Гильермо Очоа: “Мексика учун АҚШ билан ҳар бир ўйин – алоҳида воқеа”
11 ноя 2016 09:02
Янгиликлар
Гильермо Очоа: “Мексика учун АҚШ билан ҳар бир ўйин – алоҳида воқеа”
31 ёшли посбон айни пайтда яхши кайфиятда АҚШга қарши саралаш беллашувига ҳозирлик кўрмоқда. “Гранада”да ўйнаётган Очоа ўта муҳим тўқнашувда ашаддий рақибни енгишда жамоасига ёрдам беришга интилади. Тўртинчи бор мундиалда иштирок этиши мумкин бўлган дарвозабон “FIFA.com”га берган интервьюсида минтақадаги классик тўқнашув хусусида фикрларини билдирди.
– АҚШ билан муҳим ўйинга жамоа қандай ҳолатда етиб келмоқда?
– Бу рақиб билан баҳслар ҳамиша қийин кечган. Қўшимча қийинчилик эса бундай хавфли рақибга қарши сўнгги раунддаги илк учрашувни сафарда ўтказишда. Бу жамоа турли чизиқларда юқори савиядаги ажойиб ижрочиларга эга. Стартни яхши бошлашга умид қилишимиз лозим.
– Беллашув Мексика ҳалигача бирор марта ютмаган Колумбусда бўлиб ўтади.
– Ҳа, бу стадионда америкаликлар ўзларини яхши ҳис қилишади. У ерда анча совуқ иқлим ва ажойиб муҳит бор. Бу шароит биз учун қулай эмас, у ишимизни қийинлаштиради. Бироқ футбол шундай. Ҳамма устунлигидан фойдаланишга интилади. Айтайлик, рақибларимиз “Ацтека”да стадион ҳажми ва тоғнинг юқори қисми туфайли муаммога дуч келишади.
– Колумбиялик Хуан Карлос Осорио жамоа бошқарувига келганидан буён Мексика фақат бир ўйинда ютқазди, аммо жамоани ҳамон танқид қилишмоқда.
– Мексикада футболга боғлиқ нарса оддий бўлмайди. Ўйинлардан олдин йиғин узоқ давом этмайди ва жамоага хотиржам муҳит керак, аммо бизда бунинг акси. Мексика ОАВ салбий муносабатда экани билан ажралиб туради. Футболчилар ўзларини хотиржам ҳис этишади, аммо Америка Кубогидаги рўй берган ҳолатни унутмадик ва бу бизга босим юклайди.
– Ўша турнирда Мексикани мусобақадан Чили 7:0 ҳисобидаги мағлубият билан чиқариб юборди. Жамоа бундай даҳшатдан чиқиб кета оладими?
– Бу мағлубият тарихда ўзгача бўлиб қолишини тушанамиз. Уни хаёлимиздан чиқариб ташлаб, руҳий хотиржамликни қайтаришимиз лозим. Чунки ушбу саралаш босқичида Мексика жуда яхши иштирок этмоқда. Ишларимиз кейин ҳам шундай давом этишини хоҳлаймиз.
– Бразилия-2014 саралашида рўй берган оғир вазиятни эсга олсак. Ўшанда мусобақадан четда қолишингиз мумкин эди. Панама ўтиш ўйинларида майдонга тушишдан охирги дақиқаларда АҚШдан икки гол ўтказгани туфайли маҳрум бўлган. Ўшанда нима юзага келганди?
– Мексика учун анъанавий тарзда уйдаги учрашувларда максимал очколарни қўлга киритиш муваффақиятга калит ҳисобланади. Ўшанда бундай бўлмаганди. Ёмон ўйнамадик, тўпни назорат қилдик, бироқ тўпни дарвозага йўллаш учун озроқ омад етишмади. Биз очко йўқотган учрашувларда рақиблар ўзларига ишонч ҳосил қилишди. Биз имкониятдан фойдаланмадик, рақиб ҳимояда ўйнаб, кейин бизни қарши ҳужумда даволади. Бироқ бундай хатони такрорламаслигимизга ишонамиз.
– Мексика салбий анъанага чек қўйиб, АҚШни 2015 йил Конфедерациялар Кубоги йўлланмаси учун беллашувда доғда қолдирди. Бу жамоага ишонч берадими?
– Футбол ҳаёти лаҳзаларнинг бирлашувидан иборат. Ҳа, ўша сафар ғалаба қозондик, аммо бу келажакда ҳам шундай бўлишини англатмайди. Ҳар бир беллашув – алоҳида воқеа: турли жамоалар, футболчилар, ҳолатлар. Ўзимизга ортиқча ишониб юбормаслигимиз керак. Айниқса, АҚШ билан учрашувда, рақиб майдонида. Ушбу раундни қўлимизда тоза вароқ билан бошлаймиз.
– Лекин кейин жамоани яна бир синов кутмоқда. Меҳмонда Панамага қарши майдонга тушилади.
– Ҳа, бизни оғир икки ўйин кутиб турибди. Мен бунга ижобий қарайман. Агар сафарда яхши натижаларга эришсак, биз жаҳон чемпионатига анча яқин бўламиз. Бу фикр мени илҳомлантиряпти.
– “Гранада” мавсумни унчалик яхши бошламади. Бу хусусида фикрингиз қандай?
– Ўзимни юз фоизга тайёр деб биламан. Майдонда жамоа билан бирга меҳнат қиляпман. Омадсиз стартдан кейин ҳолатни ўнглашимизга ишонаман. Ҳа, кўп гол ўтказдик. Бундай ҳолатда айб кўпинча дарвозабонларга юкланади. Бироқ жамоада ёлғиз ўзим ўйнамайман. Майдонда 11 нафар футболчи ҳаракат қилади.
– Ёқимсиз ҳолатдан кейин эътиборингизни терма жамоага қаратиб, нималарга қодирлигингизни исботлаш насиб қиладими?
– Аслида мендан бу талаб этилмаслиги ҳам мумкин. Ҳар куни юз фоиз кучим даражасида ишлайман, терма жамоа ва Ла Лигада ўтказилган йиллар эса муваффақият сари калит эътиборни жамлаш ва ҳар қандай ҳолатда энг яхши ўйинингни кўрсатиб, хотиржамликни сақлаб қолиш эканини кўрсатди.
– Бундай тажриба билан жамоадаги кўп дўстларингиз мақтана олади. Мексика учун жаҳон даражасида ўзини кўпроқ кўрсатиш даври келди деб ўйлайсизми?
– Жамоамиз жиддий натижаларга кўз тиккан ва катта иштиёққа эга. Охирги мундиалда анча яхши ўйин кўрсатдик. Бу тажриба бизга ёрдам беради. Ҳозир жамоада фаолиятининг чўққисига чиққан футболчилар жамланган. Бу келажакка ижобий қарашга имкон беради. Имкон қадар узоқроққа етиб боришга интиламиз.
– Унда буни АҚШ билан ўйиндан бошлаш керак.
– Шундай! Бу минтақадаги энг кучли рақиб билан учрашув бўлади. Ўйин биз учун ҳам, америкаликлар учун ҳам катта аҳамиятга эга. АҚШда яшовчи ватандошларимиз учун ҳам, албатта. Сўнгги раундни бундай масъулиятли ўйин билан, яна сафардаги ғалаба билан бошлашдан ёқимлироқ яна нима бўлиши мумкин!
Беҳзод Назаров
Фикрлар