"Беҳруз Каримовнинг "Лугано"га кетиши барчамизни уйғотиб юборди. Мундиалда Кубарсига қарши ўйин эсдан чиқмайди" — "Сурхон"даги "Козак" билан интервью

Iskandarov Abdulaziz
29 окт 2026, 13:22
"Сурхон" жамоаси таркибида жорий мавсумда бир қатор янги иқтидорлар кўзга ташланмоқда.

2023 йилги U-17 Жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатган Беҳруз Шукуруллаев бу йил термизликлар таркибида ўз ўрнига эга бўлди. Биз эса унга айрим саволлар билан юзландик.

— Бир жамоада битта пайтда 3 нафар Беҳруз исмли футболчилар ўйнаган пайтлар ҳам бўлди. Сизни нима деб чақиришар эди?

— Барчамизни фамильямиз билан чақиришган. Лекин мени кўпроқ “Козак” деб аташади. Чунки илк бор "Пахтакор" машғулотига Владимир Козакнинг формасини кийиб борганман. Шундан сўнг Козак бўлиб кетдим, бор гап шу.

— 2023 йил Индонезия мезбонлик қилган U-17 Жаҳон чемпионатида Англияни мусобақадан чиқариб юборгансизлар. Кичик мундиалдан қандай хотиралар қолган?

— Эсингизда бўлса, стартда Мали терма жамоасига 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраган эдик. Шундан сўнг Канадани ютдик, Испания билан қийин дуранг ўйнадик. Бу Англия билан ўйин олдидан анча юқори ишонч берган. Ҳеч кимдан қўрқмаганмиз. Катта стадионларда, мухлислар олдида ўйнаш бошқача ҳиссиёт эди. Бир умр эсдан чиқмайдиган таассуротлар билан қайтганмиз.

photo_2026-10-29_13-16-45.jpg

– Жорий мавсумда жамоа таркибида кўпроқ майдонга туша бошладингиз. Умуман олганда, бу йилги мавсум таассуротлари сиз учун қандай кечмоқда?

– Таассуротларим жуда ижобий. Ушбу мавсумда майдонда кўпроқ вақт ўтказаётганимдан хурсандман. Табиийки, жамоамиз таркиби сезиларли даражада ёшарди. Худо хоҳласа, мухлисларимизни хурсанд қилиб, мавсум охиригача мазмунли ва жозибадор футбол кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Асосий мақсадимиз – турнир жадвалида иложи борича юқорироқ ўринларни эгаллаш.

– Жамоанинг ёшариши ўйин суръатига қандай таъсир кўрсатмоқда? Мураббийлар штабининг ёш футболчиларга кўрсатаётган ёрдами ҳақида нима дея оласиз?

– Таркибнинг ёшаргани эвазига ҳар бир ёш футболчи майдонда бор кучини бериб, ўзини кўрсатишга интилмоқда. Жамоамизнинг тажрибали аъзолари, Анвар Ғофуров ва бутун мураббийлар штабимиз бизга тўғри йўналиш бериб, ҳар томонлама кўмаклашишмоқда. Муаммолар ва қийинчиликлар деярли барча жамоаларда учрайди, аммо бизнинг бурчимиз – майдонга чиқиб, чиройли ўйин кўрсатиш ва мухлисларимизга қувонч улашишдир. Ҳаммаси яхши бўлишига ишонамиз.

– Жамоанинг майдондаги тактик услуби ва ўйин фалсафаси асосан нимага қаратилган?

– Жамоамиз асосан тўпни назорат қилиш ва ўйинга эгалик қилишга урғу беради. Тўпга кўпроқ эгалик қилган жамоа камроқ югуради ва камроқ чарчайди. Бундай ўйин услуби биз учун ҳам анча қулай. Худо хоҳласа, ҳужумда кўпроқ гол урсак, ҳимояда эса дарвозамиз дахлсизлигини охиригача сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

– Беҳруз Каримовнинг Швейцариянинг "Лугано" клубига ўтиши жамоа ва шахсан сиз учун қандай аҳамиятга эга бўлди?

– Беҳруз Каримовнинг қисқа вақт ичида "Лугано" клубига трансфер қилингани ҳаммамизни жуда хурсанд қилди ва ўзига ҳос туртки бўлди. Унга келгуси фаолиятида омад тилаймиз ва келажакда бундан ҳам номдор клубларда ўйнашига ишонамиз. Бу трансфер "Сурхон" учун ҳам жуда катта ижобий кўрсаткич бўлди. Бу орқали жамоамизга бўлган эътибор ва қизиқиш янада ортади, бу эса ҳар биримизни янада кўпроқ меҳнат қилишга ва ўз салоҳиятимизни кўрсатишга ундайди.

509192.jpg

– Шахсий мақсадларингиз, кумирингиз ва позициянгиз бўйича қайси футболчини ўзингизга ўрнак ҳисоблайсиз?

– Келажакда муваффақиятли фаолият юритиб, Миллий терма жамоамизда ўйнаш ва топ-5 чемпионатларига йўл олиш энг катта ниятимдир. Майдонда ҳимоячи бўлиб ҳаракат қилсам-да, шахсий кумирим ва менга энг ёқадиган футболчи – Криштиану Роналду. Ўзимнинг позициямга келадиган бўлсак, Пау Кубарсининг ўйинига ҳавас қиламан. Унга қарши U-17 Жаҳон чемпионатида ҳам майдонга тушган эдик.

Ўхшаш янгиликлар

Iskandarov AbdulazizМуаллиф