UZ

Сўнгги янгиликлар

22:05Перес "Эл Класико"дан олдин ҳакамларнинг ёнига бориб, улар билан саломлашган. "Барса" ўйинчилари бу ҳолатнинг гувоҳи бўлишган  3 21:45МЮнинг тен Хаг даврида амалга оширган трансферлари рейтинги тузилди – Антони охирги ўринда, Онана эса...  0 21:20Ральф Рангник "Бавария" у билан боғланганини тасдиқлади  0 20:55Футзал. Ўзбекистон Вьетнам устидан камбэк амалга оширди ва ярим финалга йўлланма олди  62 20:31ОЧЛ. "Йокогама" пенальтилар сериясида "Ульсан Хюндай"ни мағлуб этиб, финалга йўл олди!   2 20:22Оливье Жиру "Лос Анжелес" билан шартнома имзолагани маълум бўлди  2 19:30Тарихда илк бор Жаҳон чемпионатида Марказий Осиёдан 2 та терма жамоа иштирок этади  26 18:57Футзал. Таиланд чорак финалда Ироқни таслим қилди. Ярим финалдаги рақиб - Тожикистон  4 18:33Мбаппе ПСЖдан кетиши оқибатида 130 млн евродан воз кечиши мумкин  3 17:35"Спартак" собиқ устози "Милан"ни бош мураббийлигига асосий номзод   1 17:10«Сити»нинг икки асосий футболчиси «Брайтон»га қарши майдонга тушмаслиги мумкин  3 16:45«Атлетик»да 15 йил ўйнаган футболчи клубдан кетмоқда  4 16:21U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Саудия Арабистони учрашувида бизга таниш ҳакам ишлайди  21 16:04"Дон-дон-зики", хушчақчақ Кападзе — Ўзбекистон - Вьетнам учрашувидан 93 та расм  2 15:53Футзал. Эрон кетма-кет 9 марта Жаҳон чемпионатига йўлланма олди!  6

Интервью. Анатолий Демьяненко: “Яна Ўзбекистонга қайтишни истардим” Янгиликлар

Интервью. Анатолий Демьяненко: “Яна Ўзбекистонга қайтишни истардим”

Украиналик таниқли мураббий Анатолий Демьяненкони ўзбекистонликлар чуқур ҳурмат билан эсга олишади. Айниқса, қашқадарёликлар учун у алоҳида аҳамиятга эга.

“Насаф” жамоаси билан эришган муваффақиятлари ўзбек футболининг тарих зарварақларига мухрланган. Шубҳасиз, у топ-савиядаги мутахассис эканлигини исботлай олган. Биз эса “Насаф” билан муваффақиятларга эришган ушбу мураббий билан анчадан бери ўзи, “Насаф” ва футболимиз ҳақида гаплашишни ният қилиб қўйгандик. Ниҳоят, бу истагимиз яқинда амалга ошди ва телефон орқали суҳбатлашдик.

-   Яқинда биз хизмат сафари билан “Насаф” клубида бўлдик. Ҳозиргача у ерда сизни илиқ хотиралар билан эслашади. Айтинг-чи, ўзингиз ҳам “Насаф”да ишлаган пайтларингизни тез-тез ёдга олиб турасизми?
-   Албатта, эслаб тураман. Нега энди эсламай? Ахир ўша жамоада маълум вақт ишлаб, “Насаф” билан мақтанишга арзигулик натижаларга эришганмиз. Биз биргаликда ОФК Кубогини ютгандик. Асосийси, юртингиздаги олиб борган фаолиятимдан менда жуда ижобий таассуротлар қолган.

-   Ўшанда сизни Қаршига ким чақирганди?
-   Агентим орқали Қаршига борганман. Клуб мутасаддилари агентим ёрдамида мен билан алоқага чиққандилар. Сўнгра учрашдик, фикрларимиз бир жойдан чиқди. Ҳаммаси шундай кечганидан жуда хурсанд бўлганман. Алишер Султонов менда ажойиб таассурот қолдирган. Дарвоқе, бу киши ҳозир ҳам клуб президентими?


-   Йўқ, ҳозир “Насаф”ни бошқа киши бошқармоқда.
-   Алишер Султонов жуда ажойиб инсон. Ўз ишини яхши билади. Асосийси, самимий. Бундай инсонлар билан бирга ишлаш жуда ёқимли.

-   Айтинг-чи, Ўзбекистонни тарк этганингиздан бери бу ердаги таниш-билишлар билан алоқани сақлаб қолганмисиз?
-   Кечирасиз, алоқа яхши чиқмаяпти, чоғи. Нима дедингиз?

-   “Насаф”дагилар билан ҳозиргача гаплашиб турасизми, дейман. Масалан, Рўзиқул Бердиев билан?
-   Ҳа, гоҳ-гоҳида гаплашиб тураман.

-   “Насаф”дан кетганингиздан сўнг юртингизга қайтдингиз ва “Волинь” клубини бошқардингиз. Аммо ўша жамоадаги ишингиз узоқ давом этмади. Қолаверса, охирги пайтларда сиз ҳақингизда кам ёзишмоқда. Нима, футболдан зерикдингизми?
-   Зерикдингизми, йўқ, бундай эмас. Менга ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган клубларда ишлаш ёқади. Масалан, “Насаф”да шундай эди. “Волинь”да эса бундай мақсадлар йўқ эди. Жамоа кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолса ҳам катта натижа саналарди. Ўз навбатида менга мураббий сифатида жиддий вазифаларни ҳал этиш ёқади. Чемпионатни ютиш, совриндорлар қаторидан жой олиш ва Европага чиқиш...Мана шундай вазифаларни адо этиш ўзини ҳурмат қиладиган мутахассисларга манзур бўлади. Чемпионатдаги ўринни нима қилиб бўлса ҳам сақлаб қолиш, бу юқори вазифа сирасига кирмайди.

-   Агар сир бўлмаса охирги пайтларда қандай иш билан машғулсиз? Бирор-бир клубда ишлаяпсизми?
-   Украина фахрийлар терма жамоасида ишлаяпман. Албатта, биз фахрийлар ҳар доим йиғилавермаймиз. Аммо бу барибир ўзига яраша машғулот. Уйда бекор ўтириш эркак кишини зериктириб юборади. Биз тўпланиб турамиз, бирга ўйнаймиз, сўнгра ёшлик давримизни ёдга олиб суҳбатлашиб ўтирамиз.


-   Бизга маълум бўлишича, юртдошимиз Максим Шацких “Динамо” тизимида 19 ёшдаги йигитлардан иборат жамоада мураббий бўлиб ишламоқда экан. Шу ростми?
-   Ҳа, сизга нотўғри маълумот беришмабди. Шацких чиндан ҳам жамоада мураббий бўлиб ишламоқда.

-   У билан учрашиб турасизми?
-   Камдан-кам ҳолларда. Асосийси, Максим ўз ишини яхши бажармоқда. Ахир у “Динамо” мактабида тарбияланган (кулади).

-   Максимда Европадаги клубларда ишлаш имконини берувчи “Про” лицензияси борми?
-   Ҳа, албатта.

-   Анатолий Васильевич, агар сизда Ўзбекистонга қайтиб ишлаш варианти туғилса, яна юртимизга қайтган бўлармидингиз?
-   Бу ишни жон-жон деб амалга оширган бўлардим. Ахир Ўзбекистонда жуда кўплаб дўстларим бор. Шундай вариант пайдо бўлса, ҳеч иккиланиб ўтирмасдан Ўзбекистонга қайтиб бораман.

-   Айнан қайси клубларимизда ишлашни истаган бўлардингиз?
-   Юқорида айтиб ўтганимдек, менга ўз олдига жиддий вазифаларни қўядиган жамоаларда ишлаш ёқади. Чемпионлик ва халқаро мусобақаларда иштирок этиш вазифасини қўядиган клубларда меҳнат қилиш ҳар қандай мутахассисни ўзига оҳанрабодек тортиши аниқ.

-   Табиийки, интернет орқали бошқа биринчиликларни ҳам кузатиб борсангиз керак. Жумладан, ўзингиз яхши биладиган ўзбек чемпионатини. Биринчилигимизнинг бугунги кундаги савиясини қандай баҳолаган бўлардингиз?
-   Гапингизда жон бор, бир қанча биринчиликлар қатори Ўзбекистон чемпионатида нималар юз бераётганини кузатиш мени қизиқтиради. Ўйлайманки, биринчилигингиз савияси ўсишда давом этмоқда.


