UZ

Сўнгги янгиликлар

14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  0 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  4 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  3 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   20 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  11 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  2 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  8 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2 07:31Янги мавсумда Про лигада ўйнамайдиган «Дўстлик» етакчисини сотувга қўйди  1

Шаҳбоз Беғамов Ашурматовнинг раддиясига жавоб қайтарди Янгиликлар

Шаҳбоз Беғамов Ашурматовнинг раддиясига жавоб қайтарди

Шаҳбоз Беғамов Бахтиёр Ашурматовнинг раддиясига жавоб берди.

Кеча сайтда АГМК жамоасининг ҳозирда босиб ўтаётган йўли ҳақида мақола қоралагандим. Ўша мақоладаги мазкур жумла: 

"Хўш, биринчи навбатда АГМК жамоаси ҳақидаги тасаввур. Олмалиқ чемпионатимизда асосан ўрта ўринларда юрган ва бу тарафдан кўпинча ўртамина жамоа сифатида барқарорликни сақлаб келган жамоа. 2018 йил жамоа ўз тарихида илк бор мамлакат кубогини қўлга киритди. Бу жуда яхши натижа. Лекин бу кўпроқ тасодиф ва омад эвазига келган муваффақиятга ўхшаш. Чунки худди ўша мавсум жамоа элитада ўтиш ўйинлари орқали ўз жонини сақлаб қолди. Яъни, бир қарашда жамоанинг энг муваффақиятли мавсумида АГМК чемпионатни хавфли ҳудуд чизиғида тугатди. Кубок эса мусобақа формати ўзгариб, ўйинлар бир учрашувдан иборат бўлган пайтга тўғри келиб қолди. Яъни, бундай форматда исталган жамоада ҳар қандай сенсацияни қайд этиш имконияти ошади. АГМК эса ўшанда ҳақиқий сенсация қайд этганди. Ва ўша сенсацион финал жамоага янги босқичдаги йўлни очиб беришга туртки бўлди", - дейилган жойига Бахтиёр ака эътирозли муносабат билдирибдилар.

Бахтиёр Ашурматов - АГМК, Миржалол Қосимов ва Шаҳбоз Беғамов ҳақида        

Ўқидим, ўша жойидаги жумлага жавобни тўғри қабул қилдим, гап йўқ. Лекин раддия чўзилиб, афтидан фақат ўша жойига эмас, балки АГМКнинг ҳозирги кундаги муваффақиятли иштирокини шунчаки омад эвазига бўлаётганини тасвирлашга чалғиб кетганликларини кўрдим. Бу нима билан боғлиқ аниқ билмадим-у, лекин тахминим бор. Бироқ ҳозир Ашурматов сингари "Пахтакор" билан ҳозирда АГМК яна 5 марта ўйнаса, ҳаммасида ютқазади деган тахминларга берилмасликка қарор қилдим.


Энди ўша эътирозли жумлага эътибор берамиз. У ерда АГМКнинг 2018 йилда кубокни ютгани жуда яхши натижалиги таъкидланган ва буни омад эвазига, кўпроқ тасодифий муваффақиятга қиёслаганман. Тушунтираман, биринчидан, у ерда фокус жамоа танлаган ва кетаётган йўлга қаратилиб, айнан ўша йили клубнинг приоритети бундай вазифаларни бажаришга эмас, балки доимги иштирокка қаратилганига урғу берилган. "Пахтакор"ни мағлуб этиб кубокни олиш эса омад эвазига дейилган, умумий маънода. Яъни ўша финалдаги айнан ўйин жиҳатидан келиб чиқиб эмас. 2018 йилги мавсум фақат кубокдаги иштирок билан эмас, балки энг устувор бўлган чемпионатдаги қатнашув билан ҳам эсланиши керак, аҳир? Раддияда ўшанда АГМК ўзига мос бўлмаган жойларда юргани ва амаллаб элитада қолгани ҳақида лом-лим дейилмаган. Ўзбекистон кубоги соҳибига айланган АГМКнинг пойдеворида сал бўлсада Кумиковнинг хизматлари эсланмаган.

Шунингдек, ўша жумлада 2018 йилда Ўзбекистон кубогидаги муваффақият жамоага янги босқичдаги йўлни очиб берилгани айтилган. Гапни очиғи, у ерда Ашурматов ва унинг жамоасининг меҳнати тасодиф эканлигидан кўра, жамоанинг мақсад ва вазифалари режасидан ўрин олмагани учун тасодифга қиёсланган. Ва ўша натижа келаси мавсумларда жамоа йўлида кескин бурилиш ясагани, янги босқичга чиқишида туртки бўлгани эътироф этилган.

Бахтиёр Ашурматов негадир буни нотўғри тушунишга ҳаракат қилган ёки тушунишни истамаган. Майли, гап буёқда ҳам эмас. Иккинчидан, Ашурматовнинг ўзи ёзган раддиясида айтяпти:

"Мани фикримча, финалда АГМК "Пахтакор"га қарши 5 марта ўйнаса, 5 марта ютқазади.Чунки, хозирги пайтда тан олиш керак, Арвеладзе бошчилигидаги "Пахтакор"га тенг келадиган жамоа йўқ. Омад, тасодиф ва сенсация ҳар йили ҳам бўлавермайди".

Ўқидингиз-а? Омад, тасодиф ва сенсация ҳар доим бўлавермайди дейилмоқда! Хўш, унда нега ўша жумладаги омад, сенсация ва тасодиф деган сўзларга эътироз? Яъни, ман буни умумий маънода келтирганман. Ашурматов эса тўғридан-тўғри "Пахтакор" билан яна 5 марта ўйнаса, худди шунча ютқазади, имкониятинг йўқ, деяпти. Яъни, "Пахтакор"ни ҳозирги кунда мағлуб этиш омад ва тасодиф эвазига қўлга киритилиши мумкинлигига шаъма қилинмоқда. Бу Ашурматовнинг шахсий фикри, қаршилигим йўқ. Шунчаки кимдир тушунтириб бера оладими, унда нега юқоридаги жумлада келтирилган умумий маънодаги омад, тасодиф ва сенсация сўзларига эътироз? Ғалати.

Шунчаки эслатма, яқинда АГМК Тошкентда "Пахтакор" билан ўйнади ва ютқазмади. Ўйин бўйича ҳам томоша қилишга арзигулик баҳс бўлди. Айтмоқчи бўлганим, ҳозирги АГМК маълум даражада шаклланиб, ўйин тарафлама ҳам ўсгани эвазига мамлакат грандига муносиб қаршилик қилди. Назаримда, 2018 йилга нисбатан ҳар иккала жамоа яхшигина ўсишга эришди. Айниқса "Пахтакор" 2 йил аввалгига нисбатан жуда кучайган. 

Футболда ҳар нарса руй бериши мумкин. Исталган ғалаба ёки муваффақият омад келмаса қўлга киритилмайди. Ҳар қандай жамоанинг ютуғи омад эвазига бўлади. Омад эса ўша дақиқадаги кучлилар тарафида бўлади. Футболда ҳам ҳаётда учрайдиган тасодифлар бўлиб туради. Бунинг ёмон тарафи йўқ. Ҳеч ким АГМКнинг 2018 йилдаги муваффақиятини нолойиқ дея ҳисоблагани йўқ.

Майли, бевосита ўзи мураббийлик қилган даврдаги фикрга муносабат билдирилган. Ёмон тарафи йўқ. Лекин нега бошқа томон, яъни 2019 ёки 2020 йилдаги мавсум ҳақида батафсил тўхталинган. Рўзиқул Бердиевни энг яхши мураббийлиги айтилиб ўтилганини бу мавзуга нима алоқаси бор? Менимча, Рўзиқул Бердиевнинг иқтидорига шубҳа йўқ. Гапни очиғи, Ашурматов Бердиевни алоҳида эътироф этмасада ҳамма "Насаф" бош мураббийи Ашурматовдан анча кучлилигини яхши билади. Ортиқча тўхталишга ҳожат йўқ.

Ашурматов "Ан Насср" билан ўйин ҳақидаги фикрга ҳам муносабат билдириб, уни фожеа эмаслигига қаршилик қилган. Тушунишимча, бир ойлик жамоа таркибидаги юлдузлари мавжуд бўлган гранд рақибга ютқазишни жуда алам билан эслаган. ОЧЛда ўйнаш, халқаро майдондаги маъсулият ҳақида ўзбек мураббийлари ичидан менимча, бир киши кўпроқ гапиришга ҳақли. Кимлигини алоҳида айтишим шарт эмас, тушундингиз.

Мураббийларга вақт берилиши масаласи. Бу борада Бахтиёр Ашурматов кўп азият чеккан, тушунаман, қўшиламан. Ҳар бир мураббийга вақт керак. Лекин мураббийлар ҳам шунга монанд бўлиши ва лойиқ кўрилиши керак. Ашурматов ниҳоят Қўқонда узоқ кутилган вақтни олишига тилакдошман.

Кейин футболда молия ҳамма нарсани ҳал қилмаслигини айтганимга, Ашурматов қарама-қарши кетиб, пулга кўп нарса боғлиқлигини келтирибдилар. Пул керак, лекин муваффақият гарови фақат пул эмаслигини айтиб, мисол тариқасида "Сити", МЮ ва ҳоказоларни келтирганман. Тўғридан-тўғри таққослаш бўлмаган. Легионерлар билан АГМКдаги хорижлик футболчиларни мисол келтиришни ҳожати йўқ, менимча. Раддияни аввалида нима учун муносабат билдираётганликларини алоҳида айтиб, ўша жойига қисқача гапирилиб, кейин бошқа мавзулар бўйича алоҳида тўхталиб, якунда раддия достонга айланган. Шунчаки мураббий умуман бошқа мавзудаги мақолага муносабат билдириш чоғида алоқаси йўқ мавзуларга ўтиб кетган. Ҳайрон қолдим.

Тепадаги жумлага муносабатни тўғри қабул қилдим ва хурсанд бўлдим. Ҳаммани шахсий фикри ва мени қарашларим кимгадир маъқул келмаслиги табиий. Лекин маъно ва мазмун жиҳатдан тушунмовчилик бўлган. Майли.

Ашурматов раддия аввалида шундай дейди: "АГМК матбуот котиби Шаҳбоз Беғамовнинг таҳлилий мақоласини ўқиб шунга амин бўлдимки, сайт ўқувчилари, мухлислар футболдаги вазиятларга ҳолисона ёндашиши, қизиқарли мулоҳазаларини билдирадиган Шаҳбоз Беғамовнини йўқотишибди. Афсуски, танқидий мақолалари билан чиқиш қиладиган, вазиятларга ҳолисона ёндашадиган журналистларимиз биттага камайибди".

Биринчидан, шахсий фикри. Бемалол. 

Раддия охиридаги жумла: "Шаҳбозни ажойиб йигит сифатида, яхши журналист сифатида жуда ҳам ҳурмат қиламан. Ўз танлаган йўлидан адашмаслигига тилакдошман. Унга жуда мураккаб ишида омад тилайман. Лекин, охирги пайтларда бир томонлама мақолалар чиқариб тургани учун ўз фикрларимни билдирдим".

Жаноб Ашурматов, бир томонлама мақола деганда нимани назарда тутдиз? Очиқроқ гапириш керак эди. Мен ҳам сизнинг мураббийлик фаолиятингизда омад тилайман. Омад тилашимни кимдир самимий эканлигига ишонмаслигини ҳам биламан. Лекин очиқ гап, ростан омад тилайман. Кўпроқ ишлаб, сизга ҳам кўпроқ вақт берилишини сўрайман. Бемалол ишланг. Жа бир ойда бўлмасада, 3 йилда бўлса ҳам "Ан Насср"ни ютадиган жамоа тузишингизни, бир жойда 1-2 йил қолиб бемалол ишласингизни, сафарда ҳам ютиб, 3 очко билан уйга қайтишингизни тилайман! Балки ишонмассиз, лекин самимий тилак бу.

Қайтараман, кечаги АГМКнинг менталитети ўзгараётгани ҳақидаги мақолада сиз ва ўша пайтдаги жамоангизнинг меҳнати қадрсизланмаганди. Балки сизга шундай туюлгандир. Ўша финал ҳақида эсингизда бўлса ўша пайтдаёқ фикр билдиргандим.

Футбол жамоатчилиги ва мухлислар кўз ўнггида Ашурматов ва мен билан боғлиқ қарама-қаршилик, зиддият юзага келганга ўхшаб қолди. Футболда бу нормал жараён. Керак бўлса қизиқ. Аслида бундай баҳс-мунозараларни бўлгани яхши, майли. Кечаги мақолада шахсан сиз ҳақингизда гап бормаган ва ҳеч кимни шахсиятингиз борасида фикр билдирмаган. Раддия кўпроқ алам билан ёзилганга, худди муҳим ўйинни ютқазиб қўйиб, жаҳлда матбуотга анжуманига кирганга ўхшаб қолибди. Мени фикримга жавоб бераман деб, ҳозирги АГМКнинг ўйинларига кўпроқ тўхталиб, бироз майдалашиб кетилгандек ва ҳозирги жамоага бироз ҳурматсизлик бўлганга ўхшади. Балки менга шундай туюлгандир, билмадим. 

Юқорида "Пахтакор" АГМК билан 5 марта ўйнаса 5 бор ютади, деган тахминигизга қисқача муносабатим. Футболда омадга кўп нарса боғлиқ. Тасодифлар ҳам кўп учраб туради. Шу боис исталган пайт хоҳлаган жамоани ютиб қўйишингиз мумкин. Лекин бу тизимли бўлса яхши. Шунда ҳеч ким сизнинг муваффақиятингизни фақат омад ёки сенсация билан изоҳламайди.

Саломат бўлинг!

                                                                                                                                                                                                                                      Шаҳбоз Беғамов

Рейтинг: -72   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика