта олмаймиз. Қолган йигитлар эса ҳаваскор жамоалар таркибида ўйнаб юришган ёки ўз вилоятларидаги ички чемпионатларда қатнашиб юришган. Бунақанги таркибдан қитъа биринчилигига чиққан тақдиримизда ҳам ижобий натижа кутиш жуда қийин эди. Ўйинчиларда расмий ўйинлар амалиёти кам, ярмидан кўпида эса умуман йўқ эди. Бу нарса саралашдаги ҳар иккала ўйинимизда ҳам кўзга ташланди. Жамоамизда ўйин жуда суст эди.
Кимдир биз яхши ўйнадик деса алдаётган бўлади (мен учун). Ҳатто, Қирғизистонни енгган баҳсимизда ҳам улар биздан кўра яхшироқ ўйнашган эди. Шунчаки, ўша куни бизга омад кўпроқ кулиб боққанди ва йигитлар эйфорияда ғалабани илиб кетишди. Ҳақиқий яхши ўйин нима эканлигини билмоқчи бўлганларга 2017 йилги U-20 Осиё чемпионатида иштирок этган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўйинларини қайта томоша қилиб чиқишни тавсия қиламан.
Мураббийларнинг ҳисоб-китобни тўғри қилмагани ёки билмагани
Гуруҳимиздаги иккинчи ўйинда Тожикистондан енгилиб турган пайтимизда ҳам бизда Осиё чемпионатига чиқиш имкони сақланиб турган эди. Яъни, ҳатто ҳисоб 2:6 бўлиб турганда ҳам биз учинчи йўлланма учун Афғонистонга қарши кураш олиб борар эдик. Аммо, мураббийлар баҳс тугашига 20 сонияча вақт қолган бир паллада ҳам ўйновчи дарвозабонни майдонга туширишди. Кўриниб қолди-ки, жамоа бешта ўйинчи бўлиб ҳаракат қилишни етарлича машқ қилмаган. Бунга уларда вақт ҳам бўлмаган. Айнан ўйновчи дарвозабон билан тўп тепган вақтимизда иккита жуда кулгули голларни ўтказиб юбордик. Ҳар икки вазиятда ҳам ўзимиз тўпни уларга олдириб қўйдик ва якунда йўлланмадан махрум бўлдик. Ўйиндан кейин бош мураббий Баҳодир Аҳмедовдан қисқача фикр олдим. Аммо, улар нима учун 20 сония қолганда ўйновчи дарвозабонни туширишганини билиш ҳаёлимдан сира кетмади ва ўша куни соат вақт анча кеч бўлиб қолганига қарамай Баҳодир акага қўнғироқ қилдим. Мураббий ўйиндан олдин мағлуб бўлишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаганини ва фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушишганини таъкидлади. Ўша интервьюни сайтга жойлаштирган эдим. Барибир, ҳаммаси жуда ғалати, тушунарсиз...
Хўш, олдинги U-20 терма жамоамизда аҳвол қандай эди?
Олдинги U-20 терма жамоамизда испаниялик мутахассис Хосе Мария Пазос Мендез бош мураббий эди. У май ойидаги мусобақага тайёргарликни январь ойидаёқ бошлаган эди. Яъни, Осиё чемпионатига 5 ой қолганда жамоа тайёргарлик жараёнини бошлаб юборган. Мусобақага ҳам, унда иштирок этадиган жамоамизга ҳам эътибор энг юқори даражада эди. Жаноб Мендезга барча керакли шарт-шароитлар яратиб берилган. Натижа ҳам шунга яраша бўлганди - ярим финал ва тўртинчи ўрин.
Мендез жамоаси ўртоқлик ўйинлари борасида ҳам қийинчиликка учрамаган. Тожикистонга қарши иккитадан 2 марта ўртоқлик, Қирғизистонга қарши иккита ўртоқлик ўйини. Бундан ташқари, Вьетнам, Хитой ва Бруней U-20 терма жамоаларига қарши ўйинлар.
Таркиб ҳам аъло даражада эди. Ўша таркибдан 13 нафар ўйинчи Олий лига жамоаларида тўп тепарди ва уларнинг фақат 3 нафарида ўйин амалиёти камроқ эди. Қолган 10 нафар ёш футзалчиларимиз бутун м авсум давомида етарлича ўйин амалиётига эга бўлишганди. Яна бир ўйинчи эса Ўзбекистон футзал Ассоциацияси (эндиликда собиқ) томонидан ташкил этилган ва шахсан Мендезнинг ўзи кузатиб борган танлов орқали танлаб олинган эди (Ботир Ризаев). Ҳа, ўшанда испаниялик мутахассис шахсан ўзи бутун республикадан келган 200дан ортиқ ёшларни кўздан кечирган ва улар орасидан аввалига 16 нафари, кейин 4 нафари, якунда бир нафарини жамоага танлаб олган эди. Танлаб олинган ўша йигит мусобақада ишончни оқлаган эди.
Футзалимиз ботқоққа ботиб бормоқда. Бу ҳақда жуда кўп гапириш ёки ёзиш мумкин. Фикрларимнинг ҳаммасини қоғозга тушира олмадим. Яхшиси, яқин орада "Extra TIME" видео лойиҳамизнинг битта сонини фақат футзалга бағишлайман ва ўшанда футзалимизни қанчалик "ўлдиришаётгани" ҳақида батафсил тўхталиб ўтаман. Ҳозирча, эса юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда хулоса ўзингиздан.
Фикрлар