-   Мен ҳам шундай фикрдаман. Ёдингизда бўлса, юртимизда ишлаган чоғингизда ғолиблик учун бармоқ билан санарли даражадаги клублар кураш олиб боришарди. Энди эса бундай даъвогарлар сони олдингига нисбатан ўсган. Масалан, бугунги кунда юртимизнинг байроқдор клуби ҳисобланадиган “Пахтакор” мусобақа жадвалида ўзига хос бўлмаган ўринни банд этиб турибди. “Бунёдкор”нинг ишлари ҳам силлиқ кечмаётганидан хабарингиз бўлса керак. Тўғри, амалдаги чемпион “Локомотив” ўтган мавсумдаги муваффақияти тасодифан юз бермаганини кўрсатиб келмоқда. Аммо “Қўқон-1912” клубидан жорий мавсумдаги парвозни ҳеч ким кутмаганди. Сиз ишлаган “Насаф” ҳозир 2-ўринда боряпти.
-   Ҳа, сизни тушундим. Янглишмасам, чемпионатингизда ишлаган кезларимда “Қўқон-1912” биринчи лигада ўйнарди шекилли, тўғрими?

-   Албатта, шундай.
-   Бу ҳам юқоридаги гапимни ўзига хос тасдиғи бўлса керак. Дарҳақиқат, Ўзбекистон чемпионатининг савияси чиндан ҳам ўсиб бормоқда. Ўйлайманки, ҳали “Пахтакор” ҳам, “Бунёдкор” ҳам албатта ўз сўзини айтади.

-   Аммо негадир охирги пайтларда “Пахтакор”да бош мураббийлар тез-тез алмашмоқда...
-   Бу эса яхши ҳолат ҳисобланмайди. Мураббийга ўз режаларини амалга ошириш учун вақт бериш керак. Агар кетма-кет равишда бош мураббий ўзгартирилаверса, бу ҳолат футболчиларнинг руҳиятига акс таъсир ўтказмасдан қолмайди. Чунки ўйинчилар энди мураббийнинг фалсафасини тушуна бошлаганларида, унинг ўрнига бошқасини тайинлашса, иштиёқларидан асар ҳам қолмайди. Асосийси, раҳбарият ўз ишини яхши биладиган мутахассисни танлаб, унга имкон бериш керак. Шунда натижа бўлади.

-   Футбол мавзусидан бироз четга чиқсак. Айтинг-чи, ўзбек таомларини соғиндингизми? Айниқса, паловни?
-   Ҳа, бўлмасам-чи! Паловни чиндан ҳам жуда ёқтирардим.

-   Агар юртингиздаги одамлар сиздан Ўзбекистон ҳақида сўрашса, уларга қандай жавоб қайтарасиз?
-   Албатта, энг ижобий фикрларни билдираман. Қолаверса, фурсатдан фойдаланган ҳолда ўзим ҳам ўзбек ишқибозларига, у ердаги дўстларимга ғойибона саломимни йўллашни истайман. Барчаси соғ-саломат бўлишсин! Ўзбекистон терма жамоаси эса узоқ йиллардан бери ўзи учун армон бўлиб келаётган жаҳон чемпионатига чиқишига тилакдошман. Бундан ташқари, клубларингиз Осиё саҳнасида ҳам янги муваффақиятларга эришса, фақат хурсанд бўлардим.

-   Ўзбекистонга сайёҳ сифатида бўлса ҳам ташриф буюришни истармидингиз?
-   Албатта, истаган бўлардим. Ахир мураббий сифатида юртингизда ишлаб, менда Ўзбекистон ва унинг халқи борасида фақат ижобий хотиралар қолган. Ўзбек халқи жуда меҳмондўст, самимий.


-   ФИФАнинг янги президенти Жанни Инфантино ЖЧ-2026 дан бошлаб иштирокчи термалар сонини 48 тага етказишга қарор қилди. Мутахассис сифатида буни ёқлаган бўлармидингиз?
-   Ҳа, албатта ёқлайман. Чунки бу орқали футболи Европа ёки Жанубий Американикидан қолоқроқ дея ҳисобланадиган Осиё, Африка ва Конкакаф минтақасидаги терма жамоаларда ҳам бундай муносабат нотўғри эканлигини исботлаш учун имконият юзага келади. Асосийси, мундиал иштирокчилари сонининг кескин оширилиши ўша минтақаларда футболнинг тараққий этишига янада кучлироқ туртки беради.

-   Мураббийлик фаолиятингиз давомида мақтанишга арзигулик натижаларга эришгансиз: Украина чемпиони, Кубоги соҳиби, “Насаф” билан ОФК Кубогидаги ғалаба, ўзбек чемпионатида қўлга киритилган 2-ўрин. Озарбайжондаги фаолиятингиз ҳам яхши чиққан. Хуллас, бу билан мураббийлик фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми, дея сўрамоқчиман...Бундан ташқари, ўз олдингизга қўйган янги мақсадлар борми?
-   Фаолиятимдан кўнглим тўлади, албатта. Лекин ўзини ҳурмат қиладиган мураббий бу билан кифояланиб қолмайди ва доим олдинга интилади. Албатта, бундан кейин ҳам ўзим бошқарадиган клублар билан қатор соврин ва унвонларга эга чиқишни истаган бўлардим. Осиё бўладими ёки Еврокубокларими, халқаро мусобақаларда яна бажонидил ишлаган бўлардим. Чунки мураббийнинг қандай салоҳиятга эга эканлигини биринчи навбатда бошқарган жамоалари билан қўлга киритган натижалари белгилаб беради.

-   Юртимиздаги аксарият ишқибозлар сизни Украина терма жамоасини бемалол яхши бошқара олган бўларди, деб ҳисоблашади. Бу каби фикрларга қўшиласизми?
-   Нокамтарликка йўйманг-у, нима учун буни истамаслигим керак?! Ахир мураббий сифатида етарлича малака ва тажрибага эгаман. Боз устига ҳар қандай мутахассис ватанидаги биринчи ўринда турувчи жамоани бошқаришни истайди. Асосийси, менда буюк Лобановский билан бирга ҳамкорлик қилиш орқали тўпланган тажриба бор.

-   “Насаф”ни тарк этганингиздан сўнг сизга ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган клублардан таклифлар бўлдими? Бу билан нима демоқчиман: яъни, юртимиздаги бошқа жиддийроқ клублар сизга иш таклифи билан чиқишганми?
-   Йўқ, бундай таклифларни олмаганман.


-   Тушунарли...Дарвоқе, Анатолий Васильевич, Европа Лигаси финалида “Аякс” ва “Манчестер Юнайтед” клублари ўртасидаги беллашувни кўрдингизми?
-   Ҳа, томоша қилдим ва ўйин менга ёқди. “Аякс” таркибида ёш футболчилар кўпчиликни ташкил этса-да, улар маҳорат бобида ўзларидан устун бўлган рақибларга етарлича муаммолар туғдира олишди. “Юнайтед” асосан тажриба эвазига совринни ўзиники қилди. Қолаверса, Моуриньонинг малакаси ҳам иш берганини айтиб ўтишим керак.

-   Энди сайёрамиздаги ишқибозларни олдинда яна бир буюк финал – ЧЛда “Ювентус” ва “Реал” ўртасидаги дуэль кутиб турибди. Агар мумкин бўлса, бўлажак ўйин олдидан кимнинг ғалабасини тахмин қилмоқдасиз?
-   Финалда айнан фалон клуб ғалаба қозонади, дейиш жуда мушкул иш ҳисобланади. Аммо, ўзимга қолса, ўйинни “Ювентус” ютишини истаган бўлардим.

-   Ўзбек ҳакамлари ҳақида нима дея оласиз?
-   Ўзбек ҳакамларининг савияси чакки эмас. Бундан бошқа ниманидир қўшимча қила олмайман.

-   Юртимизда ишлаб юрганингизда ўзингиз ўрганиб олган бир қанча ўзбекча гаплар ёдингизда қолганми?
-   Йўқ, афсуски, эсимдан чиқиб кетган.

-   Охирги савол: Анатолий Васильевич, футболдан ташқари сиз шуғулланишни ёқтирадиган бошқа машғулот ёки иш ҳам борми?
-   Йўқ, мени фақат футбол қизиқтиради холос. Чунки бутун умрим футбол ичида ўтмоқда. Ўзимни бошқа соҳада умуман тасаввур қила олмаган бўлардим. Суҳбатимиз бошида айтиб ўтганимдек, энди мен Украина фахрийлар терма жамоасини бошқаряпман. Биргаликда бир қанча мамлакатларга сафар уюштирдик. Жумладан, Америкада бўлиб қайтдик. 


ФИРДАВСХОН

Рейтинг: +19   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика