Испания, Англия, Италия ва Германияда ўйнаган дарвозабон ҳақида
21 дек 2018 18:40
Янгиликлар
Испания, Англия, Италия ва Германияда ўйнаган дарвозабон ҳақида
Хосе Мануэль Рейна Паэс 1982 йил 31 август куни Мадридда таваллуд топган. У Пепе Рейна деб чақиришларини хуш кўради. Айнан шу ном билан у футбол оламида машҳурликка эришган.
Саргузаштнинг бошланиши
Пепе Рейнанинг отаси Мигель Рейна 1963 йилдан 1980 йилгача топ даражадаги футболчилардан бири ҳисобланган. У Трофео Самора мукофотини қўлга киритган ҳамда Испания чемпионатида ғолиб чиққан. Шунингдек, икки маротаба Испания Кубогига ҳам сазовор бўлган.
Рейна ўзининг дарвозабонлик фаолиятини “Мадрид Оэста” клубида бошлаган. Лекин у ерда кўп ушланиб қолмаган. “Барселона” академиясига ўтиш имконияти пайдо бўлиши билан бундан унумли фойдаланади ва 1995 йил Каталонияга йўл олади. Ўшанда у эндигина 13 ёшда эди. Ла Масияда ўтган беш йилдан сўнг, Рейна илк бор 18 ёшида дебют қилиб, клубнинг асосий таркибида майдонга туша бошлади. Қаҳрамонимиз “Барселона”нинг икки мавсуми доирасидаги 30та ўйинда иштирок этди, аммо борган сари асосий таркибдаги жойини йўқотиб борди. Шундан сўнг, “Вильярреал”га ижарага кетишга қарор қилди.
У биринчи мавсумда "Сариқ сувости субмаринаси" таркибида Примеронинг 32та ўйинида қатнашди. Кейинги икки йил давомида эса Испания Чемпионатининг битта баҳсини ҳам ўтказиб юбормади. Муваффақиятли мавсумдан сўнг, клуб Рейнани арзимаган 750 минг евро эвазига “Барселона”дан сотиб олди. У 2004/2005 йилги мавсумда Примеронинг энг яхши дарвозабони бўлиб, унга сарфланган ҳаражатни оқлади. Ўша йили “Вильярреал” Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритганди. Шунингдек, Рейна клуб таркибида икки маротаба Интертото совринини қўлга киритган.
"Ливерпуль". Янги жамоани излаб
2005 йил июлда “Ливерпуль”нинг янги бош мураббийи испаниялик Рафаэль Бенитес ташаббуси билан Рейна “мерсисайдлар” таркибига деярли 10 миллион еврога ўтади. Бенитес Рейнани жамоанинг асосий таркибида майдонга туширди ва у “Ливерпуль” таркибида Чемпионлар Лигаси 2005/06 йилги мавсуми саралаш босқичи 1-раундида Уэльснинг ТНС жамоасига қарши ўйинида дебют қилди.
2005/06 йилги мавсумда Рейна ЕЧЛ-2005 қаҳрамони Ежи Дудекни захира ўриндиғига ўтқизиб қўйиб, “Ливерпуль”нинг асосий дарвозабони бўлиб олди. Рейна англияликлар билан биринчи совринини илк мавсумдаёқ қўлга киритди. Бу Англия Кубоги эди. Финалда Рейна бир неча бор хатоларга йўл қўйди, аммо пенальтилар сериясида 4тадан 3та зарбани қайтаришга эришди ва жамоасига катта ёрдам берди.
У 2006 йил УЕФА Суперкубоги, 2012 йилда эса Англия Лига Кубогини қўлга киритади. 2005/2006 йилдан 2007/2008 йилги мавсумгача АПЛ олтин қўлқоп соҳиби айнан Пепе деб эътироф этилган. 2009 йил 22 март куни Рейна “Ливерпуль” тарихида янги рекорд ўрнатди. Яъни, 100та ўйинда бир маротаба ҳам гол ўтказиб юбормади. У буни “Астон Вилла”га қарши ўйиндан сўнг амалга оширди (ўшанда “Ливерпуль” рақибини 5:0 ҳисоби билан мағлуб этганди). Бу унинг “Ливерпуль” таркибидаги 197-ўйини эди. Вақт ўтган сари Рейнанинг ўйини сустлаша бошлади. Клуб раҳбарлари унинг ўрнига ёш ва иқтидорли Симон Миньолени сотиб олди. 2013/2014 йилги мавсумда Рейна “Наполи”га бир йиллик ижарага ўтиб кетди. У ерда Пепе Италия Чемпионати кумуш медали ва мамлакат кубогига сазовор бўлди.
