UZ

Сўнгги янгиликлар

10:54"Челси" 19 ёшли футболчининг трансфери учун 43 миллион сарфлайди  0 10:23"Қўқон-1912" футболчиси Ироқ клуби билан шартнома имзолади  0 09:58Ўртоқлик учрашуви. МЮ АҚШда йирик ҳисобда ғалаба қозонди  1 09:27Нима? "Ал Насср" Россия чемпионатида тўп сураётган футболчига 70 миллион евро бермоқчи  3 08:58Пролига. "Олимпик" 7 нафар футболчи билан шартнома имзолади  1 08:30Аббосбек Файзуллаев янги жамоасида машғулотларни бошлаб юборди  10 08:25Лига Кубоги. "Интер Майами" ғалаба қозонди, Месси ўз ҳисобига иккита голли узатма ёздириб қўйди  2 08:01"Андижон" трансфернинг сўнггида яна икки нафар футболчи билан шартнома тузди  3 07:34"Навбаҳор" икки нафар "Олимпик"нинг собиқ футболчилари билан шартнома имзолади  1 03:15Равшан Эрматов билан дуч келган мундиалда майдонга тушиш учун пул тўлаган, "Атлетико Мадрид" либосини кийган ҳамда Арманистонда рекордлар қайд этган "Насаф"нинг янги легионери билан яқиндан танишамиз   2 00:40"Барселона" бош мураббийи Флик: "Рэшфордни кўп йиллардан бери кузатиб келаяпман"  3 00:16Куртуа фаолиятини якунлагандан сўнг пойгаларда қатнашиш истагини билдирди  1 00:07Ўзбекистонда трансфер ойнаси расман ёпилди  8 23:46"Ал Насср" ўртоқлик ўйинида "Тулуза"ни мағлубиятга учратди. Феликсдан дебют, Роналдудан гол  4 23:27"Ман Юнайтед" "Ман Сити"га керак бўлмай қолган дарвозабонга қизиқмоқда  3

Айтмаганмидик? Янгиликлар

Айтмаганмидик?

Олий лига - 2015 ўйинлари старти олдидан, мавсумда ким нечанчи ўринларни қўлга киритиши ҳақида мулоҳаза юритган эдик.

Олий лига ўйинлари якунига етди ҳамки, Мочиновнинг "Бухоро"сини инобатга олмаганда  қолган барча тахминларимиз ўзини 100% оқлади. Ҳаттоки, ўша мақола тагида Қўқон  ва андижонлик айрим мухлисларни сайтга нисбатан жуда хунук фикрлар ҳам  билдирганлар. Бунга, бизни "Қўқон-1912", "Андижон", "Динамо" ва "Сўғдиёна" жамоаларини, уларнинг инфраструктураси ва сафидаги футболчиларидан келиб чиқиб олий лигада қолиш учун кураш олиб боришларини баён қилганимиз сабаб бўлган эди. Якунда шундай бўлди. Фақат катта бюджет, яхши футболчиларни йиғишига қарамай "Бухоро" уларнинг орасига тушиб қолгани, бошида кўпчиликни қизиқтирди, аммо кейин кўникдик. Юқоридаги учлик  борасидаги тахминимиз ҳам ўзини оқлади. Қайд этилганидек, "Насаф" ва "Бунёдкор"  учинчи ўрин учун курашдилар. Сўнгги турларга қадар тўртликка киришга яқин турган  "Нефтчи" кутилмаганда "газ"ни қўйиб юборди.

Олий лиганинг кетишига қараб мени фақат иккита жамоа ҳайрон қолдирди. Бири,  "Нефтчи" қандай қилиб оғзидаги ошни олдириб қўйгани бўлса, иккинчиси "Бухоро".  Кетма-кет мағлубият ва дуранглар исканжасидаги клуб сўнгги турларда фақат ғалаба  қозонди.



"Навбаҳор", "Қизилқум", "Металлург" ҳамда "Шўртан" жамоаларининг савияси бир хил.  Шунинг учун ҳам улар ўзларидан кутилган, 8-10 ўринлар учун кураш олиб бордилар. Шу  тўрт жамоанинг сўнггиси бўлган бўлсада, ғузорликларнинг бу йилги ҳаракати менга  жуда ҳам мақул келди. 2014 йил "Шўртан" сафарда "Пахтакор-2" жамоасига қарши баҳс  олиб бориб, биринчи бўлимни 2:0 ҳисобда бой беради. Бу "Шўртан"нинг биринчи лигада  ўтказаётган мавсумидаги дастлаби мағлубияти эди. Танаффусда шогирдларига кўрсатма  берар экан, Мухтор Қурбоновни тузукроқ нарса айтганини эшитмадим. "Нима  қиляпсизлар, тушинглар, ўйнанглар"... шу каби оддий гаплар эди. Ўшанда мақола  ёзмоқчи ҳам бўлган эдим. Бу ҳудди битта ўйини чиқмай қолган ёш болани танқид  билан синдириш бўларди. Балки ўша мақола чиққанида "Шўртан" раҳбарияти олий  лига учун ўзларига янги мураббий танлаган бўлардилар. Лекин ундай бўлмади,  "Шўртан"ни олий лигага ҳам Қурбонов тайёрлади.

Бу йил Ғузорда энди "Пахтакор"-2 эмас, асосий таркибига қарши баҳс олиб борган  Қурбоновнинг жамоаси аввал кубокда, кейин олий лигада "шер"ларни қийнади. Икки  ўйинни ҳам майдондан кузатдим. Мураббийнинг "қўли" бор эди ўйинда. Шунчаки туш,  ўйна қабиладаги ишлар ўтган йили тарихда қолган, бу йил ҳақиқий мураббийни кўргандек бўлдим.



Яқинда бир танишим, олий лига жамоаларидан бирига Европа дастурини тақдим этган  экан. У мураббий уни тушуниб ҳам етмапти. Баъзида, ўша мутахассисни МТЖга қўйиш керак  деган фикрларни эшитсам кулиб қўяман. Айнан ўша дастурдан жорий мавсум  Қурбонов фойдаланганлигини айтишди. Демак, киши ўз устида ишласа натижа ҳам  бўлади. "Шўртан" жорий йил молиявий инқирозни ўз бошидан ўтказди. Қолган  клубларда ҳам шундай муаммо бор-ку, дейишингиз мумкин. Лекин қолган  шаҳарлардаги шароитдан келиб чиқиб, Ғузорда бундай жамоани ушлаш жуда қийин.  Куни кеча сайтимизда Қурбоновни жамоадан кетиши мумкинлиги ҳақида хабарни  ўқидим, бу Ғузор учун катта йўқотиш бўлади.

6-7 ўринлар эгалари аниқроқ эди. Гарчанд, "Олмалиқ" тўртлик учун курашамиз деган  бўлсада, ҳали бирон маротаба буни амалда исботламаган эди. "Олмалиқ" доимо  стартни яхши олиб келади. Лекин... Айнан шу лекин уни тўртликдан мосуво қилиб  турибди. Бу йил жами беш маротаба Олмалиқдаги учрашувга ташриф буюрдим. Ҳар  сафар стадионга кириб келар эканман, чап қўлимдаги замонавий сунъий майдон, ўнг  қўлимдаги мини футбол зали. Агар Ўзбекистонда энг яхши залларнинг бешлигини  тузаман десангиз, "Олмалиқ"ники ҳам унинг ичида бўлади. Мана шу майдон ва зални  кўриб, "Олмалиқ" қошида тузукроқ футбол мактаби очилмаётганига ачинаман.  Жамоани тўртликка кира олмаслигига асосий тўсиқ ҳам аслида шу. Клубда ҳеч йўғи 2-3  нафар маҳаллий футболчи бўлиши керак. Ундан ташқари Игорь Шквирин мураббийлар  штабидаги ёрдамчилари борасида жиддий ўйлаб кўрадиган пайт келди!



Ўткан йили 5-ўринни қўлга киритган "Машъал"нинг бу йилги натижаси футбол  ичидагиларни ҳайрон қолдирмади. Муборакликлар нафақат олий лигада иккита ўринга  пастладилар, балки ёшлар лигасида ҳам. Афсуски, биз "Машъал"ни ортқа қараб  кетаётганини жимгина кузатяпмиз. Биргина мавсум билан жамоага умумий баҳо бериб  бўлмайди, қўшиламан. Лекин кейинги йил "Нефтчи" яна кучайиши мумкин. Бу йил улар катта имтиҳондан ўтдилар. Юқоридаги тўрт жамоани яқин йиллар ичида у ердан тушишларига кўпчилик ишонмаса керак. Шундай экан, вазиятга реал баҳо берсак, аввалги "Машъал"ни яқин орада кўрмаймиз. Аслида чемпион жамоадан икки баробар кам очко йиғиб бешинчи ўринни олиш муаммо эмас, бизга медаллар учун курашадиган "Машъал" керак.

Нодирхўжа Юлдашев

Рейтинг: +10   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика