“Шевченко ва Ребров қачон келади?” – “Насаф”нинг собиқ мураббийи 2011 йилги тарихий ғалаба ва клуб атрофидаги можароларни ёдга олди

28 ноя 2026, 10:30
Қаршининг “Насаф” клубида Анатолий Демьяненко билан бирга ишлаган украиналик мутахассис Вячеслав Богоделов жамоанинг 2011 йилги ОФК кубогидаги ғалабаси, мураббийлар штаби билан вилоят раҳбарияти ўртасидаги келишмовчиликлар ва ўша даврда Ўзбекистон футболида юз берган қизиқарли воқеалар ҳақида гапирди.

Украинанинг “Футбольний диван” YouTube каналига берган интервьюсида собиқ дарвозабонлар мураббийи “Насаф”га таклиф этилиши кутилмаган ва жуда тез содир бўлганини айтди.

“Мураббийлар штаби жуда тез шакллантирилди. Демьяненко шартнома имзолаганидан икки кун ўтиб, Ўзбекистонда бўлишимиз керак эди. Мен таклифга розилик бердим, чунки агентларимиз бир хил эди. Ўшанда Лобановский билан ишлаган мутахассисдан жуда кўп нарса ўрганаман, деб ўйлагандим”, – деди Богоделов.

Унинг таъкидлашича, Анатолий Демьяненконинг Ўзбекистонга келиши маҳаллий мухлисларда катта қизиқиш уйғотган.

“Аэропортдан чиқишимиз билан биздан биринчи сўрашган нарса: “Шевченко ва Ребров қачон келишади?” деган савол бўлди. Бир куни Бухорода, адашмасам, аэропортда турганимизда ёши жуда катта, салла ва чопон кийган бир қарияни учратдик. У зўрға турганига қарамай, Демьяненкони таниб, “Демьяненко, бешинчи рақам!” деб айтди”, – дея эслади мутахассис.

Богоделовнинг сўзларига кўра, клуб раҳбарияти мураббийлар штаби олдига учта вазифа қўйган: Ўзбекистон чемпионатида, мамлакат кубогида ва ОФК кубогида ғолиб чиқиш.

“Якунда ОФК кубогини қўлга киритдик, чемпионатда иккинчи ўринни эгалладик ва мамлакат кубоги финалига чиқдик. Ўзбекистондаги фаолиятим жуда ёрқин давр бўлган”, – деди у.

Собиқ мураббий 2011 йилда “Насаф” таркибини деярли қайта шакллантиришга тўғри келганини ҳам таъкидлади. Унинг айтишича, штаб иш бошлаганида жамоа тарқоқ ҳолатда бўлган, мамлакатнинг энг кучли клуби эса ўша пайтда “Бунёдкор” ҳисобланган.

Интервью давомида Богоделов Анатолий Демьяненко билан Қашқадарё вилояти раҳбарияти ўртасидаги келишмовчиликни ҳам эслади.

Унинг ҳикоя қилишича, “Насаф” ёзда Ялтада ўқув-машғулот йиғини ўтказган. Бироқ терма жамоалар ихтиёрида бўлган айрим футболчилар йиғинда тўлиқ иштирок эта олмаган ва жамоага етарлича тайёр ҳолатда қайтмаган.

Шундан сўнг қаршиликлар Ўзбекистон чемпионатида Самарқанднинг “Динамо” клубига ўз майдонида 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган. Мазкур мағлубият вилоят раҳбарининг жиддий норозилигига сабаб бўлган.

“Суҳбат юқори оҳангда кечди. У Демьяненкога нимадир деди. Кейин биз ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, чиқиб кетдик. Шундан сўнг улар ўртасидаги алоқа мен орқали давом этди. Вилоят раҳбари Демьяненкога кийиниш хонасига кирмаслигини ҳам айтган”, – деди мутахассис.

Шунингдек, Богоделов ОФК кубогида рақибларни ўрганиш учун ноодатий усуллардан фойдаланишганини маълум қилди.

“Таиланд жамоасининг ҳар бир машғулотини кузатардик. Бир сафар уларни ҳожатхонадан туриб томоша қилганмиз. Осиё Чемпионлар лигасида эса рақиблар машғулотини кўриш учун ерга ётиб, балкон билан пол орасидаги тирқишдан қараган пайтларимиз ҳам бўлган”, – деди у.

Суҳбатда Ўзбекистон футболида келишилган ўйинлар борлиги ҳақидаги савол ҳам берилди. Богоделов “Насаф”да ишлаган даврида бундай ҳолатга дуч келмаганини айтди.

“Бизда бундай ҳолатни ҳеч қачон эшитмаганман. Бизнинг вазифамиз биринчи ўринни эгаллаш эди, шунинг учун ҳеч ким билан келишмаганмиз”, – дея таъкидлади украиналик мутахассис.

Суҳбат якунида мутахассис 2011 йилги ОФК кубоги ярим финалида Иорданиянинг “Ал-Веҳдат” клубига қарши сафар ўйинини эслади. Унинг сўзларига кўра, “Насаф” делегациясини аэропортда рақибнинг 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишини башорат қилган плакат билан кутиб олишган. Аммо учрашув 1:1 ҳисобида якунланган. Богоделов ўша баҳс ўтказилган майдоннинг бир томонга нишаб бўлганини ҳам таъкидлади.

Маълумот учун, “Насаф” 2011 йил 29 октябрь куни Қаршида ўтказилган ОФК кубоги финалида Қувайтнинг “Ал-Кувайт” клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Ўзбекистон клублари орасида биринчи бўлиб мазкур мусобақа ғолибига айланган.

Анатолий Демьяненко Украинага қайтганидан кейин ҳам Богоделов яна бир мавсум “Насаф”да ишлашни давом эттирган. У бу қарорини клубнинг Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритгани билан изоҳлади.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: Футбольний диван