Лионель Месси забт этмаган 9 рекорд
21 ноя 2017 14:09
Янгиликлар
Лионель Месси забт этмаган 9 рекорд
Мана, футболга кириб келганига ҳам 10 йил бўлибди. Шу вақт ичида, кўп мухлислар орттирди ва уларни фақат қувонтиришга ҳаракат қилди. Аргентиналик ўсмир пайтидаёқ машхурлик чўққисига чиқди. Куни кеча Лео Барселонадаги 600-ўйинини ўтказди. Аммо, ҳали эриша олмаган баъзи ютуқлари ҳам талайгина. Қуйида улар билан танишиб чиқишингиз мумкин.
1. Чемпионлар Лигасининг энг яхши ҳужумчиси
Ҳозирги кунда барча турнирларда Лионельнинг асосий рақиби — Криштиану Роналду ҳисобланади. Португалиялик ҳисобида 110та гол бўлса, бу кўрсаткич бўйича аргентиналик ҳали уч хонали сонни забт этолганича йўқ (97та гол). Бу мавсумда Месси Криштианудан ўзиб кетолмаслиги аниқ, аммо Роналду фаолиятини ундан икки йил аввал бошлагани ва табиийки, вақтлироқ тугатишини ҳисобга олсак, Лео биринчи ўринга чиқиб олиши ҳақиқатга жуда яқин.
2. Энг кўп совринга эга бўлган футболчи
Фаолияти давомида аргентиналик 30та соврин олган, аммо тарихда ундан яхшироқ натижа кўрсатган футболчилар етарли. Райан Гиггз “Манчестер Юнайтед” клубида энг гуллаган даврини ўтказди ва бу вақт давомида 36та соврин ютди. Витор Баия эса “Порто” ва “Барcелона” клубларида 35 марта кубок олган бўлса, Леонинг ҳамкасби Андрес Иньеста 32 маротаба мукофотга эга чиққан. Гари Невилл ва Даниэл Алвес эса 31тадан ютуққа эришган. Кўриб турганингиздек, у ҳали ҳаммадан олдинда эмас.
Гиггз, Баия ва Невилл фаолиятига нуқта қўйганига анча бўлди. Демак, уларни ортда қолдириш мушкул эмас. Шундай экан, Месси яна 7та кубок эвазига Райандан ўзиб кетиши мумкин. Иньеста ва Алвес фаолияти Мессиникидан аввал ўз поёнига етади. Ҳа, айтгандек, марказий ҳимоячи Жерар Пике ҳам Месси каби 30та соврин ютган. Ўйинчилар фақатгина бир клуб аъзоси бўлмаган такдирларидагина, бир-бирлари билан бўладиган жангда ғолиб бўлишлари мумкин.
3. Чемпионлар лигасида энг кўп ғалаба қозонган ўйинчилар
Ана энди бу вазият бироз мунозарали. “Реал” таркибида Пако Хенто 6 марта Европа Чемпионлар Кубогида ғалаба қозонган. Месси Иньеста, Пике ва Роналду 4 тадан, Ди Стефано, Хосе Мария Саррага (“Реал”) ва Паоло (“Милан”) эса 5 мартадан зафар қучган. Месси биринчи ўринни эгаллаши уёқда турсин, ҳатто, Хентога етиб олиши бироз қийин бўлади, назаримизда.
4. Европа кубогига эга бўлган футболчи
Европа турнирларида Лео Месси ҳисобида ҳозирча 7та ғалаба бор (ЧЛ — 4та ва Европа Супер Кубоги — 3та). Жерар Пике, Андрес Иньеста ва Криштиану Роналдуда ҳам худди шундай кўрсаткич. Дани Алвес, Паоло Мальдини ва Ари Хан (“Аякс” ва “Андерлехт”) эса Европада 9 мартадан зафар қучган.
5. Бир клубнинг ўзида энг кўп гол урган снайпер
“Барcелона” клуби аъзоси Лео 600 ўйинда 523та гол урган. Келгуси ўйинларда у 563 баҳсда 525 та гол урган афсонавий Герд Мюллернинг рекордини янгилаши мумкин. Навбатдаги ўринни Йозеф Бицан эгаллаб турибди. У 1937-1948 йилларда “Славия Прага” таркибида 274 ўйин ўтказиб, 534та гол урган. Бицанга бўлган ҳурмат туфайли, “Славия” “Барселона”дан узоқроқ бўлган. Ўша йилларда футбол даражаси бугунги кунга нисбатан анча паст эди, аммо, рекорд рекорддир. Ҳа, албатта, Пелени ҳам унутганимиз йўқ. У “Сантос”да 659 учрашувда 643та гол урган. Месси Пеледан ўзиб кетиши учун ҳали анча тер тўкишига тўғри келади.
6. “Барcелона”нинг энг кўп ўйинларида иштирок этган ўйинчи
Агар Лео фаолиятининг сўнгига қадар Каталонияда қолса, 767 ўйинда ўз чиқишларини тўхтатган дўсти Хави Эрнандесни ортда қолдириши ҳеч гапмас. Леонинг мавсум бошида ўртача 50та ўйин ўтказишини ҳисобга олсак, у Хавидан ўтиб кетиши мумкин. Муҳими, аргентиналик жароҳатларини енгиб ўта олди. Иньеста 42-ўйинни ўтказган бўлса-да, у Мессига мос рақиб бўлиши амри маҳол.
7. Испания чемпионатида энг кўп зафар қучган футболчи
Икер Касильяс она юрти чемпионатида бошқаларга қараганда кўпроқ ғалаба қозонган. Унинг ҳисобида 334та муваффақиятли ўйин бор. Иккинчи ўринни 333 ғалабали учрашув билан Андони Субисаррета, учинчи поғонани эса Рауль (327) банд этиб турибди. Хави ҳисобида 322, Мануэль Санчис — 312 ва ниҳоят Лео Месси — 298 ўйин билан эгаллашга муваффақ бўлди. Лео Месси кейинги мавсумда ортиқча уринишларсиз ғалаба қозонишига шубха йўқ.
8. Олтин бутсалари сони энг кўп бўлган ўйинчилар
Олтин бутса — ҳар йили УЭФАга аъзо бўлган давлатлар чемпионатининг энг яхши тўпурарига бериладиган мукофот. Бу борада Месси ҳар йили Роналду билан рақобатлашади. Ҳозирги кунда, ҳар иккиси ҳисобида 4тадан соврин бор. Лео 2009/10, 2011/12, 2012/13 ва 2016/17 йилги мавсумларда, Роналду эса 2007/08, 2010/11, 2013/14 ва 2014/15 йилларда совринга лойиқ деб топилган. Шу мавсумнинг ўзида Лео 12та гол урди, Криштиануда эса бу кўрсаткич атиги бир дона. Аммо, бошқа ҳужумчиларни ҳам ёддан кўтармаслик зарур. Масалан, 2015/16 йилги мавсумда мукофотни Луис Суарес қўлга киритган.
9. Энг кўп “Олтин тўп” олган футболчи
“Олтин тўп” ҳар йили Европанинг энг яхши футболчисига топширилади. Лео ва Криштиану бу ерда яна рақобатлашишда давом этади. Ҳозирги вақтда, “Барcа” ҳужумчиси ҳисобида 5та “Олтин тўп” (2009, 2010, 2011, 2012 ва 2015) бор. “Реал” снайперида эса ҳозирча 4та (2008, 2013, 2014, 2016). Бу мавсумда Криштиану мукофотни қўлга киритиши мумкин деган тахминлар бор. Шундай экан, Лео португалиялик билан ҳисобда тенг бўлиб қолмаслиги учун яхши тайёргарлик кўриши ва рекорд ўрнатишга ҳаракат қилиши керак.
Нозима Зарипова таржима қилди
Фикрлар