

Ярим ҳимоячи жамоасининг ўйин ташкил қилишида асосий ролни ўйнайди. Гарчи у ўтган мавсумдан кўпроқ кўзга ташлана бошлаган бўлсада, жорий йилда янада яхшироқ танила бошлади. Жавоҳир Рўзиев билан интервью ўтаётган Суперлига, имкониятлар ва бошқа мавзуларни ўз ичига олди.
— Бу йилги мавсум фаолиятингизда қайси жиҳатларда бурилиш ясамоқда?
— Бу йилги мавсум фаолиятимда жуда катта бурилиш ясади, яъни ўзимга ишонч, қатъият ва таслим бўлмасликни ўргатди. Ҳали яна олдинда аниқ бўлмаган жиҳатлар бор, лекин бу йилги мавсум кейинги йилдаги фаолиятим учун катта йўл очади, деб ўйлайман.
— Майдонда жамоа ўйини қовушмаётган дақиқаларда етакчиликни ўз зиммангизга олиш қарори қандай қабул қилинади — бу мураббий кўрсатмасими ёки ички инстинкт? Сиз майдонга тушмаган пайтларда "Бухоро"нинг ўйини қовушмай, сиз билан бошқача жамоага айланади...
— Мен доим жамоамга ёрдам беришни ва лидерлар қаторида бўлишни хоҳлайман. Шу сабаб жамоам қийналаётган пайтда оғир вазиятларни ўз қўлимга олишга ҳаракат қиламан. Тўғри, мураббийнинг ҳам ўрни бор, албатта — бу унинг менга бўлган ишончидир. Мен ўз ишимни доим керагидан ортиқ бажаришга ҳаракат қиламан.
— 2026 йилги мавсумга орқага қараб баҳо берсангиз, бу йилни фаолиятингизда қандай эслашни хоҳлардингиз?
— 2026 йилги мавсум мен учун унутилмас ва синовларга бой мавсум бўлди. Бу йил кўп нарсаларни бошдан кечирдим: яхши кунлар ҳам, қийин даврлар ҳам бўлди. Айниқса, жароҳат сабабли майдондан узоқда қолиш мен учун осон бўлмади. Лекин бу давр менга сабр қилишни, кучли бўлишни ва ҳеч қачон таслим бўлмасликни ўргатди. Ҳар бир қийинчиликдан катта тажриба олдим.
Энг муҳими, футболга бўлган Иштиёқим ва мақсадларим ўзгармади. Бу мавсум менга катта сабоқ берди ва кейинги йил учун янада кучли мотивация бағишлади. Ушбу мавсумни мен "қийин йўлдан кечиб ўтиш" деб эслашни хоҳлардим.
— Хомяковнинг машғулотлардаги қатъиятли талабларини биламан. Унинг биргина нигоҳи ёки сўзи билан жамоа кайфиятини ўзгартира олиш қобилияти нимада? Унга қандай таъриф берасиз?
— Ҳомяқов талабчан ва қатъиятли мураббий. У ҳар бир футболчидан интизом ва максимал даражада меҳнат қилишни талаб қилади. Менга унинг энг ёқадиган жиҳати — биргина нигоҳи ёки бир оғиз сўзи билан жамоани руҳлантира олиши. У футболчиларни бир мақсад атрофида бирлаштира олади. Менимча, у нафақат тактик жиҳатдан, балки психологик томондан ҳам кучли мураббий. Ундан ўрганиладиган жиҳатлар жуда кўп.
— Тезликми ёки майдонни кўра олиш қобилияти? Ўзингиз футболда қайси бирини устун қўясиз?
— Менимча, футболда майдонни кўра олиш қобилияти тезликдан устунроқ. Чунки тезлик бу жисмоний устунлик, майдонни кўра олиш эса асл футбол тафаккуридир. Тезкор қарор қабул қилиш, шерикларни вақтида кўриш ва ўйинни олдиндан ҳис қилиш ҳар қандай вазиятда катта аҳамиятга эга.
Ўзимга келсак, мен ҳозирда тезликка ҳам эътибор қаратаман, чунки майдонни кўриш вақт ўтиши билан тажриба орқали келади.
— Қайси ўрин "Бухоро" учун мавсум яхши ўтганини билдиради?
— Мен ўйлайманки, кўрсатган меҳнатимиз ва ҳаракатимиздан келиб чиқиб, биз кучли 5 таликка лойиқмиз. Лекин "Бухоро" нинг ўтган йилги мавсумлари билан таққослаган ҳолда, агар 8 таликка кирсак ҳам, бухоролик мухлислар хурсанд бўлишади.
— Бир йилда нечта бутса алмаштирасиз?
— Бир йилда, вазиятига қараб, 2 та, кўпи билан 3 та бутса алмаштираман.
— Биринчи маошингиз қанча бўлган?
— Биринчи маошим 1 миллион 200 минг сўм бўлган. Бу ўша пайтдаги эквивалентда тахминан 100 доллар атрофида эди.
— Сиз ўйинларини кўрган, позициянгиздан келиб чиқиб энг кучли футболчи ким?
— Мен доим майдондаги қора иш ва меҳнатни қадрлайман. Шу сабабли Родрини энг кучлилардан деб биламан — у майдонда жуда кўп қора иш бажаради ва меҳнат қилади.
— "Бухоро" ни хориждан қайси жамоага ўхшатиш мумкин?
— Жорий мавсумдаги ўйинларимиз, қийин баҳслар, охиригача курашишлар, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ҳимоядаги ишончли ҳаракатлардан келиб чиқиб, жамоамни "Атлетико Мадрид"га ўхшатаман. Лекин баъзи жиҳатлари билан "Астон Вилла"ни ҳам эслатиб юбориши мумкин.



