Моуриньо, Клопп, Мойес… Ким ўзига кўпроқ ўхшайди?
02 ноя 2016 10:00
Янгиликлар
Моуриньо, Клопп, Мойес… Ким ўзига кўпроқ ўхшайди?
Сир эмас, футбол тараққий этгани сари замонавий техника маҳсули бўлмиш виртуал ўйин версиялари ҳам янги-янги қирралар билан бойитилмоқда. Хусусан, FIFA ўйинлари тарихида илк марта майдон четида турувчи мураббийлар образи яратилди. Айтиш жоиз, баъзи сиймолар реал ҳаётдаги мутахассисларга максимал даражада ўхшайди, бошқалари енгил кулгуга сабабчи бўлади. Оддий айтганда, ҳақиқий фотореаллик ва акс ҳолат омихтаси. Муҳими, эндиликда компьютер мониторида ҳар бир мураббий нусхаси ўзига хос хатти-ҳаракатларни кўрсатиб туради. Виртуал ўйин ихлосмандлари эса, уларнинг жамоаларини мағлуб этиб, мириқиш, шунингдек, муайян мутахассис образини ғазаб отига мингдириш имкониятига эгалар. Қўйидаги фотосуратларга қараб, видеоўйин яратувчилари кимнинг қиёфасини идеал тарзда яратишганига ўзингиз баҳо беринг.
20. Дэвид Мойес («Сандерленд»)
Йўқ, йўқ, яна йўқ... Бу Дэвид Мойес эмас, Виктор Янукович-ку. Эҳтимол, сизга бошқача кўринаётгандир? Ҳа, шотландиялик мутахассис охирги вақтларда футбол жамоатчилиги ҳурматини қозонди, аммо ҳали бунчалик жиддийлашмади-ёв...
Рейтинг юлдузи: 0.
19. Клод Пюэль («Саутгемптон»)
Исм-шарифи нозиктаъб парфюмга хос, чеҳраси эса классик ҳисобчига. Наҳотки, «Саутгемптон» устози қиёфасини ўхшатиш қийин бўлса? Икки кўз ва оғиз... Шу ҳам қиёфами? Ахир бу «Монако»да нақ 17 йил ишлаган инсон-ку.
Рейтинг юлдузи: 0.
18. Вальтер Маццарри («Уотфорд»)
Маццари... Бу ким бўлди? 90-йилларда «А» сериясида «Эмполи» шарафини ҳимоя қилган, кейин «Сампдория»ни бошқарган, «Наполи»даги иши учун Энцо Беарзот номидаги мукофот билан тақдирланган Вальтер шуми? Қўйсангизчи... Худди шунчаки, ўрта ёшдаги кишининг юзи акс эттирилгандек.
Рейтинг юлдузи: 0.
17. Айтор Каранка («Мидлсбро»)
Каранка 90-йиллар охирида «Реал» либосида тўп сурган, кейин бош мураббий ассистенти вазифасини бажарган. «Мидлсбро»даги иш унча обрўли эмасдир, бироқ бу унинг қиёфасини чўзинчоқ қилиб қўйишга асос бермайди-ку. Ҳа, бу тасвир кўпроқ Рожер Федерернинг «чўзилган» юзига ўхшайди-я.
Рейтинг юлдузи: 1.
16. Майк Фелан («Халл Сити»)
Фелан вақтида «Манчестер Юнайтед»да ўйнаган, токи, Райан Гиггз, Ли Шарп, Дэвид Бекхэм ва Ники Батт уни таркибдан «сиқиб» чиқармагунларича. Мураббийлик ишини бошлаганида эса, Дэвид Мойес паттасини қўлига тутқазган. FIFA 17да эса фақат тақир боши ўхшатилибди, холос. Бечора Мики...
Рейтинг юлдузи: 1.
15. Марк Хьюз («Сток Сити»)
Хьюз футболчилик фаолияти давомида «Манчестер Юнайтед», «Барселона» ва «Бавария» клубларида ўйнаган. Қисқаси жуда иқтидорли бўлган. Афсус, электрон қиёфаси тушкун кайфиятдаги Жорж Бушни эслатяпти...
Рейтинг юлдузи: 2.
14. Маурисио Почеттино («Тоттенхэм»)
«Шпорлар» 12 йил давомида 12 нафар мураббийни кўришди. Почеттино эса жамоанинг илк марта ЧЛ йўлланмасини қўлга киритишини таъминлади. Кўпчилик уни замонамизнинг энг истиқболли мураббийи сифатида эътироф этади. Бироқ ушбу талқин лондонликлар устозини оз-моз эслатади, холос.
Рейтинг юлдузи: 2.
13. Эдди Хоу («Борнмут»)
АПЛдаги энг ёш мураббий профессионал фаолиятининг катта қисмини «Борнмут» ҳимоячиси ролида ўтказган ва 2009 йилга келиб, жамоа бошқарувини қўлга олди. Нима дердик, қиёфаси чакки чиқмаган, аммо кўзи атрофидаги ажинлар...
Рейтинг юлдузи: 2.
12. Алан Пардью («Кристал Пэлас»)
1989 йили «Кристал Пэлас»ни элитага чиқишига кўмаклашган ва кейинчалик Англия кубоги ярим финалида «Ливерпуль» дарвозасига ғалаба голини урган футболчи. У «Ньюкасл»да 4 йил муваффақият билан ишлагач, «Пэлас»га қайтиб, жамоани Англия кубоги финалига етаклади. Афсуски, ҳал қилувчи баҳсда «Манчестер Юнайтед»га бас келиш йўлини тополмади. FIFA талқиничи? Эҳ, ўхшовсиз ижод.
Рейтинг юлдузи: 2.
11. Антонио Конте («Челси»)
Мураббийликка анча дадил қадам ташлаган Конте «Ювентус» билан 3та скудетто ютгач, Италия терма жамоасини бошқарди ва «Челси»га ўтди. Унинг FIFA талқинидаги юзига қараш унча ёқимли эмас. Тўғри, тан олиш керак, тасвирнинг реалликка ўхшаш томонлари ҳам етарли.
Рейтинг юлдузи: 3.
10. Тони Пьюлис («Вест Бромвич»)
Тони Пьюлис виртуал кепкада - бу яхши. Аммо эгнидаги қоп-қора спорт костюми нимага далолат? Мураббий гўёки, полициядан яширинаётгандек. Тони, хавотирланма, бу суратга қараган бирор кимса «Вест Бром»ни эсламайди ҳам. Шунинг баробарида айнан ўзингни кўз олдига келтириши тайин.
Рейтинг юлдузи: 3.
9. Клаудио Раньери («Лестер Сити»)
Бу айнан Раньери - ўзгармас ва машҳур кўзойнаги, табассуми ва сиполиги билан ажралиб турувчи итальян. Биласиз, ўтган мавсум Лестер»нинг чемпионшипга тушиб кетишини тахмин қилишганди, Раньери бобо эса «тулкилар»ни чемпионликка етаклади. Ваҳоланки, бу клубнинг АПЛда биринчи бўлишидан Элвиснинг қайта тирилиши эҳтимоли баланд эканлигини айтгандилар. Амалда Раньери шогирдлари «олтин»га бурканишди, демак, Элвисни тинч қўйиш керак...
Рейтинг юлдузи: 4.
8. Роналд Куман («Эвертон»)
«Эвертон»нинг голландиялик устози вақтида ўз мамлакати миллий жамоасига сардорлик қилган ва 90-йилларда жаҳон футболидаги энг сермаҳсул (тўпурар) ҳимоячи саналган. Ўйин иловасида Куман анча яхши тасвирланган. Ана, нигоҳига бир қаранг...
Рейтинг юлдузи: 4.
7. Юрген Клопп («Ливерпуль»)
Юрген Норберт Клопп «Боруссия»да чинакам инқилобга қўл уриб, клубни кетма-кет 2 марта бундеслига тахтига кўтарди. Немис мутахассиси эндиликда «Ливерпуль билан ҳам шу ишни такрорламоқчи, гарчи АПЛ бундеслига эмаслигини яхши билсада. Аҳмоқ Клопп! FIFA 17даги қиёфасида даҳшат уйғотувчи етакчилик ва жонкуярлик хусусиятлари белгилари мужассам. Бироқ ижодкорлар Юргенга хос оригинал табассумни тасвирлаганларида эди...
Рейтинг юлдузи: 4.
6. Арсен Венгер («Арсенал»)
Бечорагина Арсен. Унинг жамоаси тарафкашлари «Илтимос, кет», дея мурожаат этишдан чарчамай, буни махсус баннерларда ифода қилаётгандилар. Зеро, чемпионликдан дарак йўқ эди. Венгернинг қиёфасига келсак, барчаси бинойидек. Фақат, битта нарса етишмаяпти - мураббийнинг ўзи каби машҳур курткаси.
Рейтинг юлдузи: 4.
5. Шон Дайч («Бернли»)
Шон Марк Дайч - жарангдор исм-шариф. Шон. Марк. Дайч. Ҳа, мураббийнинг нусхаси беихтиёр қўмондон лордни эслатади. Айтиш ўринли, Шон «Бернли» билан 2 марта АПЛга йўлланма олишни уддалаган. Бу мураббийни мудом майдон четида кўриш мумкин. Ўзига хос белгиси - тугилган мушт.
Рейтинг юлдузи: 4.
4. Славен Билич («Вест Хэм»)
АПЛнинг «ёмон» боласи. Биличнинг ишлари юришмаётган пайт унинг кўзига кўринмаган маъқул. Эсланг, хорват вақтида ўзини жароҳатлангандек кўрсатган ва бояқиш Лоран Блан қизил карточка олиб, ЖЧ-98 финалидан четда қолганди. Унинг кўп чекиши ҳам маълум, аммо бу ҳолатини тасвирлаш ноўрин, албатта.
Рейтинг юлдузи: 5.
3. Жозе Моуринью («Манчестер Юнайтед»)
Замонавий футболнинг энг яхши мураббийларидан бири. Тўғри, «Порту» ва «Интер» билан ЧЛда ғолиб чиққан Жозе Моуриньонинг «жоду»си охирги вақтларда қаергадир йўқолгандек. Шунинг учун бўлса керак, виртуал ўйин ижодкорлари уни ҳорғин ҳолатини акс эттиришди.
Рейтинг юлдузи: 5.
2. Франческо Гвидолин («Суонси»)
Рейтинг оралаб қанча паст тушсангиз, мураббийлар тобора «ўзлари»га ўхшаш кўриниш оладилар. Гвидолин қиёфасига қунт билан боқинг, шунчалик реал ижод ҳам бўладими? Эҳтимол, барча гап унинг пешонаси, аниқроғи, ажинларидадир...
Рейтинг юлдузи: 5.
1. Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити»)
Ҳа, EA ўз камерасини тўла ишга солиб, тасодифан Пеп Гвардиолани нафақат юз чеҳраси, балки бутун қалбини муҳрлагандек. Нима дердик, «Барселона» ва «Бавария» бошқарувида етарлича совринлар ютган ва ҳозир «Сити»да янада юксакликка интилаётган мураббий шундай қиёфага муносиб.
Рейтинг юлдузи: 6.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Фикрлар