Пепе олти ойга “Ливерпуль”га қайтди. Аммо бу ерда арзигулик нарса қолмагани учун, янги таклифни қабул қилишга қарор қилди. У Мюнхеннинг “Бавария” клубига 9.3 миллион еврога ўтиб кетди. У ерда уни Ману Нойерга ўринбосар бўлиб захира ўриндиғида ўтириш, мавсум давомида 3та учрашув ва титул кутаётган эди. Бу эса 31 ёшли посбонни қониқтирмади ва унинг Мюнхенга сафари узоққа чўзилмади. Хайр, Бундеслига!
А Серия. Янги мамлакат, янги чақирув
2015 йил 23 июнь куни Пепе Рейна арзимаган 2 миллион евро эвазига “Наполи”га ўтади. Унга жамоа бош мураббийи Маурицио Сарри қизиқиш билдирганди.
Сарри дарвозабоннинг ўзига хос сифатларидан бири оёқ билан ўйнай олишидир деб таъкидлаганди ўшанда. Рейна эса “Барселона” тарбияланувчиси бўлгани учун бу сифатларга эга эканлиги ажабланарли эмас. Шу йўл билан, Пепе буюк Сарри жамоасининг асосий ўйинчиси бўла олди ва икки мавсум давомида Италияда ўйнади. Неапольга иккинчи бор келганида А Сериянинг 2016/2017 йили бронза ва 2017/2018 йилги мавсумда эса кумуш медаль соҳиби бўлган.
Рейна Неапольда 3 йил ўйнади ва Маурицио Сарри кетганига қарамай, фаолияти сўнггига қадар шу ерда қолишни режалаштирганди. Аммо клуб раҳбарияти ўйинчи билан шартнома муддатини узайтиришни истамади. Бироқ Пепе узоқ вақт ишсиз қолиб кетмади ва Италиянинг “Милан” клуби уни ўзига чақириб олди. Бироқ худди у ерга нафақага чиқиш учун боргандек бўлди. Чунки у ерда Жанлуижжи Доннарумма бор эди. Лекин Рейна бўш келмади. Ҳозирда у Европа Лигаси доирасидаги баҳсларда клубнинг асосий посбони сифатида майдонга тушадиган бўлди. У ерда 4та ўйинда иштирок этди ва яна шунча ўйинни ўтказиб юборди.
Испания терма жамоаси
Пепенинг отаси — Мигель Рейна Испания термаси таркибида 5та учрашувда иштирок этган. Унинг ўғли Рейна эса “Фурия Роха” таркибида 2005 йил 17 август куни Хихон шаҳрида бўлган Уругвай термасига қарши баҳсда дебют қилган. У ҳеч қачон асосий футболчи бўлмаган. Доим Икер Касильяс ва Виктор Вальдеснинг соясида қолган. Кейинчалик эса Давид Де Хеа келган... Аммо терма билан қатор мукофотларни қўлга киритган: Европа Чемпионати 2008 ва 2012 ҳамда Жаҳон Чемпионати-2010.
Рейна испанияликлар таркибида 38та учрашувда иштирок этди ҳамда ЖЧ-2018дан сўнг фаолиятни якунлади. Пепе Рейна — замонавий футболдаги иқтидорли ва ноёб ўйинчилардан бири. Кимдир қобилиятли ўйинчи экани, кимдир хушчақчақ инсонлиги, кимдир эса ўзига хос стили учун уни яхши кўради. 36 ёшли испанияликнинг “Милан” билан 2021 йилгача шартномаси бор.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар