UZ

Сўнгги янгиликлар

01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  41 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   3 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0 00:58Начо "Реал"га мавсум охирида жамоадан кетишини маълум қилди  7 00:40Ўзбекистон Қувайтга қарши ўйинда тўлиқ оқ либосда ҳаракат қилади  3 00:37Виталий Левченко: "Биз учун чемпионат ёки кубок учрашуви фарқланмайди"  1 00:25Иван Бошкович: "Ғалаба осонликча келмаслигини бугунги ўйин ҳам кўрсатиб берди"  1 00:10"Жиззах" бош мураббийи: "Таркибимиз фақат маҳаллий футболчилардан иборат экани мени хурсанд қилади"  2 00:05Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ироқ - Ўзбекистон 1:4   0 00:00Саидазамат Мирсаидов: "Рақиб ким бўлишидан қатъий назар, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз"  0 23:45Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг бугунги машғулоти. Эртанги рақиб - Қувайт  1 23:29Ўзбекистон U-23. Навбатдаги машғулот қандай ўтди? Мирсаидов ва Одиловдан интервью  0 23:23U-23 Осиё Кубоги. Саудия Арабистони Таиландга бешта гол урди, Япония БААга имконият қолдирмади  1 22:52Элдор Шомуродов "Ювентус"га қарши ўйинни асосий таркибда бошлайди!  26 22:47Абдуқодир Ҳусанов эртага ўтказиладиган "Ланс" – "Клермон" учрашуви қайдномасига киритилди  1

Шота Арвеладзе билан жуда узун, аммо самимий суҳбат - Шаҳбоз Беғамов Янгиликлар

Шота Арвеладзе билан жуда узун, аммо самимий суҳбат - Шаҳбоз Беғамов

Агарда шошилаётган бўлсангиз, унда бемалолроқ пайтингиз бу саҳифани очишни тавсия қиламан.

"Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзедан интервью олиш мақсадида клуб матбуот хизматига мурожаат қилгандим. Суперлиганинг охирги тури доирасидаги "Пахтакор"нинг "Бунёдкор"га қарши учрашувидан сўнг эртасига Арвеладзе билан суҳбатлашиш учун "Пахтакор" стадионига белгиланган вақтда бордим.

Очиғи, мураббий мавсум тугаши билан келаси йилги режалар устида иш олиб бораётгани ва Арвеладзе менга қадар ҳам кўплаб масалалар юзасидан кетма-кет меҳмонларни қабул қилиб, турли хил музокаралар олиб бораётганига гувоҳ бўлдим. Мураббий келишувга кўра, белгиланган вақтда мени қабул қилди ва интервью бошланди.

Тўғриси, аввал сайтимизда Арвеладзе билан кўп видео тасвир орқали суҳбат уюштирганимиз боис, бу сафар шунчаки аудио, ёзма матнли интервью олишга қарор қилгандим. Чунки "YouTube"даги контентда русча суҳбатларга талаб у қадар катта эмас ва мухлисларимизга ўзбек тилидаги интервью кўпроқ қизиқ.

Аслида интервью шаклида режалаштирилган суҳбат узоқ чўзилди, ўртага келиб бу шунчаки ўзаро суҳбатга ҳам айланиб кетди очиғи. Арвеладзе кўплаб масалаларга батафсил тўхталиб, барча деталларни эринмасдан тушунтириб чиқди. Қилаётган ишлари, ўзбек футболидаги тасаввури, йўл қўйилаётган камчиликлар ва унинг баъзи гаплари баҳона ўрнида қабул қилинаётганига қадар изоҳ берди.



Ортда қолган мавсум ҳақида Шота Арвеладзе қуйидаги фикрларини билдирди:

- "Умуман олганда ўтказган мавсумимиз менга ёқди. Бутун мавсумга баҳо бераётганда қандайдир маълум муддат ёки баъзи ўйинлардан келиб чиқиб хулоса қилинмайди. Биз бутун мавсум давомида барқарор ўйин кўрсатдик. Шундай пайтлар бўлдики, биз барча рақибларни ўйин ва натижа жиҳатидан тор-мор ҳам этишга эришдик. Бизга мавсум давомида кўп руй берган катта оралиқдаги тўхталишлар халақит қилди. Баъзан бир ойлаб мавсум тўхтаб қолди. Бу эса футболчиларнинг консентрацияга таъсир кўрсатиши аниқ. Мавсум энди қизғин паллага кираётганда тўхталишлар чўзилиб кетиши исталган жамоани ўйин ритмини йўқотиб қўйишига олиб келади. Аммо чемпионатни биз ташкиллаштирмаймиз. 

Шундай пайтлар бўлдики, стадионга минглаб мухлислар қайтишди ва чиройли муҳитда футбол ўйнадик. Айниқса Наманганда. Бу албатта ёқимли. Бундай пайтларда ҳаттоки ютқазган пайтингда ҳам майдонда борингни бериб чиққан бўласан. Ҳақиқий футболдан лаззатланиб ўйнагинг келади. Бу каби муҳитда исталган футболчи ёки жамоа ўз имкониятидан бир бош сакраши табиий. Аммо шундай ўйинлар бўлдики, чемпионлик масаласи ҳал этиладиган баҳсларда трибуналар деярли бўм-бўш ҳолатда эди. 

Мухлислар футболга жуда катта ва энг муҳим нарса - қувват беришади. Чиройли муҳит ва сени қўллаб-қувватлашаётганини сезсанг, унда янада кучлироқ ишлагинг, яхшироқ ўйнагинг келади. Бу энг зўр ва табиий жараён. Бу нафақат майдондаги футболчиларга, балки жамоа ёки клубда фаолият юритаётган барчани бирдек илҳомлантиради.

"Пахтакор" гарчи финалда ютқазган бўлсада бу йўлга қадар анча машаққатли йўлни муносиб босиб келди. Тўғри, якунда соврин ютолмадик. "Пахтакор" учун иккинчи бўлиш ёки финалчи деган ном ҳеч нарсани англатмайди. Аммо футболда ҳалоллик бўлиши керак. Исталган ғалабага пешона тер билан эришиш ғалаба таъмини янада ширин қилади. 

"Пахтакор" учун мавсум босқичма-босқич ўтди. Биз биринчи босқични 1-ўринда якунлаб, иккинчи босқичда учинчи бўлиб уйғондик. Бу нарса жамоага барибир руҳан таъсир қилади. Шунга қарамай кейинги босқични жуда яхши бошладик. Лекин шундан кейин юзага келган танаффус ва  мағлубиятлар жамоани руҳий тарафлама издан чиқарди. Жисмоний тарафлама жамоамизда ҳеч қандай муаммо юзага келмади.

Умуман олганда жамоа ёмон кўрсаткичлар қайд этмади. Исталган статистикани олиб қаралса, барчаси кўринади. Ўйинлар, урилган ва ўтказилган голларда барчаси намоён бўлади. Бутун мавсум давомида фақатгина бир ўйинда ўз уйиимизда мағлуб бўлдик. Албатта ютуқлар ва камчиликлар мавжуд. Ўйлашимча, яхши тарафлама ўсдик. Камчиликлардан кўра ютуқлар, яхши тарафлар кўпроқ. Умуман клуб тизими ва йўлга қўйилган иш услуби анча юқори даражага чиқди. "Пахтакор" нафақат жамоа, балки клуб сифатида ҳам анча ўсди. Жамоада ўйин услуби пайдо бўлди. Бизда учрашувларда вазиятлар яратишда муаммо йўқ. Рақиб дарвозаси қаршисида етарлича вазиятлар яратилмоқда, аммо футболдаги энг қийин иш - гол уришда бизда ҳам афсуски муаммо бор.

Лекин шунга қарамай чемпионат тўпурарлари рўйхатидаги икки етакчи айнан бизнинг ҳужумчилар. Мен ярим ҳимоя чизиғимиз вакиллари, қанот вингерлари ҳам кўпроқ гол уришларини истардим. Марказий ҳимоячилар ҳам стандарт вазиятларида кўпроқ гол уришларини хоҳлардим. Мураббий сифатида талаб ва хоҳишим доимо юқори бўлади. Агарда айтиб ўтилган позиция вакиллари ҳам гол ураверса, менимча, бу жамоага қўшимча 10 очкони тақдим этади. 

Барибир ташқаридан нимадир яхшироқ билинади, баъзи биз кўрмаётган ёки илғамаётган муаммоларимиз кўринади. Нимадир қилишга эришдик, баъзи ўйлаган режаларимиз амалга ошмади. Ҳар доим кимдадир эътироз бўлади. Бу табиий жараён", - дея мавсумга баҳо бериб ўтди Шота Арвеладзе.


Арвеладзе биринчи саволга жавоб бериш чоғида ўйиндан кейинги матбуот анжуманида берган саволим, яъни трансферлар, клубнинг селекция ишлари борасида ҳам тўхталиб, легионерлар ҳақида гапирди:

- "Мен масалан ўз жамоамда кўрмоқчи бўлган 10 нафар футболчини номини ёзиб беришим мумкин. Лекин уларни жамоага олиб келиш осон эмас. Масалан мен "Пахтакор"га келганимдан кейин учта трансфер ойнасида иштирок этдим. Шу вақт оралиғида биз ҳаттоки баъзи бир ўзбек футболчиларини ҳам трансфер қилишни уддасидан чиқолмадик. Бунинг сабаби сифатида исталган нарсани айтишим мумкин. Молиявий ҳолатлар, хорижлик футболчига шартнома ёқадими ёки йўқ, баъзи номдор футболчилар бу ерга келишни исташмайди. Бундан ташқари ҳеч ким билмайдиган янада кўпроқ сабаблар бор.  Шу боисдан ҳам ҳар доим исталган футболчини қўлга киритиб бўлмайди. Мен олмоқчи бўлган футболчи ва истаклар доимо ҳам мос келавермайди.

Шу пайтга қадар олиб келган легионерларим ичидан фақатгина Ростин Гриффитс бизга умуман ёрдам бермади. Гиди Канюк эса ҳужжатлар туфайли Осиёнинг кўплаб давлатларидан виза олишда муаммога дуч келгани сабаб уни қўйиб юборишга мажбур бўлдик. Чунки ундан ОЧЛда фойдалана олмасак, йиғинларда боришида муаммо бўлса, футболчини жамоада олиб юргандан нима наф? Қолган легионерлар, Симич, Безерра, Исма ва Драган статистика бўйича жуда яхши кўрсаткичга эга. Статистикадан ташқари реал баҳо берадиган бўлсам, мен улардан доимо янада яхшироқ натижа кутганман ва кутаман. Масалан чемпионатдаги барча легионерларнинг кўрсаткичи ва "Пахтакор"дагиларни алоҳида голларини ҳисоблаб чиқса ҳам бизники устунроқ чиқади. Тўғрими? Бу албатта бизнинг фойдамизга ишлади. Лекин шунга қарамай кимгадир у кўпроқ ёқади, кимгадир бошқа. Аммо ҳақиқат шуки, биз ҳам доим талабни юқори қўямиз ва кўпроқ самарадорлик кутамиз. 

Легионер тушунчасини ҳамма ҳар хил тушунади. Бу ерда легионер футболчилар маҳаллий ўйинчилардан кўра 10 карра кучлироқ бўлиши керак деган тушунча шаклланган. Бу нотўғри тушунча. Ҳеч қаерда легионер маҳаллий футболчилардан бу катта тафовутда кучли ўйнамайди. Масалан "Реал" ёки "Барселона"да қайси легионер маҳаллий футболчилардан кучли? Мессини қўшмаймиз, бу бошқа масала. Бундеслигада ҳам бундай эмас. "Бавария"да қайси легионер маҳаллий футболчидан кучли?

Ҳа, пул об-ҳавони белгилаб беради. Легионер одатда катта маош олади. Нега? Чунки уни жалб қилиш учун бошқалардан кўпроқ пул бериш лозим. Ҳамма ишда мантиқ бўлади. Ўйлаб кўринг, биз кучли легионерни нимани эвазига ўзимизга жалб эта олишимиз мумкин? Фақатгина катта маош эвазига. Масалан мен мана бу футболчини хоҳласам, ўзи келишни истамаслиги мумкин. Агарда иккала тараф истаса, шартнома борасида келишолмай қолиш мумкин. Ҳар доим ҳам истак ва имкониятлар бир вақтда тўғри келмайди.

Туркияда ишлаган вақтимда кучли футболчиларга таклиф билан чиққанда уларга ЕЧЛ ёки Европа лигасига ўйнаш имконияти пайдо бўлиши ҳақида гапириб, уларни жалб этишга ҳаракат қилардик. Бу ердачи? Нима деймиз? ОЧЛда ўйнаймиз, Эронга борасан ёки ва ҳоказо деймизми? ОЧЛда ўйнайсан, стадионда саноқли мухлислар бўлади деб легионерни жалб этиш мумкинми? Бундай қилиб легионерларни жалб этолмаймиз. Легионернинг катта маош олиши бу маҳаллий футболчидан ниҳоятда кучлилигини англатмайди. Ўша футболчини шу чемпионатга олиб келиш, мазкур жамоа шаънини ҳимоя қилишга жалб этишнинг ягона йўли катта пул. Легионерларни фақатгина катта пуллар эвазига қизиқтириш мумкин.

"Пахтакор"да 6 йил фаолият кўрсатган легионер ҳимоячи Боян Миладинович 3 йилни жароҳат туфайли ўтказиб юборган. Ёки менга қадар келган легионерлар деярли ўйнашмаган. Барча айбловларга қарамасдан вазиятга реал баҳо берадиган бўлсак, барчаси бизнинг фойдамизга. Шунга қарамасдан биз доим кўпроғини хоҳлаяпмиз ва бунинг учун ҳаракатни тўхтатганимиз йўқ. Мен масалан испаниялик, бразилиялик, франциялик футболчиларни олиб келишни истайман. Лекин пулдан ташқари ҳам муҳим аҳамиятга эга нарсалар мавжуд. Оила, фарзандлар, уларнинг ўқиши, яшаш тарзи ва ҳоказо", - деди Шота Арвеладзе.



Арвеладзе "Пахтакор"га келганига 1,5 йил тўлди. Мураббий ўтган мавсум охирги ярмида фаолият кўрсатганди. Бу йил эса бутун мавсумни тўлиқ ўтказди. Шу боисдан ҳам Арвеладзедан жамоага келиб нимани ўзгартиришга эришди ва нимани ўзгартира олмади, деган саволга грузиялик мутахассис қуйидагича жавоб қайтарди:

- "Деярли барча нарсани ўзгартирдим. Йўқ, йўқ, мен эмас, клуб барча нарсани ўзгартира олди. Клуб тўғри ва энг яхши йўналишга тушиб олди. Профессионаллик ёки футбол фақат майдон ичида эмас, балки ундан ташқарида ҳам бўлиши керак. Биз нафақат майдонда, балки ундан ташқаридаги ҳолатлар бўйича ҳам катта ўзгартиришларга эришдик. Фақатгина жамоа охирги зарбани аниқ йўллай олишда муаммога дуч келмоқда. Айнан шуни тўғрилай олмадик. Клуб назорат қиладиган ишларни деярли барчаси ўхшади. 

Тактик тарафлама ёки жамоа сифатида шуни айтишим мумкинки, мен баъзи футболчилардан кўпроқ нарса кутгандим. Шундай 5-6 нафар футболчилар борки, мен улардан камига 50% кўпроқ нарса кутгандим. Улар характер кўрсата олишмади ва мен кутган натижани беришмади", - дейди Шота Арвеладзе.


Шота Арвеладзе билан суҳбат анча чўзилди, жуда кўп масалаларни батафсил тушунтириб беришга, қилаётган ишларини эринмасдан кўрсатиб, нималарни ўзгартираётгани айтиб бергани ҳақида қисқача:

Арвеладзе “Пахтакор”да аввало футбол маданиятини ўзгартираётганини алоҳида таъкидлаб, ташкилий масалаларни юқори даражага олиб чиққанидан мамнунлигини билдирди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмаслигини ҳам тушуниб турибди. Арвеладзе нафақат кучли жамоа, балки биринчи келганидаёқ айтганидек, суперклуб тузиш режасини амалга ошириш ниятидалигини билдирди.

Клубда ходимлар ғалаба ва мағлубиятга қараб кайфиятлари ўзгариши натижасидаги иш самарадорлиги пасайиб кетмаслигини олдини олганини ва бу борада клуб анча профессионаллашганидан кўнгли тўқ. “Пахтакор”да аразлаш ва хафа бўлиш деган тушунча йўқолди. Арвеладзенинг айтишича, жамоа ютса қаҳрамон, ютқазса шарманда, деган тушунча айни пайтда “Пахтакор”да амалда эмас. 

Клубда ҳаммаси автоматик тарзда ишлаши лозим. Иш тизими ва жараёнига натижа ва бошқа омиллар таъсир этмаслиги керак. Клубни янада супер даражага чиқариш мумкин ва бу борада катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.


Шота Арвеладзе кубок финалида АГМКдан ютқазганидан уялмаслиги, аксинча унинг устидан кулаётганларга ачинишини таъкидлади. 

"Кубокни ютмаганим шармандаликми? Сизларда бунга ўрганиб қолишган. Йўқ, менга бундай ғалабалар керак эмас. Истагим туфайлигина кубокни қўлга киритишни эмас, балки майдонда чинакамига курашда ғалаба таъмини сезишни истайман. Ютқазсам, мағлубиятдан қайғуриш ҳиссини туйиш менга муҳимроқ. Шунда ютсам ҳам тоза виждон билан ғалаба қозонганимни ҳис этишни истайман. Мен финалда ютқазганимдан уялмайман. Аксинча, уларга қўшилиб аҳлат ишларга аралашиб қолишдан уяламан. Мени ўша томон судрашмоқчи бўлишди, аммо мен у йўлдан юришни истамайман. Мен футболчиларни бундай шароитда руҳлантира олмайман. Ҳар бир ғалабага куч ва меҳнат билан эришиш мазасига ҳеч нарса етмайди", - деди Шота Арвеладзе.


Таниш-билишчилик ва футболчи танлови чеклангани ҳақида

Арвеладзе ўтган йили икки футболчи билан шартнома имзолагани, аммо якунда уларни бошқа контрак туфайли қўйиб юборишга тўғри келганини айтди. 

“Буни олсак, у телефон қилади, уни олсак, бу телефон қилади. Акажон, тоғажон ва ҳоказо. Агарда “Пахтакор”да шундай муаммолар бўлаётган бўлса, унда бошқа клубларни тасаввур қиляпман. Буни ололмасак, уни беришмаса, ким ўйнаши керак? Менми?”, - деди Шота Арвеладзе.



Мени йиғлоқи ёки шарманда дея атаётганлар кўзгуда ўзбек футболини кўришмаяптими?

Шота Арвеладзе стадионларимиздаги майдон ҳолатлари ҳақида тўхталаркан, бу гаплари учун уни шарманда ёки йиғлоқи деяётганларга бир нарсани тушунтиришни истади.

- "Майдонни мен ўзим билан олиб кетмайман. Шундай ҳолатларга дуч келдимки, уни кўрсатгим келмаяпти. Мен бу гапларни ўзбек футболи ривожини ўйлаб айтяпман. Оддий элементар нарсаларни тўғрилаш ўрнига, ростини айтаётган одамни шарманда дейишмоқда. Майли, мен шарманда бўлақолай. Лекин футболга бўлган қараш ва муносабатни ўзгартириш керак. Жуда эътиборсиз ва кулгули ҳолатлар кўп. Айнан шулар жам бўлиб охирги нуқтада бизга якуний зарбани бериш етишмаяпти.

Келаси йилдан барчада аввало майдон бўлади! Бу ўзбек футболи учун! Майдон, майдон дея ниҳоят шу мақсадга эришиш арафасидаман. Нима майдон фақат менга керакми? Лекин майдон учун ҳали менга раҳмат дейишади. Ҳа, мен бунга эришдим.

Нега Жанубий Кореянинг деярли иккинчи жамоаси тўп бермай ўйнаб, бемалол тўртталаб гол урмоқда? Бу ўйиндан кейин футболчиларни айблаш, уларни шарманда деб аташ ўрнига нотўғри ишларни тўғрилаш керак. Шундагина ишлар ўз-ўзидан яхшиланиб, натижалар кела бошлайди. Суперлига ўйинларининг 20-дақиқасидаёқ рақибнинг 3-4 нафардан футболчиси майдонда ётиб (асослаб, расмларини кўрсатди - муаллиф) қолади. Шуми ўзбек футболи? Нима бу?

"Бухоро" билан ўйинда Чераннинг голидан кейин уларни мураббийи (Улуғбек Бақоев назарда тутилмоқда - муаллиф) ҳакамга келиб, "мен сенга жавоб бераман, гол бўлмади, оффсайд" дея ишонч билан гапирмоқда. Ҳакам нима қилди? Шундай олдида Бақоевни фикрига таяниб тоза голни бекор қилди. Мен ўшанда ғалаба қозонганим учун буни ҳеч ким эсламайди. Ўшанда ютқазганимиздачи? Наманганда эса яна бир тоза голни оффсайд дея бекор қилишди. "Локомотив" билан муҳим ўйинда Симичга қарши фолни бермади ҳакам ва кейин ҳисоб тенглашди. "Локо" билан ўйинимизда жарима майдончаси ташқарида йиқилган футболчи учун дарвозамизга пенальти белгилашди. Ҳакамга кейин "2" қўйишди. Мен қўймадимку, тўғрими? Мен булардан ўтаман, бу футбол. Футболда кимдир хато қилади. Аммо профессионал ишда кўча футболидаги тушунчадан воз кечиш керак. Ўзбекистонда спортга, хусусан футболга эътибор юксак даражада. Футболга нафи тегишини истаётган инсонлар бор бу ерда. Ўзбеклар пул топишни билади, аммо ишни тўғри йўлга қўйишда муаммолар бор. Футболга тўғри йўналиш бериш керак. Мана шу тушунчаларни "Пахтакор"да йўқотишга эришдим. Имкон қадар клубни янги даражага олиб чиқишга ҳаракат қиляпмиз. Ўсиш ва юксалиш ҳали давом этади", - деди Арвеладзе.


Шота Арвеладзе матбуот ҳақида ҳам гапирар экан, медияни бир нарсада нохолислик эканини айтди!

- "Матбуот ҳам ўйинларни танлайди. Ўз қизиқишидан келиб чиқиб учрашувларга келади. Табиийки мухлислар ҳам шундай, афсуски. Матбуот анжуманларига кирганимда саноқли журналистларни кўраман. Ўшалардан иккитаси ўзимизнинг клуб матбуот ходимлари ва яна 1-2 журналист ва фотосуратчилар бўлади. Ҳурмат юзасидан ўз ишимни бажараман, яъни ўйин ҳақидаги фикрларимни билдираман. Майли, нечта журналист бўлса ҳам саволларига жавоб бераман. Шу гапларимни сиз ёки сизнинг сайтингиз орқали кимдир ўқиши мумкин. Футбол ривожланишини истаса, медиа ҳам талаб даражасида ишлаши ва клубларни қўллаб-қувватлаши лозим. Футбол ривожи ва кучайишидан матбуот ҳам манфаатдор аслида", - дея ўринли танқид қилди Шота Арвеладзе.


Грузиялик мутахассис ўзини ўзбек футболининг бир бўлаги сифатида ҳис этмоқда:

- "Мен Ўзбекистонда футболга бўлган қарашни, ёндошувни, иш услубини ўзгартириш учун курашяпман. Тўғри, бунинг учун маош оламан. Аммо шуни билингки, қачондир Бобур Шодиев менга пул қолмаганини айтиб, жамоада қолишимни сўраса, "Пахтакор"да қоламан! Тўғри, бир умрга текинга ишлолмайман, аммо жамоада маълум муддат текинга ишлашим ҳам мумкин. Профессионал шартнома, инсонийлик ва дўстлик алоқалари мавжуд", - дейди Шота Арвеладзе.


"Краснодар", "Нефтчи" ёки АЗ Алкмар

- "Тўғри, "Краснодар", Озарбойжоннинг "Нефтчи" ва Голландиянинг АЗ Алкмар жамоаларидан таклифлар келган. Аммо бу пайти мен бошқа жамоада ишлаётганим боис таклифларни кўриб чиқмаганман. Чунки мен бошлаган ишимни ярим йўлда қолдириб кетадиган инсон эмасман. Масалан ҳозир таклиф бўлса кетишим мумкин. Чунки расман шартномам тугади", - деди Шота Арвеладзе.

Шу ўринда Шота Арвеладзе "Пахтакор" билан ўртасидаги битим яна 1 йилга узайтирилишини маълум қилди. Ҳозирча шартнома расман имзоланмаган, аммо оғзаки келишувга кўра, тез орада бу ишнинг расмиятчилиги бажарилиши кутилмоқда. Шу боисдан ҳам грузиялик мутахассис жамоани келаси мавсум режаларини тузиб чиққан.


"Пахтакор"да юлдуз легионер пайдо бўладими?

Бу саволга Арвеладзе қуйидагича жавоб берди:

- "Масалан ким? Ривалдо каби юлдуз футболчими? Қандай масштабдаги легионерни назарда тутишмоқда? Мисол учун бундай типдаги футболчи 10 тахминан 10 миллионга яқин маош эвазига келиши мумкин. Лекин ўша футболчини олиб келсак ва у эртасига жароҳат олсачи? 10 миллион евро ҳавога учиб кетадими? Ҳозирги Суперлига шундай типдаги юлдуз тайёрми? Менимча, Ўзбекистон чемпионати ҳали бу каби юлдуз футболчига тайёр эмас. Ундан кўра бу пулга бутун ўзбек футболи инфраструктурасини яратиш мумкин. Майдон, инвентарлар, замонавий технологиялар, тиббиёт, футбол билими ва ҳоказо. Ўзбек футболида аввало шуларни барпо этиш лозим. Қисқа қилиб айтганда, аввало фундаментни мустаҳкамлаш керак. Пулларни ҳавога беҳуда совуриш эмас, балки самарали йўналтириш зарур. Бу пуллар сизларники ва бундан футбол йўлида наф чиқариш лозим", - деди Шота Арвеладзе.


Футболга футбол кишилари керакми?

Шота Арвеладзе футболда футбол кишилари ишлайдими ёки йўқ бу катта аҳамиятга эга эмаслигини айтди. Муаммо бунда эмас, балки муаммо ўша муаммони ечилмаслигида эканлигини таъкидлади.

- "Футбол тепасига умуман бошқа соҳа вакиллари келиши бутун жаҳон амалиёти қўлланган тажриба. Бу муаммо эмас. Агарда маълум муаммо ечилмаса, ўшанда бу катта муаммога айланади. Биринчи навбатда ЎФА қошида мураббийлар кенгаши тузилиши лозим. Мазкур кенгашга энг олди ва обрўли мутахассисларни жалб этиб, бир йил бошқа мураббийни етакчи қилиш лозим. Кейинги йил бошқасини. Худди шундай спорт директорлари иттифоқини тузиш керак. Футбол тепасига бошқа соҳа вакиллари келиши муаммо эмас, лекин футбол бўлимларида, ҳар бир йўналишда ўз етакчилари ва мутахассислари ишлаши керак. Футбол бу фақат майдон ичидаги ўйин эмас. Унинг ташқарисида ҳам чиройли "ўйналиши" керак. Футболда маркетинг, тижорат, медиа, майдонга қарайдиган аграномлар, тиббиёт ва ҳоказо ишлар мавжуд. Бир сўз билан айтганда, аниқ бир тизимни яратиш керак. Муаммо ҳеч қачон бир инсон билан боғлиқ бўлмайди. Кўпроқ замонавий, шижоат билан ишлайдиган, ўз ишининг устаси саналган ёшларгаимконият бериш керак", - деди Шота Арвеладзе.


"Ҳеч бир катта ютуқ мухлисларсиз қўлга киритилмайди"


Шота Арвеладзе футболда мухлислар ўрни беқиёс эканлигини алоҳида қайд этди.

- "Ҳеч бир катта муваффақиятга мухлисларсиз эришиб бўлмайди. Мураббий футболчиларни ўйингача қанчалик тайёрламасин, мотивация бермасин, агарда стадионда чиройли муҳит шаклланмаган бўлса, унда бор кучи билан ўйнай олмайди. Футболчиларга майдонда энг катта мотивацияни мухлислар беради. Ютиб турганда қўллаб-қувватлаш осон. Аммо мағлубиятга учраса ёки қийин пайтда трибунадан уни тушир, буни ол, демасдан, қўллаб-қувватлаш зарур. Мухлис нега стадионга келади? Кимнидир сўкканими? Ёки жамоасига мухлислик қилиш учунми? Нега уларга 12-рақам берилади? Буни маъноси нима? Ҳамма билади, улар 12-футболчига айланишади. Шу орқали ўз жамоасига ёрдам бериши керак. Бу ердачи? Асосан сўкиш, ҳақорат ва шу каби. Баъзида одамлар ҳайвонот боғида ўзларини стадиондагидан ҳам яхши ва маданиятлироқ тутишади.

Мухлислик маданияти юқори ишқибозлар ҳам бор. Масалан ҳамма ўз онасини жуда яхши кўради. Кимнидир онаси ёшроқ ва чиройлироқ. Меники эса қарироқ. Лекин мен уни энг яхшиси деб биламан ва яхши кўраман. Унга, ойи, сиз қаридингиз, дўстими ойиси чиройли ва ёшроқ демайманку, тўғрими? Барча учун ўз онаси энг яхшиси. Жамоа ҳам шундай аслида. Мухлис доимо ўз севимли жамоасини қўллаб-қувватлаши ва чин юракдан севиши лозим. Улар стадионга футбол кўриш ва севимли жамоасига мухлислик қилиш учун келишади. Ўзбекистонда инсон қанчалик қадрланиши ва меҳмондўстлигидан ҳайратда қоламан. Халқингиз жуда маданиятли. Лекин негадир стадионга келадиган мухлислар футболчиларни ёмон ҳақорат қилишади. Бундан сўнг ўша футболчи қандай яхши ўйнасин, аксинча чўкиб қолади. Бундай мухлислик эвазига  кўплаб иқтидорларни очилмасдан йўқотиб қўйиш мумкин.

Масалан ҳамма Германияда доим аншлаг бўлишини ва мухлислар тўлишини айтади. Мухлислар Месси ёки Роналдуни мисол қилишади, европа футболини севиб томоша қилишади. Аммо европадаги мухлислик маданияти ва доим тўлиқ ташриф ҳақида унутиб қўйишади. Европадаги футболни талаб қилишади, лекин европадаги энг охирги ўринда юрган жамоанинг исталган ўйинида стадион тўлишини биласизми? Европадаги футбол гўзаллиги бошқачалигига сабаб сифатида у ердаги фантастик муҳит ва ишқибозлар футболчиларга мотивация беришини ҳам унутмаслик керак. Германияда мухлислар жамоасига мухлислик қилиш учун келишади. Таблодаги ҳисобга қараб ёки турнир жадвалидаги ҳолатидан келиб чиқиб ўйин танлашмайди. Грузияда ҳам худди шундай. Ютса яхши, ютқазса ёмон. Бу нотўғри ёндошув. Бундай мухлислар 12-футболчи номига номуносиб. Трибунада баъзан шундай рақамдаги футболка туради, менимча, бу уларнинг фейк либоси", - дейди Шота Арвеладзе.


Шота Арвеладзе мураббийлик лицензиясини Луи ван Гаал "Бавария"да ишлаган пайти Мюнхенда олганини таъкидлади. Биласиз, Шота Арвеладзе мураббий сифатида Луи ван Гаал, Дик Адвокат ва Рональд Куманга ёрдамчи бўлиб ишлаган. Арвеладзе уларга қуйидаги таъриф берди:

Луи ван Гаал - ўқитувчи.

Дик Адвокат - мотиватор.

Рональд Куман - кучли футбол назариячиси.


Энг яхшилар ҳақида

Шота Арвеладзенинг фикрича, мавсум давомида Жалолиддин Машариповда ажойиб ўйинлар бўлди, Шерзод Аъзамов барқарор ўйнади. Лекин чемпионат тўпурарига айланган ва мавсумни жароҳатсиз ўтказган Тиаго Безерра ўтган мавсумдаги энг яхши футболчи бўлди.


Ишончни оқламаган футболчилар ҳақида

Арвеладзе мавсум давомида Баҳром Абдурахимов, Жамшид Искандеров, Козак ва Марко Симичдан кўп нарса кутганини, аммо якунда улар ишончни тўлиқ  оқлашмаганини таъкидлади. Айнан мазкур футболчилардан янада яхшироқ ва юқори даражада ўйин кутганини яширмади.


Кимлар жамоада қолади? 

Арвеладзе келаси мавсум жамоада кимлар қолади, деган саволга шартномаси мавжуд футболчилар дея жавоб берди. Шу ўринда савол туғилади, қайси футболчиларнинг "Пахтакор" билан шартномаси тугамоқда?

Камолиддин Тожиев, Игорь Сергеев, Жамшид Искандеров, Тиаго Безерра.


Суперлигада тактик жиҳатдан кучли мураббий ким?

- "Менга "Бунёдкор" билан ўйнаш ёқади. Чунки Миржалол Қосимов ажойиб жамоани шакллантирган. Жамоа тактик тарафлама кучли ўйнаши албатта мураббий хизмати. "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиевни ҳам алоҳида таъкидлаш мумкин. "Локомотив" ҳам яхши жамоа ва улар билан ҳам доим қизиқ ўйин бўлади. Шипилов ҳам мустақил равишда ўтказган биринчи мавсумини яхши ўтказди. "Машъал" мураббийи Александр Хомяковни ҳам бу рўйхатга киритмасликнинг иложи йўқ. Ажойиб мутахассис. "Нефтчи"да охирги бўлиб ишлаган Баҳром Ҳайдаров ҳам яхши жамоа шакллантирди", - деди Шота Арвеладзе.



Янги мавсум режалари ҳақида

Арвеладзе жамоа келаси йили аввалига Туркияда, кейинчалик БААда йиғин ўтказишини таъкидлади. Клубнинг 10га яқин футболчилари терма жамоаларга кетишини инобатга олиб, мавсумни ОЧЛ плей-офф ўйини орқали анча эрта бошлайдиган жамоа таркиб борасида муаммони қандай ечмоқлигини сўрадим. Чунки жамоа мавсумга тайёргарликнинг ярмидан кўпини асосий футболчиларисиз ўтказишига тўғри келади. Арвеладзе аввало терма жамоаларга кетадиган футболчилар имкон қадар кечроқ қайтишини тилаб, бу муаммога яхшигина бош қотириб ечим топишини айтди. Арвеладзе айнан муаммоларни ҳал этиш учун ишлаётганини қўшимча қилиб, бу унга мотивация беришини таъкидлади. Ҳа-я, "Пахтакор" янги мавсумда янгича услубда, аниқроғи бошқа тактик схемада ўйнашини маълум қилди. Айнан қайси услуб ва қандай схема эканлигини ошкор қилишим шарт эмас менимча. Бу шунчаки янгилик сифатида. Янги йилда олдинда турган Осиё Кубоги ва ОЧЛ футболимиз айни пайтда қандай мавқеи ва қайси поғонада эканлигини кўрсатиб беришини айтди.

Арвеладзе бу каби муаммолар нафақат "Пахтакор"да, балки бошқа жамоаларда ҳам борлигини билдирди. "Навбаҳор", "Бунёдкор", "Насаф" ёки "Локомотив" жамоаларидан ўз муаммолари ҳақида сўраб, уларни муаммоларини ҳам ечиш зарурлигини таъкидлади.


Муаллифдан

Хулоса шуки, Шота Арвеладзе "Пахтакор"да нафақат кучли жамоани тузиш ва натижа кўрсатиш, балки клуб тизимини ҳам тубдан ислоҳ қилиш, буткул янги даражадаги "Пахтакор"ни шакллантириш ғояси билан келган. Шу боисдан ҳам раҳбарият грузиялик мутахассисга фақатгина натижа эътибори билан қараб якуний баҳони беришга шошилмаяпти. Арвеладзенинг "Пахтакор"даги ва бу орқали ўзбек футболидаги миссияси бошқачароқ. Яъни, футболимизда қурмоқчи бўлинаётган тизимни яратиш ва бунга мустаҳкам пойдевор қўйиш. Биласизми, "Пахтакор"га шунчаки жамоа ва молиявий имкониятлари анча кенг бўлгани эътибори билан қаралса, кўрсатилган натижалар қониқарли эмас. Бунга тўлиқ қўшиламан. Шота Арвеладзе ҳам суҳбат давомида "Пахтакор" учун юқори чўққидан бошқа исталган натижа қониқарсиз эканлигини тушуниб, тан олиб турибди. Лекин буткул янги даражадаги жамоани қуриш учун маълум муддат вақт талаб этилишини ҳам унутмаслик керак. Арвеладзе фақат майдон ичидаги ишлар билан чекланиб қолмаяпти, унга маълум вақт натижа келтирадиган йўлдан бориш ёқмаяпти. Унинг олдига қўйилган вазифа ва миссия бошқачароқ. 

Арвеладзе "Пахтакор"да футбол маданияти, ишга бўлган ўзгача ва профессионал ёндошувни киритиш режаси билан келган ва ортга қолган вақт ичида бу борада маълум натижа ва кўрсаткичларга эришди. Ташқаридан бу ишлар, клуб ичида қурилаётган тизим кўринмаслиги мумкин. Аммо Арвеладзе жамоадан исталган пайт кетса ҳам автоматик тарзда ишлайдиган тизимни яратиб кетмоқчи.

Грузиялик мутахассис менга келганидан сўнг клубда нималар бўлгани ва ҳозирда қандай ўзгаришларга қўл урганини эринмасдан батафсил тушунтириб, исботи билан кўрсатиб берди. Мураббий алоҳида флешкада ва ўзининг дастурномасида: келгунига қадар нима бўлгани ва ўтган вақт мобайнида нима ўзгаргани ҳақида фарқни факт билан кўрсатди.

"Бавария", "Манчестер Сити", "Реал", "Барселона" ва бошқа европанинг гранд жамоалари фойдаланадиган технологиялар бўйича иш олиб борилмоқда. Бунда Арвеладзе келганидан сўнг жамоада ким неча маротаба жароҳат олгани, қандай вазнда бўлгани ва ўзгаришлар қай тарзда амалга ошгани, жароҳатланган футболчиларнинг барчаси алоҳида дастур бўйича индивидуал шуғуллангани ҳақида батафсил маълумотлар ёзилган. Масалан, "Манчестер Сити"даги футболчиларининг танадаги ёғ фоизи ва "Пахтакор" ўйинчиларининг бу борадаги кўрсаткичини мисол қилиб кўрсатди. Рости, ўртадаги фарқ анча каттани ташқил қилади. Шота Арвеладзе буни кўрсатиб, албатта бунда бизнинг овқатланиш тартибимизни алоҳида қайд этди. Аммо ўтган вақт мобайнида "Пахтакор" футболчиларининг танасидаги ёғ фоизи кескин тушгани, лекин шунга қарамай бу кўрсаткич ҳали европа футболчилариники билан солиштирганда катта фарқни ташкил қилади. Бу ишлар тезда ўз мевасини бермаслиги аниқ. Аммо ўтган вақт мобайнида айнан "Пахтакор" футболчилари жисмоний жиҳатдан қолган клубларимиздан анча илгарилаб кетишгани сир эмас. Айнан шу тизимни клубда жорий қилиб, келажакда етишиб чиқаётган ёшлар махсус дастур бўйича шуғулланиб, айни пайтда йўл қўйилаётган хатоларни такрорламасликлари мумкин.

Арвеладзе жамоадан кетганидан сўнг ҳам янги келадиган мураббийга қўлидаги катта маълумотни қолдириб, ҳар бир футболчининг ҳолати бўйича батафсил маълумотларни тақдим этишни режалаштирган. Шунда янги келган инсон жамоадаги ҳолатни ўрганишда қийналмаслиги турган гап. Эктор Купер ҳам терма жамоамизга келганида биринчи бўлиб футболчиларнинг ҳолати билан танишиб чиқиш учун маълумотлар базасини сўраган, аммо унинг сўровини бизда умуман тушунишмаган ҳам. Шота Арвеладзе бу борада Купер ҳайрон қолганини таъкидлади. Шу боисдан ҳам Купер футболчиларни саралаб олишда, уларни синаб кўришга кўпроқ вақт сарфлаб юбормоқда. Европада умуман бошқача услуб ва тизимда ишлаган мураббий учун эски ҳолатга қайтиш етарлича қийинчиликларни келтириб чиқариши ҳеч кимга сир эмас.


Шу боисдан ҳам Арвеладзега якуний баҳони беришда шошилмасликни ва натижа қандай бўлишидан қатъи назар бу тизим йиллар ўтиб ҳали жуда кўп фойда келтиришини тахмин қилиш қийин эмас. Аввалги "Пахтакор" билан ҳозирги жамоани солиштириш камида ноҳаклик бўлади. Аввалги жамоа билан ҳозирги "Пахтакор" бораётган йўл умуман тескари ва бегона. Янги раҳбарият ва янгича қарашда қурилаётган "Пахтакор"нинг амбициялари эски жамоаникидан тубдан фарқ қилади ва аввалгисидан кучлироқ, назаримда.


Арвеладзе билан давом этган жуда узоқ суҳбат ва сизларга етказмоқчи бўлган маълумотларим шу. Эътиборингиз учун ташаккур!


Шаҳбоз Беғамов 

Рейтинг: +77   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика