UZ

Сўнгги янгиликлар

17:05"Ювентус" "Интер" футболчисига қизиқмоқда, аммо...  0 16:40"Милан" 2024/25 йилги мавсум учун сафар либосини тақдим этди  1 16:15"Арсенал" "Реал Сосьедад"дан Меринони харид қилмоқчи  1 15:49Саудияликлар Рафинья учун 65 млн евро таклиф қилишди. "Барса" Уильямс ва Ольмо билан шартнома имзолаш учун ўйинчиларни сотишга тайёр  1 15:17Де Хеа "Женоа"га ўтмайди – унинг талаблари клуб учун жуда юқори. Дарвозабонда МЛС ва Саудия Арабистонидан вариантлар бор  1 14:49Артём Довбик "Рома"нинг таклифини қабул қилди ва клубга ўтишга яқин  1 14:21Ольмо "Барселона"дан ташқари барча клубларнинг таклифини рад этди  2 13:58Ихеаначо Ла Лига клубига ўтишга яқин  1 13:31Ашурматов: "Олимпиада олдидан Ўзбекистон терма жамоасининг плей-оффга чиқишига катта умид боғланганди"  7 13:02"Рома" "Ювентус" футболчиси билан шартнома имзолашга яқин  0 12:38Филлипс "Манчестер Сити"ни тарк этмоқчи  1 12:17ПСЖ ва АПЛ клублари Уильямснинг Испанияда қолишни афзал кўришини ҳис қилишмоқда. "Барселона" – фаворит  0 11:48Лондон клуби Ван-Биссака борасида МЮ билан музокаралар ўтказмоқда  1 11:25Шерзод Қодиров "Динамо"дан кетди?!  0 11:04«Бухоро» «Локомотив» футболчиси билан шартнома тузди  4

"Ман Сити" - Амирликлар рекламаси. Шайхларга дунё уларнинг бойлигини муҳокама қилгани маъқулроқ Янгиликлар

"Ман Сити" - Амирликлар рекламаси. Шайхларга дунё уларнинг бойлигини муҳокама қилгани маъқулроқ

11 йил ичида шайхлар “Ман Сити”ни Англиянинг асосий клубларидан бирига айлантиришди: ёрқин инфратузилма, Гвардиоланинг “нозик дидли” футболи ҳамда 13та соврин.

Куни-кеча "шаҳарликлар" навбатдаги ғалабаларини нишонлашди. Бу сафар АПЛ доирасида "Борнмут" жамоаси тор-мор этилди. Ишончли ўйин, ишончли ғалаба.

Аммо "Ман Сити" фақатгина гўзаллик ва виқор дегани эмас. Кетма-кет ғалабалар замирида – БААнинг пухта ўйланган режаси ётади. Клуб шунча пулни қаердан олаётгани ва ҳомийларга футбол нима учун кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бу ҳақида ўйласак-да, яна тезда эсдан чиқарамиз.

“Бу учинчи ёки тўртинчи куни содир бўлганди: менга Британия ташқи ишлар вазирлигидан ҳужжатларни ўғирлашни таклиф қилишди. Мен саросимага тушиб қолдим ва дедим: “Агар буни истаганимда ҳам амалга ошира олмасдим, сабаби у ерда ишламайман”.

Камерада ҳаво етишмаётгани ва шундан нафасим тиқилиб қолаётганини сезардим. Бир марта тушимга ҳатто ўзимни осиб қўяётганим кирди. Ҳар сафар мени бир бинодан бошқасига олиб ўтишар экан, қўлларимни ва кўзларимни беркитиб боғлаб қўйишарди. Бу ҳақда гапирмоқчи бўлганимда эса оёғимга ҳам кишанлар тақишарди”.

Бу Дарем университети аспиранти Мэтью Хеджес интервьюсидан парча. 2018 йил ноябрь ойида уни Абу-Дабида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Сабаб, у Британия махсус хизмат вакилларига БАА ҳақида махфий маълумотларни етказиб турган. Хеджес айбловни тан олмасди: саёҳати давомида илмий иш билан банд бўлганини таъкидларди. Қариндошларинининг айтишича, унга бу айбларни тан олишни уқтиришган, бу иш бермагач, қайриқонуний суд жараёни ташкиллаштирилиб, у бор йўғи 5 дақиқа давом этган. Энг ажабланарлиси, Хеджеснинг адвокати ҳам бўлмаган. 

Хеджес панжара ортида 7 ой ўтирди, кейин уни БАА президентининг шахсан ўзи Халифа ибн Зайд ал-Нахаён авф этди. Англияга қайтгач, Мэтью The Atlantic учун колонка ёзиб берди. Унда у қамоқдаги даврида кўрган қийинчиликлари, турли хил дорилар бермоқчи бўлишгани, қўшни хоналардаги дахшатли овозлар ва жонига қасд қилиш фикри ҳақида ўртоқлашди.  

Хеджесни энди ҳибсга олишганда британиялик ўта машҳур телебошловчи Пирс Морган 1600 лайк ва 400 дан ортиқ ретвит қилинган твитни ёзиб қолдирди: у аспирант уйга қайтмагунга қадар бойкот эълон қилишни ва “Ман Сити” учрашувларига бормасликка чақирганди. Унинг ғоясини амалда кўпчилик қўллаб-қувватламаган бўлсада, маҳаллий ОАВни мухлислар клуб ва унинг раҳбариятини ҳимоя қилиши ажаблантирган.  

Хеджес ва “Ман Сити”ни нима боғлаб туради?

Клуб хўжайини шайх Мансур – БАА қироллик оиласи аъзоси, давлат раҳбарининг яқин қариндоши. Мансур ҳеч қачон фақатгина бизнес билан шуғулланмаган. Юртида у шунингдек, муҳим давлат хизматчиси ҳамдир: бош вазир ўринбосари ва бевосита президент маслаҳатчиси. 

“Ман Сити” президентининг исми Халдон ал Муборак. У ҳатто шайх Мансурдан ҳам машҳурроқ. Айнан ал Муборак ОАВда клуб сиёсати борасида фикр юритади ва трансферларда ҳам бевосита иштирок этади. У АҚШнинг нуфузли университетларидан бирида молия ва иқтисод бўйича таълим олган, бўйи баланд, келишган, қора кўзойнак тақиб юрадиган инсон.

Ал Муборак нафақат “Ман Сити” учун муҳим шахс, балки дунё бўйлаб БААга фойда келтириши мумкин бўлган лойиҳаларга пул тикадиган инвестиция компанияси “Mubadala”нинг бош директоридир. Бундан ташқари, ал Муборак ҳукумат лавозимига ҳам эга. "New York Times" ал Муборакни қироллик оиласининг энг яқин дўстларидан бири ва унга чексиз ишонишлари ҳақида ёзган. 

Айтишларича, ал Муборак клубда шайх Мансурдан ҳам кўпроқ имкониятларга эга. Шайх Мансур шунчаки клубнинг “юзи”, амалда эса “Ман Сити”да у ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Танишинг, шайх Мансурнинг акаси, Абу-Даби амири (энг бой амирлик) ва ворис шаҳзода Муҳаммад бин Зайд ал Нахаён. “Mubadala” компанияси айнан унга тегишли. У БААнинг ҳарбий соҳадаги ишларига жавобгардир ва айнан у чексиз қудратга интилмоқда. "New York Times" ал Муборакни раҳбариятнинг яқин инсони деганда, ал Муборак – шайх Зайднинг ўнг қўли эканлигини назарда тутган.

“Ман Сити” учун муҳим бошқарувчилардан яна бири – австралиялик Саймон Пирс, клуб директори ва Абу-Даби стратегик алоқалар бўлими бошлиғи, шайх Зайд ва ал Муборакнинг яқин дўсти.

Макгиханнинг ёзишича, Пирс "Burson-Marsteller" пиар-компаниясида ном чиқарган. Ўша вақтларда компания руминиялик диктатор Николай Чаушеска, американинг “Blackwater” компанияси ва кимё саноати корпорацияси "Union Carbide" билан ишларди. Пирс Абу-Дабининг дунё нигоҳида идеал кўриниши учун жавобгар. 2013 йил "City Football Group" (“Ман Сити”га эгалик қилувчи компания, унинг 89% акциялари  Мансур ва ал Муборакнинг корпорацияларига тегишли) бренди “Нью Йорк”ни сотиб олади. 

Ишбилармонлар учун ҳаммаси ажойибдек. Лекин Пирс медиа вакиллари, бизнес олами, ва сиёсатчилар тилида харидор "City Football Group" эмас, абу-дабилик “бойвоччалар” эканлигидан ҳавотирга тушади. Пирс бунда бойлик, аёллар ва Исроил мавзулари яна кўтарилиши, бу эса арабларнинг ожиз нуқтасилигидан ҳавотирда эди. Ушбу санаб ўтилган пунктларнинг барчаси бўйича Европа ва бутун дунёнинг эътирозлари мавжуд. 

Мана сизга жавоб. Айнан шунинг учун амирликлар “Ман Сити”даги биринчи шаҳс қилиб шайх Мансурни танлаганлар. Бу қанчалик ғалати эшитилмасин, у энг содда, чиройли костюмлар кийиб юрадиган, самимий кула оладиган ва шайх Зайдга ўхшаб урушларга аралашмаган. Клубни сотиб олаётганда Мансурнинг одамлари у спортга жуда қизиқиши, футбол жон-у дили эканлигини таъкидлашган. Аммо ўтган 11 йилда уни “Этихад”да бор йўғи 1 (!) марта кўришди. Ажойиб-а?  

Лекин ҳозир аспирант Хеджесга қайтсак. “Ман Сити” босслари она юртида ҳурматга эгами? Албатта. Телебошловчи Морган бошламоқчи бўлган норозилик намойиши Хеджес иши бўйича қарорга таъсир қила олганми? Катта эҳтимол билан. Айнан шу ерда бугунги “Ман Сити”нинг оғриқли нуқтаси аён бўлмоқда: улкан ҳаражатлар билан эришилган ютуқ – бу фақатгина спорт учун эмас. Бу ерда сиёсатнинг роли ҳам мавжуд. Клуб халқаро майдонда БААга бўлган эътиборнинг, ишончнинг ортиши, бевосита мамлакат имиджига ижобий таъсир кўрсатади. Шу орқали БАА янги сиёсий бизнес ҳамкорлар топади.

Клуб БААга бизнес ҳамкорлар топишда ёрдам беради. 2009 йил Ал Муборак “Ман Сити” деганда Абу-Даби кўз олдимизга келиши керак деган эди

Умуман олганда, шайхлар “Ман Сити” Амирликларни юксалтириш кераклигини ҳеч қачон яширмаганлар. “The Wall Street Journal” Жонатан Клегг ва Жошуа Робинсон “The Club” номли китобда Мигель Делэйннинг гапидан иқтибос келтирганлар:

“Шайхларнинг ғояси - бу Форс кўрфазида анъанавий қадриятлари асосида қурилган глобал, жўшқин ва меҳмондўст миллат қиёфасини яратишдир. Амирликлар ажобий номли 2та очиқ ҳужжатга эга: “Сиёсий кун тартиби” ва “Абу-Дабининг 2030 йилдаги иқтисодий кўриниши”. У ерда фаровонлик ҳамда бахтга эришишнинг асосий уч воситаси ҳақида сўз боради: Абу-Даби сайёҳлик маъмурияти, халқаро “Etihad Airways” авиакомпанияси ва Абу-Дабининг халқаро спортдаги кенг иштироки”.

Асосий йўналишлар — туризм ва спорт — уларни бирлаштиришга муваффақ бўлишди. “Ман Сити”нинг асосий ҳамкори “Etihad Airways”нинг бош директори-стратегик маслаҳатчиси (компанияга шайх Мансурнинг акаси ҳам эгалик қилади) Питер Баумгартнернинг айтишича, Манчестер аэропорти — Абу-Даби ва Буюк Британиянинг қолган қисмлари орасидаги муҳим транзит жой саналади. Бу нима учун керак? Буюк Британия — БАА иқтисодиётидаги энг йирик хорижий инвесторидир. Ҳозирда у ерда 6 мингга яқин Британия компаниялари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 120 мингдан ортиқ британиялик БААда истиқомат қилади, таҳминан ярим миллиони эса — мамлакатга турист сифатида ташриф буюради.


2008 йил “Ман Сити”ни сотиб юборганлар келгусида нима бўлишини таҳмин қилишган эди. Биринчи имзоланидиган битимда Мансурнинг маслаҳатчиси Али Жассим “Ман Cити”нинг ўша пайтдаги бош директори Гарри Кукдан ёқимли сўзларни эшитганди: “Агар сизнинг халқингиз жаҳон майдонига чиқишни истаса, биз бу борада сизга ёрдам беришга тайёрмиз.

Орадан атиги бир йил ўтиб, катта хариддан сўнг, Хальдон ал Муборак “The Guardian”га берган интервьюсида шу нарсани тан олди: “Бу лойиҳа (“Ман Сити”) бизнинг ҳис-туйғуларимизни бутун дунёга етказиб беради. У ҳақиқий Абу-Дабини намоён этади. Клуб Абу-Даби билан барча нарсада чамбарчас боғлиқ бўлишини истаймиз: “вафодорлик, садоқат, интизом, фикрлаш, ҳурмат, тарихни қадрлаш”.

Гигант сармоялар, ажойиб академия ва премиум инфратузилма - “Манчестер Cити”ни Англиядаги энг кучли клубга айлантира олди. “Сity Football Group” бренди ҳақиқий империяга айланди: бутун дунё бўйлаб 9 (!) та клубга унинг сармоялари киритилган. Бу эса улар дунёнинг исталган чеккасидаги муҳим инсонлар билан гаплашиб, ишини ҳал қилишларида катта ёрдам беради. БАА фақат сўнгги 4 йил ичида Хитой билан 3,4 млрд доллар миқдоридаги иккита савдо битимини амалга оширди, NASA билан эмиратлик космонавтлар тайёрлаш борасида келишувга эришди ҳамда Европа Иттифоқи билан 90 кунгача визасиз саёҳатлар тўғрисида шартнома имзолади.


“Футбол — дунёдаги энг машҳур спорт тури ҳисобланади. Агар энг яхши жамоалардан бири БААни жаҳонга янада танита олса, бу нарса мамлакатнинг бошқа давлатлар олдидаги сифати ва имиджини сезиларли даражада оширади, — деди Дмитрий Фроловский.

БАА шахсий реклама учун катта миқдорда пул ажратади. Масалан, сайёҳлик бренди сифатида мамлакатга пул тикади, юқори технологиялар маркази (мисол учун — бутунжаҳон Expo-2020 тақдимоти), замонавий архитектура маркази (масалан — дунёдаги энг баланд осмонўпар бино – “Бурж Ҳалифа”). “Ман Сити” — ушбу ПР-акциянинг ажралмас бир қисмидир.


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +16   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика