Саиджон Абдужабборов: “Хар бир фарғоналик футболчи “Нефтчи”да ўйнашни орзу қилади”
28 jan 2017 23:13
News
Саиджон Абдужабборов: “Хар бир фарғоналик футболчи “Нефтчи”да ўйнашни орзу қилади”
Футболчи “Нефтчи”даги орзу ва мақсадлари ҳақида гапирар экан, хар бир Фарғона вилоятида туғилиб ўсаётган футболчи “Нефтчи” сафида ўйнашни орзу қилишини айтиб ўтди
– “Металлург” таркибида фаолият олиб борган кезларимдаёқ “Нефтчи”дан чорловлар бўлиб турарди. Бироқ Бекобод жамоаси билан амалдаги шартномам бўлгани сабабли Фарғонага кела олмаганман. Ўтган йили бекободликлар билан келишувим якунланди ва “Нефтчи” машғулотларига келиб қўшилдим. Шерзод ака Раимжоновнинг таклифларига бинонан “Нефтчи”га келдим.
Ўзим илк футбол сабоқларини Фарғонада олганман. Кейинчалик Олий лигани бошқа жамоасида омадимни синаш имконияти туғилган. Бир-неча мавсум давомида бошқа клуб сафида фаолият олиб бориб катта футболда тажриба орттирдим. “Нефтчи” жамоасининг равнақи ва ривожланиши, шу билан бирга муваффиқиятли натижаларида ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. “Нефтчи” – катта ва буюк тарихга эга жамоа! Фикримча, Фарғона вилоятида туғилиб ўсаётган хар бир футболни танлаган йигит “Нефтчи” сафида ўйнашни орзу қилади.
Жамоада мени илиқ кутиб олишди. Ўзим фарғоналик бўлганим учун жамоадагилар билан тез киришиб кетдик. Тошкент йиғини давомидаги ўйинларда гол уришга ҳам улгурдим. Насиб қилса, янги мавсумдаги расмий ўйинларда ушбу голлар давомий бўлади. Жамоадаги Жавоҳир Расулов ҳамда Ҳусниддин Ғофуров сингари футболчиларни аввалдан биламан. Улар билан футбол мактабида бирга таҳсил олганмиз.
“Нефтчи” мухлислари ҳақида гапирадиган бўлсам, ўз вақтида мен ҳам ушбу жамоага ашаддий мухлис бўлганман. “Нефтчи”нинг ОЧЛ доирасидаги уй ўйинлари бўладиган куни эрталабдан стадион атрофида юрардик. Жамоа мухлислари мана шундай тарзда ўз клубларини севишади ва ундан доим ғалаба кутишади. Яхши ниятлар билан “Нефтчи”га келдим. Жамоадаги ишончли ўйинларим орқали миллий терма жамоамиз мураббийларини эътиборини тортиб бош жамоамиз сафида ўйнаш ҳам асосий ниятларимдан бири саналади. Шу ўринда мени катта футболга олиб кирган Рустам Мирсодиқов ва Шавкат Саидовларга катта раҳмат айтмоқчиман, – деди Абдужабборов “Нефтчи” расмий сайтига берган интервьюсида.
Comments