

Дастлаб италиялик футболчи бўлажак баҳс ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
— Навбатдаги ўйин Ўзбекистонга қарши. Ўзбекистонда кўпчилик ҳозир "Италияни ютишимиз керак, чунки ўтган йили Италия Ўзбекистонни мағлуб этган" деяпти. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз ва ўйин қандай ўтади?
— Албатта, бу ҳам бошқа беллашувлар каби жуда қийин ўтади, чунки умуман олганда осон ўйинлар бўлмайди. Биз ҳар доимгидек бор кучимизни берамиз — ҳафта давомида ишлаймиз, бугун кечқурун тикланамиз, эртага машғулот ўтказамиз, кейин нима қилиш ва қандай ҳаракатланишни кўриб чиқамиз. Лекин, албатта, ўйинга тайёр бўламиз ва майдонда боримизни берамиз.
— Ўзбекистоннинг бирор ўйинини кўрдингизми, улар қандай ўйнашмоқда? Бирор нимани таҳлил қилдингизми ёки ҳали йўқми?
— Ҳали ҳеч нарса кўрмадик, ҳозир тикланиш ҳақида ўйлаяпмиз. Ҳар бир ўйинга алоҳида ёндашамиз, шунинг учун ҳозирча рақиб ўйинларини кўриб чиқмадик. Яхши ўйин бўлишига умид қиламиз, барибир бор кучимизни ишга соламиз ва жамоамиз мусобақада узоққа боришига ишончим комил.
Шундан сўнг Италия U17 терма жамоаси бош мураббийи Даниэле Франческини бўлажак рақиб ва гуруҳдаги вазият ҳақида гапирди:
— Навбатдаги рақиб — Ўзбекистон. Уларнинг ўйинини кўрдингизми, жамоа ҳақида фикрингиз қандай?
— Албатта, ҳа, биз уларни кузатдик — жуда яхши жамоа. Гуруҳимизга бугунги Кот-д’Ивуар каби иккита кучли рақиб тушди. Энди кучимизни тиклаймиз, эртадан бошлаб эса футбол ўйнашни биладиган, жуда кучли индивидуал ўйинчиларга ҳам, яхши жамоавий руҳга ҳам эга бўлган Ўзбекистон ҳақида ўйлаймиз.
— Ўзбекистон таркибидан Италия учун муаммо туғдириши мумкин бўлган аниқ бир футболчини ажратиб кўрсата оласизми?
— Ўзбекистоннинг жамоавий ўйини жуда зўр. Такрорлайман, уларда юқори савиядаги айрим ўйинчилар бор, лекин бундан ташқари, ҳар бир жамоада ўйин тақдирини ҳал қила оладиган истеъдодли футболчилар топилади. Мен йигитларга аввало ўзимиз, ўз ўйин услубимиз, ўзлигимиз ва менталитетимиз ҳақида ўйлашимиз кераклигини айтаман. Энг муҳими — мана шу.
— Ўтказилган иккала ўйинда ҳам ғалаба қозондингиз. Италия учун навбатдаги баҳс унчалик ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмасдек. Сизлар бирмунча хотиржаммисиз ёки барибир ғалабага чанқоқмисиз?
— Йўқ, биз энг юқори натижа учун ўйнаймиз ва доим шундай бўлган — бизни ҳамиша ажратиб турадиган менталитет шу. Бундан ташқари, гуруҳда ҳали ҳамма нарса очиқ, чунки барча жамоаларнинг тақдири сўнгги ўйинга боғлиқ. Шунинг учун биз ҳеч қандай ҳисоб-китоб қилмаймиз, ҳеч қачон қилмаганмиз ҳам ва навбатдаги ўйинда ҳам бор кучимизни беришни ўйлаймиз.



