U-17 Жаҳон чемпионатида кимлар қатнашади?

Xayrulla Xoliqov
17 ноя 2026, 19:45
Шу йилнинг 19 ноябрь - 13 декабрь кунлари Қатарда навбатдаги ФИФА U-17 Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

Маълумот учун, ушбу мусобақа тарихдаги 21-турнир ҳисобланади.

Хабарингиз бор, ФИФА кичик мундиални қаторасига ҳар йил ўтказишни мақсад қилган ва 2025-2029 йиллар оралиғида фақат Қатарда бўлиб ўтиши белгилаб қўйилган.

Ўтган йил U-17 Жаҳон чемпионатида Португалия ўсмирлар терма жамоаси финалда Австрияни 1:0 ҳисобида енгиб чемпионликни қўлга киритганди. Худди ўтган йил бўлгани каби бу йил ҳам турнирда 48 та жамоа иштирок этади. Бизга қизиқ томони, кичик мундиалда Осиёдан 9 та жамоа қатнашади. Булар — Ўзбекистон, Қатар, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Тожикистон, Вьетнам, Хитой, Австралия ва Япония.

11.jpg

Саккизта дебютант

Бу йил U-17 Жаҳон чемпионатида саккизта ўсмирлар терма жамоаси дебют қилади: Доминикан Республикаси, Греция, Черногория, Мозамбик, Руминия, Сербия, Танзания, Вьетнам. Маълумки, 11 ноябрь куни АҚШ U-17 терма жамоаси мусобақага келмаслигини расман билдирди. Шундан сўнг ФИФА қарор чиқариб, ўрнига саралашда иккинчи ўринни эгаллаган Доминикан Республикасини рўйхатга қўшди.

12.jpg

Гуруҳлар ва жамоалар

Бу йилги U-17 Жаҳон чемпионатида 48та жама иштирок этишини айтиб ўтдик. Жамоалар тўрттадан 12 гуруҳга бўлинган.

“A” гуруҳи: Қатар, Панама, Миср, Греция.

“B” гуруҳи: Жанубий Корея, Уганда, Янги Каледония, Эквадор.

“C” гуруҳи: Аргентина, Австралия, Мозамбик, Дания.

“D” гуруҳи: Франция, Гаити, Саудия Арабистони, Уругвай.

“E” гуруҳи: Италия, Ямайка, КотД'Ивуар, Ўзбекистон.

“F” гуруҳи: Сенегал, Хорватия, Куба, Тожикистон.

“G” гуруҳи: Мали, Янги Зеландия, Бельгия, Вьетнам.

“H” гуруҳи: Испания, Хитой, Фижи, Марокаш.

“I” гуруҳи: Бразилия, Ирландия, Танзания, Коста Рика.

“J” гуруҳи: Доминикан Республикаси, Черногория, Чили, Жазоир.

“K” гуруҳи: Мексика, Руминия, Камерун, Венесуэла.

“L” гуруҳи: Япония, Колумбия, Сербия, Гондурас.

Мусобақа регламентига кўра, ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа (жами 24 та) ҳамда энг яхши 8 та учинчи ўрин эгалари — шунда жами 32 та жамоа кейинги босқичга чиқади. Қолган 12 та жамоа эса гуруҳ ўйинларидан сўнг мусобақа билан хайрлашади.

13.jpg

Ўзбекистон U-17 қачон ўйнайди?

Албатта, бизнинг эътиборимиз биринчи навбатда Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг ўйинларига қаратилади. Сергей Чигодаев бош мураббийлигидаги жамоамиз гуруҳ баҳсларини 20 ноябрь куни КотД'Ивуар билан бошлайди. Учрашув бизнинг вақт билан 21:00 да старт олади. 23 ноябрь куни 18:00 да Ямайка термасига қарши баҳс олиб борсак, гуруҳдаги охирги турни 26 ноябрь куни соат 19:00 да Италияга қарши ўтказамиз.

Ўтган йил иштирокимиз қандай бўлган?

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси 2025 йилги мундиалда нимчорак финалга қадар етиб борган. Гуруҳда Парагвайни 2:1 ҳисобида мағлуб этганмиз, шунингдек Панама устидан 6:1 ҳисобида зафар қучганмиз. Ирландияга қарши баҳсда эса 1:2 ҳисобида мағлуб бўлгандик. Натижада гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиққанмиз.

Мусобақанинг 1/32 финалида Хорватияга қарши майдонга тушиб ўйин 1:1 ҳисобида тугаган ва пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида зафар қучгандик. Кейин эса нимчорак финалда Италияга қарши 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб мундиални тарк этганмиз. Бу йил Италия билан бир гуруҳга тушганимизни инобатга олсак, реванш олиш учун қулай имконият юзага келганини айтиб ўтса бўлади.

14.jpg

Терма жамоамиз ва ҳакамларимизга омад!

Қатар мезбонлик қиладиган ушбу ФИФА U-17 Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси ҳам иштирок этади. Аскер Нажафалиев бош ҳакам сифатида ўйинларни бошқарса, унга қанотларда Бахтиёрхўжа Шавкатов билан Авазбек Абдуллаев ёрдам беради. Мусобақа олдидан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига ва ҳакамларимизга омад тилаб қоламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Xayrulla Xoliqov Муаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›