UZ

Сўнгги янгиликлар

01:39Расман: Ўткир Юсупов — "Фулад" футболчиси!  2 01:32"Арсенал" Рафиньянинг трансфери бўйича "Барселона"га кўп миллионлик таклиф тайёрлайди  0 01:05Париж-2024. Ўзбекистон - Миср 0:1, Ҳимоядаги хато қимматга тушди  5 00:53"Атлетико" ва Испания терма жамоаси собиқ футболчиси фаолиятини якунлади  0 00:15РПЛ. Эсанов ҳаракат қилаётган "Акрон" меҳмонда "Факел"ни ишончли ҳисобда мағлуб этди  14 23:35Тимур Кападзе: "Иккала ўйинда ҳам ютишимиз мумкин эди"  95 23:01Расман: "Атлетико" Испания терма жамоаси футболчиси билан шартнома имзолади  1 22:29"Навбаҳор" назорат учрашувида йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Қувватовдан норасмий дебют, Никабадзедан хет-трик  9 21:31"Манчестер Юнайтед" форварди ПСЖга ўтиши мумкин  4 21:05Париж-2024. Ўзбекистон иккинчи турда Мисрга ютқазди ва гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотди  847 20:53Париж-2024. Испания терма жамоаси биринчи бўлиб плей-оффга чиқди  7 20:22"Манчестер Юнайтед" испаниялик футболчига қизиқмоқда  1 19:56"Барселона" Уильямс учун кутилганидан 4 млн. евро кўп пул тўлаши керак  2 19:22ФИФА Аргентинанинг эътирозига жавоб берди  5 18:52Ҳусниддин Ғофуров - "Қўқон-1912" футболчиси  3

«Тилла бола» саргузаштлари Янгиликлар

«Тилла бола» саргузаштлари

Мухлислар ўртасида «Олтин Малаганинг рамзи», «Бернабеу арзандаси» каби унвонларга сазовор бўлган «Тилла бола» - Франциско «Иско» Аляркон Суарес чиндан ҳам юксак салоҳият соҳиби.

У тўп билан шундай моҳирона ҳаракат қиладики, гўё тўп сеҳрланиб қолган-у, ундан узоқлашишни истамаётгандек туюлади. Ана шу афсунгардан тез орада «Янги Иньеста» даражасига кўтарилиши ва нафақат «қироллик клуби», балки бутун испан футболининг рамзига айланишини кутишмоқда. Тўғри, Исконинг фаолияти ҳозирча қариялар кардиограммасини эслатмоқда - суръат барқарор эмас, узилишлари кўп. Шу сабабли футболчи тез-тез захира ўриндиғидан жой олишга мажбур бўляпти. қуйидаги мақола Исконинг футбол оламига кириб келиши, «Реал»даги машаққатли фаолияти ва келажаги ҳақида.

«Тилла бола» тетапояси

Иско Малаганинг камтарин саноат шаҳарчасида дунёга келди. Шу боис, «Атлетико Бенамьель» клуби ёш иқтидор соҳибига футболнинг илк сабоқларини бериш шарафига муяссар бўлди. Ўша пайтдаёқ дастлабки мураббийи болакайни ёрқин келажак кутаётганини башорат қилганди.

14 ёшга чиққанида Франциско «Валенсия»дан таклиф олди ва ўзини фақат ижобий томондан намойиш этди - ҳали 18га чиқиб улгурмасдан кантеранинг етакчи ўйинчисига айланди. Ҳатто, 2та гол уришга ҳам улгурди, 15 дақиқага бўлсада, Ла лигада Ариц Адурис ўрнида тўп сурди.

19 ёшга тўлганида Франциско ўз фаолиятидаги муҳим қарорлардан бирини қабул қилди - лаш-лушларини йиғиштирди-да, жонажон Малагасига йўл олди. Бу тўғри қарор эди. Чунки ўша пайтда «анчоуслар» шайх­ларнинг йирик сармояларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишганди. Тез орада жамоа етакчи квартетдан жой олиб, ЕЧЛда чорак финалга қадар етиб борди. Ўшанда Дортмунднинг «Боруссия»си ярим финалга чиқиш имкониятини бермаганди. Исконинг халқаро ареналардаги ишончли ўйинлари «Малага»да чексиз имтиёзларни тақдим этди. Мураббий бу футболчига тўла-тўкис эркин тўп суриш ҳуқуқини бериб қўйганди. У эса ҳар қандай рақиб олдида дадиллик билан ҳаракат қилар, вазифаси гол уриш ёки самарали узатмани амалга оширишдан иборат эди. Шу тариқа Иско топ-клублар назарига тушди. Табиийки, улар орасида «Барселона» ва «Реал» ҳам бор эди. «Тилла бола» унвонига сазовор бўлгани эса футболчининг баҳосини 2-3 бараварга ошириб юборди.

Алярконнинг бўлажак жамоасини танлашда қандай мезонларга асослангани номаълум. Лекин бу футболчи учун «Барселона» кўпроқ мос келишини аксарият мутахассислар таъкидлашганди. Иско «Реал»га ўтганидан сўнг каталониялик дарғазаб мухлислар унинг болалик пайтидаги «Барса» либосида тушган фотосуратини қидириб топишган, футболчининг ўзи ҳам «Месси» лақабли кучуги борлигини тан олганди. қисқаси, 2013 йилнинг 27 июнида «қироллик клуби» 30 миллион евро эвазига Искони ўз сафига қўшиб олди. Тақдимот маросими 8000 нафар мухлис кузатувида ўтди. Шу тариқа «Тилла бола»нинг ёшлиги ортда қолиб, буюк жамоадаги фаолияти бошланди.

Мадриднинг машаққатли сўқмоқлари

Иско «Реал»га инқилоб даврида қўшилди. Моуриньонинг можароли истеъфосидан кейин Флорентино Перес туб ислоҳотларга қўл урди. Бош мураббий лавозимига Карло Анчелотти таклиф этилди, Гарет Бэйл учун рекорд миқдордаги 100 миллион евро сарфланди. Шунингдек, Илья­раменди, Каземиро ва Кака Мадридни тарк этишди. Шу йўсин италиялик мутахассис тактик ислоҳотларни бошлаб юборди. Бироқ Исконинг илк мавсумида «Реал» Моу-риньо услубида ўйнашни давом эттирди. Франциско бу схемага тез мослашиб, «Бетис»га қарши баҳсдаги дебютидан кейин асосий таркибдан жой олди. Анчелотти уни марказга туширгани боис, Иско ўзини жуда эркин ҳис қилди. Тўғри, ўша оқшом «Реал» ўта суст ўйин кўратди. Аммо Исконинг ишончли ҳаракатлари мураббийга тасалли берган бўлса, ажабмас - сўнгги дақиқаларда қанотдан узатилган тўпни дарвозага йўллаган ҳужумчи ўз жамоасига 3 очкони тақдим этди.

Лекин орадан бир ой ўтса ҳамки, «Реал» ўз ўйинини топа олмади. Бундан қониқмаган мураббий 4-3-3 схемасига ўтишга қарор қилди. Бу услубда Бэйл - Ди Мария дуэти асосий ролга ўтиб, Исконинг кераги бўлмай қолди. «Реал»нинг ўйини тобора очилиб, ғалабалар, голлар сони орта бошлади. Табиийки, бундай вазиятда ҳар қандай мураббий ҳам соатдек ишлаётган механизмга ўзгариш киритишни истамайди. Шу сабабли, Иско фақат қайсидир футболчи майдонга туша олмай қолган пайтларда тўп суришга мажбур бўлди. Бундай вазиятда Искодаги универсаллик жуда асқотди - ҳар қайси жамоадоши ўрнини бемалол боса олгани сабабли, Анчелотти даврида у 94 марта майдонга тушди. Футболни санъат даражасига кўтарган ҳужумчига нафақат «Сантьяго Бернабеу»дагилар, балки рақиб - «Эльче»нинг фанатлари ҳам тасаннолар айтишди. Бироқ жамоа бошқаруви Зайниддин Зидан қўлига ўтгач, Иско учун вазият яна мураккаблашди. Боиси, франция­лик мутахассис Каземирога кўпроқ ишонч билдира бошлади.

Иско туман оғушида

Аслида, Франциско меҳнатсевар йигит бўлсада, ўзига яраша феъл-атвори ҳам йўқ эмас. Масалан, «Реал»­даги тақдимот маросимида у клуб байроғини ўпишдан бош тортиб, ўз садоқатини майдондаги ўйини орқали намойиш этишини билдирганди. Шунингдек, бу камтарин йигит матбуот вакилларига ҳам интервью бериш ёки матбуот анжуманларидаги нутқлари билан эмас, балки ўз меҳнати орқали жавоб қайтаришга одатланган. Лекин нима учундир бу юксак иқтидор соҳиби доимо эътибордан четда юради. Ваҳоланки, Иско - «Реал»­даги энг кам маош оладиган ўйинчилардан бири. Шу ўринда уни Хамес билан таққослаш фойдадан холи эмас. Родригеснинг Искодан яққол устун жиҳати йўқ. Муваффақиятли ЖЧдан кейин у Мадридда ўйнаш орзусини шипшитгач, мутасаддилар ўша заҳоти 75 миллионни оёқлари остига сочишди.

Тўғри, Иско эндигина 24га чиқди, ёши унчалик каттамас. Аммо ҳали ғўр, навқирон йигитча ҳам эмас. Айни пайт унинг олдида иккита йўл бор: ҳозиргидай ўзгалар соясида юриш ёки шиддат билан ишга киришган ҳолда асосий таркибдан мунтазам ўрин олиш.

Иско нега «Реал»да қолди?

Жорий мавсум «Тилла бола» тақдирида муҳим роль ўйнаши мумкин. Агар у мунтазам майдонга тушишга эриша олмаса, ёзда янги жамоа излашига тўғри келади. Чунки унинг ёшида захира ўйинчиси мақоми мутлақо қониқтирмайди. Боз устига, клубдан ташқари, терма жамоа ҳам бор. Евро-2016ни ўтказиб юборган футболчи ЖЧ-2018да қатнашиши шарт.

Миш-мишларга кўра, ҳозирда «Ман Сити» Искони мўлжаллаб турибди. Шунингдек, «Тоттенхэм», «Милан» ва бошқа таниқли жамоалар ҳам унга бефарқ эмаслар. Лекин нима учундир футболчининг ўзида фаоллик сезилмаяпти. Бунинг бир нечта сабаблари бор:

1. Зиданнинг ишончи

Июнь ойида жамоа бош мураббийи Иско хусусида алоҳида тўхталиб, унинг ҳеч қаёққа кетмаслигини таъкидлаганди. Зизунинг қатъияти барчага маълум, у ўз мақсадини очиқ-ойдин айтиб қўя қолади. қолаверса, Исконинг харидини Зидан маъқуллаган, жамоани қабул қилганидан сўнг уни асосий таркибга киритганди. Тўғри, ҳужумчининг ўзи кейинчалик таркибдан тушиб қолди.

2. Жамоадошлари билан иноқлиги

«Реал» ечиниш хонасида мафтункор муҳит ҳукмрон. Иско ана шу ажойиб аҳилликнинг бир бўлаги! Жамоадошлари уни жуда яхши кўрадилар, майдондаги афсунгарлигидан таъсирланиб, «магия» деб аташади. Зиданнинг Иско ҳеч қаёққа кетмаслиги ҳақидаги хабарини Серхио Рамос қуйидагича қабул қилганди: «Исконинг сафимизда қолиши - Мадрид учун ёқимли хушхабар!»

3. Курашга тайёр эканлиги

қандай жамоадан жой олгани ва ундан нималар талаб қилинишини Иско жуда яхши билади. Мадридда ҳеч кимга жой кафолатланмаган, ўз устунлигини исботлай олган футболчи майдонга тушади. Искони рақобат чўчита олмайди. Аввалги мавсумда у Родригесдан кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлганди. Демак, Асенсионинг харид қилингани уни ташвишлантирмайди.

4. «Сантьяго Бернабеу» эркатойи

Иско стадиондаги илк чиқишидаёқ мухлислар меҳрини қозонди. Унинг ҳар бир финти, алдамчи ҳаракати гулдурос қарсаклар билан қарши олинади, трибуналар бир неча дақиқа тўхтамасдан «Иско, Иско, Иско» деб ҳайқиришлари бежиз эмас. Демак, ҳужумчи мухлислар қўллаб-қувватлашларига шубҳай қилмайди.

5. Асосий таркибга асосий номзод

Таркибдан жой олиш учун Искога рақобат қиладиган футболчилар турли позицияларда тўп суришади. Франциско эса уларнинг ҳар қайсиси ўрнини бемалол боса олади. Дейлик, ҳозирда Зидан кўпроқ ишонч билдираётган Каземиро сафдан чиққан тақдирда, унинг ўрнини фақат Иско тўлдириши мумкин.

Францисконинг бошқа рақобатчилари - Хамес, Ковачич, Асенсио ва Васкес. Хамес - Бэйл ва Роналду услубида ўйнайди, улар Мадридда экан, Хамесга «нон» йўқ. Зидан ҳам Хамесдан кўра Искони афзал билади. Ковачични эса «умуман ортиқча» десак лоф бўлмайди. Асенсио билан Васкес учун энг мақбули - қанотлар: Васкес учун ўнг, Асенсио учун чап қанот. Бироқ бу ерда Бэйл билан Роналду ҳукмдор. Шундай экан, Модрич ҳамда Крооснинг ягона вориси - Иско. Тинчлик бўлса, бу ёғини вақт кўрсатади.

Bomdardir.ru - Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади

Рейтинг: +10   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика