Суперлига. "Насаф"нинг қоқилиши интригани қайтарадими? "Нефтчи" учун ажойиб имконият
05 oct 16:33
News


Суперлига. "Насаф"нинг қоқилиши интригани қайтарадими? "Нефтчи" учун ажойиб имконият
Бироздан сўнг бошланадиган водий дербисида ҳам очколар қиймати катта саҳнага чиқади.
Чемпионлик интригаси
Чемпионлик пойгасидаги етакчи “Насаф” Тошкентда “Бунёдкор”га қарши баҳсдf ўйиндаги устунликни сақлаб қололмади ва 2:2 ҳисобидаги дурангга рози бўлди. Бу натижа — чемпионлик ритмига зарба бўлди, рақиблар учун эса янги умид эшигини очди.
Энг яқин таъқибчи — Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси энди барча эътиборни ўз қўлига олмоқда. Агар фарғоналиклар навбатдаги турда водий дербисида “Андижон”ни мағлуб этса, очколар орасидаги фарқ атиги иккига қисқаради. Бу эса чемпионлик интригасини яна қайтариши, мусобақага янги нафас бағишлаши мумкин.
Водий дербиси — икки жамоа, икки йўналиш
"Андижон" ва "Нефтчи" ўртасидаги баҳс ҳар доим ҳис-ҳаяжонга бой бўлган. Суперлига тарихида бу икки жамоа 52 марта тўқнаш келган, устунлик асосан мезбонлар — "Нефтчи" томонида. “Бургутлар” эса охирги бор 2016 йилда фарғоналикларни мағлуб этган. Кейинги беш беллашувда “Нефтчи” икки бор ғалаба қозонган, қолган уч ўйин дуранг билан якунланган.
Сўнгги баҳслар натижалари:
09.05.2025 — "Андижон" 0:2 "Нефтчи"
25.09.2024 — "Андижон" 0:0 "Нефтчи"
12.05.2024 — "Нефтчи" 2:2 "Андижон"
31.08.2023 — "Нефтчи" 0:0 "Андижон"
08.04.2023 — "Андижон" 0:2 "Нефтчи"
Тақвим ва кураш манзараси
"Андижон" ҳали Суперлигада қолиш масаласини тўлиқ ҳал қилмаган. Устама равишда ОЧЛ-2 баҳслари ҳам уларнинг юкини оғирлаштиради. Жамоа октябрь ойини “Сурхон” ва “Шўртан”га қарши муҳим учрашувлар билан якунлайди.
“Нефтчи” эса ОКМК ва пастдаги жамоалар — “Шўртан”, “Сурхон”, “Бухоро”га қарши майдонга тушади. Агар улар бу серияда барча учрашувларда ғалаба қозона олса, “Насаф”ни жиддий босим кутмоқда.
Хулоса
Суперлигада чемпионлик пойгаси яна қизий бошлади. “Насаф”нинг битта қоқилиши бутун мавсум манзарасини ўзгартириши мумкин. Бу орада “Нефтчи”нинг руҳий устунлиги ва қулай тақвими интригадан умид қилишга асос беради. Аммо мусобақа сўнгги метрига яқинлашар экан, барча нарса фақат жамоаларнинг майдондаги жавобида аниқланади. Ҳозирча энг муҳим савол очиқ: “Нефтчи” бу имкониятдан фойдалана оладими ёки “Насаф” яна ўз кучини намоён этадими?
Similar news

Comments